Эстетик муносабат тушунчасининг моҳияти. Нафосатнинг маънавий қадрият сифатидаги аҳамияти
Download 126.5 Kb.
|
1495529928 68284
- Bu sahifa navigatsiya:
- Эстетик англаш тузилмалари маънавиятни шакллантиришдаги асосий мезон сифатида: эстетик дид, фаҳм-фаросат, эстетик идеал, эстетик мушоҳада, эстетик баҳо.
Эстетик муносабат ва эстетик фаолият. Эстетик англаш ва унинг тузилмаси Режа: Эстетик муносабат тушунчасининг моҳияти. Нафосатнинг маънавий қадрият сифатидаги аҳамияти. Эстетик англаш тузилмалари маънавиятни шакллантиришдаги асосий мезон сифатида: эстетик дид, фаҳм-фаросат, эстетик идеал, эстетик мушоҳада, эстетик баҳо. Эстетик муносабат тушунчасининг моҳиятиИнсон зоти дунёга келганидан бошлаб табиат ва жамият деб аталган ташқи муҳит билан муносабатга киришади. Дастлаб бу муносабат онгланмаган, интуитив, биологик-генетик тарзда, кейинроқ эса англаб етилган, юксак даражадаги ижтимоий ҳодиса сифатида рўй беради. Уни одатда, икки хил деб таърифлаш қабул қилинган: биринчиси – инсоннинг саломатлиги ва турмуш тарзини фаровонлаштиришга қаратилган зоҳириймоддий мақсадга эришиш тамойилига асосланган утилитар-эмпирик манфаатдорлик, иккинчиси – ботиний-руҳий манфаатдорликни, мақсадга мувофиқликни таъминлайдиган ҳиссий-маънавий муносабатлар. Мана шу иккинчи хил муносабатлар инсоннинг инсонлигини белгилайдиган ҳодисалар ҳисобланади. Улар ичида эстетик муносабат алоҳида аҳамиятга эга, чунки у нафақат биринчи хил муносабат турларидан юксак даражалиги билан фарқланади, балки ўзига хилдош бўлган ахлоқий ёки эътиқодий муносабатга нисбатан ҳам миқёсли ва қамровлидир. Гап шундаки, эстетик муносабатдан бошқа барча муносабат турлари инсон «ақлини таниганидан» сўнг, яъни гўдаклик давридан ўтгандан кейин воқе бўлади. Масалан, гўдак ҳали уят ҳиссини билмайди, унда ахлоқий муносабат ҳаттоки ибтидоий даражада ҳам шаклланмаган, хоҳлаган вақтида, тўғри келган жойда табиий эҳтиёжини қондиради. Лекин у бешикда ётар экан, тушиб турган қуёш нуридан қувонади, уни кузатади, у билан ўйнагиси келади ёки бешикка осиғлиқ рангли ўйинчоқдан завқланади, ғадир-будир, шаклан қўпол материални эмас, майин духобани ёки шунга ўхшаш юмшоқ, силлиқ нарсаларни хуш кўради, уларни сийпалаб завқланади, алла эшитиб ором олади. Буларнинг бари эстетик муносабатнинг инсоний моҳиятда намоён бўлувчи ҳодиса сифатида ибтидодан мавжуд эканини кўрсатади. Шунингдек, кексайиб, умрининг қолганини кўпроқ тўшакда ўтказаётган киши жисман заифлиги туфайли ташқи муҳит билан утилитар-эмпирик муносабатини давом эттира олмаслиги мумкин. Лекин, у бадиий адабиёт ўқиб, телевизор кўриб, мусиқа эшитиб завқланади, яъни ташқи дунёга эстетик муносабатда бўла олади: инсон моддий бойлик яратишдан маҳрум бўлган пайтда ҳам эстетик муносабат туфайли, то ўлгунча ўз маънавиятини бойитиш имконини йўқотмайди. Эстетик муносабатнинг қамровлилиги ва унинг бир умрли маънавий ҳодиса сифатидаги аҳамияти ана шунда. Барча муносабатлар қатори эстетик муносабат ҳам икки асосий унсурдан ташкил топади: объект ва субъект. Лекин бунда объект субъект томонидан белгиланади: агар субъект эстетик жараёнга киришмаса, унинг муносабати, объект қанчалик гўзал ёки улуғвор бўлмасин, эстетик шакл касб этмайди. Эстетик жараён эса субъектнинг ботиний ҳис-туйғуларига, кайфиятига, вақтига, кузатишига, мушоҳадасига, фикрлаш имконияти ва даражасига, қобилиятига, истеъдоди, объект билан ўртадаги масофа тасаввури каби туғма ҳамда таълим-тарбия ва тажриба воситасида вужудга келган қарашларига боғлиқ. Эстетик муносабат ана шу эстетик жараённинг пировард натижасидир. Масалан, Ўрол Тансиқбоевнинг «Тоғдаги қишлоқ» асарини сотаётган дўкон хизматчисида бу расмга нисбатан эстетик муносабат туғилмайди, сотувчи унга фақат товар сифатида қарайди, мақсади уни иложи борича каттароқ пулга сотиш. Яъни сотувчи эстетик жараённи бошидан кечирмайди, ўз вақти, кузатиши, диққат-эътиборини асосан, олди-сотди жараёнига йўналтиради. Унинг муносабати иқтисодий-молиявий чегарадан нарига ўтмайди. Расмни сотиб олган харидор эса унда Ватаннинг бир парчасини, тоғ қишлоғининг ўзига хос гўзаллигини кўради, ундаги кўзга кўринмайдиган, лекин ботиний бир туйғу билан илғаб олинадиган руҳни, олисларда қолиб кетган болалик деб аталган умрнинг бир бўлагини қалбан ҳис қилади, хўрсиниқ аралаш қувонч ҳиссини туяди. Чунки унинг бутун ботиний-руҳий мурватларининг фаолияти, онги, диққат-эътибори, мушоҳадаси, тасаввури, қобилияти, интеллектуал тажрибаси расмдаги гўзалликнинг нимаси биландир таниш ва айни пайтда нотаниш кўринишини илғаб олишга қаратилган; ҳар гал у шу расмга тикилганида ана шу ички фаолиятга асосланган жараённи қайта бошдан кечиради. Унинг расмга муносабати эстетик муносабатдир. Шундай қилиб, сотувчи қўлига тушган маблағдан қониқиш ҳосил қилса, расм ихлосманди тасвирланган манзара гўзаллигидан, қалбида уйғонган ҳиссиётдан, олисларга «бориб келган» хаёлотидан, ҳатто тасаввуридаги, шу тасаввур «турткиси» туфайли пайдо бўлган хаёлий манзарадан завқланади. Ёки Кўкалдош мадрасаси ёнидан ишга кечикишдан ҳавотирланиб шошилинч ўтиб бораётган хизматчини олайлик. У маҳобатли эстетик объектнинг улуғворлигини ҳис этмайди, бу ёдгорликка нисбатан унда эстетик муносабат юзага келмайди, чунки вақт ва кундалик ташвишлар исканжасида юқоридаги сотувчига ўхшаб эстетик жараённи бошидан кечиришга тайёр эмас. Шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ, айтилганларидан эстетик муносабат фақат субъектга боғлиқ, ҳамма нарсани субъект ҳал қилар экан, деган хулоса чиқмаслиги керак. Тўғри, эстетик муносабат индивидуал ҳодиса, унда кўп нарса субъектга боғлиқ лекин ҳаммаси эмас, чунки объект гўзаллиги, улуғворлиги, рангинлиги ва ҳоказо эстетик кўринишлари билан муайян шарт-шароитда ўзига нисбатан эстетик муносабат уйғотиш хусусиятига эга. Зеро эстетик объектсиз субъект эстетик жараённи бошидан кечира олмайди, яъни эстетик муносабатнинг фақат бир томонлама рўй бериши мумкин эмас. Бу ўринда объект – эстетик «қўзғатувчи», субъект – «қўзғалувчи» ролини ўйнайди. «Қўзғатувчи» эстетик кўриниши билан таъсир кўрсатса, «қўзғалувчи» моҳияти билан таъсирни қабул қилади, идрок этади. Бу идрок этиш объектни ўз тасаввурида янгитдан яратиш билан якунланади; эстетик жараённинг қолаверса, бутун бошли, эстетик муносабатнинг ижодийлиги ҳам ана шунда. Демак, икки томоннинг бири (объект) – ёқимли ёки ҳайратга соладиган шакл ва мазмунни ўзида ифодалайдиган эстетик кўриниши туфайли, иккинчиси (субъект) – ўша кўринишининг идрок этилишини таъминловчи ҳиссий ва интеллектуал мурватларини ўзида мужассам этганлиги билан эстетик муносабатни вужудга келтиради. Бу муносабат эса, юқорида айтганимиздек, субъект ва объект ўртасидаги ўзаро алоқани ташкил этган эстетик жараённинг нисбатан тугалланган шакли сифатида намоён бўлади. Ана шу эстетик жараён рўй берадиган майдон нафосат деб аталади. Download 126.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling