Холиёр Сафаров айритомлик ошналар
Download 52.45 Kb.
|
Айритомлик ошналар
Холиёр Сафаров АЙРИТОМЛИК ОШНАЛАР (ҳикоя) Эрталаб Озод қўлида дори-дармон билан шошилиб туман туғруқхонасига кираётган эди, рўпарасидан чиққан синфдоши Абдуғаффорни кўриб, ҳайрон бўлди. - Ҳа, энанг эгиз тувғир, бу ерда нима қиб журипсан? Оч ичакдай узун, дароз Абдуғаффор унинг ярмига ҳам келмайдиган пакана, қишлоқ мактабида бирга ишлайдиган соддадил ва ҳазилкаш дўсти билан қўл бериб кўришиб, унинг кўтариб олган нарсаларига қаради, аммо ҳозир гапирса, биров эшитиб қоладигандек атрофга боқди, негадир каловланди. Шошилиб ишга келаётган врачларга, туғруқхонада ётган кишиларнинг ичкарига кириб-чиқиб юрган яқинларига йўл бериб, четроққа ўтишди. - Абдуғаппор, сенда бир гап бор! - деди Озод доимий кўнгилетарлик билан. - Тинчликми? - Тинчлик, ошна. Шу… Саломатни олиб келгандим. - Янгилик борми? - Насиб бўлса... - деди Абдуғаффор босиқлик билан. - Биласан-ку, ошна, то қўлга олмагунча… Озод дўстининг ўйчан ҳолатига боқди. Назарида Абдуғаффор баттар озиб, кўзлари киртайиб, ичига тортиб кетгандек эди. - Ниятингни бутун қил, ошна. Қачон опкелувдинг? - Ярим кечаси мазаси қочиб қолди. Бирдан опкелдим. - Ундай бўса, табриклаймизми? Қўйбоғарми ё ҳолва келарми? - Ҳали тинч. Дўхтурлар пича вақти бор деяпти-ку. Мажбур, оёғим тортмай ишга кетяпман, пешинда келаман энди. Ўзинг-чи? - Ҳозир, саҳарда опкелдим. Энанг эгиз тувғир хотиннинг вақти бўганга ўхшайди. - Илоҳим, эсон-омон қўлига олсин. - Ҳа, айтганинг кесин, ошна. Сениям Худойимнинг ўзи суюнтирсин. - Илоҳим... - Абдуғаффорнинг товуши ўзгарди, ғилт этиб ютинди. Сўнгра: - Майли, ишга бориб келай. Кечга гаплашамиз, - деди. Абдуғаффор шундай дея шакароб сув сепилган бетон йўлак бўйлаб юриб кетди. Озод дўстининг ортидан кузатиб қоларкан, ўйга чўмди. Дўстининг уйланганига ўн икки йил бўлди, аммо тирноққа зор... *** Уч ўғил, бир қизнинг отаси Озод онаси ёпиб берган лочира нон, бир банкада қайнатилган атала кўтариб, кечга яқин туғруқхонага келса, биринчи қаватдаги зина ёнида Абдуғаффор турибди. Қовоқлари осилган, тушкун. - Ҳа, нима бўлди, ошна? Тинчликми? - Ай… - қўл силкиди Абдуғаффор. Кейин руҳсиз бориб, зина тутқичларига суяниб олди. - Сал очиғроқ гапирсанг-чи, ай? - Э, нимасини айтасан, Озод, - хўрсинди у. - Яна боланинг аҳволи оғир дейишяпти. Саломатни операцияга олиб киришди. - Ҳай, ошна, сиқилмай турчи. Худойим бир нарса дегандирда. - Озоднинг тилига бошқа сўз келмади, дўстига тикилиб қолди. Қитмир, юрган жойида бир шумликни ўйлайдиган, ўтирган давраларида гап бермайдиган, Тошкентда ўқиганнинг таъсири сақланиб, қишлоқ шевасида эмас, доим «маданийча» гапирадиган Абдуғаффор кўзларини эшикдан олмас, паришон аҳволда эди. - Абдуғаппор, - деди Озод унинг елкасига қўлини қўйиб, - кўнглингни кенг қил, ошна. Худойим ҳеч бандасини ноумид қимайди. - Охирги икки мартаям шундай бўлганди-да… - Абдуғаффор қўли билан зинанинг тутқични урди. - Аввал боланинг аҳволи оғир дейишганди, кейин чақалоқ ўлик туғилганди. Агар бу сафар яна шундай бўлса, билмадим, мен-ку балки чидарман, лекин Саломатнинг аҳволини ўйласам, қўрқиб кетаман. Абдуғаффорнинг руҳи тушиб борарди. У атрофдан ўтиб-қайтаётган одамларга ҳам, ҳатто ёнида турган дўстига ҳам эътибор бермас, бутун ўй-хаёли рўпарасидаги «Жарроҳлик хонаси»да эди. Озод ҳозир дўстига сўз ортиқча эканлигини билди ва «Мен ҳозир манавиларни Маликага бериб тушай… Олдинга келаман», деб худди ўзига-ўзи гапиргандай иккинчи қаватга чиқиб кетди. Абдуғаффор шунчалик аҳволда эдики, ҳатто Озоддан «Аёлинг енгиллашиб олдими?» деб сўрашни ҳам унутди. Эшикка кўз тиккан Абдуғаффорнинг Саломат билан кечаётган ўн икки йиллик ҳаёти кўз олдидан ўта бошлади. Тошкентда шўхликлар билан ўтган талабалик, қишлоқда онаси топган қиз - Саломат билан биринчи учрашуви, узуқ-юлуқ савол-жавоблар… Тўйдан кейин пайдо бўлган муҳаббат… ва синовлар, бедор тунларни титратган кўз ёшлар… Умид билан шаҳарма-шаҳар номи чиққан врачларни излаб бориш ва даволаниш, умид билан келиш, кутиш… Натижа бўлмагач, қушночларни гоҳ уйга олиб келиб, гоҳ уларникига бориб, товуқ билан қонлаш, қўй сўйиб, садақа бериш, эшонларга, азиз-авлиёларга жонлиқ аташ… Одамларнинг кинояли нигоҳлари, «Бирор янгилик борми?» деб сўрашлари… Нима деб жавоб беришни билмаслик, уйга келиб, ҳиссиз ва совуқ бир аҳволда шифтга қараб ёки баъзида тескари ўгирилиб ётишлар… Яна тонг. Иш билан овуниш… Ниҳоят, ўн йиллар деганда мўъжиза рўй бериши, аммо етдим деганда бу сароб бўлиб чиқиши… Ғамгусор ўтирган Абдуғаффорнинг елкасига кимдир қўлини қўйди. - Ҳали чиқмадими? У гўё туш кўраётиб уйғониб кетгандек қалқиб, ёнига қаради. Озод - энг содда ва самимий, юраги тоза дўсти айни дамда ёнида эканлиги уни тўлқинлантириб юборди. - Йўқ, ҳали, - деди хўрсиниб. - Тинчлик бўлсинда, негадир жуда чўзилиб кетди… - Насиб бўса, ҳаммаси яхши бўлади. - Илоҳим, айтганинг келсин, ошна. Худойим бизларнинг ҳам юзимизни ёруғ қилсин. Орада жимлик пайдо бўлди. Озод ташқарига қаради. Қоронғу тушибди. Йўлакларнинг чироғи ёқилибди. - Яхшиям сен борсан-е, ошна, - деди Абдуғаффор кутилмаганда. - Озод, яхши кунимдаям, ёмон кунимдаям, ёнимда бўлгансан. - Энанг эгиз тувғир, нимага бундайчиқин гапларни гапиряпсан? - Озод ҳайрон бўлди. - Сенга тушунмаяппан. - Биласанми, баъзида одамларга шунчалар кўп ёмонлик қилдиммикан, деб ўйлаб қоламан. - Алжирама-е, - Озод уни қайтариб ташлади. - Нима сен бир амалдор эдинг-у, бировларнинг ҳақини еб, одамларни қақшатган бўлсанг. Оддий малим бўсанг. - Гап бунда эмас. Менинг қувлигим бор. Кўп одамларни тушириб кетганман. Ноҳақлик қилган жойларим кўп, ошна. Баъзан шуларнинг жавобини беряпманмикан, ҳам деб ўйлаб қоламан. Масалан, сени ҳам кўп туширганман. - Қўйсанг-чи? Битта анув зиёфатларда рақамлаб қоғоз ташлашингни айтмаса, бошқасини билмайман. - Биласан… - Абдуғаффор унга бир қараб қўйди. Ҳозир қилган ишларини кулиб-кулиб айтиб бериши мумкин эди, аммо кўнглига сиғмайди. Хаёли ичкарида... Абдуғаффор тенгқурлари билан бирор жойда йиғилса, ораларида Озод ҳам бўлса, дарров шумлиги тутади. Ҳисоб-китоб қилиш вақти бўлганда «Қоғоз ташлаймиз», дейди. Дарров ёнидан қоғоз билан ручка олиб, рақамлаб чиқади ва «Кимга бир тушса, ўша тўлайди», дейди. Ҳамма рози бўлгач, неча киши бўлса, шунча қоғоз парчасини ғижимлаб столга ташлайди. Қоғозлар олингач, «Бир кимга тушди?» деб сўрайди. Ҳамма қоғозга қарайди. Кимдир бўзраяди, кимдир хўмраяди, кимдир норозиланади. Аммо шу пайтда Озод ўрнидан туради-да, «Ў, энанг эгиз тувғирлар, яна менга бир тушди» деб секин ғазнага қараб йўл олади. У кетиши билан Абдуғаффор пақиллаб кулиб юборади ва ҳамма қоғозни очиб кўрсатади. Қоғозларнинг барчасига «бир» рақами ёзилган бўлади… Озод шуларни ўйлаб, кулиб қўйди. Абдуғаффор эса ўйчан ҳолатда ўтираверди. Бир маҳал «Жарроҳлик хонаси» эшиги очилиб, терга ботган врач чиқди. Абдуғаффор югуриб эшик ёнига борди. - Нима бўлди, дўхтир? - Чақалоқ туғилди! - Нима? Туғилдими? - Абдуғаффор врачни қучоқлаб олди-ю, ҳиқиллаб йиғлаб юборди. - Ие, бундай қилманг-е, - врач унинг елкасига уриб-уриб қўйди. - Эркак одам ҳам йиғлайдими? - Бизлар ўн икки йилдан бери шу гапни эшитишга зормиз, ака! - Абдуғаффор кўз ёшларини тия олмади. - Бизнинг боламиз йўқ! - Асло ундай деманг, энди бор… - деди врач. - Саломатнинг аҳволи қандай, ака? - Аҳволи пича оғир. Реанимацияга олдик. Ҳадемай ўзига келади. Кейин чақалоқни берамиз. - Чақалоқ қандай, дўхтур? - Чақалоқ соппа-соғ. Қизча… - Қизчами? Худойим, ўзингга шукр! - Абдуғаффорнинг кўзларида яна ёш ҳалқаланди. - Уни кўрсам бўладими? - Йўқ. Сизга кўрсатмаймиз! - Ҳазиллашди врач. - Келин ўзига келсин, кейин ўзи олиб чиқиб кўрсатади. Мен ҳозир сизга бир-иккита дори ёзиб бераман, шуларни олиб келасиз. - Раҳмат, ака. Раҳмат сизга! - Абдуғаффорнинг қувончи ичига сиғмасди. У врач билан унинг хонасига кириб чиқди. Қайтаётиб эшик олдида унга қараб, жилмайиб турган Озодни кўрди. - Ўлай агар, сен эсимдан чиқиб кетибсан-а?! - деди у хижолатомуз. - Қувонганимдан дўхтурнинг изидан кетиб қолибман. - Нима бўлди? - Мен ҳам ота бўлдим, ошна! Менам ота бўлдим! - Абдуғаффор кела солиб уни кўтариб олди. - Менинг ҳам энди қизим бор! Қиз бўлсаям майли, ошна, қиз бўлсаям майли… - Илойим, умри билан берган бўсин. Изидан ўғил-қиз укачалари ҳам кесин. Абдуғаффор дўстини қучоқлаб йиғлади. Ўн икки йиллик ғуссаларини тўкиб-тўкиб олди. Сўнгра уни қўйиб юбориб, деди: - Юр ошна, дори олиб келайлик. Уйга борсак, ошналарга бир ҳақ бераман! - деди Абдуғаффор Озоднинг елкасига уриб. - Энди қоғоз ташламассан? - кулди Озод ҳам. - Эй, Озод? - деди Абдуғаффор. - Мен бугун бахтлиман! Сенданам хурсандман, ошна! Сен доим ёнимда бўлгансан. Аммо сен мени кечиришинг керак, ошна. - Энанг эгиз тувғир, қўйсанг-чи. Сен менга нима ёмонлик қигансан? - Сен фақат анув зиёфатлар охирида қоғоз ташлашни биласанда, э-ҳе, қолганлари қанча? - деди Абдуғаффор. - Эсингдами, студентлигимизда сен баъзида сўкиниб, «Пулимни олдириб қўйдим. Кечаси ётоқхонага келаётганимда кимдир кўзимга фонар қаратди, ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Қорнимга битта туширди, букчайганимда орқа чўнтагимдан бор пулимни опкетиб қолди. Таниёлмай ҳам қолдим» дердинг. Ўша мен бўлардим. Озод жойида тўхтаб қолди. Дўстига қараб, нимадир демоқчи бўлди-ю, ичига ютди. - Буларнинг барини сен қилармидинг? - Аччиғинг чиқмасин. Кечир мени, ошна. Пулим бўлмай қолган пайтларда шундай қилишга мажбур бўлардимда. Озод таққа тўхтаб қолди. Абдуғаффорга қараб нимадир демоқчи бўлди, аммо айтмади. Атрофни қоплаган зулматга боқиб, охири ўзи яхши кўрган, дуодай бўлган сўзини такрорлади. - Ҳа, энанг эгиз тувғир! - Шундай деди-да беозор кулиб юборди. - Айтардим-а, Абдуғаппор, сенда бир гап бо-ор деб! - Яна битта зўрини айтайми? - деди Абдуғаффорнинг кишти келиб. - Ўша ётоқхонада бирга турган вақтларимизда сен доим ўқишга кеч борардинг. Соатинг орқада қолиб кетарди. Шундайми? - Ҳа. - Аслида, соатингни мен орқага суриб қўярдим. Сен эса буни кимдан кўришни билмасдинг. Озод табиатан беозор эди. Аммо бу гаплардан кейин аччиғи чиқдими ёки дўстининг хурсандчилигига шерик бўлдими, унинг орқасига бир тепти-да, «Ву, энанг эгиз тувғир-ай! Ҳаммасини сен қиб журган экансанда», деди. - Озод, бугун хурсандлигимдан буларни айтаяпман, ошна. Сенга кўнглимни ёраяпман. Аслида бу ишларим учун кечирим сўраяпман. - Ҳе, кечирим сўрамай ўл! - Озод унинг кетига яна битта тепди. Абдуғаффор жавоб қайтармади, бугун у ҳар қандай жазодан оғринмас эди. - Сен билан тўрт йил Ташкинда ўқидим. Неча йилдан бери бирга ишлаяппиз. Нимага буларни шу кунгача айтмагансан? - Айтардим. Лекин «Ўзи асли ичинг қора, пес бўлган экансанда. Шунинг учунам тақдиринг қора, деб юборишингдан қўрққанман. - Тавба де-е, ошна. Бундай гапларни тилимга олмайман-ку. Бир куни ўқишдан келганимда сумкам жуда оғир эди. Эътибор бермабман. Уйга келганда энам очиб кўрган, қараса, кийимларим орасидан ғишт чиққан. Онағар, шуниям сен қилгансан-а? Абдуғаффор пақиллаб кулиб юборди. - Энди ҳаммасини менга тўнкайверма-да! – У шундай деди-ю, Озодни қучоқлаб олди. Икки дўстнинг кайфияти чоғ эди. Улар кулишиб, ҳазиллашиб, дорихонага бориб келишди. Абдуғаффор дориларни врачга бериб чиққач, икки дўст яна йўлакдаги ўриндиққа ўтиришди. - Сен бугун уйинга кетмайсанми? - деди Абдуғаффор Озодга қараб. - Сен ота бўлдинг! Шундай кунда ёнингда қолмасам бўлами, ошна?! Бу гапдан яна Абдуғаффорнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. - Гап йўқ сенга, Озод. Аммо у даврлар ҳам ўтиб кетди. Ошна, тўғрисини айтсам, аслида бундай қитмирам эмасман. Аслида ичимдаги дардларни биров билмасин, деб ўзимни-ўзим кулдириб, шундай жинниликлар қилиб юраманда. Ўзи бу гапларни айтмаслигим керак эди. Бугун энди қувонганимдан айтдимда. Яна мени нотўғри тушунмагин, ошна. - Тушунаман… - Ҳа, фақат сен мени тўғри тушунасан… Чунки бирор марта боламиз йўқлигини бетимга солмагансан, - Абдуғаффор шундай дея кутилмаганда яна кўзларига ёш олди. - Озод, ошна, мен шу болага етгунча қанча қонлар ютдим-а? Лекин бугун юзимиз ёруғ бўлди. Худо бизгаям фарзанд берди, ошна. - Саломатнинг сабрига қойил қолиш керак. Ўрнида бошқа аёл бўганида чидолмасди. - Тўғри… - Абдуғаффор чуқур уҳ тортди. - Саломатнинг дардини мен, ўзи ва ёлғиз Худо билади. Биласанми, у ҳомиладор аёлларни кўрса, чақалоқ эмизиб ўтирган оналарни кўрса, жим бўлиб, гапирмай қўярди. Кейин ўша кеч туни билан йиғлаб чиқарди. Ухлолмасди... - Абдуғаппор, мана, қизчалик бўпсизлар… Энди ҳаммаси жойига тушиб кетади, - деди Озод. - Ҳа, Худога шукр. Мана, бизнингам додимизни эшитди. Дўстининг ҳасратидан Озод бир қалқиб кетди. Яна нимадир демоққа оғиз жуфтлади-ю, бошқа гапни айтди. - Ошна, боядан бери сенга бир гапни айтолмай ўтириппан. - Нимани? - Бугун бизардинг қизчамиз нобуд бўлди… - Озод шундай дея чуқур хўрсинди. - Йўғ-е?! Нега? - титраб кетди Абдуғаффор. – Ё, тавба… - Ҳа… Тақдиримизда бор экан, ошна. Боядан бери ўзинг билан ўзинг бўлиб, аҳволимни сўрамадинг. - Озод бошини эгди. - Ҳозир врачлар Маликага тинчлантирувчи укол қип, ухлатиб қўйишипти. Бироз ўзига келиб осин, эрталаб уйга опкетаман. - Тавба… Менинг хурсандлигимни кўриб, шунча вақтдан бери ўзингнинг муаммонгни айтмабсан-а, ошна… - деди Абдуғаффор. Сўнгра дўстининг елкасига қўлини қўйди. - Озод, бизнинг ҳам болаларимиз туғилиши билан шундай нобуд бўлганида ота-онам менга бир гапни кўп айтган. «Худойим ўзига керак бандаларини дарров яна ўзига қайтариб олармиш…» Сиқилма, ошна. Тўртта фарзандинг бор. Худойим у қизчанинг умрини ҳам шу болаларинга қўшиб берсин. Озод кўзларини ердан олмасдан маъюс бош ирғаб қўйди. То врач чиқиб, Саломатнинг ўзига келгани ва чақалоқни қўлига беришганини айтмагунча икки дўст шу аҳволда кутиш залида дардлашиб, ҳасратлашиб ўтираверишди. Бу вақтда тун ярмидан ошиб, бошларини деворга суяб ўтирган икки дўстни уйқу элита бошлаган эди. *** Эртасига, кун чошгоҳга келганда, Озод билан аёли ўтирган машина туман туғруқхонасидан узоқлашиб, Чироқчидан салкам етмиш километр узоқда, қир-адирлар орасида жойлашган Айритомга қараб йўл олганида кўз ёшларини қўлрўмолча билан артиб келаётган Малика эридан сўради. - Отаси, одамгарчилик деб, Худонинг розилиги учун шу ишни қилдик. Саломат-ку билмади, лекин Абдуғаппор шум-ку, сезиб қомадими? - Йўқ, у кечадан бери терисига сиғмай журибди… - Озод аёлининг қўлларидан тутди. – Энаси, бир телба таклифимга рози бўлганинг учун раҳмат сенга. Бир оиланинг боври тўлиб қолди-да… Аллоҳ сендан рози бўлсин. Кўкраклари ийиб кетаётган онанинг кўзларига дувва ёш келди. – Ҳозир чиқишдан олдин уларни кўргани кирдим. Саломат ёнига чақалоқни олиб, каравотда фариштадай бўп ётибди. Мени кўриб, бирам йиғлайди, бирам йиғлайди. «Маликажон, дугона, Худойжонимдан айланай! Қаранг, менам эна бўлдим. Кўзчаларидан шу боламдинг. Шуни туққунча қанча қонлар ютгандим, лекин ҳаммаси бугун эсимдан чиқиб кетди», деди. Операциядан кейин ўзига кеп, врачлардан «Болам тирикми?» деб сўрабди, бечора. Дўхтурлар чақалоқни бергач, гўдакни қучоқлаб, дўхтурларга «Раҳмат, раҳмат» деймиш–у, фақат йиғлаймиш. Чақалоқнинг қўлларидан, кўзчаларидан ўпаймиш. Тўйиб–тўйиб ҳидлаймиш. Болам, ўн икки йил куттирдинг–а» деймиш. Мен нима дейишимни билмай, Саломатни табриклаб, гўдаккина қизчамни бир қўлимга олдимда, пешанасидан ўпиб чиқиб кетдим. Малика шундай дея ҳиқиллаб йиғлаб юборди ва эрининг елкасига бошини қўйди. Эр–хотиннинг гапларини эшитиб, салондаги кўзгудан уларни кузатиб келаётган ҳайдовчи йигитнинг юраги тўлиб, аъзои бадани титраб кетди. Ўгирилиб, эр-хотинга нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади. Иқрорлик билан ўзига-ўзи бой чайқаб қўйди. Машина қир-адирлар оша Айритомга олиб борувчи гоҳ текис, гоҳ ўнқир-чўнқир йўлнинг танобини тортиб борарди… Download 52.45 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling