Васийлик ва ҳомийлик. Васийлик ва ҳомийлик органлари.
Васийлик – 14 ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли.
Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади.
Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади.
Ҳомийлик – 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли.
Спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан чеклаб қўйилиши мумкин.
Унга ҳомийлик белгиланади.
Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга.
У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин.
Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.
Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин (“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |