77-модда. Лойиҳага доир фаолият бўйича давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили
Лойиҳага доир фаолият бўйича амалга оширилган давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили тегишли ваколатли орган томонидан ўтказилади.
Ўтказилган таҳлил натижалари билан давлат буюртмачисининг раҳбари ёки лойиҳани бошқариш бўйича давлат буюртмачиси томонидан тайинланган вакил имзо қўйган ҳолда танишиб чиқади.
Давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан лойиҳадан кейинги мониторинг лойиҳа бўйича давлат хариди тугалланганидан кейин уч йил ичида тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
11-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш
78-модда. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия
Ваколатли орган томонидан шикоятларни адолатли, тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида доимий равишда фаолият кўрсатадиган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилади, унинг таркиби тегишли давлат органлари, давлат харидлари электрон тизимининг операторлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.
Ваколатли орган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг ишчи органи бўлиб, унинг фаолиятини ташкил этади.
Ҳар бир иштирокчи, шунингдек назоратни амалга ошираётган шахслар давлат буюртмачисининг, харид комиссиясининг, унинг аъзоларининг, давлат харидлари электрон тизими операторининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) иштирокчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган бўлса, суд тартибида ёки ушбу бобда белгиланган тартибда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2018 йил 1 майдаги 180-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги низом. (рўйхат рақами 3013, 14.05.2018.)
Do'stlaringiz bilan baham: |