1 мавзу. Эстетиканинг предмети, тадқиқот доираси, аҳамияти ва вазифалари


-мавзу Ижодкор, бадиий ижод жараёни ва бадиий асар тузилмаси


Download 0.58 Mb.
bet27/37
Sana13.04.2023
Hajmi0.58 Mb.
#1355202
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   37
Bog'liq
нафосат фалсафаси

8-мавзу Ижодкор, бадиий ижод жараёни ва бадиий асар тузилмаси.


  1. Ижод жараёнида билим ва эҳтироснинг, онгланганлик ва онгланмаганликнинг уйғунлашиб кетиши.

  2. Санъаткор шахсининг фавқулоддалик хусусияти; бадиий қобилият, истеъдод ва даҳо

  3. Бадиий асарда шакл ва мазмуннинг ўзаро муносабатлари

  4. Бадиий асарни эстетик идрок этишнинг ҳиссий ва ақлий асослари. Эстетик идрок этиш маданиятини равнақ топтириш муаммолари.

Санъаткор бадиий ижоднинг муайян тури билан шуғулланувчи, яъни бадиий асар яратувчи ижодкор. У ўз моҳиятини бадиий ижод жараёни ва унинг самараси бўлмиш бадиий асарда намоён этади. Шу боис санъаткор, ижод жараёни ва бадиий асар – бир жиҳатдан ботинан ўзаро боғланган, бир-биридан ажратиб бўлмайдиган яхлитлик. Иккинчи жиҳатидан, зоҳиран қараганда санъаткор – инсон, ижод жараёни – меҳнат, бадиий асар – ижодий меҳнат маҳсули, нисбатан аниқ тасаввур қилинадиган уч ҳодиса, булар ҳам ўзаро боғланган, лекин мазкур боғлиқлик яхлитлик ҳам эмас, сирли ҳам эмас, муайян маънода ҳаммага кўриниб турган нарса. Ижодкор, ижод жараёни ва бадиий асарнинг боғлиқлигини биринчи нуқтаи назардан эстетика фани ўрганади. Иккинчи нуқтаи назардан, уни белгиланган идоралар, иқтисодий воқеликнинг, меҳнат турининг намоён бўлиш шакли сифатида молиявий ҳисоб-китоб воситасида – маош, қалам ҳақи, мукофотлар кўринишидаги пул бирлиги билан баҳолайдилар. Эстетика, уни ўрганар экан, ёлғиз ўзи барча муаммоларни ҳал этиш даъвосини қилмайди, аксинча, фалсафа, руҳшунослик, социология, дин ва мафкурани ёрдамга чақиради.


1. Ижодкор.Ҳар жиҳатдан етук, гўзал санъат асарини илк бора кўрганимизда, эшитганимизда ёки ўқиганимизда: “Зўр! Ноёб ҳодиса!” деймиз. Дарҳақиқат, ноёб асар – ноёб ҳодиса. Айнан ҳодиса: У ижодкор деб аталган ноёб моҳиятнинг ҳодисаси. “Шоир бўлиш учун шоир бўлиб туғилиш керак”, деган қадимий ҳикмат бор. У барча санъаткорларга тааллуқли: бастакор бўлиш учун бастакор бўлиб туғилиш керак, актёр бўлиш учун актёр бўлиб туғилиш керак в.ҳ. Демак, санъаткорлик туғма хусусият, ҳар бир санъаткор ўз замони учун алоҳида ноёб воқеликдир. Унга берилган истеъдод эса – илоҳий инъом. Ёвузлик салтанати деб аталган шўролар тузуми ижодкорнинг илоҳий, ғайритабиий хусусиятларга эгалигини инкор этган ҳолда, уни ҳамма қатори «совет кишиси» ҳисоблар ва кўпроқ у яратган асар ҳақида фикр юритишни талаб қилар эди. Бу ҳақда асосан ўша даврда яшаб, ижод этган улкан ўзбек адиби Асқад Мухтор шундай деган эди: «Бизнинг даҳшатли цивилизациямиздан ташқари ҳамма замонларда шоир ва шеърий сўзнинг нечукдир ғайритабиий бир илоҳий куч билан боғлиқлигини тан олганлар»1.
Шундай қилиб, ижодкор “ҳамма қатори” эмас, истисноли шахс. Хўш, унинг нимаси истисноли? Бу саволга ҳеч ким тўлиқ жавоб бера олган эмас. Табиийки, бизнинг жавобимиз, яъни мулоҳазаларимиз, фикрларимиз ва хулосалармиз ҳам нисбий, улкан муаммонинг кичкина бир томонинигина ёритиши мумкин, холос.
Аввало шуни айтиш керакки, санъаткор шахси ўзига хос, алоҳида руҳий тип. Уни ўрганиш – эстетика ва руҳшуносликнинг йирик муаммоларидан бири. У ижод қилаётган пайтида қандайдир норационал, ақл воситасида тушуниб бўлмайдиган ҳолатга, ўзини ўзи эмас, бошқа нимадир бошқарадиган жараёнга киради, ўзини замон ва маконнинг ҳукмдоридек ҳис этади. Бу ҳолатни зикрга берилган дарвешнинг “ҳол” мақомигагина ўхшатиш мумкин. Уни одатда илҳом деб аташади. Ана шу пайтда санъаткор одамликдан, малак сийратли ғаройиб жонзотга айланади, Афлотун айтганидек, илоҳийлик билан боғланади, илоҳий вақт доирасига тушади. Натижада унинг асарида бўлган ва бўлаётган воқеалар билан бирга бўладиган воқеликлар ҳам ўз аксини топади. Фирдавсий “Шоҳнома”да Жамшидга жаҳон воқеаларини кўрсатадиган кўзгу (телеэкран) тутқазади, Алексей Толстойнинг инженер Гарини “ўзидан” салкам ярим аср кейин кашф этиладиган лазер қуролини ясайди, Жюль Верн ўзи кўрмаган мамлакатлар табиатини ўша мамлакатлар ёзувчилари ва олимларидан аниқроқ тасвирлаб беради в.ҳ.
Ижодкор шахсининг руҳий тип сифатидаги мураккаблиги шундаки, унда бир эмас, икки Мен яшайди. Биринчиси, ташқаридан қараганда кўзга ташланадиган, сиз билан бизнинг орамизда юрадиган, жамият қонун-қоидалари, миллий урф-одатлар оилавий ёки касбий шарт-шароитлар мезонлари билан, тўлиқ бўлмаса-да, маълум маънода ўлчанадиган ва баҳоланадиган Мен. Иккинчиси – ҳеч қайси қонун-қоидани тан олмайдиган ички – ботиний Мен, уни юқоридаги мезонлар билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди. Биринчи Мен ҳамма одамларга хос. Иккинчи Мен эса фақат ижодкорда мавжуд бўлади. У кўзга ташланмаган, лекин ҳис этилган ҳолда санъаткорнинг моҳиятини ташкил қилади. Юқорида кўриб ўтганимиз Карл Юнгнинг санъаткорни тупроққа, унинг асарини гулга ўхшатганини эслайлик. Биз гулда тупроқнинг шаклини ҳам, тузилишини ҳам кўрмаймиз. Бу ўринда Юнг санъаткор билан санъат асарини айнанлаштириш керак эмас, демоқчи. Лекин кўзимиз илғай олмайдиган жараёнлар натижасида тупроқ уруққа, ҳозиргача ҳеч қайси биолог очиб беролмаган ўз хоссаларини ўтказади, шулар туфайли уруғ кўкаради, озиқланади, вегетация даврини бошдан кечиради ва гуллайди. Яъни гул ва унинг ранглари, шакли бизга мустақил бўлиб кўринса-да, аслида улар биз кўролмайдиган тупроқ моҳиятининг ўзига хос намоён бўлишидир. Санъаткорнинг иккинчи Менини худди ана шу тупроққа қиёслаш мумкин, ташқи оламга бўйсунмайдиган, ўжар ва ҳукмрон ўша Мен унинг моҳиятини ташкил этади, асарнинг дунёга келишини асосан ўша Мен таъминлайди. Санъаткордаги биринчи ва иккинчи Мен курашида иккинчиси доимо ғолиб чиқади. Бироқ бу курашга ташқаридан дейлик, жамият, замон, сиёсий тузум томонидан аралашув рўй бериб, биринчи Мен ғолиб бўлса, у ҳолда вужудга келган бадиий асар ҳеч қачон санъат намунасига айланмайди. Мазкур аралашув, шубҳасиз, ижодкорнинг “ихтиёри” билан амалга ошади. Лекин бу ихтиёр ҳеч қачон эркин бўлолмайди; унда қўрқув, ҳадик, илинж, ружу сингари салбий ҳиссиётлар талаб даражасига кўтарилиб, эркинликни ихтиёрдан ажратиб ташлайдилар. Натижада эркинликдан маҳрум бўлган ихтиёр, яъни мажбурият остида яратилган асар муаллифни ҳам, идрок этувчини ҳам қониқтирмайди, ҳаққонийликдан йироқ, сохталик намунасига айланади.
Бадиий қобилиятга эга ижодкор мазмунни тегишли шаклга сола билади, бадиий усуллардан – мажозийликнинг кўпгина кўринишларида ўринли фойдалана олади, асар тузилмасининг етарли даражадаги пухталигини таъминлайди, ўз замонасининг муҳим муаммоларини бадиий қиёфалар орқали ўртага ташлайди, замон, тузум нимани талаб қилса, лаббай деб жавоб беради. У яратган асар дастлаб шов-шувга ҳам сабаб бўлиши, ўн-ўн беш, ҳатто ўттиз-қирқ йил “умр кечириши” мумкин. Бироқ кейин у тарихга айланади. Масалан, Иброҳим Раҳимнинг “Ҳилола” қиссаси ўз вақтида шов-шув қозонди, бир неча бор нашр қилинди, лекин у ҳозир мутахассислардан бошқа деярли ҳеч кимни қизиқтирмайди. Чунки у ўз замонаси билан бирга яшаб, ўша замон билан бирга жамиятдан ортда қолиб кетди. Ижодкорлар ичида ана шундай бадиий қобилият эгалари кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг асосий хусусияти ёмон ҳам, яхши ҳам деб бўлмайдиган, ўрта-миёна асар яратишга қобиллиги, ўз жамиятининг ўртача эстетик эҳтиёжини қондиришга тез мослаша олиши билан белгиланади.
Даражалар пиллапоясидаги иккинчи ўринда истеъдод эгалари туради. Улар ижодкорлар орасида озчилик бўлганлари ҳолда, ўз даври санъатининг асосий йўналишини белгилаб берадилар. Улар бир-биридан ўзига хослиги билан кескин ажралиб туради: истеъдодли ижодкор доимо ўз тилига, ўз услубига, ўз овозига эга бўлади, у яратган асар ўз замонаси учун ҳам, кейинги даврлар учун ҳам эскирмайди. Масалан, Шуҳрат Аббосовнинг “Маҳаллада дув-дув гап” филмини олиб кўрайлик. Унда кўтарилган муаммолар, қаҳрамонларнинг яшаш тарзи, “совет воқелиги” эскирган. Лекин ундаги умуминсоний ахлоқий-эстетик ғоялар сифатида инсоний муносабатларнинг ўртага ташланганлиги, монтаждаги янгиликлар, режиссёрнинг юксак маҳорати, актёрлар ижросининг табиийлиги, асар муаллифларининг “мафкуравий ҳудуд”ни ёриб чиқа олганликлари, том маънодаги халқчиликка эриша олганликлари биз учун доимо янги. Биз унда ҳар гал “эскирмайдиган эскиликни”, “бугуннинг умри билан яшаётган кечмишни”, кечаги оналаримиз, акаларимиз ва опаларимизнинг жонли қиёфаларини кўрамиз, қадриятларимиз улуғланган, эстетик қадриятга айланган бадиий асар билан учрашамиз.
Энг юксак даражадаги санъаткорни биз даҳо деб атаймиз. Даҳо санъаткорлар камдан-кам учрайди. Даҳоларни замондан юксак қўйишади, зеро бутун бошли тарихий даврдан кўра бир шахс инсоният учун қимматлироқ бўлиши, кўпроқ фойда етказиши мумкин. Лекин унинг дунёга келиши замондан ташқарида рўй бермайди, аксинча биз тушуниб етолмайдиган қонуниятлар асосида улар даврнинг истаги билан пайдо бўладилар. Давр – даҳо учун уруғ вазифасини ўтайди, шу уруғдангина мангу ям-яшил улкан дарахт ўсиб чиқади, дарахт юксалади, давр эса қуйида қолади.
Албатта, даҳо санъаткор кўринишидан бошқалардан унчалик фарқ қилмайди. Лекин у ўзга бир олам. Биз оламни ўрганиб, тагига етолмаганимиздек, даҳоларни ҳам ҳеч қачон тўлиқ тушуниб, тўлиқ талқин қилолмаймиз. Даҳо, у – Ҳомерми, Дантеми, Навоийми, Шекспирми, Моцартми, Рафаэлми, Гётеми, Пушкинми, Бетховенми, Чайковскийми – инсоният ҳамма даврларда ўзини кўриш учун мурожаат қиладиган абадий кўзгудир.

Download 0.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   37




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling