Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари
Ислом дини доирасида юзадаги диний ҳаракат ва оқимлар
Download 312.83 Kb.
|
Диншунослик УМК 2021
3. Ислом дини доирасида юзадаги диний ҳаракат ва оқимлар. Баҳоийлик – XIX асрда Эронда бобийлик йўналиши замирида вужудга келган диний йўналиш. Шерозлик Сайид Али Муҳаммад (1819-1850) 1844 йилда Боб (арабча "эшик"), яъни янги даврга "эшик" номини олиб, яқин орада "Худо элчиси"нинг намоён бўлиши, кишиларга янги даврнинг асосий қонунлари ва низомларини инъом этишини тарғиб қила бошлаган.
Бобнинг йирик издошларидан бири Мирза Ҳусайн Али Нурий (1817-1892) 1863 йилда Боб башорат этиб кетган худонинг элчиси унинг ўзи эканини эълон қилади ва Баҳоуллоҳ, яъни "Аллоҳнинг жилоси" номини олади. Ушбу йўналишннинг номи ҳам Баҳоуллоҳнинг номидан олинган. Баҳоуллонинг "Китоби Ақдас" ("Энг муқаддас китоб") ва "Китоби Иқон" ("Мустаҳкам ишонч китоби") асарлари баҳоийлик таълимотининг асосларини ташкил этади. Йўналиш асосчиси ўзига ислом дини эътиқодига кўра, оламларнинг Яратувчиси бўлган "Аллоҳнинг жилоси" номини қабул қилган бўлса-да, баҳоийлар ақидасига кўра, баҳоийлик мустақил дин, у бирор бир диндан ажралиб чиққан секта ҳам, мазҳаб ҳам эмас, деб ҳисобланади. Баҳоийлик Ҳиндистон, Уганда, Кения, Эрон, Миср, АҚШ, Канада каби қатор мамлакатларда тарқалган. Ҳозирги вақтда дунёда баҳоийларнинг 9 та ибодат уйи, 200 га яқин миллий ҳамда бир қанча маҳаллий диний мажлислари мавжуд. Баҳоийларнинг умумий миқдори тахминан 6 миллион кишини ташкил этади. Баҳоийлик таълимотига кўра: барча динлар бир илдиздан пайдо бўлган ва пайғамбарлар биродар ҳисобланади; Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад пайғамбарлардан ташқари Будда, Зардушт, Кришна, Боб ва Баҳоуллоҳ ҳам пайғамбар ҳисобланади. Баҳоийликда улар энг буюк 9 та пайғамбар сифатида эътироф этилади; худо ҳар минг йилда Ер юзига янги пайғамбар туширади; жаннат ва дўзах, охират, шайтон ва фаришталар инкор қилинади; ҳозирги барча динлар бир-бирини инкор қилади, шунинг учун ҳам, уларни бирлаштириш ва инсонлар орасидаги турли фарқларни йўқотиш лозим. Баҳоийлар даъвосига кўра, бундай бирлаштирувчилик вазифасини баҳоийлик бажариши лозим. Ватан, миллат деган тушунчалар маънисиз ҳисобланади. Зеро, уларнинг фикрича, Ер юзининг ҳамма жойи Ватан ҳисобланади. Баҳоийликда руҳонийлар йўқ. Маҳаллий жамоаларни йилда бир маротаба 21 апрель куни яширин овоз бериш йўли билан сайланадиган 9 кишидан иборат Маҳаллий диний мажлис бошқаради. Баҳоийлар йирик жамоаси мавжуд бўлган ҳар бир давлатда Миллий диний мажлис сайланади. Ўз навбатида Миллий диний мажлис вакиллари 9 кишидан иборат бўлган Умумжаҳон Адолат Уйи аъзоларини сайлайдилар. Ҳар беш йилда сайланадиган Умумжаҳон Адолат Уйи умумжаҳон баҳоийлар жамиятининг фаолиятини бошқариб боради. Баҳоийликда ҳар бири 19 кунлик 19 ойдан иборат бўлган диний тақвим қабул қилинган. Ҳар 19 кунда жамоанинг барча аъзолари ибодат қилиш, жамоа билан боғлиқ ишларни муҳокама қилиш, ўзаро биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун йиғиладилар. Кунига уч марта Исроилнинг Акка шаҳрига қараб ибодат қилинади. Умумий ибодат дуо ўқиш, медитация ҳамда баҳоийликнинг асосий китоблари ва жаҳон динлари муқаддас китобларидан матнлар ўқиш орқали амалга оширилади. Ҳар йили 2 мартдан 20 мартгача баҳоийлар кун чиқардан кун ботгунга қадар овқат ва сувдан ўзларини тийиб, рўза тутадилар. Баҳоийларнинг муқаддас ибодатхонаси Акка шаҳрида жойлашган. Хайфа шаҳри муқаддас шаҳар ҳисобланиб, дунё баҳоийларининг зиёратгоҳи ҳисобланади. Бу ерда Боб ибодатхонаси, 1957 йилда баҳоийликнинг раҳбарлик органи сифатида ташкил этилган Умумжаҳон Адолат Уйининг қароргоҳи жойлашган. Аҳмадийлик (Қодиёнийлик). Ғайриисломий моҳият ва диний-сиёсий мазмунга эга бўлган аҳмадийлик оқими XIX асрнинг охирларида Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний томонидан тузилган. Дастлаб у асосчисининг номи билан – “Мирзоийлик”, кейинчалик эса вужудга келган жойга нисбатан – “Қодиёнийлик” деб номланган. Мирзо Ғуломнинг 1900 йил 4 ноябрдаги баёнотига биноан охир-оқибат “Аҳмадийлик” номини олган. Ғулом Аҳмад 1840 йилда ҳозирги Покистон ҳудудидаги Панжоб вилоятининг Гурдаспур минтақасидаги Қодиён қишлоғида туғилган. У ёшлигидан ҳиндуийлик, яҳудийлик, христианлик ақидалари билан танишган. Бу эса унинг дунёқарашига таъсир кўрсатган ва у ўзини ҳиндуийларнинг Аватари (ҳиндуийлик таълимотига кўра, Кришнанинг ердаги кўриниши), яҳудийларнинг Машиаҳи (яҳудийликка кўра, Исроил халқи ва инсониятни қутқариш учун Яратган томонидан юбориладиган Довуд пайғамбар авлодидан бўлган шоҳ), христианларнинг халоскори ва буддавийларнинг Майтреяси (буддавийларнинг Ерда пайдо бўлиши кутиладиган илоҳи) деб эълон қилган. 1876 йилда Ғулом Аҳмад Аллоҳнинг ҳузурига чиққани ва ваҳий ола бошлаганини даъво қилиб чиқади. 1880 йилда у ўз таълимоти асосларига бағишланган "Бароҳин Аҳмадия" (Аҳмад далиллари) номли китобининг илк икки жилдини нашрдан чиқаришга эришади. Унда у исломни бошқа динлардан ҳимоя қилган. Шу туфайли мусулмонлар китобдаги "илоҳий илҳомлар", кароматлар, ўз-ўзини мақташларга, дастлаб, унча эътибор бермаганлар. Учинчи ва тўртинчи жилдларда эса Ғулом Аҳмад ўзига ваҳий тушаётгани ва пайғамбар эканини даъво қилган. Шунингдек, инглиз ҳукуматини мақтаб, ҳозирги пайтга келиб "жиҳод" тушунчасининг ўринсиз, ҳукмсиз ҳолга келиб қолганини айтган. Бошланишда 50 жилд бўлиши режалаштирилган "Бароҳин Аҳмадия"нинг 5 жилдигина нашр қилинган. Ғулом Аҳмад қарашлари эволюциясининг таҳлили унинг асл моҳиятини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Дастлабки босқичда у ўзини соф ислом таълимоти ҳимоячиси сифатида намоён қилиб, турли динларга ўз раддияларини беришга уринади. У ўзини “хокисор” бир мусулмон сифатида кўрсатиб, ўзини “ўз даъвати ва шахсий хусусиятларида Масиҳга ўхшаган киши” дея тарафдорларини тўплайди. Иккинчи босқичда эса динни янгилаш ғоясини, яъни 1885 йили у ўзини яшаб турган давр (ҳижрий XIV аср) "мужаддиди" эканини, 1888 йилга келиб эса инсонлардан "байъат" олиб, алоҳида "жамоат" ташкил қилиш ҳақида буйруқ олганини эълон қилади. Ғулом Аҳмад фаолиятининг учинчи босқичида ўзини “Имом Маҳдий”, деб атаб, ислом асосларини бузишга киришган. Хусусан, 1891 йилда у Исо ибн Марямнинг табиий йўл билан ўлганини айтиб ва шундан келиб чиқиб ўзини мусулмонлар кутаётган "Масиҳ" ва "Маҳдий" деб даъво қилган. Суннийлик ақидасига кўра, Маҳдийнинг қачон ва қаерда пайдо бўлишини Аллоҳ таоло билади. Бу борада келган ҳадислар таҳлили эса, Маҳдийнинг имом Ҳасан авлодидан бўлиши, унга қарши Шомдан аскар юборилиши, пайғамбар суннатига амал қилиши, Ер юзида адолат ва инсофни қарор топтириши ҳақида маълумот беради. 1900 йилга келиб, у пайғамбарлик даъвосини илгари сурди, “илҳом” хутбасини ўқиди. Қизиғи шундаки, Ғулом Аҳмад ўзини оддий пайғамбар эмас, балки “пайғамбарларнинг сараси”, дейишгача бориб етди. Унинг “Амадий далиллари” китобининг бешинчи жузъида келтирилган “Аллоҳ барча набий ва расулларни бир киши қиёфасида мужассамлаштиришни истади ва ўша менман”, - деган сўзлари бунга далил бўла олади. Бундан ташқари у Яратган томонидан ваҳий юборилиши ҳеч қачон тўхтамаслигини эълон қилиш билан неча асрлардан бери мусулмонлар эътиқод қилиб келадиган ақидага мутлақо ёт фикрни илгари сурди. Ислом таълимотига кўра, Муҳаммад (с.а.в.)дан сўнг ўзини пайғамбар, деб эълон қилган киши ё каззоб ёки дажжол ёки мажнун ҳисобланади. Аҳмадийларга кўра, барча динлар қандайдир халоскорни кутадилар, унинг келишига умид билан яшайдилар. Агар кутилаётган қутқарувчи, бир одамда мужассам бўлса, динлараро келишмовчилик бартараф этилиб, бирдамлик, ҳамжиҳатликка эришилган бўларди. 1904 йилда Ғулом Аҳмад ўзини Кришнанинг одам қиёфасидаги кўриниши эканини эълон қилди. Яратган унга гўёки “Сен менга ўғил кабисан”, деб ваҳий юборгани ҳақидаги иддаоси унинг соғлом фикрдан анча узоқлашиб кетганини кўрсатади. Аҳмадийларнинг ислом асосларидан узоқлашиб кетганини кўрсатувчи яна бир ҳолат уларнинг Макка, Мадина қаторида Қодиённи ҳам муқаддас шаҳар эканига эътиқод қилишларидир. Улар Қодиёндаги масжид олдида минора қурдириб, уни “халоскор минораси”, ушбу қишлоқдаги қабристонни эса “Жаннат боғлари” деб атаб, бу ерга кўмилганлар жаннатга киради, деб ҳисоблайдилар. Ғулом Аҳмад 1905 йилда ўзининг ўлими ҳақида ваҳий келганини айтган бўлсада, 1908 йил 26 майда Лаҳорда вафот этган. Қабри Қодиёнга олиб кетилган ва тарафдорлари учун зиёратгоҳга айланган. Мирзо Ғулом Аҳмаднинг ўлимидан кейин шогирдлари унинг фикрларини йиғишда давом этдилар ва натижада "Синкретик Қодиёния-Аҳмадия ҳаракати" юзага келган. Кейинчалик оқим "Қодиён аҳмадийлари" (“Қодиёнийлар”) ва "Лаҳор аҳмадийлари" (“Лаҳорийлар”) номли икки жамоага бўлиниб кетди. “Қодиёнийлар” Ғулом Аҳмадга нисбатан “Масиҳ мавъуд” (“Ваъда қилинган Масиҳ”) ва “Маҳдий”, “Лаҳорийлар” эса “Набий зиллий” (“Пайғамбар сояси”) ва “Набий ғайри ташриъий” (“Шариат жорий қилмаган пайғамбар”), “мужаддид” (“динни янгиловчи”) номларини ишлатишда фарқланадилар. Аҳмадийлар муайян мамлакатга кириб борар экан, кўп ҳолларда саводи паст мусулмонлар ёки илгари бирор динда бўлмаган кишиларни нишонга олишга, ўзларининг талқинидаги нашр ва китобларни чоп этишга эътибор қаратадилар. Жамоа таркибига фақат 10 шарти белгиланган расмий қасамёд воситасида аъзо бўлиб кириш мумкин. Улар ўз талқинида Қуръон нусхаларини турли тилларда (80 га яқин тилда, хусусан ўзбек тилида) нашр қилиш ва тарқатиш билан фаол шуғулланадилар. Маълумотлар аҳмадийлар Ўзбекистонга кириб келишга қизиқаётганлигини кўрсатади. Хусусан, баъзи қўшни мамлакатларда аҳмадийлар ғояларини тарғиб қилувчи “Танланган ёзувлар”, “Танланган ҳадислар”, “Танланган оятлар” каби китобларнинг чоп этилгани, Қуръони каримнинг улар талқинидаги ўзбекча таржимасининг тақдимоти бўлиб ўтгани юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Аҳмадийлик мусулмонларни ичидан бўлиб ташлаш, исломий қадриятларни бузиб талқин этиш, ислом динига янги тушунчаларни киритиш орқали одамларни тўғри йўлдан адаштиришга қаратилган, шаклан исломий, моҳиятига кўра унга мутлақо зид бўлган оқимлар сирасига киради. Download 312.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling