Ғузор этимологиясига доир баъзи мулоҳазалар эрназаров А. (ҚарДУ)
Download 80.5 Kb.
|
38 Эрназаров Азим Қар ДУ докторант
- Bu sahifa navigatsiya:
- Таянч сўзлар.
ҒУЗОР ЭТИМОЛОГИЯСИГА ДОИР БАЪЗИ МУЛОҲАЗАЛАР Эрназаров А. (ҚарДУ) Аннотация. Бухоро амирлиги ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаган Ғузор қадимдан Ўрта Осиё халқлари тарихида, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутибгина қолмай, балки у Буюк Ипак йўлининг ҳам аҳамиятга молик шаҳарларидан бири бўлганлиги, Ғузор этимологияси яъни, Ғузор-ҳувзор (қувзор, хувқув ўсимлиги ўсадиган жой) афғонларнинг қадимги қабиласи номи – хазора этнонимидан ёки араб тилидаги Ғузор (“тоғ этаги” маъносини ҳам англатган) сўзидан келиб чиққан деган фаразларнинг мавжудлиги Ғузор сўзининг Ғузор деб талаффуз қилиниши ҳақиқатга яқинлиги, бу фикр жуда кўплаб қадимги сайёҳлар ва тарихчи олимлар асарларида келтирилганлиги, “Ғузор” атамаси географик ном бўлиб, дарёнинг тор жойи деган маънони англатиши, “Хазр” – “ғилай кўз” маъносини англатишини, Маҳмуд Қошғарий (XI аср) Туркистонда ҳам Ғузор жой номи мавжудлиги, “Хузор турк шаҳарларидан бирининг жой номи” деб ҳам қайд этилгани, Ғузор номи туркий хазар этноними билан боғлиқ бўлиши ҳақиқатга яқинлиги, Хазор қадимги туркий қабила, халқ номи эканлиги ёзма ва тарихий манбалар асосида таҳлил этиб борилган. Таянч сўзлар. Шайбонийлар, Аштархонийлар, Бухоро амирлиги, Ғузор беклиги, юрт, ўлка, Ҳукзор, Ҳузор. Юртимизда ҳукм сурган сулолалар орасида Бухоро амирлиги ўзининг давлат бошқаруви тартиблари, давлатчилик анъаналарининг давом эттирилиши ва ўзига хос хусусиятлари билан алоҳида ўрин тутади. Манғитлар давридаги маъмурий бошқарув тизими Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги давлатчиликнинг вориси бўлиб, XVIII асрнинг биринчи ярмида Бухоро хонлигида кузатилган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт инқирози давлат тепасига янги ҳукмдорларнинг келишига замин яратди. 1753 йилда амир Муҳаммад Раҳим тахтга ўтириб, Бухоро давлатининг сўнгги сулоласи, 1920 йилгача ҳукм сурган манғитлар сулоласига асос солди. Ана шу даврда Бухоро амирлигида Ғузор беклиги ҳам ўзига яраша мавқега эга эди. Ғузор воҳаси географик ўрнига кўра қадимданоқ “Марказий Осиёнинг юраги” бўлмиш Қадимги Бақтрияни бошқа давлатлар билан боғлаб турувчи маданий мулоқотлар ва савдо йўллари устида жойлашган. Бу қадимий йўллардан савдо-сотиқ буюмларигина эмас, балки маданиятлар, тажрибалар, билимлар, диний эътиқодлар ҳам олиб ўтилган. Бу воҳада демографик ва экологик шароитлар етарли эканлиги, сув ресурслари мавжудлиги эса бу ерда жуда қадимданоқ сунъий суғориш тизими шаклланишига ва шу тизимга асосланган қадимги деҳқончилик маданияти қарор топишига замин яратган. Тарихий тараққиёт жараёнида деҳқончилик манзиллари қишлоқларга, савдо йўллари ва сув манбаи устида жойлашган айрим йирик қишлоқлар, воҳаларнинг марказлари бўлмиш катта, кичик шаҳарларга айлана борди. Бу қадимий қишлоқлар, шаҳарлар ва бошқа иншоотларнинг қолдиқлари бизнинг кунларгача турли-туман шакл ва кўринишдаги археологик ёдгорликлар сифатида етиб келган[4:49]. Бухоро амирлиги ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаган Ғузор қадимдан Ўрта Осиё халқлари тарихида, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутибгина қолмай, балки у Буюк Ипак йўлининг ҳам аҳамиятга молик шаҳарларидан бири бўлган. XIX асрнинг иккинчи ярмида бу ҳудуд Ғузор беклиги номи билан юритилиб, катта майдонни ташкил этган. Ҳудудий жиҳатдан беклик шимолда Қарши, жанубда Бойсун, ғарбда Керки, шарқда Чироқчи ва Яккабоғ бекликлари билан чегараланган. Бу ерда этник жиҳатдан асосан ўзбек ва тожиклар яшаб, ўзбек миллати кўпчиликни ташкил этарди. Ғузор беклигида 90 дан ортиқ уруғ ва қабилалар вакиллари истиқомат қилишган. XIX аср бошларида яратилган Амир Ҳайдар хатларида Ғузор беклиги тарихига оид тегишли манбалар ҳам учрайди. Рус муаллифи В.Л.Вяткин асарларида ҳам 1800-1803 йилларга доир маълумотлар мавжуд. Асосан Бухоро тарихига бағишланган асарларда Д.Н.Логофет, И.Л.Яворский, А.М.Макшев, М.А.Терентьев каби сайёҳ ва тарихчиларнинг асарларида Ғузор беклиги тарихига оид бўлган маълумотлар келтириб ўтилган. Ғузорда тарихини ўрганиш жараёнида В.В.Бартольд, И.А.Яворский, Д.Н.Логофет каби рус олимлари ўз тадқиқотлари давомида бу ерда яшовчи халқлар тарихини бирмунча тўлароқ очиб беришга ҳаракат қилинган, рус генерали Л.Е.Костенко томонидан яратилган асарларда ўлкада ҳарбий аҳвол даражаси, унинг ўша давридаги аҳволи, ҳарбий истеҳкомлар ва аҳоли яшаш жойлари номлари кўрсатиб ўтилган. Ғузор этимологиясининг келиб чиқиши ва тарихи кўпчиликни қизиқтириши табиий. Унинг келиб чиқиши ва мазмуни ҳақида ёзма манбаларда аниқ маълумот деярли учрамайди. Бироқ бир қанча фараз ва тахминлар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ғузор қадимда карвонлар тўхтаб ўтадиган жойда жойлашгани учун, маҳаллий халқ тилида “гузар” деб юритилган, бинобарин, шу сўздан олинган, дейилади. Илмий нуқтаи назардан эса, ҳозирги бурят, мўғул тилларида гузар – ер, тупроқ, ер юзи; ёзма мўғул тилида - гадзар, халха тилида гадзар – юрт, ўлка, мамлакат маъносини англатган[1:81-82]. 1878 йилда Ғузор шаҳрида бўлган рус офицери И.А.Яворскийнинг ёзишича, Ғузорнинг жанубий томони қадимда қалин тўқайзор бўлиб, унда ёввойи ҳайвонлар, айниқса, ҳук (ёввойи чўчқа) кўп бўлгани учун бу жойларнинг номи ҳукзор деб юритилган. Ҳукзор сўзи асрлар оша “Ҳузор” шаклида талаффуз қилинадиган бўлган[2:3]. И.А.Яворский, шунингдек, қадимги Ғузор шаҳри атрофи тўқай ва қалин дарахтзор билан ўралгани, ҳайвонот дунёси ранг-баранг бўлгани ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Ғузор номи қадимий ёзма ёдгорликларда ва манбаларда “Ғузор” шаклида учрайди. Ғузор топонимининг ўзаги қадимий турк тилига тегишли бирон географик термин ҳам бўлиши мумкин. Чунки, ат-Табарийнинг ёзишича, араб истилоси даврида Ғузор туркий қалъалар ичида энг мустаҳкамларидан бири бўлган. Шунинг учун бўлса керак, бу ном ўзагига дахлдор сўз ўзбек тилида учрамайди. Бундан ташқари, Ғузор-ҳувзор (қувзор, хувқув ўсимлиги ўсадиган жой) афғонларнинг қадимги қабиласи номи - хазора этнонимидан ёки араб тилидаги Ғузор (“тоғ этаги” маъносини ҳам англатган) сўзидан келиб чиққан, деб ҳам ҳисобланади. “Ғузор” сўзининг “Ғузор” деб талаффуз қилиниши ҳақиқатга яқин. Бу фикр жуда кўплаб қадимги сайёҳлар ва тарихчи олимлар асарларида келтирилган. “Табарий тарихи”, Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома”, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома”, Мирмуҳаммад Амин Бухорийнинг “ Убайдулланома” асарларида Ғузор Ғузор қалъаси сингари жой номи билан, кейинчалик эса Ғузор беклиги номи билан учрайди. XIX асрнинг иккинчи ярмигача, Чор Россияси Бухоро хонлигига кириб келгунига қадар, Ғузор манбаларда “Хузор” деб юритилган. Рус тарихчи олими В.Л.Вяткин ёзишича, “Ғузор” сўзи асосан “Хузор” деб юритилган бўлиб, руслар томонидан бу сўз бузиб талаффуз қилиниши натижасида “Гузар” деб аталган. Чор Россияси истилосидан кейин шу шакл рус тарихий ҳужжатларига ҳам ўтган. Ўзбек имлосида эса “Ғузор” номини олган. Ғузор тўраси Акрамхон аҳолига жуда зулм ўтказган, халқнинг мол-мулкини талаб, болаларини аскарликка олиб, сабр косаларини тоширганлиги[3:117] ҳақида маълумотлар мавжуд. Бунда Хузор сўзи ўрнида Ғузор сўзи ишлатилган. Шу туфайли узоқ тарихий даврлардан бошлаб қўлланиб келган Хузор сўзи XIX аср охири - ХХ аср бошларида русларнинг талаффузи натижасида Ғузор шаклини олиб, ҳозирга қадар барча ёзма ва расмий маълумотларда шундай деб юритиладиган бўлди. М.Е.Массон Ғузор тарихини яхши билган қариялар билан суҳбатлашиб ҳамда халқ орасидаги ривоятларга таяниб, археологик қазишмалар ўтказган. Тадқиқот натижаларига кўра, қадимги Ғузор шаҳрининг ўрни ҳозирги Ғузор тумани марказидан жануброқдаги Мартепа (ривоятларда айтилишича, Мор- аждар, яъни катта) бўлган. Шаҳар дарёнинг чап қирғоғида жойлашган. Ҳақиқатан ҳам, археологик ва оғзаки маълумотлар шаҳарнинг Бақтрия томонидан катта дарвозаси бўлиб, у “Темир дарвоза” деб аталганини тасдиқлади. Араблар босқини натижасида шаҳар забт этилиб, вайрон қилинган. Бу воқеадан сўнг аҳоли дарёнинг ўнг қирғоғига кўчган. Археологик маълумотларга қараганда, ўнг қирғоқдаги қалъа ҳам батамом вайрон бўлган. Шаҳар ҳудуди 12 гектар майдонни ташкил қилган. Ғузор шаҳрининг пайдо бўлиши тўғрисида ривоятлар ҳам мавжуд. Шундай ривоятлардан бирига кўра, Ғузор шаҳрига афсонавий шоҳ Афросиёб томонидан асос солинган. Турк хоқонлиги даврида ҳам Ғузор вилояти ўзига хос мавқега эга бўлган. Ат-Табарий деҳқонни гоҳ малик, турк малики деб аталган. Ат-Табарий, шунингдек, Ғузор (ҳозирги Ғузор) ҳукмдорини “Ғузор малики”, “Ғузор деҳқони”[5:87] деб атайди. Ғузор деҳқони бу вақтда Субуғро исмли туркий бўлган. Манбашунос олим Ш.С.Камолиддиновнинг фикрича, Ғузордан уч-тўрт километр жануброқда жойлашган Мардтепа номли тепалик ўрнида кучли мудофааланган қалъа бўлиб, подшоҳ Сабуқра мана шу қалъада турган. Араблар истилосигача бу қалъа Ғузор вилоятининг пойтахти бўлган. Қалъани қамал қилган араб босқинчилари уни олишга ожизлик қилишган ва ҳийла ишлатиб, сулҳ тузишга эришганлар ва шу йўл билан уни эгаллаганлар, кейин эса, уни бузиб ташлаганлар. XI асрнинг буюк тилшуноси Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк” асарида Ғузор шаҳрини тилга олиб ўтади. У, жумладан, “Ғузор” -турк шаҳарларидан бир жой исми”[6:389] деб кўрсатади. Маҳмуд Кошғарий Ғузор ҳақида гапирганида Турк хоқонлиги даврида асос солинган шаҳар хусусида сўзлаётган бўлиши керак. Шундай экан, Ғузорнинг тарихи Турк хоқонлигининг шу теварак-атрофдаги жойлар учун асосий ҳисобланган шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлиши мумкин. С.Б.Лунина бу ҳудудда олиб борган тадқиқотларига асосланиб, Субах ўрни - Улуқтепа, деб ҳисоблайди. Субахда топилган кулолчилик ашёлари XI асрга оид бўлиб, ундан олдинги даврларга тааллуқли сопол буюмлар қўлга киритилмаган. Т.Нафасов ҳозирги Ғузор яқинидаги Эскибоғни шарҳ қилганида, Искифагнга тўхталиб ўтган. У жумладан қуйидагича изоҳ беради: “Эскибоғ - Ғузор шаҳри ёнидаги қишлоқ. Ас-Самъоний, Ёқут асарларида Искифагн (Искифаган). У Субах (ҳозирги Ғузор) шаҳридан бир фарсах узоқликда бўлган. В.В.Бартольд эса ҳозирги Эскибоғ қишлоғи бўлса керак, дейди. X-XIII асрлар Мовароуннаҳр топонимиясидаги фагн (фаган) сўғдча вагн, қадимги эроний багина (ибодатхона) сўзига дахлдор. Аскифагн – баланд (юксак) ибодатхона. Аскифагн Аскифаг Эскибоғ - баланд (катта) ибодатхона. Субах (Ғузор)нинг ёзлик қароргоҳи, чорбоғи”[7:222]. Т.Нафасов Искифагнни Субахнинг ёзлик қароргоҳи, чорбоғи сифатида таърифлайди. Искифагн Сўғд шаҳарларидан бўлган. “Субах” атамаси туркчами ёки сўғдчами, аниқ бир маълумот йўқ. Маҳаллий аҳоли уни “Супа” деб талаффуз қилади. Мабодо, шундай бўлса, (яъни, ёзма манбаларда Супанинг Субах шаклида кириши кўзда тутилаётир), супа ҳам баланд, қўлда бунёд этилган ўтириш жойини англатади. Ғузор сўзининг талқини, таассуфки, ҳамон ишлаб чиқилмаган. Турк хоқонлиги ҳукм сурган VII-VIII асрларда туркийларнинг асосий эътибори Ўрта ва Юқори Қашқадарё водийларига қаратилган. суғориш қулай, серҳосил тоғолди ерларда улар қасрлар, қалъалар солган. Чечактепа, Ғузор теварак атрофида пайдо бўлган манзиллар туркийлар билан алоқадор эди[8:221]. Ибн Ҳавқал Кеш вилоятининг 16 рустоқи ҳақида маълумот бериб ўтган. Кеш Миён, Руд, Баландарон, Расмойн, Кешк, Ару, Бузмажон, Сиём (ёки Санам), Арғон, Жож Руд, Ғузор Руд, Ғузор Суруда, Сангардак (ички), Сангардак (ташқи) Маймурғ. “Руд” сўзи умуман “дарё” маъносини билдирган. Ғузордарё қадимда “Ғузор-руд” деб аталган[9:124]. Кеш вилояти қасабалари саналганда, уларнинг жойлашиш ўрни ҳисобга олинмаган. Ғузор ўрта асрларда Кеш таркибида бўлган, бундан ташқари, Чағониён (Сағониён) шаҳарларидан ҳисобланувчи Сангардак ҳам Кеш қабалари қаторига кирган. Кеш Руд ва Сиём қабалари Қашқадарёнинг юқори қисмида жойлашган эди, Миён Кеш шаҳар ва унинг теварак-атрофи ҳудудий бирлашмасининг номи бўлса керак[10:135]. “Ғузор” атамаси географик ном бўлиб, дарёнинг тор жойи деган маънони англатади[11:9]. Ва буни Ёқут (туғ. йили 1179) ҳам тасдиқлайди. “Хазр” – ғилай кўз” маъносини англатади. Маҳмуд Қошғарий (ХI аср) Туркистонда ҳам Ғузор жой номи мавжудлигини таъкидлаган. Шунингдек буюк тилшунос олим “Хузор турк шаҳарларидан бирининг жой номи” деб ҳам қайд этган, эди[6:389]. Т. Нафасовнинг ёзишича, қадимги туркий тош битикларда Хузор (Ғузор) Хазор тарзида битилган бўлиб, қайси тилга мансублиги ноаниқ. Бу ном Хузор (Ғузор) тарзида V-VII асрлар қадимги туркий ёдномаларда битилган ва туркий халқлар яшайдиган энг чекка ҳудуддаги шаҳар номи сифатида манбаларда келтирилган. Ғузор номи туркий хазар этноними билан боғлиқ бўлиши ҳақиқатга яқиндир. Хазор қадимги туркий қабила, халқ номи. У қабила иттифоқи Афғонистон ҳудудида яшаган. Каспий денгизи ҳам Хазор денгизи номи билан аталган. Қадимги туркий қабила, халқ номидан Ғузор номи яратилган[12:409]. Тожикистоннинг Вахш дарёси яқинида ҳам Ғузор географик атамасидан келиб чиққан жой мавжуд. Демак Ғузор (Хузор) сўзининг талқини ҳамон тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Фойдаланилган адабиётлар 1. Т.Нафасов. Қашқадарё область топонимлари. Дисс. Т., 1968. 81-82-бет. 2. И.Л.Яворский. Путешествие русского посольства по Афганистану и Бухарскому ханству в 1878-1879 гг. СПб, 1882. С.3. 3. Абдурауф Фитрат. Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври. Т.: 1992. Б.117. 4. Иброҳим Чашмали. Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 2005 йил археология қазув ишлари.//Археология ва санъат. №123 сон. Истанбул, 2006. 49-бет. 5. История ат-Табари. Т: 1987. С. 87. 6. Maҳмуд Қошғарий Девони луғатит турк. (“Tуркий сўзлар луғати”) 1-тoм. T., 1960. Б. 389. 7. Нафасов Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т., 1988. 222-бет. 8. Поён Равшанов. Қашқадарё тарихи. Т.: 1995. 221-бет. 9. Бартольд В.В. К истории орошения Туркестана. Петербург: 1914. С. 124. 10. Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия. Т. II, 2-часть. С.Петербург: 1900. С. 135. 11. Нaсaфoв T. Ўзбек топонимларининг изоҳли луғатиi. T., 1998. Б. 9. 12. Нaфaсoв T. Қишлоқнома T., 2009. Б. 409. Download 80.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling