Қутуриш касаллиги ўчоғида эпидемиологик
текширув ишларини ўтказиш
ДСЭНМ мутахассислари томонидан рўйхатга олинган ҳар бир ҳайвон тишлаши ва бошқа мулоқотлар, гуруҳли тишланиш, одамлар ва ҳайвонлар ўртасида қайд этилган қутуриш касаллиги ўчоқларида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказилиши шарт.
Эпидемиологик суриштирув ишларининг мақсади:
- ўчоқда ҳайвонлар тишлашидан жабрланган бошқа шахсларни аниқлаш;
- жароҳат олиш тафсилоти;
- тишланиш содир бўлган ҳудуддаги қутуриш бўйича эпизоотик вазиятга аниқлик киритиш.
Эпидемиологик суриштирув натижасига кўра, ҳайвонлар тишлашидан жабрланган бошқа шахслар аниқланиб, улар антирабик даво олиш учун аҳолига қутуришга қарши эмлаш билан шуғулланаётган ДПМга юборилиши ташкил этилади ва олдин қутуришга қарши эмлаш олган шахсларга эмлаш курси Йўриқнома асосида ўтказилади.
Ўчоқда эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилганда эпидемиолог даволаш–профилактика муассасаларидан тишланиш тафсилоти, жароҳатланганлар сони, ҳайвоннинг ҳолати, шошилинч хабарномада ҳайвон тоифаси белгиланган ёки белгиланмаганлиги ва шунга ўхшаш маълумотларни олади.
Эпидемиологик суриштирув ишлари биринчи навбатда жароҳатланган шахснинг ўзидан бошланиши керак, қўшимча маълумотлар эса унинг оила аъзолари ва қўшниларидан, ўқиш ёки иш жойларидан суриштирилади.
Тишланиш тафсилотига кўра (кўп жойидан тишланиш, оғир ва хавфли тишланиш қайд этилганда), ҳайвон қутуриш касаллигига гумон қилинса, бу ҳақда зудлик билан ветеринария врачига билдирилиши ҳамда итни алоҳидалаш чораси кўрилиши керак. Ҳудудда тиббиёт ходимлари томонидан уйма – уй юриш ишлари ташкил этилиб, ушбу ҳайвондан жароҳат олган бошқа шахслар аниқланади.
Агар гуруҳли тишланиш қайд этилса, касалланган ҳайвоннинг юрган йўли, ундан жароҳат олган одамлар ва ҳайвонлар аниқланади. Уйма – уй юриш ишлари ветеринария хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилади. Жабрланганларни аниқлашда мактаб, лицей, коллеж ўқувчиларидан ҳам фойдаланиш керак, уларга рўй берган гуруҳли тишланиш тўғрисида тўлиқ тушунча бериб, кейин улардан ҳайвон тишлашидан жабрланганлар тўғрисидаги маълумотларни олишга ҳаракат қилиш керак.
Гуруҳли тишланиш рўйхатга олинганда, ўчоқда бошқа жабрланганларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга антирабик ёрдам кўрсатиш - эпидемиологик текширувнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Одамлар ва ҳайвонлар ўртасида қайд этилган қутуриш касаллиги ўчоқларида эпидемиологик суриштирув ишлари ветеринария бўлими эпизоотологи билан ҳамкорликда ўтказилиб, “Зооноз касалликлари ўчоғида эпизоотолого – эпидемиологик текширув картаси” (391/ҳ шакли) тўлдирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |