1997 йилдан мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз вакиллари ҳам Халқаро математик олимпиадаларда қатнаша бошлади.
Ҳар бир мактабнинг ҳар бир синфида математикага лаёқатли бир неча ўқувчи бўлади. Академик лицейларнинг аниқ фанлар йўналишидаги гуруҳларида эса бундай талабалар кўпчиликни ташкил этиши кўзда тутилган. Равшанки, улар орасида турли босқич мусобақалар, жумладан, Халқаро математика олимпиадаларида қатнашишни истайдиган, унда ғолиб бўлишни орзу қиладиган ўқувчилар оз эмас. Хўш, бу мақсадга етиш учун нима қилмоқ керак? Халқаро математика олимпиадасига қандай тайёрланиш керак?
Бунинг йўллари кўп. Фақат бу мақсадда йўлга отланишдан аввал, кўзланган мақсад тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш зарур.
Халқаро математика олимпиадаларида дунёнинг беш қитъасидан келган ўқувчилар математикадан масала ечиш бўйича мусобақа қиладилар. Ҳар бир мамлакат терма жамоаси 6 та ўқувчидан иборат бўлади. Уларнинг ёши 20 дан катта бўлмаслиги, олий ўқув юртида ўқимаган ва ўқимаётган бўлиши лозим.
Ҳар йилги мусобақада икки кун учтадан масала берилади ва улар бу масалаларни ечиш учун 4,5 соат вақт ажратилади. Ҳар бир масала ечими 7 баллгача баҳоланади. Демак, тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баҳо -- 42 балл. Масалалар мактаб математика дастури бўйича АЛГЕБРА, ГЕОМЕТРИЯ, СОНЛАР НАЗАРИЯСИ ва КОМБИНАТОРИКАГА оид бўлади. Масалалар олимпиада қатнашчисидан катта билим, математикага алоҳида қобилият ҳамда анча-мунча тажриба талаб этади. Ахир ХМОга дунёнинг энг кучли ўқувчилари йиғилади-да! Улар дастлаб ўз таълим муассасаларида, сўнг туман, вилоят ва мамлакат бўйича ўтказилган ҳудудий босқич олимпиадаларида яхши натижа кўрсатиб, поғонама-поғона кўтарилиб, ХМО босқичига етиб боришади. Табиийки, энг билимли, энг қобилиятли ва энг тажрибали ўқувчиларга ғолиблик насиб этади.
Дунёга Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Улуғбек каби буюк математиклар етиштириб берган юртимизда математикага ўта қобилиятли ёшлар кўп эканлиги шубҳасиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |