Э. ғозиев умумий психология


Характер тузилиши ва хусусиятлари


Download 3.91 Mb.
bet70/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   66   67   68   69   70   71   72   73   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

3. Характер тузилиши ва хусусиятлари


Шахснинг характери тузилиши турли хусусиятларнинг тасодифий йиғиндисидан иборат эмас, балки ўзаро бир-бирига боғлиқ, ҳатто тобе яхлит тизимдан таркиб топади. Характер хислатларининг муайян қисмида хабардор бўлишлик нотанишларни ташхис қилиш имкониятини яратади. Мисол учун, шахснинг шуҳратпарастлиги маълум бўлса, унинг дили (кўнгли) қоралиги юзасидан тахмин қилиш мумкин ёки инсон камтар, мўмин, ювош хусусиятли бўлса, албатта у кўнгилчан эканлиги кўнглимизга келади.
Одатда психик хусусиятларнинг ўзаро боғлиқ тизими симптомокомплекслар (омиллар) дейилади. «Симптом» юнонча symptoma белги, мос тушиш, «комплекс» лотинча, алоқа, мажмуа деган маъно англатади. Мисол учун, қарама-қарши симптомокомплекслар ҳақида мулоҳаза юритилса, у ҳолда инсонларда бу тизим ўзига ишониш, ўзидан мағрурланиш, мақтанчоқлик, ўзбилармонлик, уришқоқлик, кексақлаш кабилар бирикмасида юзага келади. Бошқа тоифадаги шахслар ўзларининг камтаринлиги, кўнгилчанлиги, илтифотлилиги, дилкашлиги, ҳаққонийлиги билан ажралиб турадилар. Воқеликка шахснинг бир хил муносабати характер хислатларининг ўзаро бир-бирига боғлиқлигини билдиради.
Шахснинг муносабатларини акс эттирувчи характер хислатларини тўртта тизимга ажратиш қонуний ҳолатга айланган:

  1. Жамоага (гуруҳга) ва баъзи бир инсонларга нисбатан муносабатни ифодаловчи хусусиятлар: яхшилик, меҳрибонлик, талабчанлик, такаббурлик ва бошқалар.

  2. Меҳнатга нисбатан муносабатларни мужассамлаштирувчи хусусиятлар: меҳнатсеварлик, дангасалик, виждонлилик, масъулиятлилик, масъулиятсизлик кабилар.

  3. Нарсаларга нисбатан муносабатни акс эттирувчи хусусиятлар: озодалик, ифлослик, аяш, аямаслик ва ҳоказо.

  4. Шахснинг ўзига нисбатан муносабатларини ифодаловчи хислатлар: иззат-нафслилик, шуҳратпарастлик, мағрурлик, такаббурлик, димоғдорлик, камтаринлик, самимийлик ва бошқалар.

Шартли равишда қабул қилинган «шахс ва атроф-муҳитдаги инсонлар» симптомокомплекси ўз таркибига нафақат бошқа шахсларга нисбатан муносабатларни, балки ўзига қаратилган муносабатларни мужассамлаштирувчи хислатлар ҳам киради, чунончи, ўзига ишонч, ўзбилармонлик, ўзига бино қўйиш, мақтанчоқлик ёки аксинча хусусиятлар шулар жумласидандир. Шундай қилиб, "«шахс ва атроф-муҳитдаги инсонлар"» деган шартли ном берилган хислатлар тизими ўзга кишиларга, жамоа (гуруҳ) аъзоларига ва ўзига нисбатан муносабатларни ифодаловчи хусусиятларни бирлаштиради. Турлича муносабатлар ўзаро бир-бирига боғланган тарзда муайян тизимни ташкил қилади, натижада «Мен-Биз» муносабати ўзаро ўрин алмаштириб туради, яъни ўзига қаратилган муносабат гуруҳий хусусият касб этади.
Шунинг учун шахснинг турлича муносабатлари ўзаро боғлиқлиги унинг характери тузилиши хусусиятлари билан уйғунлашиб кетади. Умумий ва хусусий муносабатлар характер хислатлари билан бирлашган ҳолда муайян аҳамият касб этади. Худди шу боисдан инсоннинг характери нисбатан бутун, яхлит хусусиятга эга. Шахс муносабатларининг келиб чиқишига асосланиб, улар марказий (асосий) ва уларга тобе, ҳосилавий муносабатларга ажратилади. Шахснинг марказий (асосий) муносабатлари ижтимоий муносабатлар билан белгиланганлиги туфайли, бундай муносабатлар ҳамиша ижтимоий-типик хусусиятга эгадир. Масалан, ижобий хислатлар мужассамлашган шахснинг асосий муносабатлари ўзга одамларга, жамоа (гуруҳ)га нисбатан муносабатларида ифодаланади. Шундай қилиб, характер хислатларининг индивидуал ўзига хослиги, бетакрорлигига қарамай, унинг тузилиши негизида ҳамма вақт шахснинг ижтимоий-типик марказий (асосий) муносабатлари ётади.
Характернинг тузилиши қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда муҳим тарбиявий хулосалар чиқариш мумкин. Характер хислатларининг баъзи нуқсонларини (қўполлик ва ёлғончиликни) бартараф қилиш, унинг ижобий хусусиятларини (хушфеъллик ва ҳаққонийликни) шакллантириш муддаосини режалаштирилган дастурда амалга ошириб бўлмайди. Чунки инсонларга нисбатан тўғри муносабатни таркиб топтирмай туриб, иллатга қарши курашиб, ижобий фазилатни шакллантира олмаймиз. Шу нарса маълумки, шахсда ўзаро бир-бирига боғлиқ хусусиятларнинг яхлит бир тизимини таркиб топтириш мумкин, холос. Мазкур жараёнда хусусиятлар тизимини шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири-бу шахснинг марказий (асосий) муносабатларини таркиб топтиришдан иборатдир.
Шахс характерининг яхлитлиги бус-бутунлиги мутлақ нарса эмас, албатта, чунки инсоннинг асосий муносабатларидан бири бошқа барча муносабатларни тўла белгилай олгандагина характер мутлақ хусусият касб этади. Лекин шахснинг муносабатлари ижтимоий муносабатларнинг акс эттирилишидан иборатлиги туфайли унинг муносабатлари билан характер хислатлари ўртасида зиддият ҳукм суради. Бундай хулосага келган ҳолда шахснинг характери нисбий жиҳатдан яхлитдир дейишимиз мумкин, бироқ унинг бир бутунлиги ҳам индивидуал, ўзига хос хусусиятга эгадир. Яхлитлик нуқтаи назаридан қараганда, турли қарама-қарши хусусиятли шахслар қаршиликлар оқибатида ҳаракатларда ва инсон хулқида шундай ҳолат ҳосил бўлади ва ижтимоий-ахлоқий меъёрлар бузилишини юзага келтиради. Бундай вазиятларда ҳаракатдаги камчиликлар билан курашишнинг асосий йўли – бу шахс характеридаги қарама-қаршиликларни енгишга ўрганишдир.
Характернинг тузилиши баъзи хислатларининг ўзаро боғлиқлиги билан эмас, балки унинг яхлитлигига мутаносиб хусусиятлар билан тавсифланади. Характер тузилишининг қаторига уларнинг чуқурлик даражаси киради ва шахснинг асосий муносабатлари билан белгиланади. Инсоннинг бошқа одамларга, жамоага, меҳнатга нисбатан фидоий муносабатда бўлишини белгиловчи хусусиятлар чуқурроқ хусусиятлар дейилади. Мазкур мезонга қараб шахсларнинг фарқланишини юзаки тасаввур қилмаслик керак, чунки инсонга бериладиган тавсифнома симптомокомплексларни таъкидлаб ўтиш билан чекланмаслиги лозим. Акс ҳолда шахснинг психологик қиёфасининг тавсифномаси: биринчидан, симптомокомплексларни чуқурроқ жойлаштиришни, иккинчидан, муайян даражада чуқурроқ мужассамлаштиришни, учинчидан, бир оз юзакироқ тизимни ажратишни тақозо қилади.
Характер тузилиши хусусиятлари жумласига фаоллик ёки характер кучи киритилади ва шунга асосан инсонлар кучли ҳамда кучсиз характер турларига ажратилади. Шунингдек, характер тузилиши хусусиятлари таркибига унинг барқарорлик ва ўзгарувчанлик даражаси ҳам киритилгандир. Характернинг барқарорлиги ҳам, ўзгарувчанлиги ҳам мослашиши фаолиятининг зарурий шартларидан ҳисобланади. Шахснинг характер хусусиятлари турлича турмуш шароитларида, қаршилик қилувчи вазиятга учрашига қарамай, унинг хатти-ҳаракатларини бошқаради. Шу боисдан инсон ташқи вазиятга боғлиқ бўлибгина қолмасдан, балки ташқи вазиятни унинг шахсан ўзи яратади, шунингдек, мақсадга мувофиқлаштиради.
Бундан ташқари, шахснинг турмушдаги зарурий шароитларидан бири - бу характернинг муайян даражада пластиклигидир. Характернинг пластиклиги икки хил маъно касб этади. Характернинг пластиклиги унинг барқарорлиги сингари муҳитга фаол таъсир ўтказишнинг шартларидан ҳисобланади. Иш-амаллари мақсадга мувофиқ ва фойдали кечиши учун улар ўзгарувчан ташқи шароитга мослашишлари лозим. Характернинг пластиклиги, мустаҳкамлиги уни шакллантиришнинг зарурий шарти саналади. Характернинг барқарорлиги, пластиклиги ўзига хос индивидуал хусусиятга эга бўлиб, уни тузилишининг хислати сифатида мужассамлашади.
Характер хусусиятларининг кучи ва барқарорлилиги марказий тизимга боғлиқлигига биноан муайян даражада шахс муносабатларининг мазмуни билан белгиланади. Бироқ улар муносабатлар мазмунига боғлиқлигига қарамай, баъзан юзаки хусусиятга ҳам эга бўладилар.



Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   66   67   68   69   70   71   72   73   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling