12-боб. Якунловчи қоидалар
80-модда. Низоларни ҳал этиш
Давлат харидлари соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
81-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахслари ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ва шартнома бўйича ўз зиммасига юклатилган мажбуриятлар лозим даражада бажарилиши учун жавобгар бўлади.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1758-моддаси.
82-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-472-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 220-модда);
2) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрда қабул қилинган «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-586-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 880-модда) 53-моддаси.
83-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
84-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
85-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказиш тўғрисидаги талаб 2022 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 22 апрель,
ЎРҚ-684-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.04.2021 й., 03/21/684/0367-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |