Белгилар деб, предметларни бир-биридан фарқ қилувчи ҳамда уларнинг бир-бирига ўхшашлигини ифода қилувчи томонларга, хусусиятларга айтилади. Ҳар бир предмет оламдаги бошқа предметлар билан (бевосита ёки билвосита) алоқада бўлганлиги учун кўп белгиларга эга. Уларнинг баъзилари фақат битта предметга хос бўлган, унинг индивидуал, яккалик белгиларини ташкил қилса, бошқалари предметнинг маълум бир гуруҳига тегишли бўлиб, умумий белгилар ҳисобланади. Масалан, ҳар бир киши фақат ўзигагина хос бўлган руҳий кечинмалар ва шу каби индивидуал белгиларга эга. Шунинг билан бирга кишиларнинг маълум бир гуруҳига (меҳнат жамоаси, миллат ва шу кабиларга тегишли) ёки барча кишиларга (меҳнат қилиш, фикр юритиш қобилиятлари, ижтимоий муносабатларда иштирок қилиши ва шу кабилар) хос бўлган умумий белгиларга эга.
Индивидуал ва умумий белгиларнинг баъзилари предметнинг мавжуд бўлиши учун зарур бўлиб, унинг табиатини, моҳиятини ифодалайди. Бундай белгилар предметнинг муҳим белгилари дейилади. Масалан, давлатнинг мавжуд бўлиши унинг ўз майдони, аҳолиси, ҳокимият органларига эга бўлишини тақоза этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |