Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!
Шрифт ўлчами
Печать
Эл. почта
Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллик кунини доимо шоду хуррамликда, юксак зафарлар билан кутиб олишга одатланган. Зеро, истиқлол ўз эркимизга эга бўлиб, бахтли-саодатли яшаш, эзгу орзуларимиз рўёбини кўриш, тарихимиз нақадар буюк, бугунимиз чароғон, эртамиз янада нурафшон эканлигини дунёга намоён қилиш имконини берди. Шунинг учун бу айёмнинг ўрни, қадри бўлакча.
Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини юртдошларимиз зўр мамнуният билан кутиб олишди.
Руслан НУРУДИНОВ, Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари ғолиби ва рекордчиси:
— Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан ҳар доим фахрланамиз! Илгари хорижлик ёшларга ҳавас билан қаралган бўлса, истиқлол туфайли юзага келган шарт-шароит ўзбек ёшларининг ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлади. Шу ўринда нокамтарлик бўлса-да, бир мисолни айтсам. Ўтган йили бўлиб ўтган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида вакилларимиз бир неча спорт тури бўйича ғолибликни қўлга киритишгач, “Ўзбекистон”, “Ўзбек” деган сўзлар янада баралла янграй бошлади. Дунёнинг энг машҳур спортчилари келиб биз билан суҳбатлашди, суратларга тушиб, ўз табрикларини билдиришди. Буларнинг барчаси мустақиллик берган имкониятлар натижасидир.
Президентимизнинг ушбу қарорини диққат билан ўқиб чиқдик. Унда, айниқса, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилганидан жуда руҳландик. Шунда яна бир бор ўзимга сўз бердимки, бугунги имкониятлар даврида иқтидоримизни янада юксак намоён этиб, юртимиз шаъну шавкатини улуғлашга интилиб яшаймиз.
Илҳом САЙФИЕВ, “Ливадия-Бухара” хусусий корхонаси раҳбари:
— Давлатимиз раҳбарининг қарорида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. Буни биргина тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ишбилармонлик қобилияти истиқлол туфайли юзага чиқди. Бу соҳа вакилларига яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар самарасида улар мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришга қодир етакчи кучга айланди.
Қарорда аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун яратилган имконияту преференциялар самараларига алоҳида эътибор қаратиш белгилаб берилган.
Юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити самарасини биз бизнес фаолиятимиз давомида чуқур ҳис этиб турибмиз. Гап шундаки, давлатимиз томонидан тақдим қилинаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам ўз маҳсулотларимизни етказиб беришни йўлга қўйдик. Бу ўзбек тадбиркорлари, мустақил юрт фуқароларининг маҳсулотлари рақобатдош эканлигининг амалий тасдиғидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |