13-§. Вақтинчалик солиқ имтиёзлари
(турлари бўйича) (013)
448. 013 “Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)” счёти вақтинчалик солиқ солишдан озод этилган, мақсадли ишлатилиши қўзда тутилмаган бўшаган маблағларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш учун мўлжалланган.
Бюджетга тўловнинг ҳар бир тури бўйича ҳисобланган бўшаган маблағлар суммаси 013 “Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)” счётининг дебетида акс эттирилади.
013 “Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)” счётида ҳисобга олинган бюджетга мажбурий тўловлар ва солиқлар бўйича ҳисобланган сумма “Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот” (2-сонли шакл)да акс эттирилмайди ва мос равишда молиявий натижаларнинг шаклланишига таъсир этмайди.
013 “Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)” счётидан солиқ солишдан озод этилиши натижасида бўшаган маблағлар суммаси имтиёз берилган даврининг тугаши билан ҳисобдан чиқарилади.
Бунда, бўшаган маблағлар тўғрисидаги маълумот имтиёз муддатининг тугаши билан ҳисобдан чиқарилгандан кейин корхонада 5 йил давомида сақланиши лозим.
14-§. Фойдаланишдаги инвентар
ва хўжалик жиҳозлари (014)
449. 014 “Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозлари” счёти фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозларининг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш учун мўлжалланган.
Инвентар ва хўжалик жиҳозларини фойдаланишга бериш вақтида уларнинг қиймати тўлиқ ишлаб чиқариш харажатлари ёки давр харажатларига олиб борилади ва бир вақтнинг ўзида 014 “Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозлари” счётида акс эттирилади.
Инвентар ва хўжалик жиҳозлари кейинчалик фойдаланиш (ишлатиш)га яроқсиз бўлган ҳолда уларнинг 014 “Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозлари” счётидан ҳисобдан чиқарилиши тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳисобдан чиқариш далолатномаси асосида амалга оширилади.
Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозларининг сақланишини таъминлаш мақсадида 014 “Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозлари” счёти бўйича аналитик ҳисоб якка тартибда фойдаланувчилар ва цехлар омборлари оралиғида юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |