Глобал муаммолар
Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти – истиқболлар
Download 43.88 Kb.
|
ГЛОБАЛ МУАММОЛАР
Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти – истиқболларФикримча, Афғонистон, Озарбайжон, 5 та Марказий Осиё республикаси, Туркия, Покистон ва Эронни бирлаштирадиган Иқтисодий ҳамжамият ташкилоти (ИҲТ) регионализмининг шундай шаклидир. Илгари Ўзбекистоннинг биринчи президенти ташкилотни фаолияти ҳаддан зиёд сиёсийлашиб кетганликда ва бу иқтисодий ҳамкорликка зарар келтираётганида айблаган эди. Бундай хавотирларга ташкилотнинг асосчиларидан бири бўлган мамлакат – Эрондан диний мутаассиблик тарқалиши муаммоси сабаб бўлган эди. Бироқ орадан ўтган ўн йилликлар бу қабилдаги хавотирлар асоссиз эканини кўрсатди – Марказий Осиёдаги ҳеч бир террорчилик амали шиа динига мансуб Эрон фаолияти билан боғлиқ бўлмади. Бундан ташқари, кўплаб тадқиқотлардан маълум бўлишича, Эрон ҳам аста-секин мўътадил исломга ўтиш йўлида ислоҳотлар ўтказмоқда ва ўзи ҳам халқаро терроризмга қарши курашмоқда. Бутунги кунда ИҲТ ишини фаоллаштириш кўплаб минтақавий мақсадларга мос келади: – ИҲТга аъзо мамлакатларни қамраб олувчи 7 миллион км2 лик ҳудудда 400 миллион киши истиқомат қилади ва бу улкан демографик, иқтисодий ва илмий-таълимий салоҳият мавжудлигини кўрсатади. – ИҲТ ҳар қандай минтақавий тузилмадан фарқли ўлароқ, Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан чин маънода манфаатдор. ИҲТга аъзо мамлакатлар жойлашуви, диаспоралар мавжудлиги ва қўшнилигидан келиб чиқиб, Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси муаммоларидан яхши хабардор ва айни ҳол улар Афғонистонни ўзгартириш жараёнида жуда керакли эканини англатади. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг 3 та мамлакати: Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ва яна 2 та мамлакат: Эрон билан Покистоннинг Афғонистон билан бевосита чегараси бор. Бошқа мамлакатларнинг тараққиёти кўп жиҳатдан минтақадаги сиёсий ва иқтисодий вазиятга боғлиқ – улар минтақадаги транспорт, коммуникация ва энергетика тизимининг шаклланиш жараёнида фаол қатнашмоқда. – Айни пайтда ислом мутаассиблиги муаммоси фақат Афғонистон ва Покистондаги радикал оқимлар билангина боғлиқ экани аён. Бироқ ушбу мамлакатларда дунёвий ёки мўътадил фикрлайдиган кишилар ва ғарблашган элита – аъёнлар сони ортиб бораётганини ҳам ҳисобга олиш керак – бу ҳол уларнинг мўътадиллик сари ўзгариб бораётганидан далолат беради. Бошқа тарафдан, Туркия бошчилигидаги ташкилотга аъзо дунёвий мамлакатлар ва Эрондаги мўътадил ислом намунаси Афғонистон ва Покистон учун мўътадиллик ва дунёвийлик сари олға силжишнинг ҳақиқий драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилиши мумкин. – ИҲТнинг ҳозирги кундаги мақсадлари аниқ, прагматик ва шаффофдир, улар савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, минтақалар ўртасидаги савдони ривожлантириш ва ИҲТга аъзо мамлакатлар товарларини глобал бозорларга олиб чиқишга йўналтирилган. Маданий ва тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятга эга. – Аъзо мамлакатлар ўз фаолиятида умумий диний қадриятларга таянади, бу умумий мулоқот тилини яратишда ёрдам беради, сиёсий маданиятларни ўзаро яқинлаштиради ҳамда тушунмовчилик ва давлатларо можаролар даражасини камайтиради. – Умуман олганда, ИҲТнинг консолидацияси (жипслашуви) минтақадаги қолган фаол акторлар (халқаро ёки минтақавий ташкилотлар, давлатлар) манфаатларига зид келмайди, бундан фақат АҚШ – Эрон муносабатлари мустасно. Қолган акторлар ИҲТга аъзо мамлакатлар билан шусиз ҳам икки томонлама ёки кўп томонлама асосда (МО5+1, ШҲТ, ЕОИИ, Туркий мамлакатлар кенгаши) ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, Американинг ЯИЙ стратегияси ва Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” (БИБЙ) ташаббуси регионализмни рад этмайди, аксинча, ривожланишни назарда тутади ва бу минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни енгиллаштиради. Россия эса ЕОИИга аъзо айрим мамлакатларнинг ИҲТга ҳам аъзолигини тан олишга мажбур, назаримда, расмий Москва минтақавий мақсад ва вазифалари ўхшаш бўлган ҳар қандай минтақавий ташкилот билан ҳамкорлик қилишга тайёр. – ИҲТнинг ривожланиши Американинг Афғонистондаги стратегияси ва Эрон – АҚШ мулоқоти қай тарзда олға силжишига қарамай, минтақанинг замонавий геосиёсий муаммоларига жавоби сифатида рўй бериши мумкин. Бироқ АҚШ янги маъмуриятининг Эронга нисбатан сиёсати ўзгарадиган бўлса, ИҲТнинг Ғарб мамлакатлари билан умумий лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлиги йўлга қўйилиши ҳам мумкин. – Шу билан бирга, ИҲТга аъзо мамлакатларнинг аксарияти минтақадаги йирик давлат Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва улар режалаштирилаётган транспорт ва энергетика коридорлари билан боғлиқ Чобаҳор ҳинд-эрон лойиҳаси амалга оширилишидан манфаатдор. Шундай қилиб, биз минтақада қалин ҳамкорлик ҳамда глобализм ва регионализм ўзаро чатишиб кетганига шоҳид бўляпмиз. Турли давлатлараро тузилмалар – ШҲТ, ЕОИИ, ИҲТ, БМБЙ, МО+1, Туркий мамлакатлар кенгаши ва ҳк. – манфаатларининг чаппароста бирикуви ва ўзаро таъсирлашуви уларнинг эҳтимол тутилган рақобатини юмшатади ҳамда куч ва манфаатлар мувозанатига риоя қилиш учун платформа яратади. Айни чоқда глобал давлатларнинг минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги иштироки даражасини минтақанинг ўзи манфаатлар мувозанатига риоя қилиш асосида тартибга солади – ҳозир ҳам бу нарса юз бермоқда. Афтидан, вақт хавфсизлик ва тараққиёт талабларига энг кўп жавоб берадиган регионализм шаклини кучайтиради. Юқорида баён қилинган фикрлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай талабларга ҳаммадан кўра ИҲТ кўпроқ жавоб беради, унга аъзо мамлакатларни ўтмишда ягона бўлган жуғрофий макон доирасидаги умумий тарихий, маданий ва цивилизацион мерос бирлаштириб туради. Модомики шундай экан, бемалол минтақавий муаммоларни бартараф этиш тажрибаси мавжуд, деб айтсак бўлади. Download 43.88 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling