Биринчи қисм


Download 1.56 Mb.
Pdf ko'rish
bet28/65
Sana30.10.2023
Hajmi1.56 Mb.
#1734326
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   65
Bog'liq
Босма-ОАВ-тахририятлари-учун-кулланма

Фельетон 
Фельетон французча Feuilleton сўзидан олинган бўлиб, варақ деган маънони беради. Бошда 
газетага илова қилинган варақни ёхуд газетанинг остки қисмида, матбуот термини билан 
айтганда, подвалда бериладиган материал фельетон дейилганда ҳозиргидек муайян жанр кўзда 
тутилмаган: ранг-баранг материаллар, суҳбату ҳисобот, спектакль тақризи, мунаққид мақоласи, 
ҳатто подвалда терилган адабий асар - фельетон, дея номланган. Ҳозир ҳам Ғарб матбуотида 
кўпинча йирик асарлар фельетон, деб аталади. 
Айрим эски тадқиқот, ўқув қўлланмаларида фельетон матбуотнинг кенг тарқалган 
жанрларидан бири, деган фикрга дуч келамиз. Ўз навбатида, фельетон ҳозирги матбуотнинг 
кам тарқалган жанрларидан бири, дейилса тўғрироқ бўлади. Бугунги кунда марказий 
нашрларда фельетон жанри кам кўринаётганини кузатамиз. Фельетон жамият ҳаётида учраб 
турадиган, тараққиётга тўсиқ бўладиган камчилик, иллатларни ҳажв, кулги воситасида кескин 
танқид остига оладиган, фош қиладиган, салбий ҳолатларни инкор этиш асосида ижтимоий 
идеални тасдиқлайдиган бадиий-публицистик жанрдир. Фельетоннинг асосий тиғи воқеликдаги 
турли-туман нуқсон, қусур, негатив ҳолатларга қаратилган бўлиб, мақсад бу хато, 
камчиликларни тугатиш, барҳам беришдир. Юзаки қараганда, танқид ўқи айрим одамларга 
йўналтирилгандай туюлса-да, асосий мақсад айрим кимсалар ташийдиган турли иллатларни 
йўқотишдир. Таниқли украин адиби Остап Вишнянинг иш столи тепасида “менинг юз карра 
лаънатга учрагур дўстларим” деган ёзув-рўйхат бўлиб, унда бюрократлар, кўзбўямачилар, 
хушомадгўйлар, порахўрлар, товламачилар, чайқовчилар, ташмачилар, вайсақилар, 
такаббурлар, аблаҳлар, иғвогарлар, чақимчилар, текинхўрлар, давлат мулкини талон-тарож 
қилувчилар, ландовурлар, алимент тўламай қочиб юрувчилар ва ҳоказо-ҳоказолар зикр этилган 
экан. У “Мен шўрпешона мана нималар ҳақида ўйлашим, ёзишим керак” деб кўплаб долзарб 
мавзу, муаммоларни санаб ўртага ташлаган. 
Фельетон бадиий-публицистик жанрлар сирасига киради. Жанрнинг қўшалоқ ном билан 
юритилиши, ҳам бадиият, ҳам публицистика қонун-қоидалари асосида яратилиши, уларнинг 
талабларига қай даражада жавоб беришига қараб баҳоланишини англатади. 
Фельетоннинг бадиий хусусиятлари деганда, тиниқ манзара, қуйма тасвирлар, образ, 
тимсоллар, типик характер ва шароит, сюжет чизиғи, пишиқ композиция, адабий тил, халқ 
тили, ранг-баранг ижод воситалари англашилади. Фельетоннинг публицистик хусусиятлари 
дейилганда, мантиқий муҳокама, илмий тушунча, ўткир полемик руҳ, публицистик чўғ, аччиқ 
ва нордон кулги, муаллиф “мен”ининг фаоллиги, баённинг, тасвир услубининг, сюжет, 
композиция, конфликтнинг ўзига хослиги, монолог ва диалогнинг мўллиги ва ҳоказолар 
тушунилади. Жанр табиати илмий тушунча, амаллардан фойдаланишни ҳам тақозо этади, шу 
маънода фельетонни бадиий-илмий-публицистик жанр деб ҳам аташ мумкин. 


39 
Фельетоннинг муҳим хусусиятларидан бири, унинг ҳужжатлилиги, воқебандлиги, 
ҳаққонийлиги. Худди шу нарса муаллифни тасвирда, баёнда, образ, характер яратишда, 
сюжет, композиция имкониятларидан фойдаланишда бир қадар чеклайди. Масалан, у 
персонажнинг тугал портретини чизмаслиги мумкин, тўла чизиши балким шарт ҳам эмас, 
бунда у портрет тавсифи (характеристикаси), образ-тезисга кўпроқ мурожаат этади. 
Публицистика назариётчиларидан бири, профессор О.Тоғаев ўз китоб, мақола ва 
тадқиқотларида ўзбек фельетони муаммоларига ҳам кўп эътибор қаратган эди. Масалан, у 
“Публицистика жанрлари” китобида Турди, Гулханий, Махмур, Муқимий, Завқий каби 
шоирларнинг шеърий фельетонларини таҳлил этар экан, “Демократ шоир сатирасининг яна 
бир муҳим хусусияти салбий образлар, типларнинг яхлит характеристикасини чизиш 
маҳоратидир” деган фикрни билдиради.
Фельетонда муаллиф ўта фаол бўлиши, воқеаларга бемалол аралашиши, баҳо бериши лозим. 
Фельетончиликда материални ишлашда икки хил усулдан кенг фойдаланилади. Булар - 
далилларни тизимли, кетма-кет баён қилиш — ҳикоялаш усули, иккинчиси – қиёслаш, 
чоғиштириш усулидир. А.Қодирий, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, С.Аҳмад фельетонларига воқеаларни 
бузмай, кетма-кет баён қилиш, ҳикоячилик услуби кўпроқ хос. А.Қаҳҳор “Кўзача”, “Сархона”, 
“Иғвогар” фельетонларини ушбу услубда ёзган бўлса, “Барон фон Ринг” фельетонида қиёслаш 
услубидан фойдаланган. Фельетон турли усулларда ёзилиши мумкин: ҳикоя, эртак, туш, суҳбат 
кенг тарқалган усуллардан саналади. 
Фельетонда образлилик, образ яратиш муҳим бўлиб, катта маҳорат талаб қилади. 
Образлиликнинг юксак чўққиси инсон образини яратишдир. Образ яратишда муаллиф сюжет 
ва композиция имкониятларидан, деталь ва тафсилотлардан, ўхшатиш, жонлантириш, 
бўрттириш, кичрайтириш, мақол, матал, ҳикматли сўзлардан, халқ ибораларидан ўринли ва 
унумли фойдаланиши маҳорат белгиси, муваффақият гаровидир. Абдулла Қодирийнинг 
“Тошпўлат тажанг нима дейди?”, “Калвак махсум хотира дафтаридан”, “Ширвон хола нима 
дейди?” фельетонлари жанрнинг юксак намуналари бўлиб, ёш қаламкашлар учун маҳорат, 
ибрат мактабидир.

Download 1.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   65




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling