Достон ўзбек фольклорининг кенг тарқалган ва йирик жанрларидан биридир
Download 23.2 Kb.
|
doston
Достон Достон ўзбек фольклорининг кенг тарқалган ва йирик жанрларидан биридир. Унинг яратилиши халқимизнинг маънавий-маиший қиёфаси, ижтимоий-сиёсий курашлари, ахлоқий-эстетик қарашлари, адолат ва ҳаққоният, озодлик ва тенглик, қаҳрамонлик ва ватанпарварлик ҳақидаги идеаллари билан чамбарчас боғлиқдир. Асрий курашлар ва идеаллар унинг мавзу доираси, ғоявий мазмуни, образлар тизими, сюжет ва композицияси моҳиятини белгилайди. «Достон» сўзи қисса, ҳикоя, саргузашт, таъриф ва мақтов маъноларида ишлатилади. Адабий атама сифатида у халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётидаги йирик ҳажмли эпик асарларни англатади. Бироқ ёзма ва оғзаки адабиётдаги достонлар ҳаётни тасвирлаш воситалари ва усуллари жиҳатидан бир-бирларидан жиддий фарқ қилади. Халқ оғзаки ижодида достон ўтмиш замонлар тўғрисида қаҳрамонлик идеализацияси кўламидаги ҳикоялар, ривоятлардир. 1 В. М. Жирмунскийнинг янада аниқроқ ифодасига кўра «Эпос — бу халқнинг қаҳрамонлик идеализацияси кўламидаги жонли ўтмишидир. Унинг илмий-тарихий қиммати, айни пайтда жуда катта ижтимоий, маданий-тарбиявий аҳамияти ҳам шундадир». 2 М. Саидовнинг таъкидлашича, достон мураккаб санъат асари бўлиб, унинг достон бўлиши учун адабий матн, мусиқа бўлиши, куйловчи ҳофизлик санъатини пухта эгаллаган ва соз черта билиши зарур. 3 Бу таърифларда қарама-қаршилик йўқ ва бири иккинчисини тўлдиради. Бирида достоннинг эпик воқеликка муносабати назарда тутилса, иккинчисида фольклорнинг спецификаси, достонларнинг синкретик характерига эътибор берилади. В. М. Жирмунский ва Ҳ. Т. Зарифовларнинг таърифида халқ достонларининг бош хусусияти, М. Саидов назарда тутган адабий матннинг асосий белгиси, яъни достонларнинг мазмунан қаҳрамонлик характерига эга бўлиши ва улар афсонавий баҳодирлар, улуғ шахслар ҳақида эпик идеализация доирасида тўқилган ривоявий асарлар эканлиги биринчи ўринга қўйилган. Бу таърифда достоннинг ўтмиш билан, халқ тарихи билан маҳкам боғлиқлиги ҳам ўзига хос равишда ҳисобга олинган. Чиндан ҳам достонларда тарихни халқона тушуниш, уни жонлантириш мавжуд. Уларда халқимиз бошидан кечирган ижтимоий- сиёсий воқеаларнинг, этник бирлик ва мустақиллик учун олиб борилган курашларнинг тарихий моҳияти бадиий баён этилган. Шундай қилиб, достонлар ҳақиқий ва идеал тарих бирлашиб, чатишиб кетган оламшумул воқеаларни тасвирлаган, халқимизнинг ахлоқий, фалсафий, диний қарашларини, ҳаёти, урф-одатлари ва маишатини қомусий бир тарзда ифодалаган ўтмиш ёдномаларидир. Достонларда тарихий воқелик халқ фантазияси асосида умумлашган образларда ўз ифодасини топади. Бинобарин, уларда эпик умумлаштириш ҳукмронлик қилади. Бундай умумлаштириш халқнинг ижтимоий адолат ҳақидаги идеаллари ва орзу-умидлари биланйўғрилган. Демак, достонга эпиклик, монументаллик хос бўлиб, композицион ва сюжет қурилиши жиҳатидан мураккаб воқеа-ҳодисаларни қамраб олади. Бундай воқеа ва ҳодисалар мазмунан қаҳрамонлик характерига эга бўлиб, улар халқ идеалидаги баҳодир атрофига бирлаштирилади. Фавқулодда куч-қудратга эга бўлган бундай якка шахсларда бутун бир халқнинг орзу-умидлари, имконият ва интилишлари мужассамлашган. Халқ достонларининг жанр хусусиятлари унинг ўзига хос услуби ва бадиий шаклини белгилайди, яъни куй ва ижро билан маҳкам боғлиқ бўлган йирик ҳажмли ва кенг кўламли достонларнинг поэтик баёнига кўтаринкилик, тантанаворлик, анъанавийлик, шеърий ва прозаик қисмларнинг давомий алмашиниб келиши хосдир. Ўзбек халқ достонлари жуда узоқ тарихий тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Унинг энг қадимги намуналарн сақланиб қолмаган. Ўтган асрда ёзиб олинган достонларгина бу жанрнинг кўп даврлар оша халқ бахшилари ҳофизасида оғзаки равишда муайян ўзгаришлар билан бизгача етнб келганлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам уларни халқ бахшилари фаолиятидан ажратиб ўрганиш мумкин эмас. Бахшилар. Халқ оғзаки ижодининг юксак профессионал санъат тури — достон ва достончиликнинг пайдо бўлиши, тараққиёти бахшилар номи билан боғлиқдир. Халқ оммаси маданий-сиёсий ҳаётида улкан ўрин тутган бахшилар меҳнаткаш халқ ўртасида жуда катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлганлар. Ҳ. Т. Зарифовнинг ёзишича, бахши мўғулча ва бурятча бахша, бағша сўзларидан олинган бўлиб, устод, маърифатчи деган маъноларни беради. Ўзбекларда бахши — кенг маънода халқ достонларини куйловчи, ёдда сақловчи ва наслдан наслга ўтказувчи санъаткор. Халқ орасида бахши сўзи турли характердаги икки вазифани бажарувчи шахсга нисбатан қўлланган. Кўпчилик ерларда профессионал достончи, айрим жойларда афсунгарлик, фолбинлик, шаманлик қилувчи шахсга нисбатан ишлатилган. Узоқ ўтмишда бу икки вазифани бир шахс бажарган. Кейинчалик эса, касбда муайян ажралиш юзага келган. Кўпчилик ерларда эса, иккинчи вазифани бажарувчи шахс қушноч, дуохон, кинначи каби турли-туман сўзлар билан ифодаланади. Баъзи туркий халқларда бундай фарқланишни янада яққолроқ кўрамиз. Масалан, бахши —туркманларда профессионал достончи, қозоқ ва қирғизларда афсунгар, дуохон, фолбин. Аммо бизга маълум ўзбек бахшилари ва уларнинг устозлари бахшилик санъатини турли афсунгарлик ёрдамида касал боқувчилик вазифаси билан қўшиб олиб бормаганлар. Бироқ достончилик санъатини касал боқувчилик дуохонлик билан қўшиб олиб борувчи бахшилар ҳақида айрим маълумотлар борки, узоқ ўтмишда бошқа кўпчилик халқлар ижодкорлари каби ўзбек достончилари ҳам бу икки вазифани баробар бажарган бўлишлари керак. Бир қатор бахшиларнинг ҳозир ҳам ўз санъатларини сир тутиб, уни «илоҳийлаштиришлари», бахшилик санъати ҳақида халқ орасида мавжуд бўлган турли-туман афсоналар буни янада тасдиқлайди. Халқ достончиларини Ўзбекистоннинг айрим ерларида бахши сўзидан бошқа номлар билан ҳам юритилади. Масалан, Сурхондарё ва Қашқадарёнинг айрим жойларида юзбоши, Жанубий Тожикистон ўзбеклари орасида соқи, Сурхондарё ва Жанубий Тожикистоннинг айрим жойларида созанда, Фарғона водийсида сановчи, айрим туманларда жиров, жирчи, оқин, охун ва ҳоказо. Ўзбекларда халқ достончисини шоир деб аташ ҳам кенг тарқалган. Шоир арабча сўз бўлиб, поэтик асарлар ижодкори бўлган ёзма ва оғзаки адабиёт вакилларига нисбатан қўлланилади. Оғзаки нутқда бу сўз баъзан, кўчма маънода ҳозиржавоб, ширинсухан шахсга нисбатан ҳам ишлатилади. Халқ ижодида бадиҳагўй ижодкорлар, эпик анъана доирасида ўзларининг янги-янги вариантларини, ҳатто янги достонларни ҳам ярата оладиган бахшилар шоир деб аталади. Масалан, Эргаш шоир, Фозил шоир, Ислом шоир, Пўлкан шоир ва бошқалар. Бахшилар халқ достонларини бирор созда, кўп ерларда дўмбира, айрим жойларда қўбиз ёки дуторда куйлайдилар. Хоразм бахшилари эса достонларни, асосан, дуторда ижро этадилар, уларга ғижжак ва баломонда созандалар жўр бўлади. 30-йилларда Хоразм бахшилари достонларни тор ва рубобда куйлай бошладилар. Шу муносабат билан айрим бахшилар ансамблида ғижжак ўрнига скрипкадан фойдаланиш, ансамблга доирачи, ҳатто ўйинчи олиб кириш ҳоллари бўлди. Бола бахши ва унинг ансамбли бунга мисол бўлади. Хоразмда баъзан эпик асарлар ёки уларнинг парчаларини гармонда ижро этиш ҳоллари ҳам мавжуд. Бундай ҳолларда уларни бахши эмас, балки созчи деб юритилган. Масалан, Қурбон созчи, Қодир созчи ва бошкалар. Созчилар эпик асарларни тўла ижро этишдан кўра, ундан парчалар, термалар ва ўзлари яратган асарларни куйлашга алоҳида эътибор берганлар. Демак, эпик асарларни элга етказишда Ўзбекистоннинг деярли барча ерларида якка ижрочилик ҳукмрон бўлса, Хоразмда, асосан, жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Ижро давомида достонларнинг шеърий қисмлари куйланса, прозаик ўринлари бахшиларнинг ўзларига хос ифодали тилда баён этилади. Хоразмда эпик асарларни, улардан олинган парчалар ва айрим термаларни куйловчи ижодкорларнинг яна бир тури халфалар, деб юритилади. Халфачилик, асосан, аёллар орасида кенг тарқалгаи. Халфачилик санъати икки хил: а) ансамблли халфалар; б) якка халфалар. Ансамблли халфалар уч кишидан иборат. Яъни устоз халфа (айни вақтда гармон чалади ва ашула айтади), доирачи (ашулага жўр бўлади, баъзан рақсга тушади) ва ўйинчилар (рақсга тушади, қайроқ билан ўйнайди, ялла ва лапар айтади, баъзан доира чалади) бирлашиб, ансамблни ташкил этадилар. Бу тип халфалар халқ достонларини, улардан олинган парчаларни, тўй қўшиқларини, лапар ва яллаларни, ўзлари яратган ёки бошқа ижодкорлар асарларини гармон ва доира жўрлигида куйлайдилар. Биби шоира, Хонимжон халфа, Ожиза, Онажон Сафарова, Назира Собирова кабилар шундай халфалардандир. Якка халфалар достон ва қўшиқларни созсиз ижро этадилар. Улар достонларни ёддан ёки қўлёзма ва китобдан ёқимли оҳангда ўқиш, «Ёр-ёр», «Келин салом», «Муборак» каби тўй қўшиқларини ижро этиш билан шуҳрат қозонганлар. Розия Матниёзов қизи, Саодат Худойберганова, Пошшо Саидмамат қизи, Амбаржон Рўзиметова, Аноржон Раззоқова кабилар якка ҳолда халфачилик қилганлар. Халфалар кўпроқ «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Ошиқ Ойдин», «Асилхон», «Ҳурлиқо ва Ҳамро», «Қумри», «Қиссаи Зебо», «Тулумбий», «Завриё», «Дурапшо», «Бозиргон», «Хирмон дали» каби достонларни, Махтумқули шеърларини, турли маросим қўшиқларини ва ўзлари яратган асарларни ижро этадилар. Улар маҳаллий халқнинг барча тўй-ҳашамларида, турли маросимларда, аёллар йиғинлари ва байрамларда қатнашадилар, тўй ва маросимларни бошқарадилар. Халфачилик аёллар санъати сифатида Хоразм воҳасида шу кунларда ҳам кенг давом этмоқда. Ўтмишда эпик асарларни халққа етказувчилар қаторида қиссахонлар ҳам бўлган. Қиссахонлар халқ достонларининг қайта ишланган нусхаларини, қизиқарли таржима ҳикояларни, мумтоз адабиёт намуналаридан «фольклорлаштирилган» вариантларни, турли хил жангномаларни чойхоналарда, турли йиғинларда, халқ тўпланган жойларда ёдаки айтганлар ёки қўлёзма ва босма матн асосида ўзларига хос оҳангда ўқиганлар. Қиссахонлар «Рустами Достон», «Тоҳир ва Зуҳра», «Ҳикояти Гўрўғли султон», «Баҳром ва Гуландом» каби дунёвий қиссаларни ижро этиш билан бирга, кўпроқ диний мазмундаги асарларни ҳам ўқиб юрганлар. Айрим ҳолларда энг қобилиятли қиссахонларнинг ўзлари қисса тузишгача, баъзан янги асарлар яратишгача кўтарилганлар, айтаётган асарларига ижодий ёндашганлар. Ўтмишда қиссахонлик шаҳар жойларда кенг ривожланган бўлиб, кейинги вақтларда, умуман, учрамайди. Бу нарса кўплаб китоб босиб чиқарилиши, жумладан, илгари айтилиб юрилган қиссаларнинг ҳам нашр этилиши, халқимизнинг ёппасига саводхон бўлиши билан боғлиқдир. Эпик асарларни кенг меҳнаткашлар оммаси орасида куйлашда, уларни авлоддан авлодга етказишда ҳар доим бахшилар етакчилик қилганлар. Ҳоди Зариф, Буюк Каримов, Мансур Афзалов, Музайяна Алавия, Жуманиёз Қобулниёзов, Муҳаммаднодир Саидов сингари олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, XIX аср ва ХХ аср бошларида ўзбек бахшилари репертуарида юз элликка яқин достон бўлган. Фольклоршуносларимиз улардан юзга яқинини (вариантлари билан тўрт юздан ортиқ) ёзиб олдилар. Ўтган асрда икки юздан ортиқроқ достончи аниқланди ва рўйхатга олинди. Улардан Жуманбулбул, Жоссоқ, Бўрон шоир, Жолмон бахши, Султон кампир, Тилла кампир, Хонимжон халфа, Биби шоира, Суяв бахши, Амин бахши, Йўлдошбулбул, Султонмурод, Қурбонбек, Хидир шоир, Йўлдош шоир, Суяр шоир, Шерна юзбоши, Ҳайбат соқилар халқ орасида шуҳрат қозонган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом Назар ўғли, Умир шоир, Абдулла шоир, Холёр Абдукарим ўғли каби етук шоирлар бахшичиликдаги жуда бой анъаналар асосида муҳим воқеаларни тасвирловчи йигирмадан ортиқ янги достонлар яратдилар. Бахши ўзлаштирган ва ижодий тарзда куйлаб келган барча асарлар унинг репертуарини ташкил этади. Ўзбек халқ бахшилари репертуари жанр эътибори билан ниҳоятда чекланган. Улар фольклорнинг фақат икки жанридаги асарларни, яъни термалар ва достонларни куйлаб келганлар. Бахшилар терма ва достондан бошқа асарлар (эртак, қўшиқ, латифа ва шу кабилар) ни билсалар ҳам, уларни айтмаганлар. Мабодо бирор достоннинг мазмунини ҳикоя қилиб берсалар, уни «эртак қилиб айтиш» деб ҳисоблаганлар. Бироқ бундай айтиш профессионал достончи учун одатдаги ҳол эмас. Шуни айтиш керакки, айрим достонлар бизгача фақат, мазмунлари орқалигина етиб келган. Масалан, «Ойсулув» достони шундай асарлардандир. Бахшилар репертуарининг ҳажми ҳам бир хил эмас. Одатда, оддий бахшилар беш- ўнта достон билганлар. Шунда ҳам бир-икки достонни яхши куйлаганлар. Энг қобилиятли, талантли, юксак ҳофиза қувватига эга бўлган ижодкорлар репертуарида ўттиз-қирқ ва ҳатто ундан ортиқ достон бўлган. Эргаш шоир, Фозил шоир, Пўлкан шоир, Ислом шоирлар шундай достончилардан эди. Улар қатор эпик асарларни маҳорат билан куйлаганлиги учун бундай достонларнинг кўпчилиги уларнинг номи билан абадий боғланиб қолди. Масалан «Алпомиш» деганда, беихтиёр кўз ўнгимизда Фозил Йўлдош ўғли; «Равшан» деганда, Эргаш Жуманбулбул ўғли; «Орзигул» деганда, Ислом шоир намоён бўлади. Фавқулодда хотира қудратига эга бўлган Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёд билар эди. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча прозаик қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олинса, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. Ҳоди Зарифов халқ бахшиларининг эсда сақлаш ва ижод қилиш қобилиятини кўрсатиш учун шундай бир мисолни келтиради: Атоқли халқ шоири Эргаш Жуманбулбул ўғли 1922 йилда Тошкентда босилиб чиққан қозоқча «Қиз-Жибек» достонини икки марта ўқиб чиққач, бир ойдан кейин унга ўзининг ижодий унсурларини қўшган ҳолда қайтадан ўзбек тилида деярли айнан айтиб ва ёзиб беради. Бахшиларнинг эсда сақлаши учун бир асарни бир-икки ўқиб беришнинг ўзи кифоя эди. Истеъдодли бахшилар эпик репертуарнинг бойиб бориши учун доимо кураш олиб борганлар. Шунинг учун ҳам бир-биридан гўзал достонлар ўзининг бутун салобати ва малоҳати билан бизгача етиб келган. Download 23.2 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling