Э. ғозиев умумий психология
Характернинг таркиб топиши
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
4. Характернинг таркиб топиши.Психологияда ирсият билан характернинг муносабати тўғрисида хилма-хил қарашлар мавжуддир (Кречмер, Шелдон ва бошқалар). Аксарият психологларнинг эътироф этишларича, организмнинг наслий хусусиятлари характер хислатларининг пайдо бўлишидаги шартларидан бири ҳисобланади, холос. Маълумки, характер хусусиятлари ирсиятнинг биологик қонуниятлари билан эмас, балки ижтимоий қонуниятлар билан тавсифланади. Ушбу масалани ирсиятга боғлаб тушунтириш гомозигот эгизакларни ўрганиш орқали инкор қилинади, чунки уларнинг наслий хусусиятлари айнан бир хилдир. Улар темперамент хусусиятлари бўйича тубдан ўхшаш бўлсалар-да, лекин характер хислатларига кўра бир-биридан кескин фарқ қиладилар. Шунинг учун характернинг шахс турмуш шароитига боғлиқлигини: а) унинг физиологик асоси ҳам, б) ташқи таассуротлар тизими туфайли вужудга келадиган шартли рефлектор функционал ҳолати ҳам тасдиқлайди. Характер таркиб топиши муайян қонуниятлар таъсирида амалга ошади. Характернинг ҳар бир хислати шахс муносабатларига боғлиқ бўлса, улар ўз навбатида ижтимоий муносабатлар билан белгиланади. Наслий хусусиятлари бир хил эгизакларда турлича ижтимоий муҳитда ҳар хил характер хислатлари шаклланади. Шу сабабдан ижтимоий тузимни тавсифловчи кенг ижтимоий муносабатлар шахснинг ижтимоий типик хусусиятларигина эмас, балки характернинг индивидуал хусусиятлари (хислатлари) таркиб топишига ҳам катта таъсир ўтказади. Ижтимоий муносабатларга бевосита ёки билвосита боғлиқ тарзда, оилада, болалар ва меҳнат жамоаларида хайрихоҳлик, ўртоқлик, ўзаро ёрдамлашиш, ҳамкорлик ёки, аксинча, жоҳиллик, золимлик, баджаҳиллик каби шахслараро муносабатлар таркиб топа бошлайди. Оилавий муҳит, ундаги шахслараро муносабатлар, фарзандларнинг миқдори, ёшидаги фарқи, низоли вазиятлар кўриниши, ота-она муносабатига асосланган ҳолда характернинг ўзига хос хусусиятлари шаклланади. Болалар боғчасидаги, мактабдаги шахслараро муносабатлар ҳам характернинг махсус хислатларини таркиб топтиради. Меҳнат жамоаларида, норасмий гуруҳларда ҳам характер хусусиятларида сезиларли ўзгаришлар юзага келади. Илк ёшлик даврида шаклланган характер хислатлари ниҳоят даражада барқарор бўлиб, уларга айрим ўзгаришлар киритиш жуда қийин кечади. Шахсда майлларнинг қондирилиши ёки қондирилмаслиги билан боғлиқ ҳолда таркиб топган муносабатлар ўзининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Характер хислатларининг чуқурлиги, барқарорлиги, доимийлиги кўп жиҳатдан шахс муносабатларининг онглилик даражасига боғлиқ. Инсоннинг ҳаққонийлик, меҳнатсеварлик хислатлари тасодифий таркиб топмаган бўлиб, унинг онгли қарашларига, ишонч ақидаларига мос тушса, у ҳолда ҳар қандай қийин ҳолатларда ҳам намоён бўлаверади. Мамлакатимиз фуқаролари характерининг кучи ва мустаҳкамлиги уларнинг истиқлол нашидасидадир ва ватанпарварлик юксак ҳис-туйғусидадир. Шундай қилиб, психиканинг индивидуал сифат хусусиятлари шахснинг ижтимоий-типик муносабатлари билан қўшилган тақдирдагина характер хислатларини белгилаш, тавсифлаш имконияти вужудга келади. Психиканинг индивидуал хусусиятлари орасида темперамент хусусиятлари алоҳида аҳамият касб этади. Чунки характер билан темпераментнинг ўзаро муносабати уларнинг физиологик асослари билан белгиланади. Характер хусусиятларининг ташқи жиҳатдан намоён бўлиб айнан шу тарзда муайян вақт мобайнида кечиши динамик хусусият дейилади. Характер хислатларининг динамик хусусияти темперамент хусусиятларига боғлиқдир. Ана шу ҳолатга мувофиқ равишда темперамент хусусиятлари ҳам характернинг маълум хислатларининг вақт давомида ташқи намоён бўлиши ҳам темперамент типига боғлиқ. Тараққиёт ва тарбиянинг ижтимоий шароитлари ҳамда уларнинг психиканинг ирсий индивидуал хусусиятлари билан ўзаро муносабати характер хислатларини тўғридан-тўғри тавсифламайди, балки шахснинг фаолияти орқали белгилайди. Унинг фаолиятига тааллуқли айнан бир хил ижтимоий шароитда ҳам худди шу бир хил ирсий хусусиятларидан турли характер хислатлари шаклланади. Худди шу боисдан характернинг ривожланиши шахснинг актив фаолияти жараёнида унинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ тарзда амалга ошади. Характернинг таркиб топишида фаол фаолиятнинг роли шундаки, худди шу фаол фаолиятига характернинг ифодалайдиган ҳаракатнинг индивидуал ўзига хос усуллари таркиб топади. Ҳаракат усулларининг автоматлашуви муайян динамик стереотип ҳосил қилиниши билан боғлиқ шартли рефлектор функционал ҳолатнинг маҳсуласидир. Автоматлашувнинг бир неча турдаги психологик механизмлари мавжуд бўлиб, улардан бири-бу одатлардир. Характер хислатлари таркиб топишининг муҳим шартларидан бири - бу хислатларни зарурий хатти-ҳаракатларда чидам билан машқ қилишдан иборатдир. Характернинг таркиб топишида тақлидчанликнинг роли катта бўлиб, ҳаракат усуллари автоматлашувининг бош манбаи ҳисобланади. Таркиб топиш жараёнида тақлидчанликнинг аҳамияти кўп жиҳатдан ифодали хатти-ҳаракатларнинг шахс эмоционал (ҳиссий) кечинмаларига таъсири билан белгиланади. Тақлидчанлик хатти-ҳаракат намунасига тақлид қилиш учун мўлжалланган шахс муносабатлари томонидан мотивлаштирилгандагина характер хислатлари шакллантиришнинг шартига айланади. Характернинг шаклланишида муайян психик фаолиятга яхлит объектив ва субъектив мойиллик тарзидаги кўрсатма бериш (установка) психологик механизм негизида юзага келган автоматлашиш муҳим аҳамият касб этади. Кўрсатма (установка) одатлардан фарқли ўлароқ, муайян ҳаракатларга тайёр туришгина бўлиб қолмай, балки билиш жараёнларига, ҳиссий ва иродавий реакцияларга ҳам тайёр туришликдир. Характернинг ҳосил бўлишида низоли вазиятлар алоҳида аҳамият касб этади. Характер фақат мураккаб ва кескин вазиятларда (шароитларда) ёрқин намоён бўлибгина қолмасдан, балки мазкур ҳолатларда у таркиб ҳам топади. Одатда характер хислатларининг ўзгаришидаги индивидуал фарқлар шахснинг низоли вазиятлардан чиқиш учун қандай йўл-йўриқ топишига боғлиқ, бинобарин, инсон шароитдан келиб чиқиб, қандай хатти-ҳаракатни амалга оширишга қарор қилади. Шундай қилиб, шахс ўзининг бутун ҳаёти ва фаолияти давомида ўз хатти-ҳаракатлари, одатлари билан ўз характер хислатларини ўзи яратади ва уларни бошқаришга одатланади. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling