Стрептококкли фарингит
Боланинг томоғида йиринг борлигини кўрган ва бўйин лимфа тугунларининг катталашганини топган бўлсангиз, боланинг касаллигини сариқ қаторда кўрсатилган СТРЕПТОKОKKЛИ ФАРИНГИТ деб таснифланг. Стрептококкли фарингит деб тасниф беришда бўйин лимфа тугунларининг катталашуви ва томоқда йиринг борлигига асосланиш маълум даражада ўзига хос махсус белгилардир. Стрептококкли фарингити бор болага антибактериал препаратни оғиз орқали 10 кун давомида беринг.
Оғриқни камайтириш ва ҳарорат юқори бўлса, уни пасайтириш учун бир доза парацетамол беринг. Хавфсиз воситалардан фойдаланиб, боланинг томоғини юмшатиб туришни онасига тавсия этинг. Қайнаган илиқ сув ёки минерал сув, илиқ сут ана шундай воситалар жумласига киради. Қандай хавфли белгилар пайдо бўлганида тиббий муассасага яна дарҳол келиш кераклигини онасига тушунтиринг. Kейин яна кўриш (кейинги кузатув) учун болани қачон олиб келиш кераклигини онасига айтинг.
Стрептококксиз фарингит
Сариқ қаторда кўрсатилган белгилардан биттаси бўлса ёки биттаси ҳам бўлмаса, ёки томоқда қизариш бўлса, яшил қаторга ўтинг ва боланинг касаллигини СТРЕПТОKОKKСИЗ ФАРИНГИТ деб таснифланг.
Стрептококксиз фарингитда антибактериал препаратларни ишлатиш керак эмас. Боланинг томоғини юмшатиш учун унга қандай хавфсиз воситаларни бериб туриш мумкинлигини онасига тушунтиринг. Томоқ оғриғини камайтириш учун парацетамол беринг. Қайси маҳалларда яна дарҳол келиш кераклигини онасига тушунтиринг. Kейинги кузатув учун яна қачон келиш кераклигини унга айтиб қўйинг.
Томоқда муаммо йўқ
Агар томоқда муаммо йўқ бўлса, ТОМОҚДА МУАММО ЙЎҚ деб таснифланг ва қўшимча даволашсиз қолдиринг.
10 БОБ. ҚУЛОҚДАГИ МУАММОЛАРНИ БАҲОЛАШ ВА ТАСНИФЛАШ
Қулоққа алоқадор муаммолари бор болада қулоқ инфекцияси бўлиши мумкин. Болада қулоқ инфекцияси бўлса, ноғора пардасининг орқасида йиринг тўпланиб, оғриқ пайдо бўлади ва кўпинча иситма чиқишига сабаб бўлади. Инфекцияга даво қилинмайдиган бўлса, ноғора пардаси йиртилиб, ёрилиши мумкин. Йиринг чиқиб кетади ва оғриқ пасаяди. Иситма ва бошқа симптомлар йўқолиб кетиши мумкин, лекин бола яхши эшитмайдиган бўлиб қолади, чунки ноғора пардасида тешик пайдо бўлади. Ноғора пардасидаги тешик одатда ўзи битиб кетади. Баъзи ҳолларда йиринг чиқиши давом этиб боради, ноғора пардасининг тешиги битмайди ва боланинг ўша қулоғи кар бўлиб қолади.
Инфекция баъзан қулоқдан унинг орқасидаги суякка (сўрғичсимон ўсимтага) тарқалиши ва мастоидитга сабаб бўлиши мумкин. Инфекция қулоқдан бош мияга тарқалиб, менингитга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Булар – оғир касалликлардир. Бундай ҳолатлар тезда эътибор беришни ва болани касалхонага юборишни талаб этади.
Қулоқ инфекциялари камдан-кам ҳолларда ўлимга сабаб бўлади. Бироқ улар болаларда бир неча кунларга чўзилади. Қулоқ инфекциялари ривожланаётган мамлакатларда учрайдиган карликнинг асосий сабабидир. БАҲОЛАНГ ВА ТАСНИФЛАНГ схемаси қулоқ инфекцияси туфайли пайдо бўлган муаммоларни аниқлаб олиш учун Сизга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |