Бош қомусимиз эволюциясининг муҳим босқичи


Download 117.92 Kb.
Sana01.03.2023
Hajmi117.92 Kb.
#1238293
Bog'liq
2020йил Конституция судга оид ўзгариш


БОШ ҚОМУСИМИЗ ЭВОЛЮЦИЯСИНИНГ МУҲИМ БОСҚИЧИ

49
/
2018
Сиёсат
Мустақиллик йилларида ҳаётнинг барча жабҳаларида — эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш борасида қандай улкан муваффақиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассам эканини бугун ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис этади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”.
Конституциямиз ижобий хусусиятлари тўғрисида гапирганда, энг аввало, унда замонавий демократиянинг барча тамойиллари ўз аксини топганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоққа бўлиниши, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлик, фикрлар плюрализми, қонун устуворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглиги, одил судлов тизимининг мавжудлиги, бирор-бир мафкура ҳукмронлигидан воз кечиш, фикр, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги кабилар унда тўлиқ мужассам этилган.
Бош қомусимизнинг энг асосий жиҳати, ундаги барча нормалар пировардида бир мақсадга, яъни ҳазрати инсон омилига қаратилган бўлиб, унда инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чикариш марказий ўрин тутади. Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар мобайнида Бош қомусимиз, худди жамиятимизнинг ўзи сингари, тобора ривожланиб, сайқалланиб борди. Унга мамлакатимиз тараққиётининг ўта муҳим стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, охирги икки йил ичида унга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан бевосита боғлиқ равишда муҳим тўлдиришлар амалга оширилди.
Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборат.
Ҳаракатлар стратегиясининг 2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ва 2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 40 дан ортиқ қонунлар ва 1600 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу кенг кўламли ишлар замирида Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси доирасида Конституциямизга киритилган қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида ўрин тутади:
1.) 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида режалаштирилган суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, жиноий, жиноий-процессуал қонунчиликни либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини модернизация қилиш, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва умуман, қонунийликни таъминлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган конституциявий чора-тадбирлар ҳисобланади. Ушбу қонунга мувофиқ Конституциямизнинг 80-, 81-, 83-, 93-, 107-, 110-, 111-, 112-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Уларга мувофиқ суд тизими такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди ва шу муносабат билан Конституциянинг 83-, 93-, 107- ва 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бизга маълумки, Конституциянинг 80-моддасида Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатлари белгиланган бўлиб, унинг 4-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини сайлаш ҳақида норма мавжуд эди. Ушбу норма янги таҳрирда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш”, деб баён қилинди.
Конституциянинг 93-моддаси 13-14 бандларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари лавозимларига номзодларни тақдим этиши, вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлаши ва лавозимларидан озод этиши хақидаги нормалар мавжуд эди. Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши тартиби белгиланди.
2.) 2017 йилнинг 31 майида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги (80-, 93-, 108- ва 109-моддалари) ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар эса конституциявий судловни замон талабига мувофиқ такомиллаштиришга қаратилган.
Мазкур қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 21 апрелда имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон асосида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилганлиги ва унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобот бериб бориши тартиби ўрнатилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатлари рўйхатидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш” ваколати чиқариб ташланди.
Шунингдек, ушбу қонун орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини шакллантиришнинг демократик механизми жорий этилди. Унга кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган, сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилидан иборат таркибда сайланади. Бунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд аъзолари томонидан ўз таркибидан сайланиши белгилаб қўйилгани диққатга сазовордир. Бу янгиликлар Конституциявий суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, унинг фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади.
Қонун билан Конституциявий судга қўшимча ваколатлар ҳам берилди. Жумладан, Конституциявий суд ваколатли шахсларнинг мурожаатларига асосан, конституциявий қонунларнинг — улар имзолангунига қадар, давлатлараро шартномаларнинг — улар ратификация қилингунига қадар, Конституцияга мослигини текширади. Шу билан бирга, Олий суднинг судларнинг ташаббуси асосида муайян ишда судлар томонидан қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқади. Бундан ташқари, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига мамлакатимизда конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этишга оид қоида мустаҳкамлаб қўйилди. Бу янгиликлар, шубҳасиз, Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириб, давлат ҳокимияти органлари тизимидаги нуфузини янада оширади, унинг фаолият самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади.
3.) Шунингдек, 2017 йилнинг 29 августида қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонун орқали Конституцияга ҳам тегишли ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра, Тошкент шаҳридаги барча туманларда халқ депутатлари Кенгашларини шакллантириш учун ташкилий-ҳуқуқий замин яратилди.
Амалдаги қонунчиликда (Конституциянинг 99-моддаси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддаси) Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларини ташкил этиш кўзда тутилмаган бўлиб, бу эса пойтахт туманларида маҳаллий бюджет лойиҳалари ва уларнинг ижросини муҳокама қилиш, туман раҳбарларининг ҳисоботларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашида эшитиш имконини бермас эди.
Шу муносабат билан, мазкур қонун орқали Конституция, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий актларга ўзгартишлар киритилди. Хусусан, Конституциянинг 99-моддасидаги “шунингдек, шаҳар таркибига кирувчи туманлардан” деган сўзлар, 102-моддасидаги “шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади”, деган сўзлар чиқариб ташланди.
Қонун билан шаҳарларда туманлар ҳокимларини лавозимига тасдиқлаш, шунингдек, янги Кенгашлар ташкил этилиши муносабати билан туманлар Кенгашлари олдида улар ҳисоботларини тинглаш тартиби ҳам ўрнатилди.
4.) Конституциямизга киритилган энг охирги ўзгартиш 2018 йилнинг 15 октябрида қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни орқали киритилган бўлиб, у фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ва унинг ваколат муддати билан боғлиқдир. Ушбу қонун орқали, шу жумладан, Конституциянинг 105-моддаси биринчи қисмига ҳам тузатиш киритилган бўлиб, унга кўра, «икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини» деган жумлалар «раисни (оқсоқолни)» деган сўзлар билан алмаштирилди. Яъни маслаҳатчиларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда сайланишининг олдини олиш мақсадида қонунчиликда ишлатилган “фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)” сўзларидан кейин “ва уларнинг маслаҳатчилари” деган сўзлар чиқариб ташланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан 3 йилга узайтирилди ва ушбу ўзгартишни тегишли равишда Конституцияда ҳам акс эттириш мақсадида ундаги “икки ярим йил муддатга” деган сўзлар чиқариб ташланди.
Мазкур қонунга мувофиқ, фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилди. Янги қонун қоидаларини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш мақсадида навбатдаги сайловларни 2019 йилнинг май ойида ўтказиш белгиланди. Бунда амалдаги фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари)нинг ваколат муддати навбатдаги сайловга қадар узайтирилади.
Умуман, 2017-2018 йилларда кузатилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг навбатдаги эволюцион босқичи конституциявий ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига ҳар томонлама мос бўлиб, конституциявий тартибга солиш предметини кенгайтиришга хизмат қилади. Аксарият киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда асосий урғу инсон ҳуқуқ ва эркинликларига қаратилган бўлиб, бу эса фуқаролик жамиятининг конституциявий асослари тобора мустаҳкамланаётганлигидан, халқаро ҳуқуқ нормалари устуворлиги таъминланаётганлигидан далолат беради.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш ўринлики, Асосий қонунимиз Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиши ва ривожланишига, жумладан, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимизнинг бош омили Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий асослар эканини алоҳида эътироф этиш жоиз. Яна бир муҳим жиҳати — Конституциямиз Ўзбекистоннинг суверен давлат сифатида жаҳон харитасида ўз ўрнини топишида ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституцияни, унинг прогрессив ва инсонпарвар нормаларини ҳаракатга келтирувчи куч унга сўзсиз итоат этиш ва қатъий амал қилиш эканлигидан келиб чиқадиган бўлсак, айнан Бош қомусимизга чексиз ҳурмат ва сўзсиз бўйсуниш ҳисси кундалик фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши, онгу шууримизни ҳеч қачон тарк этмаслиги лозим.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Download 117.92 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling