Бултур 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллигини нишонлаш ҳақида Президентимизнинг
Download 1.28 Mb.
|
ЗАФАРНОМА китоби - WORD (5)
СЎЗ БОШИ Азиз ватандошлар! Биз ажиб бир замонда яшаяпмиз. Яқин йилларгача буюк бобомиз Амир Темур ҳақида китоб ёзиш у ёқда турсин, ҳатто номини айтишдаёқ қўрқа-писа олазарак бўлинарди. Мустақилликка эришишимиз шарофати билан аҳвол бутунлай ўзгарди. Бугун пойтахтимизнинг марказий хиёбонини бобомизнинг ҳайкали безаб турибди. Бултур 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллигини нишонлаш ҳақида Президентимизнинг Фармони эълон қилинди. Унда «Жаҳон тарихидаги буюк сиймолардан бири, Марказий Осиё халқларининг иқтисодий, сиёсий ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ давлат арбоби ва саркарда, фан ва маданият ҳомийси соҳибқирон Амир Темур» деган виқорли иборалар бор. Бу сўзлар, биз, кўп йиллардан бери орзу қилган кунлар келганидан далолат беради. Ўша Фармоннинг бандларида Ўзбекистон нашриётлари Амир Темур ва унинг даври фани, маданияти ва санъатига оид қўлёзма ва янги асарларни, шу жумладан, чет элларда нашр этилган адабиётлардан намуналарни нашр этишни ўз режасига киритиши ҳавола этилган бўлиб, бу бизга катта масъулият юклайди. Тангри таолога минг қатла шукурки, шу буюк воқеа туфайли кучимизга куч қўшилиб, ушбу китобни нашрга тайёрладик. Амир соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти Марказий Осиё халқларининг тарихида том маънода инқилобий ўзгариш ясади. Бу ўзгаришлар шу қадар улкан тарихий аҳамиятга молик бўлдики, мана бир неча асрдирки, дунё олимлари томонидан Темур ва Темурийлар даври турли фанлар нуқтаи назаридан ўрганилаяпти. Темур ва Темурийлар даври тарихи, энг аввало, уларнинг ўзига замондош бўлган муаррихлар асарларида акс эттирилди. Булар эса ўз галида Темурнинг ҳарбий юришларида иштирок этган кишилар бўлган ёки улар шундай шоҳидларнинг кундалик ёзувларидан ва эсдаликларидан фойдаланганлар. Ана шундай кишилардан энг биринчиси Ғиёсиддин Али ибн Жамол Йаздий «Ҳиндустоннинг ғазавоти рўзнома»сини 1399 ва 1403 йиллар орасида ёзиб, Темурга тақдим этган. Лекин асар воқеаларнинг тавсифи нуқтаи назаридан ҳаққоний бўлса ҳам, ҳаддан ташқари хушомадгўйлик руҳида ёзилган бўлиб, Амирга ёқмаган. Бироқ, бу асар кейинроқ Низомид-дин Шомий ва Шарафуддин Али Йаздий асарларига асос вазифасини бажарган. Бу асарнинг матни нашр этилган1 ва русча таржимаси ҳам чоп этилган2. Ғиёсиддиннинг асари ёқмагани сабабли Амир Темур ҳижрий 804 /мелодий 1401-02 йили ўзи билан 1392 йилдан бери ҳарбий юришларида иштирок этган Низомиддин Шомийга содда тил билан ва сарой солноматарига асосланиб, унинг тарихини ёзишни буюради. Низомиддин 1404 йил ёзида асарини ёзиб тугатиб, Амир соҳибқиронга тақдим этади ва ватанига қайтишга рухсат олади. Биринчи бўлиб Низомиддин ўз асарини «Зафарнома» деб атайди. Унда ҳижрий 806 йил охиригача, яъни мелодий 1404 йилнинг июлигача бўлган воқеалар акс эттирилган. Амир Темур ҳаётининг қолган қарийб саккиз ойига тааллуқли воқеалар ва вафотидан кейинги ойлардаги ҳодисалар унга кирмаган. Демак, шу нуқтаи назардан асарни мукаммал деб бўлмайди. Ана шундай энг мукаммал асарни Шарафуддин Али Йаздий яратди. Шарафуддин ҳам Ғиёсиддин Али каби Эронзаминдаги Форс вилоятининг шимолидаги Йазд шаҳрида туғилган. У обдон зукколиги ва донолиги билан Темурийларнинг диққатини ўзига жалб қилади. Шарафуддин бир неча йил Ҳиротда Шоҳрух мирзонинг ҳамда Форсда унинг кичик ўғли Иброҳим Султоннинг саройида хизмат қилади. У шеърият, фалсафа ва илми нужумдан обдон хабардор олим эди. «Шараф» тахаллуси билан шеърлар битар эди. Шарафуддин ўз ҳаётида бажарган икки шарафли ишининг бири шу эдики, Улуғбек ҳарбий юришларининг бирида ҳижрий 832/мелодий 1428-29 йили ёш мўғул хони Юнусхонни асир қилганида Шоҳрухнинг буйруғи билан Шарафуддин асир хоннинг устози этиб тайинланади. Шарафуддин бир муддат Юнусхон билан Йаздда яшаб, унинг тарбияси билан шуғулланади ва 1 Дневник похода Тимура в Индию Гияс-ад-дина Али. С приложеқием соответетвуювдих отривков из «Зафар- намэ» Низам-ад-дина Шами. Издание Л. А. Зимина, под ред. В. В. Бартольда, Петроград, 1915. 2 Гийасаддин Али. Дневник похода Тимура в Индию. Перевод с персидского, предисловия и примечания А. А. Семенова. Москва, 1958. -уг афтидан, ўз билимларидан унга анча сингдира олган. Ана шу ёш хон кейинчалик Ҳиндистонда уч асрдан кўпроқ ҳукм сурган Темурийлар сулоласининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она тарафидан бўлажак бобоси эди. Шарафуддин Али Йаздийнинг иккинчи ва асосий шарафли иши — унинг ўз «Зафарнома»сини яратишидир. Шарафуддин асарининг дебочасида кўрсатишича, уни ҳижрий 828йили/мелодий 1424-25 ёзиб тугатган. Шу тарих Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаисаъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарида ҳам кўрсатилган1. Асар Амирнинг муфассал вашаҳзода Халил Султоннинг қисқача тарихидан иборат бўлиб, замондошларига ўта манзур бўлган. Бу асарга асос бўлган илк нусхани Темурнинг сарой кундаликлари ва бошқаманбалар асосида ва сарой котибларининг ёрдамида Иброҳим Султон ёзган. Бу нусханиқайта ишлаб ва яна бошқа манбалардан фойдаланиб Шарафуддин ўз «Зафарнома»синияратган. Муаллиф ўз асарини биринчи мақола деб атайди ва Шоҳрухга аталган иккинчимақола ҳамда Иброҳим Султонга аталган учинчи мақолани ёзишни ҳам режалаштирибқўяди. Бу ҳол матнда ҳам ўз аксини топган ва ўқувчи қуйида бунинг гувоҳи бўлади. Асар турк хонларининг шажараси ва Чингизхон тарихига бағишланган улкан (82варақ) Муқаддима билан бошланган. Асар кўпдан-кўп шеърлар билан зийнатланган бўлиб,| улар Шарафуддиннинг шахсий ижоди эканлиги шубҳасиз. Шуниси диққатга сазоворки,Шарафуддиншшг «ёрдами» билан Темур ҳам, унинг фарзандлари ва лашкарбошилари ҳам| кўпинча баъзи воқеалар муносабати билан форсий шеърлар айтадилар. Шарафуддинбаъзи руҳий кечинмаларини ҳам лирик чекиниш сифатида узундан-узоқ шеърлар биланифодалайди. Шундай жойларда муаллиф ўқувчининг диққати ва вақтини суиистеъмол қнлаётгани сезилади, чунки бундай саҳифаларда ҳарбий, сиёсий воқеаларнинг ривожланишн сустлашиб кетади, ёки умуман тўхтайди. Лекин талқин услуби қандайлигидан қатъиназар Шарафуддин Али Йаздийнинг «Зафарнома»си Амир Темур тарихига бағишланганасарларнинг энг ҳақиқатга яқини ва энг мукаммали ҳисобланади. Шунинг учун ҳам асарёзилганидан бери ўтган беш ярим асрдан ортиқ вақт ичида у қайта-қайта кўчирилган,турли Шарқ ва Ғарб тилларига ҳам тўла, ҳам қисман таржима қилинган ва бир неча мартанашр этилган. Шундай нашрларнинг энг мукаммали 1972 йили А. Ўринбоев томониданчоп этилган нусхавий танқидий матн ҳисобланади2. Эслатилган таржималар орасида Муҳаммад Али ибн Дарвеш Али ал-Бухорий томонидан Шайбонийлар сулоласидан хон Кўчкунчихон (1510—1529) фармонига кўра 1519 йилда бажарилган ўзбекча таржима муҳим ўрин тутади. Асар эски ўзбекчага яна икки марта таржима этилган бўлиб, буларнинг биринчиси номаълум таржимон томонидан Йароқбий Қўнғирот деган шахснинг буйруғига кўра 1550 йили бажарилган. Охирги ўзбекча таржимани 1826 йили Шермуҳаммад Муниснинг тавсияси билан Хевада Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Сўфи Хевақий бажарган бўлиб, бу анча қисқартирилган таржимадир. Муҳаммад Алининг ўзбекча таржимасига келсак, бу, бизнингча, том маънода ўзбекмумтоз насрининг илк буюк обидаларидан биридир. Биз қуйида кўрамизки, бу асарнингнафақат таржимаси, балки Шарафуддин шеъриятига тааллуқли айрим ерларда қайта ишланиши ҳам дейилмоғи керак. Муҳаммад Али таржимаси ягона нодир нусхада мавжуд бўлиб, у Истанбулда, Нури| Усмония кутубхонасида 3268 рақам билан сақланади. Бу ерга у турк султони МустафоУчинчи томонидан ҳижрий 1171/мелодий 1757 йили вақф қилинган. Демак, қўлёзма уерга олдинроқ бориб қолган. Қўлёзма ҳали теран ўрганилмаган. У ҳақда фақат венгершарқшуноси Янош Экман 1964 йили қисқагина маълумот келтирган3 ва ватандошимизМиён Бузрук 1927 йили «Маориф ва ўқитувчи» журналида хабар берган4. Бироқ, қўлёзмасаҳифаларида бир турк ўқувчисининг лотин ҳарфи билан ҳозирги турк тилида ёзган айримсўзлари ва қатор белгилари ҳам бор. Шунга кўра бу қўлёзма ҳақида туркча бирортадқиқот бўлса керак деб тахмин қилиш мумкин. Лекин ўша «турк ўқувчиси» аслида Янош Экман бўлганлиги эҳтимоли ҳам туғилди. Қўлёзма асл матни саҳифалари рақамланмаган. Лекин ўша номаълум турк, асар билан қисқа фурсатда танишибди шекилли, уни рақамлаганига кўра қўлёзма 319 варақ бўлган. 1 Абдураззоқ Самарқандий. Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн. Таржимон ва нашрга тайёрловчи А. Ўринбоев. Тошкент, «Фан», 1969, 337-саҳифа. 2 Шарафуддин Али Йаздий. Зафарнома. Нашрга тайёрлаш, сўз боши, изоҳ ва кўрсаткичлар А.Ўринбоевни- ки. Тошкент, «Фан», 1972. Шу нашрнинг IХ-ХХ саҳифаларида ношир сўз бошисида асарнинг қулёзмалари ва ёзилиш тарихи ҳақида муфассал маълумотлар келтирилган. 3 Есkmann J. Die tschagataische Literatur Philologia tursisae fundamenta, t. 11, Lieden 1964. 366-саҳифа. 4 Миён Бузрук. Ўзбек тарихига оид тўрт муҳим китоб. «Маориф ва ўқитувчи» журнали, 1927, № 9—10, 56—60 бетлар. «Қисқа фурсатда танишиш» дейишимизга сабаб шуки, асарни чевуриб нашрга тайёр-лаш жараёнида аниқладикки, унинг кўплаб варақларини жилдланиш пайтида ўрни алмаш-ган экан. Бу варақларни тартиби билан ўрнига қўйишда уларнинг ҳаммасини «Зафарно-манинг форсча матни билан солиштиришга тўғри келди. Қўлёзманинг 46-варағигача «турк» ўқувчи қўйган рақамлар мазмун баёни билан мос келади. Сўнг асар жилдидаги «турк»нинг варақ рақамларида номослик келиб чиқади, 47-варақдан то 65-варақгача, яъни 19 варақдаги ҳодисалар асарнинг анча кейинги қисмига тегишли. Шунинг учун орқадаги варақларни олдинга олиб, варақларни бошқатдан қирқиб, ямаш ва рақамлашга тўғри келди. Худди шунингдек 119, 120, 134, 157, 164-варақларни таржима жараёнида «топиб, жойига қўйилди». Бундай варақ «силжишлари» асарнинг кейинги қисмида ҳам кўп. Умуман олганда, ҳаммаси бўлиб 35 варақнинг ўрни алмашган бўлиб, уларни форсча матн билан солиштириб, ўз жойига қўйдик. Энди асарнинг таркиби ва мазмунига келсак, Муҳаммад Али «Зафарнома» нинг форсча матнидаги турк-мўғул халқларининг келиб чиқиши ҳақидаги 82 варақ Муқаддимани тушириб қолдирган. Бундан ташқари бу муаллиф Шарафуддиннинг узундан-узун мулоҳа-за ва шеърларини ҳам атайин тушириб қолдиради. Муҳаммад Али асар бошида ўзининг қисқа кириш сўзини келтиради ва асардаги энг биринчи сарлавҳасини «Темурбекнинг мутаваллуд бўлғони ва оламни ўз жамоли била йаруқ қилғони сўзлари» деб атайди. Бу эса форсча матннинг 86-варағидаги сарлавҳага мос келади. Асар давомида Темурнинг ўзи ҳақида кўпдан-кўп биографик маълумотлар келти-рилганлиги учун уни фақат Амирнинг ғалабалари тавсифи эмас, балки ҳаётномаси деб аташ мумкин. Асарда Амирнинг барча оила аъзолари ва қариндош-уруғлари ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилади. «Зафарнома» фақат соҳибқироннинг ҳарбий юришларини мақтаб, кўкларга кўтариш-дан иборат, десак хато бўлурди. Унда инсон характерлари ҳам жуда яхши тавсифланган. Хусусан, Темурнинг шахсий характери Шарафуддин Али томонидан зўр маҳорат билан кўрсатилган. Муҳаммад Али эса ўзбек тилига ана шундай саҳифаларни юксак маҳорат билан акслантирган. Баъзи саҳифаларда Темур қаҳрининг қаттиқлиги тавсифланиб, унинг бу борадаги фаолияти ҳаққоний баён қилинган ва уни асослашга уринишлар сезилади ва унинг мислсиз оламгирлиги кўрсатилган бўлса, бошқа саҳифаларда, чунончи, қизи Тағайшоҳнинг ва ўғли Жаҳонгир мирзонинг вафотлариға тааллуқли саҳифаларда соҳибқирон инсоний заифликларга эга бўлган киши эканлиги ҳам кўрсатилган. Лекин иккала муаллиф Шарафуддин, Муҳаммад Али ҳам Амир соҳибқироннинг буюк шер-қалблиги, мислсиз қаҳрамонлиги, довюраклиги ва баҳодурлигини катта ҳаққоният ва маҳорат билан кўрсатган. Бу саҳифалар ўқувчида заррача шубҳа туғдирмайди. Ва Темур сиймоси кўз олдимизда чекинмас, енгилмас ва забардаст жангчи сифатида гавдаланади. Асарда нафақат Темур сиймоси, балки унинг атрофидаги баъзи бошқа шахсларнинг сиймолари ҳам юксак маҳорат билан тасвирланган. Масалан, соҳибқироннинг эгачиси (опаси) Қутлуғ Туркон оғо ҳақида қисқагина маълумотлар келтирилган бўлса ҳам, шу маълумотларнинг ўзигина уни муштипар ва ғамхўр опа, нафис дидли, идрокли ва доно ҳамда жасур ва ватанпарвар аёл сифатида гавдалантиради. Бу аёл тили билан айтилган бир неча оғиз сўзларнинг ўзигина унинг бутун Эрон ва Туронда катта қудратга эга бўлган ҳамда халқаро сиёсатга кучли таъсир кўрсата оладиган юксак иродали ҳокима аёл бўлганлигини кўрсатади. Унинг оти Туркон оғо бўлганлиги ҳам бежиз эмасдек туюлади кишига. Амир Ҳожи Сайфуддин ва амир Ҳусайн сиймолари ҳам юксак маҳорат билан тасвир-ланган. Буларнинг биринчиси соҳибқироннинг энг ишончли дўсти ва сафдошларидан бири эди. Амир энг масъулиятли ва оғир вазифаларни фарзандларидан ҳам унга кўпроқ ишонарди ва юкларди. У умрининг охиригача соҳибқиронга содиқлигича қолади. Амир Ҳусайн аввалига Темурнинг қайноғаси ва бошланғич пайтлар сафдоши эди. Лекин у ўз табиатидаги тубанликлар туфайли юксак инсонийлик хусусиятларига эришол-майди ва ниҳоят, Темурга нисбатан хойинликка оғиб, ҳалокатга юз тутади. Бу шахс Темурга нисбатан қандай разилликлар қилган бўлишига қарамай, Амир еоҳибқирон унга доимо олижаноблик билан ва инсонийлик билан жавоб қайтаради. Амир Ҳусайн вақти-соати тугаб, ҳаёти билан мамоти оралиғи қилча қолган дақиқалар-да муаллифлар соҳибқироннинг юксак инсоний кечинмаларини моҳирлик билан тавсифла-ганлар. Лекин қандай бўлишидан қатъи назар, асарнинг марказида Амир Темур туради. Муаллифлар уни бир дақиқа ҳам унутмайдилар, хоҳ узоқ ва машаққатли юришларми, хоҳ зафарли жангларми, хоҳ сиёсий, маданий ёки маърифий ишларми — барчасида Амир шахсан иштирок этиб, албаттамасаланинг энг тўғри ва доно ечимини топади, ва ҳар қандай оғир шароитдан ҳам лашкарини усталик билан олиб чиқиб кетади ва аскарлари-нинг ҳаётини сақлаб қолади. Масалан, 1391 йили Тўхтамишга қарши қилинган юришда 200 минг кишилик лашкар оғир озуқа танқислигига учрайди: бир аскарга кунига фақат бир товоқ атала бериларди. Бошқа егулик нарса йўқ эди. Бундай оғир аҳвол яна неча кун давом этиши ҳам номаълум эди. Шунда Амир соҳибқирон оригинал йўл билан бу овқат танқислиги муаммосини ечади: у бутун аскарлари билан чўлни ҳалқа қилиб ўрашни буюради. Аввалига диаметри бир неча ўнлаб километрга етадиган улкан ҳалқа ҳосил бўлади. Сўнгра ҳалқа торайиб, кичрайиши натижасида «ортган» аскарлар иккинчи ҳалқа-ни ҳосил қилади. Ҳалқа ичида қолган тирик жониворларни сони шу қадар кўп эдики, муаллифларнинг айтишича, аскарлар уларни саралаб, фақат семизларини қолдириб, озғинларини Қўйиб юборадилар. Бундан отиб олинган ов натижасида бир неча ойлик овқат жамғарилади. 9 ой давом этган бу юришда лашкар ўзини-ўзи овқат билан таъминлайди. Шундан ҳарбий тактика масалаларида XIV аср иккинчи ярми ва XV аср бошида Амир соҳибқирондан ўтадиган бошқа бир шахс йўқ эди дейиш мумкин. Бу борада оғир бўлиб кўринган ҳарбий масалани ҳазрат Амир оз сонлик аскар билан ва содда усул билан ҳат қилганидан муаллифларимиз ҳам ҳайрон қолишади. 1364 йили Илёс Хожани Кешдан ҳайдаб чиқаришда бор-йўғи 300 кишидан иборат отлиқ аскари отларининг икки тарафига шох-шаббаларни бойлаб, чанг-тўзон кўтариб, йирик лашкар келаётгандек душман кўнгли-га ваҳима солиши; ёки яна бир гал ўрду бўлиб турган ва сони Темурникидан бир неча бор ортиқ бўлган душманнинг атрофига қоронғи тунда гулханлар ёқиб яна душманларни қўрқитиши бунга мисол бўла олади, Кавказда Кура дарёсидан кўприксиз жойда қамишдан кўприк ясаб осонлик билан сувдан ўтиши ҳам шундай ҳарбий зеҳн ва фаросатнинг намойиш қилинишидир. Асарда XIVасрга хос бўлган бой географик маълумотлар келтирилган. Шуниси диққатгасазоворки, Ироқ ва Шарқий Анатўлиядан то ҳозирги Хитой марказигача ва Форс кўрфазидан то Кама дарёси ҳавзасигача бўлган жой, сув, кент, шаҳар, тоғ ва довонларнинг ўзбекча (қарлуқча) номлари келтирилади. Бу эса учала мўғул улусида ҳам XIV асрда чиғатой туркий тили тарқалганлигидан датолат беради. Энди бир нозик масала устида тўхталмай иложимиз йўқ. Темурнинг «уч йиллик», «беш йиллик» ва «етти йиллик» юриш жангларида ва бошқа бу атамаларга кирмаган урушлари-дан олдига қўйган мақсади нима эди? деган савол туғилади. Одатда рус ва совет муаллифлари бу саволга, мақсади фақат бойлик орттириш учун олиб борилган босқинчи-лик ва қирғинбарот урушлари эди, деб жавоб бериб келганлар. Масалага юзаки ёндашган-да шундай туюлиши мумкин. Лекин 1385 йилгача Темурнинг мамлакатларни босиб олиш нияти бўлмаганлиги аниқ. Ўша йил бошида Тўхтамишхоннинг Табризга бостириб келиб, шаҳарни вайрон қилиши унинг режаларига қатьий ўзгартириш киритади. Бундан бир неча йил аввалроқ у «Худо битта бўлганидек бутун дунёда подшо ҳам битта бўлиши керак» дегаи бўлса-да, бу фикрини у ҳеч қачон тўла амалга оширишга ҳаракат қилмаган эди. Мазкур йилгача олиб борган урушларй асосан ё турли вақтларда орттирган душманларидан ўч олиш, ёки аҳолига зулм ўтказаётган ҳокимларнинг танбиҳини бериш, ёхуд шаръий фарз деб ҳисобланган диний душманлар билан олиб борилган ғазавот урушлари эди. Ғазавот урушларини ҳам у фақат мусулмонларга нисбатан зулм ўтказаётган ғайридинларга қарши олиб борарди. Бу ҳол асарда ўз аксини топган. Лекин Тўхтамишнинг мазкур юришларидан сўнг у бутун Эронни босиб, Олтин Ўрдага қўшиб олиши хавфи туғилади. Шунинг учун Амир Темур Тўхтамишдан аввал Эронни ўз мулкига қўшиб олишга қарор қилади. Эронни забт этганидан сўнг умуман Ҳулогу мулкини тамоман забт этиш ғояси туғилади. Ҳақиқатан ҳам Ҳулогу мулкининг асосий қисми бўлмиш Эрон ва у мулкнинг иккала пойтахти Табриз ва Султония забт этилганидан сўнг бу мулкнинг парчалари бўлмиш Ироқ, Сурия ва Шарқий Анатўлияни қўшиб олмай иложи йўқ эди. Чунки бу ерларнинг ҳокимлари: Темурнинг душманларига паноҳ бериб, ерлари Амирга нисбатан иғво ва ҳужум плацдарми-базасига айланган эди. Темур ҳарбий юришларининг яна бир сабаби бор эди. Бу ҳам бўлса, Буюк Ипак йўлини бир мамлакатга бирлаштириб, ундаги хавфсизликни таъминлашэди. Шарафуддин бир йеча марта Мўғулистон, Эрон ва Ироқда маҳаллий ҳокимларнинг зўравонлиги ёки қароқчилар кўпайганлиги сабабли карвонлар ва ҳатто элчилар юролмай қолганликлари ва ҳажга ҳам бориш хавфли бўлиб қолганлигини айтади. Тўхтамиш ва Боязид билан олиб борилган жангларда эса ҳақиқат тўла равишда Темур тарафида эди. Бунга ўқувчининг ўзи мутолаа чоғида гувоҳ бўлади. Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур ўз даврининг фарзанди ва энг йирик лашкарбо- шиси эди. Унинг даври эса ниҳоятда мураккаб эди. XIV аср ўртасига келиб мўғулларнинг учала ғарбий улуслари — Олтин Ўрда, Чиғатой улуси, Ҳулогу улуси ҳарбий ва сиёсий инқирозга учраган эди. Агар Темур бўлмаса, Тўхтамиш ёки бошқа кучли шахс бу парчаланиб кучсизланган мулкларни албатта бирлаштиришга, ўзига қўшиб олишга уринарди. Ундан ташқари 1368 йили Хитойда мўғул ҳукмига барҳам берилиб, ҳокимият тепасига хитойларнинг Мин сулоласи келиши ғарбий мўғул улусларига ҳам хавф туғдирган эди. Чунки хитойлар дарҳол Мўғулистонни ўзларига тобеъ эттириб, ўзларини Чингизхоннинг вориси деб эълон қилдилар, ва бундан кейин Хитой императорлари ғарбий улуслар ҳам уларга бўйсунишини талаб қилишлари табиий эди. Шунинг учун ҳам ғарбда Темур ва Тўхтамишхон каби икки йирик шахснинг саҳнага чиқиши тасодифий эмас эди. Амир Темур юришларига баҳо беришда шу ҳолатларни ҳам эътиборга олиш керак. Энди бир неча оғиз сўз асарнинг тили ҳақида. Муҳаммад Алининг тили эски ўзбек тилининг ажойиб бир намунасидир. Уни бирор-бир ҳозирги лаҳжа билан бутунлай боғлаб бўлмайди. Бир тарафдан бу тил биз кўникканимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тилига ўхшаса, иккинчи тарафдан шимолий Бухоро билан Хоразмнинг шарқи ва Сирдарё бўйларидаги тилни эслатади. Умуман олганда, бутил қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз элементлари-ни ўз ичига олган бўлса ҳам, қарлуқ элементи унда устун келади. Ва шу жиҳатдан ҳақли равишда уни ўзбек тили деймиз. Бу тил XIV—XVI асрларда нафақат Моварауннаҳрда, балки Волганинг қуйи оқимида-ги Царициндан (Волгоград) то Синд дарёси ҳавзасигача оралиқда тарқалган эди 1. Муҳаммад Алининг баён услуби шу қадар мафтункорки, биз бу усулни сақлаш учун асарнинг тилини ҳозирги адабий тилга кўчирмай ўзича қолдиришга қарор қилдик. Чунки бу асар XVIаср биринчи чорагидаги ўзбек прозасининг йирик ва жонли намунасидир. Шу билан бирга бу асар тили ҳозирги замон тилшуносларида ҳам қизиқиш уйғотар деган ниятдамиз. Муҳаммад Али ўзи таржимасини бажараётганида айтарлик ёш бўлмагаи кўринади. Чунки унда катта ёшдагиларга хос бўлган унутиш аломатлари сезилади. Масалан, баъзи бетларда айрим гаплар тугамай қолиши ҳамда гапнинг ўртасида айрим жумлалар тушиб қолиш ҳоллари ҳам учрайди. Бундай ҳолларда биз у гапларни форсча матнга кўра тикладик ва тушиб қолган жумлаларни шартли қавсда келтирдик. Таржимон баъзи сўзларни ёзишда аниқ қоидага риоя қилмайди. Масалан, шоҳ, ва шоҳзода сўзларини «шин»дан сўнг «алиф» билан ҳам, «алиф» сиз ҳам ёзади. Бундай ҳолларда биз матн орфографиясини сақлаш учун биринчи ҳолда шоҳ, шоҳзода ва иккинчи ҳолда шаҳ, шаҳзода шаклида келтирдик; кўприк ва фил деган сўзларни у бир бетнинг ўзида кўфрук ва пил шаклларида келтиради. Бундай ҳолларда ҳам бу сўзларни тузатиб ўтирмай, матндагидек келтирдик. Кўп ҳолларда ҳозир «я» билан бошланадиган сўзлар икки ҳарф билан келтирилганлиги учун биз орфографияни сақлаш учун бу ўринда дифтонг «йа» билан ёздик (масалан: Йазд, йанги, йамғур ва ҳ.к.). Қирилча «я» «ю» ёки «ё» сақланиши эса ўқувчи эҳтиёжига боғланди. Буни хато ўрнида кўрмагайлар. Икки оғиз сўз асардаги шеърият ҳақида. Аввало, шуни айтиш керакки, форсча матнда Шарафуддин классик араб ва форс шеъриятидаги анъанани давом эттириб, асарнинг ҳар бир бетига қатор шеърларни киритган. Лекин кўпинча бу шеъриятда у айтарлик юксак маҳоратга эришолмаган ва шунинг учун келтирилган шеърларнинг баъзилари анча саёз бўлиб қолган. Табиий, Муҳаммад Али бу шеърларнинг ҳаммасини ўзбекчага чевураверма-ган. Фақат у баъзи шеърларнигина қолдирган ва уларни анча усталик билан ўзбекчага ағдарган. Бундай шеърлар Муҳаммад Алининг шеърият бобида анча маҳорати бўлганлигидан гувоҳлик беради. , Қўлимиздаги ксерокопия нусхасига кўра, Истамбул қўлёзмасининг яна бкр камчилиги бўлган: унда асарнинг турли ерларида ўн тўрт варағи тушиб қолган. Уларни Муҳаммад Алининг услубига солиб, форсчадан таржима қилинди. Азиз китобхон! Халқимиз қадимги қаҳрамонлар ҳақида достонларни севиб ўқиганлик-ларини яхши биламиз. 40-нчи ва 50-нчи йиллар охирларигача ҳам эски араб ёзувида совет давридан илгари чоп этилган «Або Муслим», «Искандарнома», «Шоҳнома» каби китобларни гап-гаштаклар ва шунга ўхшаш йиғинларда эски ёзувни билган бир одам ўқирди, қолган иштирок этувчилар диққат билан эшитардилар. Шунда китобдаги воқеа ривожланишига қараб тингловчиларда кулги ҳам, кўз ёши ҳам бўларди. Лекин у китоблар, айниқса 1 Хождение за три моря Афанасия Никитина. М.: — Л.: 1948. 205-бет, 368-изоҳ. «Шоҳнома», афсонавий ёки ярим афсонавий Эрон шоҳлари ҳақидаги уйдирмаларнинг моҳирона шеъриятга солингани эди. «Зафарнома» эса реал қаҳрамон ва паҳлавон, аждоди-миз соҳибқирон Амир Темур Гурагоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳаққоний хабарлар-нинг тавсифидир. Ўйлаймизки, қаҳрамон бобомизнинг ҳаётномаси сизга манзур бўлғай. Ушбу нашрда ҳошиядаги рақамлар ва сатр ичидаги оғма /чизиқ саҳифа рақами ва унинг бошланиш жойини билдиради. Ҳижрий тарихлардан кейин қавс ичида уларнинг мелодийга ўтказилганларини келтирдик. Шартли қавс ичида келтирилган сўз ва иборалар форсча матнга кўра тикланган. Китобнинг охирида баъзи жуғрофий иборалар ва тушунча-лар изоҳланган. Қуръони карим оятлари тажвид асосида эмас, транскрипция қоидалари асосида ўқилди ва изоҳларда уларнинг тегишли суралардаги ўрни кўрсатилди. Тағин: раъия, тобеъ, воқеъ, воқеъа, тааллуқ каби бир қатор калималар таржимон-муаллиф ёзган ҳолда қолдирилди, жузъий ўзгаришлар билан табдилланмади. Қўлёзмадаги баъзи сийрак учрайдиган, жумладан, арабчаси дол, коф, лом ва йо ҳарфларидан таркиб топган, бир қарашда «даклай» деб ўқиш мумкин бўлган сўзни шартли равишда «дикка-лай»— деб ўқилди. Бу, дарвоқеъ, душман бошига тик, тиккалай борди деган Бухоро ва Хоразмда сақланган иборага ҳам мос келади. Бу нарса айрим бошқа ҳолларда ҳам учрайди. Дунёдаги ягона ўзбекча қўлёзмаси асосида тайёрлангани учун ҳам китобда бундай сакталиклар бўлиши табиий. Кўрсаткичлардаги рақамлар қўлёзма матнининг варақ саҳифаларини билдиради. Мундарижада эса ушбу нашр бетлари кўрсатилди. Китоб кенг ўқувчилар оммасининг ўқиши қулай бўлиши учун сўзбошида ҳам, изоҳлар-да ҳам ҳадеб фойдаланилган адабиёт саҳифаларига ҳавола қилавермадик ва кўп ҳолларда уларни эслатмадик. Ўтган 1996 йилнинг энг улуғ ва тарихан зийнатли умуммиллий маъракаси — Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай Баҳодурхоннинг 660 йиллиги шукуҳида кечган санамиз ноширчилигининг энг кўркам намунасини Ўзбекистонга ва ўзбек халқига тақдим этгани учун заковатли матбаачи, тарихчи олим Ислом Шоғуломов етакчилик қилаётган «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни меҳнат жамоасига алоҳида миннатдорчилик изҳор этамиз. Ашраф АҲМАД, Ҳайдарбек БОБОБЕК. Download 1.28 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling