181-модда. Хўжалик юритиш ва оператив бошқариш ҳуқуқларининг вужудга келиши ва бекор бўлиши
Мулкдорнинг қарори билан унитар корхонага ёки муассасага бириктириб қўйилган мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи ушбу корхона ёки муассасада унга мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади, башарти қонун ҳужжатларида ёки мулкдорнинг қарори билан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса.
Хўжалик юритишида ёки оператив бошқаришида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар, шунингдек унитар корхона ёки муассаса шартнома бўйича ёхуд бошқа асосларда вужудга келган мол-мулк ҳам ушбу Кодексда, бошқа қонун ҳужжатларида мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун белгилаб қўйилган тартибда корхона ёки муассасанинг хўжалик юритишига ёки оператив бошқаришига ўтади.
Мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи мулкдорнинг қарори билан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда бекор қилинади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.08.00.00 Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.02.00 Мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ва унинг бекор бўлиши]
15-БОБ
МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ ВА УНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ
182-модда. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари
Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.
183-модда. Мулкни яратиш ва кўпайтириш
Мулк ҳуқуқи янги мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш натижасида вужудга келиши мумкин.
Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |