Гулистон давлат университети а. Бурханов, К. Рахматов минтақавий иқтисодиёт
Ишлаб чиқаришни концентрациялаштириш
Download 5.55 Mb.
|
Минтақавий иқтисодиёт ўқув қўлланма Бурханов А 11
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш
Ишлаб чиқаришни концентрациялаштириш— бу маҳсулот тайёрлаш, иш бажариш ёки хизмат кўрсатишни энг йирик корхоналарда тўплаш жараёнидир. Унинг бир неча турлари мавжуд. Улар агрегат, технологик, ташкилий хўжалик ва корхоналарни йириклаштириш шаклларида ифодаланади.
Агрегат шаклида ишлаб чиқаришни концентрациялаштириш дастгоҳларнинг қувватини оширишдир, яъни агрегатларнинг унумдорлигини юқори даражага ҳамда маълум хилдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг умумий қувватида юқори унумдор агрегатлар салмоғини кўпайтиришдир. Бу жараён саноатнинг етакчи, айниқса, электроэнергетика, металлургия, химия, ёқилғи ва қурилиш материаллари тармоқларида сезиларли. Концентрациялаштиришга технологик жиҳатдан ўхшаш ишлаб чиқаришларнинг қувватини ошириш орқали эришиш мумкин. Масалан, металлургияда - чўян, пўлат эритиш, прокат ишлаб чиқариш, тўқимачиликда — йигириш, тўқиш, бўяш, машинасозликда - қуюв, механик ишлов бериш, йиғув жараёнларининг мужассамлашиши. Корхоналарни ва уларнинг таркибидаги цех ва участкаларни йириклаштириш ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг йиллик ҳажмини кўпайтиради, маҳсулот сифатини яхшилайди, меҳнат унумдорлигини оширади. Йирик корхоналарнинг афзалликларига қуйидагилар киради: юқори унумли техника ва иннавацион технологияларни қўллаш ва улардан фойдаланиш имкониятларининг кўплиги; ишлаб чиқариш фондларидан оқилона ва самарали фойдаланиш; ходимлар меҳнат унумдорлигининг юқорилиги; саноатга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширадиган энг янги фантехника ютуқларини, ўзлаштиришга таъсир кўрсатадиган қувватли конструкторлик, технологик ва илмий-тадқиқот лабороториялари, бюроларини ташкил этиш имкониятлар; маҳсулот бирлигига тўғри келадиган асосий ва ёрдамчи хизмат кўрсатиш ҳаражатларининг пастлиги ва ҳ.к. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, озиқ-oвқaт вa бoшқa истeъмoл тoвaрлaри ишлaб чиқaришни кeнгaйтиришни рaғбaтлaнтириш тадбирлари аҳамиятли ўрин тутади. Маҳаллийлаштириш дастури ўз мазмунига кўра республикамиз корхоналарида замонавий талабларга жавоб берувчи, рақобатбардош ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, асоссиз импорт ҳажмини қисқартириш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги иш жойларини яратиш каби мақсадларни намоён этади. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларига 2000 йилдан бошлаб алоҳида эътибор берила бошланган бўлиб, мақсадли дастурлар асосида давлат томонидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Маҳаллийлаштириш фаолияти билан шуғулланаётган реал сектор вакилларига бир қатор имтиёзлар, жумладан, божхона ва солиқ имтиёзлари, банклар томонидан мақсадли кредитлар ажратиб келинмоқда. Аслида эса, мамлакатимизда маҳаллийлаштириш жараёнлари 1996 йилдан Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган «UzDaewoo» автомобиль ишлаб чиқариш заводини, Ўзбекистон бозорида ўзининг муносиб ўрнини топган «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғини мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги ПҚ-2698-сонли «2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи қисм ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан маҳаллийлаштириш дастури тасдиқланган. Ушбу дастур доирасида 2017-2019 йиллар давомида 3,4 млрд. долларлик 1146та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали талаб юқори бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. 2017 йилда 960та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6,5 трлн. сўмга тенг маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш белгиланган. Шу билан бирга, 122 турдаги ўзлаштиришга таклиф этилган маҳсулотлар рўйхати аниқланган. Республикада тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури доирасида 2000 йилдан буён қиймати 5,5 млрд. АҚШ долларидан ортиқроқ 2,8 мингдан зиёд маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилди, илгари импорт бўйича келтирилган 4,8 мингдан зиёдроқ янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада кейинги беш йилда импорт ҳажми 752 миллион долларга, жумладан, 2016 йилда 286 миллион долларга камайди. Бугунги кунга келиб мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг умумий ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улуши 20 фоиздан кўпроқни ташкил этади41. Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиётнинг барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2010-2016 йилларда икки мингга яқин маҳаллийлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида умумий импорт ўрнини босиш самарадорлиги 7 миллиард 500 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди. Сўнгги уч йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига шахта вагонеткалари, вакуум насослар, кўтарма кранлар, ҳар хил турдаги ўтга ва кислотага чидамли материаллар, қурилиш жиҳозлари, сэндвич панеллар, сунъий синтетик газонлар, шиша банкалар, бутилкалар, крахмал, нон маҳсулотлари учун ачитқилар сингари юз турдан ортиқ товарларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши бутунлай тўхтатилган. Маиший электротехника маҳсулотлари, автомобилларнинг фильтр ва радиаторлари, пўлат қувурлар, керамик плиталар, тиббиёт ампулалари, полиграфик бўёқлар, болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари каби 350 дан ортиқ турдаги маҳсулотни четдан келтириш икки баравардан зиёдга камайган. Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тармоқ корхоналарининг имкониятларини батафсил ўрганиш натижасида, 2017 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ташкил қилишга йўналтириш ҳисобига 1,1 млрд. доллардан ортиқроққа ёки импортни 23 фоизга камайтириш имконияти аниқланди. Маҳаллий хомашё ва ресурслардан янада оқилона фойдаланиш ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритиш бўйича ягона мезон ва талаблари белгиланган: – дастурга кириш учун талаб этиладиган минимал маҳаллийлаштириш даражаси дастурга кирган йилдан бошлаб биринчи йилга 36 фоиз, иккинчи йилга 45 фоиз, учинчи йилга 50 фоиздан (машинасозлик ва металлни қайта ишлаш тармоғи маҳсулотларига мос равишда 36 фоиз, 40 фоиз, 50 фоиз) кам бўлмаган миқдорни таъминлаш; – маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар соф тушумидан экспорт улушини иккинчи йили 20 фоиз, учинчи йили 30 фоизга ошириш белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 10.04.2017 йилдаги 197-сон қарори билан тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурига тузатишлар киритилди. Хусусан, маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқалар ишлаб чиқариш бўйича 12 та лойиҳа киритилди. Бунда Дастурга янгитдан киритилган ташкилотларга нисбатан қуйидагилар бўйича имтиёзлар қўлланилади: – божхона тўловлари бўйича – 2017 йил 17 апрелдан; – солиқлар бўйича – 2017 йил 1 майдан. Бироқ импорт ўрнини босадиган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилаётганига қарамасдан, мамлакатимизда импорт ҳажмининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймоқда. Бу,давлатимиз иқтисодиёти учун ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши мумкин бўлган валюта маблағларидан самарасиз фойдаланишга олиб келмоқда. Бундай ҳолат «Ўзбекэнерго», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбектўқимачилик», «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятлари, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни корхоналарида кузатилмоқда. Ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда уни рационал ташкил этиш, жумладан, ихтисослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Download 5.55 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling