«Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз»


Download 1.19 Mb.
bet2/70
Sana25.02.2023
Hajmi1.19 Mb.
#1231233
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70
Bog'liq
жамланма

«АЛПОМИШ» достони

«АЛПОМИШ» - ўзбек халқ қаҳрамонлик достони. Туркий халқлар орасида кенг тарқалган. «Алпомиш»нинг қорақалпоқ, қозоқ, олтой версиялари достон шаклида, татар ва бошқирд версиялари эртак ва ривоят шаклида бизгача етиб келган.


Ўзбеклар «Алпомиш», қорақалпоқлар «Алпамис», қозоқлар «Алпамис батир», олтойликлар «Апип Манаш», қозон татарлари «Алпамша», бошқирдлар «Алпамиша ва Барсин ҳилуу» деб номлаганлар. Ўзбек достончилиги таъсирида 20-а. бошларида эртак ва ривоятлар шаклидаги тожик вариантлари ҳам юзага келган. Ўрта аср ўғуз эпосининг муҳим ёдгорлиги ҳисобланган «Китоби Дадам Қўрқут» таркибидаги «Бамси Байрак» асари ўзининг сюжети ва композиция қурилиши жиҳатидан «Алпомиш» достонига яқин туради.
«Алпомиш» дунё эстетик тафаккури тарихида камдан-кам учрайдиган фавқулодда ва ноёб бадиий ҳодисалардан биридир. Унинг фавқулодда ва ноёблиги шундаки, қадимиятда яратилган бу улкан эпос бахшилар томонидан асрлар давомида куйланиб, жонли эпик анъаналарда оғзаки равишда бизгача етиб келди. Шунинг учун ҳам у бугунги кунда қадимиятнинг буюк бир эҳсони, ўзи яратилган даврнинг умумий дунёқараши, айни пайтда жонли анъанавий ижод ва ижро шароитларида халқ оммаси руҳининг объектив ҳолатини даврлараро ифодалаб, мазмун ва шакл жиҳатидан гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб, кўплаб вариантларда ва хилма хил кўринишларда аждодлардан авлодларга етиб келган адабий ёдгорлик, халқ миллий тарихидаги қаҳрамонлик воқеаларининг афсоналар қобиғига ўралган ўзига хос бадиий ифодаси, буюк эпос сифатида баҳоланади.
«Алпомиш» достонининг огзаки эпик анъаналарда бизгача етиб келган нусхалари 9-10 асрларда яратилган. Аммо бундай хулоса достонга асос бўлган сюжет ва етакчи мотивларнинг мифологик ва тарихий-ҳаётий илдизлари қад. даврларга - мил. ав. замонларга тақалишини инкор этмайди. Достон сюжет таркибида исломгача булган карашлар ва мифологик қатлам мавжуд. Ундаги мифологик қатлам эса, кад. турмуш тарзининг бадиийлаштирилган ва идеаллаштирилган кўринишларидир. «Алпомиш» вариантлари 1922 й. дан ёзиб олина бошланган. Ҳозиргача Фозил Йўлдош ўгли, Маҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Бўри бахши, Бекмурод Жўрабой ўғли, Мардонақул Авлиёқул ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Умир бахши, Ҳайдар Бойча ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли, Ҳодир Раҳим ўғли каби ўттиздан ортиқ достончилардан қирққа яқин вариантлари ёзиб олинган. Достоннинг ёзиб олинган қўлёзмаларининг асл нусхалари Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтинннг фольклор архивида сақланади. Бу вариантлар орасида энг мукаммали, бадиий жиҳатдан энг юксаги Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олингани ҳисобланади. «Алпомиш»нинг Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғли, Пулкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли, Бекмурод Жўрабой ўғли, Хушбоқ Мардонақулов айтган вариантлари ҳам нашр этилган. «Алпомиш» достони қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик, турли элатлар ва халқларнинг биродарлиги, севги ва садоқат, оила мустаҳкамлиги ва уруғ бирлигини куйловчи улкан эпосдир. Республикамиз президенти Ислом Каримов «Алпомиш» достонининг 1000 й. лигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида айтганидек: «Алпомиш» достони бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади».
Достон қўнғирот уруғи бошлиқлари - ака-ука Бойбўри ва Бойсарининг фарзандсизлиги тасвири билан бошланади. Унда Алпомиш, Барчин, Қалдирғочларнинг бир кунда туғилиши, Барчиннинг Алпомишга бешиккерти қилиниши, Бойсарининг Бойбўридан аразлаб ўн минг уйли элат билан қалмоқ элига кўчиши, қаҳрамоннинг ёрини олиб келиш учун ўзга мамлакатга сафари, Қоражон билан дўст тутиниб, Барчин шартларини бажариши ва ёрини олиб ўз юртига қайтиши, кейин яна етти йил тутқунда қолиши, зиндондан оти Бойчибор ёрдамида қутулиб, ўз элига умр йўлдоши Барчиннинг зўравон Ултонтоз билан бўлаётган мажбурий тўйи устига келиши ҳам рақибини енгиб, мурод-мақсадига эришиши воқеалари жуда қизиқарли, эпосга хос ранг-баранг бадиий бўёқларда тасвирланган. Алпомиш ва Қоражон, Қултой ва Ёдгорларнинг ўзаро муносабатлари, ҳатто қаҳрамоннинг оти Бойчибор б-н, энчи ҳарвона туя билан муносабати тас-вирида жамият тараққиётининг достонда тасвирланган босқичига хос олижаноб соддалик, улуғвор вазминлик, патриархал инсонийлик, болаларча беғубор самимийлик ғоятда гўзал мужассамлашган. «Алпомиш» достони бадиий баркамол асар. Унда ўзбек халқи шеърий даҳосининг буюк қудрати тўлалигича намоён бўлган. «Алпомиш»нинг словак тилида насрий баёни, рус тилида бадиий таржимаси нашр этилган. Ундан парчалар инглиз тилида эълон қилинган. Достон турк тилига таржима қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига (1998 йил 13 январь) ҳамда ЮНЕСКОнинг 1999 йилдаги тадбирлар режасига биноан Ўзбекистонда 1999 йил ноябрда «Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги кенг нишонланди. Сўнгги тантаналар 1999 йил 6 ноябрда Термиз шаҳрида бўлиб ўтди. Шу муносабат биланн бу ерда халқаро илмий конференция ўтказилди, Алпомиш номидаги боғ барпо этилди ва халқ қаҳрамонига ҳайкал очилди. «Алпомиш»нинг атоқли халқ бахшилари куйлаган вариантлари қайта нашр этилди. Достон ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильм, унинг мотивлари асосида театр спектакллари яратилган.


Download 1.19 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   70




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling