Бу даврда яшаган мутафаккирларнинг деярли барчаларига қуйидаги
Download 26.43 Kb.
|
Ренесанс
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида тасдиқланганидек, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”. Маълумки, Ғарб адабиётларида Европа мамлакатларида кескин маданий юксалишга олиб келган ХV-ХVII асрларни Ренессанс – Уйғониш даври номи билан юритадилар. Масалан, ХIХ асрда яшаган француз олими Жозеф Эрнест Ренаннинг фикрича, “Абсолют тизимлар замони ўтди. Илгари ҳар бир олим ўз системасига эга бўлиб, унинг учун яшар ва керак бўлса жонини берар эди. Энди биз уларнинг барчасини бирин-кетин ёки бир варакайига ўргана оламиз”. Бироқ кўпчилик муаллифлар Шарқда шундай жараён бўлганлигидан кўз юмадилар. Ҳолбуки, IХ-ХII асрларда Марказий Осиёда Европадан бир неча аср илгари маданий юксалиш юз берганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. У Европадагидек янги сиёсий-иқтисодий жараён, яъни буржуа муносабатларининг вужудга келиши билан боғлиқ бўлмаган бўлса-да, маданият тарихида сўнмас из қолдирди ва Европа Ренессансининг вужудга келишига катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун биз IХ-ХII асрлардаги Марказий Осиё маданий юксалишини Уйғониш даври, аниқроғи илк Уйғониш даври маданияти деб аташга тўла асосимиз бор. Бу илк Уйғониш даври маданияти сиёсий-иқтисодий жиҳатдан Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ мустақилликка эришиш ва бу минтақада мустақил давлатларнинг вужудга келиш жараёни билан узвий боғлиқдир. Бу даврда яшаган мутафаккирларнинг деярли барчаларига қуйидаги хусусиятлар хос эди: маданиятнинг ўтмишда эришган ютуқларини, хусусан, қадимги Юнон, Ҳинд, Хитой меросини чуқур ўрганиш ва уни ижодий ривожлантириш, табиатни ўрганишга қизиқишнинг ортиши ва табиий фанлар тараққиёти (астрономия, география, риёзиёт (математика), медитсина ва ҳоказо); рационализм, яъни ақлни ҳақиқатнинг мезони сифатида тан олиш ва бунинг натижасида мантиқий ривожлантириш ақидапарастликни рад этиш ва ҳурфикрлиликнинг ривожланиши; инсонпарварликни улуғлаш, инсоннинг ахлоқий, маънавий гўзаллигини, камолоти Аллоҳнинг юксак инъоми сифатида талқин этилиши, сўз санъатига муҳаббат, илмий асарнинг бадиий шаклига алоҳида эътибор берилиши, қомусий билимларга эга бўлишлик. Бу даврда яшаган мутафаккирлар фан ва санъатнинг кўп соҳаларини чуқур билган алломалар бўлганлар. Бу даврда Яқин Шарқда Ал-Маъмун халифалик қилган даврда (813-833) давлат илм-маърифатнинг ўсишига ёрдам берди. Бағдодда, сунгра Дамашқда астрономик расадхоналар қурилди. Бағдодда “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”) ташкил этилди. Бу илм даргоҳларида Ўрта Осиёлик олимлар фаол иштирок этдилар. ХV асрнинг бошларида Хоразмда машҳур “Маъмун академияси” ташкил қилинди. Бу ерда Беруний атрофига ўша замоннинг бир гуруҳ олимлари, жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Наср ибн Ироқ, шунингдек, файласуф Абу Сахл Масиҳий, табиб Абул Хайр Ҳаммар ва бошқа олимлар кўплаб илмий изланишлар олиб бордилар. Бу даврда табииёт илми, пантеистик фалсафа билан бирга ислом илоҳиёти ҳам кенг ривожланди. Муҳаддис сифатида бутун мусулмон оламида машҳур Имом Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, калом таълимотининг асосчилари Абу Мансур Мотуридий ва Бурҳониддин ал-Марғиноний ҳамда Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолийлар ислом дини ривожига катта ҳисса қўшдилар. Иккинчи Ренессанс – Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган (ХV-ХVI асрнинг биринчи ярми) даврга тўғри келади. Бу даврда яшаб, ижод этган олим ва мутафаккирлар Саъдиддин Тафтазоний, Мир Саййид Шариф Журжоний, Муҳаммад Тарағай Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший, Алауддин Али ибн Муҳаммад Қушчи, Абдураҳмон Жомий, Низомиддин Мир Алишер Навоий, Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифий, машҳур тарихчилар Мирхожд ва Хондамир, рассомлар Камолиддин Беҳзод ва шоҳ Музаффарларнинг номлари дунёга машҳур бўлган. Бу даврда давлатни бошқаришда дин ва тасаввуф қоидаларига алоҳида эътибор берилди. Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари маънавият ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Илм-фан ривожлантирилди, меъморчилик санъати юксак даражага кўтарилди. Амир Темур Кўксарой масжиди, Шоҳизинда, Бибихоним мадрасасини қурдирди. Кешда (Шаҳрисабз) Оқсарой барпо этилди. Мирзо Улуғбек даврида Регистонда, кейинчалик Бухоро ва Ғиждувонда мадрасалар, Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси, Улуғбекнинг фалакиёт расадхонаси қурилди. Илм-фан, хусусан, фалсафа, мантиқ илми ривожига катта эътибор берилди. Бунинг натижасида ХIV- ХV асрдан бошлаб ислом мадрасаларида мантиқ илмини ўқитиш ҳуқуқ ва тилшунослик фанлари билан боғлиқ ҳолда олиб борилди. Буюк фалакиётчи олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек математика, астрономия, геометрия, тарих, кимё ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб борди. Унинг энг машҳур асари “Зижи жадиди Кўрагоний”да 1118 юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Улуғбек Қуёш ва Ой ҳаракатларини, уларнинг тутилиш вақтларини тўғри ҳисоблаб чиққан. У атрофига иқтидорли ёшларни тўплаб, ўзининг илмий мактабини яратди. Шарқ Ренессансининг иккинчи даврида яратилган фалсафий, бадиий тафаккур ривожининг ёрқин намунаси Алишер Навоий ижодида ўз ифодасини топган. Шарқ Ренессанси ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Уларда ўша даврларда Шарқда Ислом илмлари билан бир қаторда ижтимоий, табиий фанлар ҳам ривожлангани қайд этилган. Бу ҳақда швейсариялик машҳур шарқшунос Адам Метснинг “Мусулмон Ренессанси” асаридан маълумотларни олиш мумкин. Мазкур асар IХ-Х асрларда мусулмон шарқида юз берган маданий ривожланишнинг тарихига бағишланган. Масалан, унда қайд этилишича, “Кейинги ўзгаришларнинг сабаби шунда эдики, ҳуқуқшунослик илоҳиётдан ажралиб чиқиб, олимлар гуруҳи бир-бирига душманлик руҳида бўлган икки гуруҳга бўлиниб кетди, яъни фақиҳлар (фуқиҳо) ва олимлар (уламо)”. Биринчи гуруҳ атрофига бир парча нон топиш умидида бўлган жуда кўп талабалар тўпланди, негаки, кимки ҳуқуқ ва урф-одатларни ўқиб олса, улар ёрдамида қозилик ва воизлик жойини эгаллаши мумкин эди. Бу тўғрида ўзининг яхши иборалари билан машҳур бўлган ал-Жоҳид шундай дейди: “Биз ўз тажрибамиздан шунга ишонамизки, кимки эллик йил давомида ҳадисларни ўрганса ва Қуръонни шарҳлашни билса ҳам у фақиҳлар жумласидан ҳисобланади ва қозилик лавозимига эриша олмайди. Бунга у шу вақтдагина эриша оладики, агар у Абу Ҳанифанинг ва унга ўхшашларнинг амалий фақиҳлик ибораларини ёддан ўрганиб олса ва у бунга бир-икки йилда эриша олади. Кўп ўтмай бундай одамни шаҳар ёки ҳатто вилоят қозиси этиб тайинлашлари мумкин”. Дунёвий фанларнинг билимдони илоҳиётчидан ўзининг кийими билан ҳам фарқ қилар ва “котиб” деб аталар эди. Илоҳиётчи тайласон кийимини кияр эдики, у узун бўлиб тўпиғигача тушар эди. Котибларнинг таянчи дунёвий илмлар ўлкаси бўлган Форс бўлиб, унинг пойтахти Шерозда илоҳиётчилардан кўра, уларга катта эҳтиром кўрсатилар эди. Ҳар бир назарга илинадиган масжид ҳузурида ўзининг китобхонаси бўлар эди, негаки, шундай одат мавжуд эдики, ўлим олдидан ўз китобларини масжид кутубхонасига беришни васият қилар эдилар. Айтишларича, Марв шаҳридаги масжиднинг кутубхонаси асосини Ездигерд III ўзи билан олиб келган китоблар ташкил этган. Шунингдек, америкалик машҳур фан тарихчиси Жорж Сартоннинг “Фан тарихига кириш” номли фундаментал иши ҳам бу тўғрида қимматли маълумотларни мужассам этган. ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошида Туркистон маданияти қатор талантли олим, сайёх, шоир, педагог, журналистларни этиштириб чиқарди, улар халқимизнинг умумий маданияти ривожланишига жуда катта таъсир кўрсатдилар. Европа маданияти янгиликлари, Яқин Шарқ мамлакатларидаги ўзгаришлар Туркистон маданиятида ерли халқнинг мустамлакачилик сиёсати, камситилишига қарши маърифатчилик ҳаракатини кучайтириб юборди. У асосан халқни янги маданият, маърифатга чақиришга, миллатни уйғотишга, янгиланаётган маънавиятни эгаллашга йўналтирилган эди. Аста-секин маърифатчиликдан жадидчилик ўсиб чиқди ва у маълум даражада сиёсий масалаларни олға сура бошлади. Янги таълим-тарбия, янги мактаб, янги маориф, уни бошқариш, маданий тарғибот, ташкилотчилик масалалари асосий ўринга кўтарилди. Янгиликларга асосланган ҳолда рус ва эски феодал маорифдан фарқ қилувчи фикр-ғоялар олдинга сурилди, улар эрли матбуот, турли китоблар орқали кенг тарғиб этилди. Бу маданиятдаги мустамлакачиликка қарши мустақилликка халқ онгини ошириш, ўз аҳволини яхшилашга интилишнинг кўринишларидан эди. Ушбу Учинчи Ренессанс даврида Аҳмад Дониш, Бердақ, Феруз, Муқимий, Фурқат, Завқий, Баёний, Аваз Ўтар каби олим, шоирлар ўз даврининг муҳим масалаларини кўтариб чиқдилар ва халқни илм-фан, маърифатни эгаллашга ундадилар. Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон, С.Айний, Ҳамза каби истеъдод эгалари жадидчилик ғояларини олға суриш ва тарғиб қилиш соҳасида байроқдор бўлиб танилдилар. Туркистоннинг ўз ривожланиш йўлини тарғиб этишда жонбозлик кўратдилар. Мустақиллигимиз арафасида уларнинг издошлари бўлган Рауф Парпи ва Гулчеҳра Нуруллаевалар жасорат кўрсатиб, бу ишни давом эттирдилар. Масалан, 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми масаласи кўтарилганда Гулчеҳра Нуруллаева, “агар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилмас экан, ўзимни Қизил Майдонда ёқаман”, деган баёнот билан чиқди. У умрининг охиригача ҳақиқий мустақиллик учун курашди. Мустақиллигимиз туфайлигина миллатимиз ва жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Шарқ уйғониш даврини илмий, холис ўрганиш, баҳолаш имкони очилди. Download 26.43 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling