Гулистон давлат университети а. Бурханов, К. Рахматов минтақавий иқтисодиёт


Минтақада меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш йўллари


Download 5.55 Mb.
bet53/210
Sana03.11.2023
Hajmi5.55 Mb.
#1742821
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   ...   210
Bog'liq
Минтақавий иқтисодиёт ўқув қўлланма Бурханов А 11

5.3. Минтақада меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш йўллари
Республикамизда бозор муносабатларини самарали тадбиқ этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва бу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш, энг аввало, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга боғлиқ. Меҳнат ресурслари эса бугунги иқтисодиётни либераллаштириш жараёнларида муҳим салмоққа эга бўлиб, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги аҳамиятини микро, мезо ва макро даражаларда кўриш мумкин.
Меҳнат ресурсларининг микро даражадаги аҳамияти уларнинг корхона (ташкилот) фаолиятидаги ўрни ҳамда ишлаб чиқаришдаги иштироки билан белгиланади. Маълумки, меҳнат ресурслари ишлаб чиқаришнинг асосий омили бўлиб, уни юзага келтирувчи барча ресурслар бевосита мазкур омил орқали бошқарилади. Ҳудудлар ва минтақалар иқтисодиётида меҳнат ресурсларининг роли унинг мезо даражадаги аҳамиятини кўрсатади.
Мамлакатнинг қайси ҳудудида меҳнат ресурслари юқори кўрсаткичга эга бўлса, у ерда ишлаб чиқариш, саноат, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма ва коммуникация ривожланади. Меҳнат ресурсларининг макро аҳамияти унинг мамлакат ялпи иқтисодиётидаги ўрни ва асосий бойлик сифатида эътироф этилиши билан асосланади. Айнан меҳнат орқалигина мамлакатда моддий ва номоддий бойликлар яратилади. Мазкур меҳнатнинг субъекти (муаллиф ва ижрочиси) эса бевосита инсон, яъни меҳнат ресурсларидир. Демак, меҳнат ресурсларининг барча даражадаги аҳамияти уни тадқиқ этишнинг ҳам илмий ҳам иқтисодий долзарблигини белгилаб беради.
Иқтисодий адабиётларда ҳозиргача «меҳнат ресурслари» тушунчасига турли хил қарашлар мавжуд бўлиб, уларни умумлаштириш ва ягона тўхтамга келиш мунозарали масала бўлиб қолмоқда.
Меҳнатга оид муносабатларнинг ўрганилиши ва тадқиқ этилишида шарқ тафаккури ва таълимотининг ҳиссаси беқиёсдир. Чунки, ёзма манбаларда ва ҳаётий муомалада меҳнат муносабатларининг илк пайдо бўлишини айнан шарқ маданияти ёдгорликлари ва мутафаккирларининг асарлари билан бевосита боғлаш мумкин. Энг қадимий ҳисобланган ва ислом дини кириб келгунча Осиё, хусусан Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган Зардуштийлик дини таълимотида инсон ва унинг меҳнатига алоҳида урғу берилган. Ушбу диннинг муқаддас китоби саналган «Авесто»да меҳнатга оид муносабатларнинг илк талқини ўзига хос тарзда ифода этилган. Шунингдек, иқтисодий ва меҳнатга оид ғоялар шаклланишида қадимги Хитой (Конфуций таълимоти) ва Ҳиндистон («Ману қонунлари» ва «Артхашастра» ёдгорликлари) тафаккурлари ҳам алоҳида ўринга эгадир. 
Шарқ тафаккурининг йирик намояндалари Абу Наср Форобий («Фозил одамлар шаҳри» асари), Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Юсуф Хос Хожиб («Қутадғу билиг» асари) каби қомусий олимларнинг таълимот ва қарашларида меҳнат ҳамда инсон омили алоҳида ўрин эгаллаган. Шарқда меҳнатга оид муносабатларнинг тараққий этишида Баҳоуддин Нақшбандийнинг ҳиссаси беқиёсдир. Бу ўринда унинг биргина «Дил ба ёру, даст ба кор» (Қалбинг Оллоҳда-ю, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган ибратли сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя. Ушбу ибора замирида кишиларни меҳнат қилиш, интилиш ва изланишга ундаш ётади.
Иқтисодий билимларнинг тараққий этиши ва унда меҳнат муносабатларининг алоҳида ўрин топишида бобокалонимиз Амир Темурнинг ўзига хос таълимоти туб бурилиш ясади. Соҳибқирон томонидан илгари сурилган ғояларнинг амалий ҳаёт тажрибалардан ўтганлиги уларнинг илмий аҳамиятини таъминлаган. Унинг асосий илмий қарашлари «Темур тузуклари» асарида ўз ифодасини топган бўлиб, унда давлатни бошқариш, иқтисодиётни юритиш ва меҳнатни ташкил этиш масалаларига алоҳида ёндашилган.
Шунингдек, улуғ мутафаккир Алишер Навоий («Вақфия» асари) ҳамда буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг («Мубаййин» ва «Бобурнома» асарлари) юритган одил сиёсатлари ва иқтисодий қарашларида меҳнат ва инсон омилига алоҳида эътибор қаратилган. Улар меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ролига юксак баҳо берар экан, бойлик орттириш ва тўқ яшашнинг асосий йўли меҳнатдир, дея таъкидлайдилар.
Демак, қадимий шарқ таълимотини, шу жумладан юқорида номлари зикр этилган буюк алломаларимиз фаолиятини ўрганиш шундан далолат берадики, илмий ва ҳаётий муомалада меҳнатга оид муносабатларнинг, тушунча ҳамда қарашларнинг пайдо бўлиши ва тараққий этишида шарқ иқтисодий ғоялари мактабининг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ғоя ва қарашлар ҳозирги иқтисодий адабиётларда истеъмолда бўлган атама ва тушунчаларнинг пайдо бўлишида илмий асос вазифасини ўтаган, деб ҳисоблаш мумкин.
Ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиб бориши натижасида «меҳнат ресурслари», «ишчи кучи» каби иқтисодий тушунчаларнинг маъно ва мазмуни бирмунча ўзгариб бормоқда.Бу тушунчалар фақат илмий-иқтисодий адабиётларда эмас, балки кундалик амалиётимизда ҳам кенг фойдаланила бошланди.
Ишчи кучига иқтисодиёт фанида меҳнат жараёнида инсон фойдаланадиган унинг жисмоний аа маънавий қобилиятларининг мажмуаси сифатида қаралади. Р.Ж.Эренберг ва Р.С.Смит «Ишчи кучи деганда ёши 16 дан юқори бўлган ходимлар, иш билан бандлар, фаол равишда иш қидираётганлар, ишдан бўшатилгандан кейин иш билан бандлик хизматларига яна мурожаат этиш ниятида бўлганлар тушунилади», деб ҳисоблаган.
Инглиз сиёсий иқтисоди асосчиларидан бири А.Смит «иқтисодий одам» атамасини фанга киритган. Унинг фикрига кўра, «иқтисодий одам» ўз шахсий манфаати ва мақсадини кўзлаб, турмушини яхшилашга интилади. Шу боисдан, инсон бозор иқтисодиётида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотининг қиймати юқори бўлган ва кўп фойда келтирадиган фаолият турини, соҳасини танлашга ҳаракат қилади. Фақатгина «кўзга кўринмас қўл», яъни эркин рақобат, бозор қонунларигина ўз мақсадларини кўзлаб фаолият юритувчиларни тартибга солинган тизимга бирлаштиради. Шу боисдан «иқтисодий одам» ўз манфаатини кўзлагани ҳолда жамият манфаати учун ҳам меҳнат қилади.
Америкалик иқтисодчи олимлар К.Р.Макконнелл ва С.Л.Брюлар иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатувчи омил сифатида меҳнат ресурсларининг сони ва сифатини алоҳида ажратиб кўрсатган. Улар назариясига мувофиқ меҳнат ресурсларининг сони иқтисодиётда банд бўлган кишилар сони ҳамда уларнинг меҳнатга лаёқатли аҳоли таркибидаги улуши билан белгиланади. Меҳнат ресурсларининг сифатини ифодаловчи ва меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида эса кишилар саломатлигининг яхшиланиши, касб тайёргарлиги, билими ва манфаатдорлигининг ўсиши кўрсаткичлари келтирилади.
Ишчи кучи – меҳнат жараёнида инсон фойдаланадиган унинг жисмоний ва маънавий қобилиятларининг мажмуасидир.
«Ишчи кучи» атамаси кўп ҳолларда уч маънони англатишда ишлатилади:
организм, тирик инсон шахси эга бўлган ва ҳар сафар у қандайдир истеъмол қийматини яратиш чоғида ишга соладиган жисмоний ва маънавий қобилиятлар мажмуи сифатида;
аҳолининг иш билан банд бўлган ёки иш излаётган қисми – иқтисодий фаол аҳолининг синоними сифатида;
умуман ишловчилар ёки муайян бир корхона ишчилари сифатида.
Аммо айни бир вақтда «меҳнат ресурслари» сўзи ва «ишчи кучи» сўз бирикмалари турли вариантларга эга бўлиб, уларни қўллашда онгли ва тегишли изоҳлар бериш керак бўлади.
Шундай қилиб, «меҳнат ресурслари» ва «ишчи кучи» тушунчалари турли манбаларда турлича ишлатилади ва кўп ҳолларда бир-биридан деярли фарқланмайди.
»Меҳнат ресурслари» ва «ишчи кучи» тушунчалари турли мазмунга эга бўлиб, меҳнат ресурсларининг ишчи кучига айланиш жараёни бир қанча босқичларни босиб ўтади.
Дастлабки босқичда меҳнат ресурслари ишчи кучининг салоҳиятли қисми бўлиб, улар меҳнат воситалари ва қуроллари билан ишлаш тажрибасини орттиради.
Иккинчи босқичда эса меҳнат ресурслари иш жойларига тақсимланади. Шу тариқа жисмоний ва ақлий қобилиятларнинг меҳнат жараёнида сарфланиши рўй беради. Меҳнат ресурслари бу жараёнда ишчи кучига айланади.
Учинчи босқичда ишчи кучи вақт сарфлаб, моддий неъмат яратади ва бу неъмат истеъмол қийматига эга бўлади. 
Ишчи кучи меҳнат фаолиятини тўхтатиши билан яна иқтисодий нофаол аҳоли тусини олади, лекин меҳнат ресурси таркибида қолади.
Меҳнат ресурслари ва ишчи кучи тушунчалари ўртасидаги ўхшашлик иккала тоифага кирувчи кишилар ижтимоий ишлаб чиқаришга қатнашишлари учун ўзларида меҳнат лаёқатини мужассамлаштирганлигидир.
«Меҳнат ресурслари» тушунчаси биринчи марта 1922 йилда россиялик олим С.Струмилин томонидан фанга киритилган. У мазкур тушунчани марказлашган режали иқтисодиёт юритиш тизими нуқтаи назаридан талқин этган бўлиб, унга кўра меҳнат ресурсларига режалаштирилувчи пассив ишчи кучи мажмуаси сифатида қаралган.
Меҳнат ресурсларига меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар киради.
Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолига:
16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар;
16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар киради.
Лекин ушбу ёш гуруҳидаги барча аҳоли ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳисобланмайди.
Шунинг учун, меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли бу ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, имтиёзли шартларда пенсия олаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар сонини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.
Мисол учун: Дастлабки маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони 780,3 минг кишини, мазкур ёшдаги аҳоли таркибида ишламаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари, имтиёзли шартларда пенсия олаётган ишламаётган шахслар сони 27,5 минг кишини ташкил этган.
Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 752,8 минг кишига тенг (752,8 = 780,3 - 27,5).
Меҳнат ресурсларига кирадиган иккинчи тоифа булар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслардир.

Download 5.55 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   ...   210




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling