Хонликларни босиб олиш учун амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар. Туркистон генерал-губернаторлиги


Download 37.74 Kb.
Sana31.03.2023
Hajmi37.74 Kb.
#1313924
Bog'liq
Хонликларни босиб олиш учун амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар


Хонликларни босиб олиш учун амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар. Туркистон генерал-губернаторлиги.

Юқорида таъкидланганидек, Пётр I давридаёқ Россия империясининг Ўрта Осиё хонликларини забт этиш ғоялари пайдо бўлган эди. ХIХ асрнинг бошларидан бошлаб империя маъмурлари бу ғояни амалга ошириш борасида дастлабки ҳаракатларини бошлаган эдилар. Чунончи, хонликлар ҳудудига элчилар кўринишидаги жосуслар, экспедициялар, сайёҳлар, зобитлар, олимлар жўнатилиб, улар Туркистон ўлкасининг бойликлари, аҳолисининг турмуш тарзи, хонликларнинг ҳарбий кучлари, ўлкадаги стратегик вазият ҳақида турли туман маълумотларни тўплаб, марказга етказиб турдилар. Бу маълумотларнинг натижаси ўлароқ, 1860 йилдан бошлаб Россия империяси Туркистон ўлкасини босиб олиш учун жиддий ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Ундан ташқари Россия империясининг Ўрта Осиё хонликларини босиб олишни тезлаштирган бир нечта сабаблар бор эдики, улар қуйидагилардан иборат бўлган:


1. Россия енгил саноатини доимий равишда таъминлаб турувчи арзон хом ашё базасининг Ўрта Осиёда мавжудлиги;
2. Қрим уруши (1853-1856 йй.) туфайли Қора денгиз портларининг Россия қўлидан кетиши ҳамда унинг ўрнини Ўрта Осиё хонликларини эгаллаш ҳисобига тўлдириш, Ўрта Осиё орқали Эрон, Афғонситон, Хитой, Ҳиндистон каби давлатларда Англиянинг таъсирини йўқотиб, бу давлатлар билан савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатиш.
3. Россия Европа бозорлари билан рақобат қила олмаслиги сабабли ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун Ўрта Осиё бозорларини эгаллаши лозим эди.
4. Россияда ўтказилган ер ислоҳотлари туфайли қашшоқлашиб қолган аҳолини кўчириб келтириш ва уларни ер билан таъминлаш керак эди.
Ўрта Осиё хонликларини босиб олиш масаласи подшо Александр II (1855-1881 йй.) томонидан 1859 ва 1861 йилларда ўтказилган империя сиёсий доиралари кенгашларида муҳокама қилинди. Бу пайтга келиб Россия империяси ҳарбий вазирлигида Ўрта Осиё хонликларининг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий аҳволига оид жосуслик маълумотлари етарли даражада тўпланиб бўлган эди. Империя бош штаби бошлиғи, генерал унвонига кўтарилган граф Н.Игнатьевнинг ўзбек хонликларининг ҳақиқий аҳволи ва уларни Россия назоратига олишни қандай амалга ошириш ҳақидаги ахборотлари бу маълумотлар ичида айниқса ажралиб турарди. Граф Игнатьевнинг таклифига кўра, аввало, Қўқон хонлигига ҳарбий ҳаракатлар бошланди.
Россия империясининг ҳарбий ҳаракатлари арафасида Қўқон хонлигида ижтимоий-сиёсий ҳолат мураккаб аҳволда эди. Бу ҳолатга шундай изоҳ бериш мумкинки, биринчидан, хонликдаги кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли қипчоқлар ҳокимиятини тан олмаганлар. Иккинчидан, хонлик ҳокимиятида юқори мавқени эгаллаш ва хонга таъсир ўтказиш учун қипчоқлар орасида ўзаро кураш борар эди. Учинчидан эса, қипчоқлар ўтроқ аҳолига нисбатан зўравонлик қилиб, шаҳарларга кириб келганлар ва аҳолининг уй-жойлари тортиб олганлар. Ушбу сабаблар туфайли Қўқон хонлиги аҳолиси рус босқинига қарши курашда етарли даражада бирлаша олмадилар.
Россия босқини эса, шусиз ҳам қалтис бўлган сиёсий жараёнларнинг янада кескинлашувига сабаб бўлди. Ҳарбий доиралар шундай маълумот берган эди: “...орқадан янги, ҳали номаълум кучлар яқинлашиб келарди. Булар Сирдарёнинг пастки оқимини аста-секин, лекин мустаҳкам эгаллаб келаётган руслар эди. Бу ҳаракатнинг муҳимлигини ва аҳамиятини Худоёрхон албатта тушунмади, оқибатини эса у тасаввур ҳам қилмаган эди”.
Шунга қарамасдан, Қўқон хони Султон Сайидхон (1863-1865 йй.) ва Амирилашкар Алимқули хонликдаги барқарорликни сақлаш учун айрим чоралар кўришга ҳаракат қилдилар. Хусусан, хон қозоқ бийларига мурожаатнома йўллаб, уларни иттифоққа чақирган бўлса, Алимқулининг буйруғига кўра, Нурмуҳаммад қушбеги Авлиёотага бориб Талас дарёсининг юқори оқимида истиқомат қилувчи қирғиз сардорларини ташқи душманга қарши курашда ҳамкорлик қилишга чақирди. Аммо, бу ҳаракатларнинг барчаси зое кетди.
1860 йилнинг ёзида Россия империясининг Қўқон хонлигига ҳарбий ҳаракатлари жонланиб кетди. Полковник Циммерман бошчилигидаги рус қўшинлари аввал Тўқмоқ, сўнгра эса Пишпак (Бишкек) қалъаларини куч билан эгалладилар. 1864 йил май ойида Қўқон хонлиги ҳудудларига шарқ томондан полковник Черняев, ғарб томонидан полковник Верёвкин бошчилигидаги империя қўшинлари бостириб кирдилар. Черняев қўшинлари Авлиёота шаҳрини қамал қилдилар. Шаҳар ҳокими Ниёз Али шаҳарни ташлаб Туркистон томонга қочиб кетган бўлишига қарамай, Авлиёота аҳолиси ўз ташаббуси билан душманга қарши мардонавор курашди. Аммо, ҳарбий техника ва кучлар тенг эмас эди. Шаҳар эгаллангач, Черняев уни талон-тарож қилишга буйруқ берди ва генерал-майор даражасига кўтарилди. Верёвкин қўшинлари эса Туркистон шаҳрини эгаллаб, муқаддас Аҳмад Яссавий мақбарасини тўпга тутдилар.
Туркистон ва Авлиёота шаҳарлари босиб олингач, Қўқон хони Султон Сайидхон ва Амирилашкар Алимқули Тошкентнинг Мингўрик мавзесида катта кучларни тўплаб, машқлар ўтказдилар. Бу орада рус қўшинлари Чимкентга юриш бошладилар. Хонлик сарбозлари ва рус қўшинлари билан Чимкент учун бўлган жанг 1864 йил 14 июль тонг саҳарда бошланди. Бу жанг ҳақида тарихчи Муҳаммад Солиҳ қуйидаги маълумотларни беради. Уч кун давом этган ушбу жангни Мингбой қипчоқ бошчилигидаги сарбозлар бошлаб бердилар. Ундан кейин Мирзо Давлат бошчилигидаги тошкентликлар, Хўжанд ҳокими Мирзо Аҳмад қушбегининг йигитлари жангга кирдилар. Шундан сўнг Марғилон, Қўқон, Андижон, Ўш, Наманган гуруҳлари жангга қўшилдилар.
Манбаларга кўра, шафқатсиз бўлган ушбу жангда 12 мингга яқин киши ҳалок бўлиб, штабс-капитан Мейер ва полковник Лерх бошчилигидаги рус қўшинларининг омон қолганлари Авлиёота ва Туркистон томон чекинишади. Ғалаба қозонган Амирилашкар Алимқулига рус қўшинлари томонидан сулҳ тузиш таклифи киритилади. Лашкарбошилар кенгашида эса тошкентликлар руслар билан музокара юритишга қарши чиқдилар ва бу фикр кўпчилик томонидан қувватланди.
Чимкент мағлубиятидан қўрқиб кетган рус маъмурлари, хусусан, генерал Черняев, полковник Лерх ва капитан Мейерлар барча кучларни Чимкент яқинидаги Оқбулоқда тўплаб, бу ерда икки ой давомида ҳал қилувчи жангда тайёргарлик кўрдилар. Амирилашкар Алимқули ҳам Чимкентдаги ғалабасидан руҳланиб, қўлдан кетган шаҳарларни қайтариб олиш чора-тадбирларини кўрди. Аммо, Қўқон хонлиги ҳудудларига рус босқини хавфи кучайиб бораётган бир шароитда Бухоро амири Музаффар қўшинлари хонлик ерларига бостириб кирганлиги ҳақида хабар олинди. Ушбу вазиятда Алимқули асосий қўшинни Қўқонни Бухоро амирлиги қўшинларидан ҳимоя қилишга ташлашга мажбур бўлиб, Англиянинг Ҳиндистондаги ваколатхонасидан Туркиядан ёрдам сўраб мурожат қилди. Афсуски, улардан ҳеч қандай ёрдамни ололмади.
Бундай шароитдан генерал Черняев унумли фойдаланди. Урал ва Оренбург казаклари ҳамда тўпчилари билан Сайрамда бирлашган Черняев қўшинлари 1864 йилнинг 14 сентябрида Чимкентга иккинчи марта юриш бошлади. Бу пайтда Амирилашкар Алимқули Хўжанд ва Ўратепада Бухоро амири қўшинларига қарши жанг қилаётган эди. Черняев эса, бу сафарги юриши яъни 22 сентябрда Чимкент шаҳрини эгаллади.
Шундан кейин Черняев Тошкент юришини бошлаб, 1864 йил 1 октябрда шаҳарнинг шарқий томонидаги Дарвишак қопқа деган жойга етиб келади. Бу пайтда Тошкент шаҳри 4та (Шайхонтохур, Себзор, Бешёғоч ва Кўкча) катта даҳага бўлинган бўлиб, 25 чақирим қалин девор билан ўраб олинган эди. Девор атрофида зовурлар бўлиб, уларга сув тўлдирилган. Шаҳар аҳолиси душман босқинидан бохабар бўлиб, мудофаага тайёргарлик кўрган эдилар.
Тарихий манбаларнинг маълумот беришича, 1864 йилиннг 2 октябрида эрталабдан бошлаб ҳар иккала томонидан тўплардан ўқлар узилиб, отишмалар бошланди. Тошкент девори тўплардан ўққа тутилганидан кейин подполковник Обух 2 рота аскари ва 4 та тўпи билан ҳужумга ўтиб, деворнинг бир қисмини тешишга эришди. Рус аскарлари подполковниклар Обух ва Лерх бошчилигида шу жойдан шаҳарга кириш учун зовурни кечиб ўтишга ҳаракат қилганлар. Аммо, Тошкент мудофаачиларининг мардонавор қаршилиги туфайли рус аскарларининг бу ҳаракати синдирилди. Рус қўшинлари 72та зобит ва аскарларидан айрилиб, Чимкентга чекишга мажбур бўлдилар. Подполковник Обух ҳам оғир яраланди.
Бу ғалабадан руҳланган Қўқон хонлиги лашкарлари Амирилашкар Алимқули бошчилигида 1864 йилнинг ноябрь ойида рус аскарларига қарши ҳужум қилдилар. Тошкент атрофидаги Иқон қишлоғи ёнида майор Серов бошчилигидаги рус қўшинлари билан Алимқули қўшинлари тўқнашди. Бу жангда рус қўшинлари мағлубиятга учраб, улардан 57 нафари ўлдирилди ва 43 нафари ярадор қилинди.
Бу мағлубиятлар рус мустамлакачи маъмурларини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Шунинг учун ҳам генерал Черняев 1864 -1865 йилнинг қиш мавсумини қаттиқ ҳарбий тайёргарлик билан ўтказди. Унинг қўшинлари Сибир ва Оренбургдан етиб келган ҳарбий кучлар - қурол-яроғ, янги батальонлар, сапёрлар роталари билан тўлдирилди.
1865 йилининг баҳорида Тошкентга рус қўшинларининг Черняев бошчилигидаги иккинчи ҳужуми бошланди. Черняев 28 апрелда Чирчиқ дарёси бўйидаги Ниёзбек қалъасини эгаллади. Шундан сўнг, хоинларнинг маслаҳати билан Тошкент шаҳрини сув билан таъминлаб турувчи Бўзсув тўғони бузиб ташланиб, Чирчиқ дарёсига буриб юборилди. Айни экин-тикин палласида шаҳар аҳолиси сувсиз қолди.
Эътибор бериш лозимки, бу пайтга келиб рус босқинчиларига хайриҳоҳ бўлган хоин ва сотқинлар ҳам пайдо бўлди. Улардан бири Абдураҳмонбек Шодмон ўғли бўлиб, у Черняевга Бўзсув тўғонини бузишни маслаҳат берган ва кўнгилли равишда Россия империяси хизматига ўтган. Тошкент шаҳрининг энг катта бойларидан бири Муҳаммад Соатбой ҳам унга қўшилган. У машҳур савдогар бўлиб, Петропавловск, Троицк, Оренбург каби шаҳарнинг савдо-сотиқ доиралари билан яқин алоқада бўлган, Тошкентдаги иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий вазият ҳақида Черняевга маълумотлар бериб турган. Хоинлардан яна бири Россия империяси фахрий фуқароси, “Авлиё Анна” олтин нишони соҳиби Саидазимбой Муҳаммад ўғли эди.
Шунга қарамасдан, хонлик қўшинлари кўтаринки руҳ билан ҳужумга тайёргарлик кўрдилар. Алимқули катта қўшин билан Қўқондан Тошкентга етиб келди. Мингўрикда анжуман ўтказилиб, жанг режаси ишлаб чиқилди. Май ойининг бошларида Тошкент учун шиддатли жанглар бўлиб, дастлаб хонлик қўшинларининг қўли баланд келди. Аммо, шундай кейин қўшин орасида парокандалик бошланди. 9 май куни Салор ариғи бўйида бўлган жангда Алимқули оғир ярадор бўлиб, “Тошкент фуқаролари аста-секин орқага қайтиб, ўзларини шаҳар ичига олсинлар, бошқа сарбозлар ва мужоҳидлар эса урушни давом эттирсинлар”, дея фармон берди.
Амирилашкар Алимқулининг ярадор бўлиб сафдан чиққани мудофаачиларга қаттиқ таъсир қилди. Душман билан мардонавор жанг қилган хонлик қўшинлари тартиб билан Салор ариғи томон чекиндилар. Аммо, мудофаачиларнинг айрим гуруҳлари, хусусан, Алимқулига хусумати бўлган қипчоқлар, қирғизлар ва андижонликлар умуман жанг майдонини тарк этиб, Қўқонга кетиб қолдилар.
Яраланган Алимқулининг вафот этиши туфайли ҳам мудофаачилар орасида саросималик бошланди. Бунинг натижасида шаҳар ҳимоячиларининг қаршилиги синдирилиб, 15 июнь куни Тошкент шаҳри Черняев қўшинлари томонидан забт этилди. Муҳаммад Солиҳхўжа ўзининг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкент 40 кундан зиёд қамал қилинганлиги, шаҳар аҳолиси она шаҳарларини мардонавор мудофаа қилганлигини таъкидлаган. 1865 йил 17 июнда эса, яна қон тўкилишини олдини олиш мақсадида икки томонлама музокаралар бошланди. Черняев Тошкент шаҳрининг Ҳакимхўжа қозикалон, Абдураҳмон эшон, домла Солиҳбек Охун сингари нуфузли ва обрўли кишилари билан музокара ўтказиб, “Тошкент шаҳри аҳолиси ўз ихтиёри билан Россия империяси таркибига қўшилди”, деган сохта аҳдномани тўлдиришга мажбур қилди. Улар бунга рози бўлмаганликлари туфайли жазоландилар.
Сохта аҳдномани тўлдириш эса, Абдусаттор Қорабоши ўғлига топширилди. Беш нусхада тузилган аҳдномага шаҳар “катта”ларининг барчасига мажбурий равишда қўл қўйдирилиб, муҳр бостирилди ҳамда бир нусхани Черняевга, тўрт нусхаси эса тўрт даҳа бошлиқларига берилди. Бу аҳднома туфайли босқинчилик сиёсати юргизиб Англия каби кучли давлат билан уруш олиб боришга мажбур бўлиб қолишдан чўчиган Россия империяси ҳукумати халқаро жамоатчилик назарида ўз ҳатти-ҳаракатларини оқлашга уринди. Чунончи, аҳдномадан нусхалар кўчирилиб, 1865 йилда Россиянинг Туркиядаги элчиси қилиб тайинланган Н.Игнатьев орқали Истамбулга жўнатилди ва шаҳар кўчаларига ёпиштириб чиқилди. Хулоса қилиб айтганда, Тошкент босиб олингач, бу шаҳар Россия империясининг Туркистон масаласига дахлдор барча сиёсий масалаларни ҳал қиладиган империя қароргоҳига айланиб борди. Тошкент шаҳри босиб олинганидан сўнг, 1865 йилда босиб олинган ҳудудларда маркази Тошкент шаҳри бўлган Туркистон вилояти ташкил қилинди.
Мулла Олим Махдум ҳожи ўзининг “Тарихи Туркистон” асарида Тошкент шаҳрининг босиб олинишини Ўрта Осиёдаги иккита – Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасидаги қарама-қаршилик ва ички низолар билан боғлайди: “... Россиялар Тошкандни мухосара қилиб турғон вақтда икки ҳамсоя мусулмония мамлакатларининг подшолари русияларнинг тўп овози етадурғон яқин масофада мамлакатлариға истило қилиб келиб, уруш қилиб турғон ҳолда, анча аҳамият бермай, бир-бирлари билан уруш - талаш қилишиб, вилоятни барбод бердилар, яъни, русиялар ҳимоясиз қолғон Тошканд шаҳрини бир неча кун қамаб, охири 1865 йил 15 июнда субҳ вақтида Камолон дарвозасидин кириб фатҳ қилдилар”.
1866 йили подшо Александр II томонидан Тошкентнинг Россия тасарруфига олинганлиги расман эълон қилинди. Россия империясига бундан ташқари, кейинчалик ҳам ўз манфаатларини амалга ошириш учун мустаҳкам маъмурий тузум зарур эди. Айнан шунинг учун ҳам бу масалани зудлик билан ҳал этиш борасида империя ҳарбий вазири Милютин бошчилигида комиссия ташкил этилади. Мазкур комиссияга Оренбург генерал-губернатори Н.Крижановский томонидан Тошкентни Оренбургга бўйсундириш ҳақидаги таклифи киритилган эди. Аммо, Ўрта Осиёни ўзининг хом-ашё базасига айлантиришни режалаштирган Россия империя ҳукмрон доиралари учун бу таклиф тўғри келмас, Тошкент мустамлакачиларнинг бу борадаги марказига айланиши лозим эди. Айнан шунинг учун ҳам Н.Крижаносвкийнинг бу таклифи рад этилиб, 1867 йил 14 июлда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. Биринчи генерал-губернатор этиб К.П.фон Кауфман тайинланди. Маркази Тошкент бўлган Сирдарё вилояти, маркази Верний (Алмати) бўлган Еттисув вилоятлари мазкур генерал-губернаторлик таркибига киритилди.
Туркистон ўлкасининг марказий бошқарув тизим



Download 37.74 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling