Эстетик муносабат тушунчасининг моҳияти. Нафосатнинг маънавий қадрият сифатидаги аҳамияти


Download 126.5 Kb.
bet4/8
Sana01.05.2023
Hajmi126.5 Kb.
#1420366
1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
1495529928 68284

Эстетик ҳиссиёт. Кўпинча адабиётларда эстетик ҳиссиёт «эстетик туйғу» сўзида, бирлик шаклида берилади. Гоҳ эстетик кечинманинг, гоҳ эстетик ҳаяжоннинг синоними тарзида талқин қилинади. Бизнингча, бу унчалик тўғри эмас. Чунки ҳаяжон ҳам, кечинма ҳам битта туйғудан эмас, туйғулар силсиласидан иборат бўлади, шу сабабдан уни кўпликда – ҳислар ёки ҳиссиёт шаклида қўллаш мақсадга мувофиқ.
Энди эстетик ҳиссиётни ташкил этадиган ҳисларнинг баъзиларини қисқача кўриб ўтайлик.
Эстетик қизиқиш. У эстетик ҳиссиётнинг ибтидосидаги туйғу бўлиб,
у қизиқиш ҳисси, соғинч ва қўмсашдан фарқли ўлароқ, ўтмишда рўй берган ҳодисани эмас, балки кўп ҳолларда келажакда, тез муддат ичида рўй бериши лозим бўлган воқеликни назарда тутади, унга интилади; интилиш жараёни эса –«учрашув»га тайёргарлик дегани. Эстетик қизиқиш субъектнинг объект ҳақида, ҳали у билан юзма-юз келмасдан туриб, муайян бир умумий тушунчага эга бўлишини, уни идрок этишга ўзини ҳозирлашини тақозо этади. Уни бошқача қилиб, ҳаяжонли кутиш, орзиқиш ҳам дейиш мумкин; бадиий адабиётда, журналистларда, «ниҳоят орзиқиб кутилган кун келди» ёки «орзиқиб кутилган дақиқалар етиб келди» деган ибораларнинг ишлатилиши бежиз эмас, зеро орзиқиш – қизиқишнинг юксак нуқтаси. Масалан, сиз Самарқанддаги Шоҳизинда меъморий мажмуаси зиёратига отландингиз. Бунда сиз албатта у ҳақда қачондир эшитганларингиз ва ўқиганларингизни эслайсиз, билганларингизни муайян тартибга солиб, бу бевосита нотаниш ва айни пайтда билвосита таниш объект тўғрисида дастлабки тасаввурга эга бўласиз, унинг сирли зиналари, улуғвор мақбараларию гўзал безаклари билан учрашувга интиласиз. Бундай ҳолат ўзингиз севган хонанда ёки актёр билан бўлажак учрашув олдидан ҳам юзага келади.
Эстетик тасаввур. Эстетик ҳиссиётда тасаввур худди эстетик фаолиятдагидек катта аҳамиятга эга. Дастлабки эстетик тасаввур субъект объект билан бевосита эстетик муносабатга киришмасдан аввал рўй беради. У орқали сиз эстетик муносабатга киришадиган объектини ўзингизча кўз олдингизга келтирасиз, кўпроқ умумий манзара билан чекланасиз, қолаверса хаёлан ўзингиз яратган, аслида объектда йўқ хусусиятларни ҳам тасаввурда бор деб ҳисоблайсиз. Эстетик жараён бошланганидан объектнинг «ундай» эмас, «бундай» экани маълум бўлади, илк таассурот асосидаёқ тасаввурингиз ўзгаради ва энди у эстетик фаолиятнинг бир мурвати, ижодий тасаввур сифатида иш кўради. Демак, дастлабки тасаввур эстетик тасаввурнинг таассуротгача бўлган даврини ўз ичига олади ва объектга ҳиссий кириб боришда ўзига хос йўлак вазифасини бажаради.
Қувонч ҳисси. У эстетик муносабатнинг бошланишида рўй берадиган туйғу: субъект объектни кўрган пайтда, дейлик, гўзалликка дуч келганида уни ички бир қувонч қамраб олади. Эстетик қувонч субъектни кузатувни давом эттиришга даъват этади ва объектни ҳиссий ўрганиш учун унга муайян кайфият, руҳ беради. Худди шундай вазифани улуғворлик ва мўъжизавийликни мушоҳада этишда – ёқимли ҳайрат ҳисси, фожеавийликда – ачиниш, ҳамдардлик, кулгилиликда – ҳазил ва кулги бажаради. Лўнда қилиб айтганда, ҳайрат билан эстетик жараён бошланади. Эстетик муносабат мобайнида у аввал қизиқишга, кейин аста-секинлик билан завққа айланади ва завқ билан идрок этиш ҳодисаси намоён бўлади.
Эстетик завқ. Айни пайтда завқ фақат эстетик объектни идрок этишдагина эмас, балки ана шундай объектларни яратишда ҳам илҳом шаклида иштирок этади: завқ билан ижод қилинган асар завқ билан идрок этилади. Табиат эстетикасидан бошқа эстетик соҳаларнинг ҳаммасида завқ субъектдагина эмас, балки объектда ҳам мавжуд бўлади. Бунда фақат эстетик завқ ўзини яшириб, ботиний хусусиятга эга ҳис – руҳ шаклида намоён қилади.
Эстетик завқни бизда ҳам, руслардаги илмий адабиётларда ҳам одатда эстетик лаззат шаклида қўллаб келинади. Бизнингча, бу тўғри эмас. Чунки лаззат кўпроқ ташқи ниманингдир субъект ичига кириши билан белгиланса, завқда субъект объектнинг ичига кириб боради. Ундан ташқари, лаззат ҳам, завқ ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, гастрономик лаззат, шаҳвоний лаззат, меҳнат завқи, спортдаги, қимордаги завқ. Эстетик завқ буларнинг ҳаммасидан фарқли равишда моддий ёки жисмоний манфаатдорликдан йироқ, у объектга эгаликни эмас, объектни кўриш, кузатиш, мушоҳада қилишни тақозо этади. Ундан инсон моддий эмас, маънавий қониқиш ҳосил, қилади нарса-ҳодисага беғараз ёндашув билан чекланади. Эстетик завқ ўйин ҳодисаси билан боғлиқ. Ўйин эса, маълумки, санъатнинг санъатлик моҳиятини ташкил этади, доимо ижодийлик хусусиятига эга. Эстетик завқ, оддий завқдан фарқли ўлароқ, инсонни тарбиялаш хусусиятига эга, инсон эстетик идрок этиш жараёнида завқланиб борар экан, айни шу жараённинг ўзида тарбияланиб боради.

Download 126.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling