Хосият Рустамова, Ўзму мустақил тадқиқотчиси “адабиётда тенгсизликка қарши адабий қАҲрамонларнинг руҳий исёни” Тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва зарурати
Download 0.78 Mb.
|
1-2-3- бўлим
- Bu sahifa navigatsiya:
- C. Қўқон хонлигининг таназзулга юз тутиши ва Бухоро Амир Насруллохоннинг Қўқонга юришининг асл мақсадларининг таҳлили.
- 3. Гарчанд Нодирабегим қисмати ўлим билан якун топганига қарамай у бугун ўзбек адабиёти тарихида маърифат ва адабиёт раҳнамоси сифатида қаҳрамон қаторида эътироф қилинади.
“Ғамда ўлдум, ғуссада куйдум, иложим топмадим,
Эмди ҳасратлар билан кечсун мени ёзу қишим” – каби сатрларидан тахмин қилиш мумкинки, шоира саройдаги ғайримашруъ ишлар, чиркин ва ахлоқсиз муҳит қаршисида ночор бўлган. Қуйидаги сатрлар ҳам фикримизни тасдиқлайди: “Кўзум ёшини чархи бемурувват хока дўндурди, Нечук журм ўлди пайдо ушбу тифли бегуноҳимда”. Ҳакимхон тўра “Мунтахаб ат-таворих”да ўша давр билан боғлиқ қимматли маълумотлар берадики, бу бир қатор одамларнинг табиати ва характер хусусияти ҳақида хулоса қилиш имконини яратади. Муҳаммадалихон ҳақида тарихчи жуда кўп маълумотларни келтирган, масалан, у ўз мулозимларидан бирига шундай деган: “Одамлар билмасдан мени кўнгилочар ишларни қилмасликка ундаб, бу номуносиб қилиқ, дейдилар. Аслида мен ўзим бир неча бор синаб кўрдим – қачон рўза тутиш, намоз ўқиш сингари савоб ишларни қилсам, қайтанга, ўшанча ишим ўнгидан келмай, чаппасига кетади. Қанча гуноҳ ишга қўл урсам, шунча кўпроқ ишим ривож топади” [37]. Бу унинг гуноҳ ишлардан ҳайиқмаганлигини, мамлакатни бошқаришда ҳеч бир кишини андиша қилмаганлигини кўрсатади. Нодиранинг изтиробга тўла ғазаллари ўғлининг феъли қандай бўлганини ҳам далиллайди. Мадалихон нафақат волидаси, бутун халқ олдида берган ваъдасида турмаган. Охир-оқибат Қўқон забт этиш ниятида бўлган Амир Насруллохонга кўпгина уламоларнинг ён босишига замин яратган. Нодира ўғлини бундан бир неча бор огоҳлантирган, бироқ у қулоқ солмаган эди ва бундан Муҳаммад Алихон қаттиқ пушаймон қилди. C. Қўқон хонлигининг таназзулга юз тутиши ва Бухоро Амир Насруллохоннинг Қўқонга юришининг асл мақсадларининг таҳлили. Мазкур бўлимнинг ибтидосида Абдулла Қодирийнинг сўзларини бекорга тилга олганимиз йўқ. Чунки Қўқон хонлигининг аянчли қисмати биринчи бўлиб улуғ ёзувчиларимизни ўйловга солган эди. Чунки у бутун миллат бошига тушган оғир қуллик изтиробининг илдизлари ўша замонда рўй берган воқеалару хатоларга бориб тақалашини биларди. Тожу тахт ва хотин талашишлар оқибатида миллат бошидан фожеалар аримай қолди. Айтиш жоизки, ёзувчи изланишларининг натижасида “Меҳробдан чаён” романида “Амир Умархоннинг канизи” деб номланган иккинчи боб пайдо бўлди. Ўша канизнинг асл исми Хонпошша, кўпгина тарихий асарларда уни бениҳоя гўзал ва латофатли, замонасининг билимдон аёлларидан бўлгани айтилган. Бир томондан қараганда, романдаги мазкур бобнинг бошқаларига алоқаси йўқдай туюлади, аммо бошқа бир томондан мамлакатнинг кейинги кечмиши, Муҳаммадалихон саройида юз берган қирғинбарот туфайли юзага келганини англаш мумкин. Абдулла Қодирий воқеани қуйидагича тасвирлайди: «…Туркистон хонлиги тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизаклардан бирига муҳаббат қўяди. Каниз ёш бўлганлиги ва балоғатга етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай, вақт кутади. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига етолмай, вафот қилади, тахтга ўғли Маъдалихон минади. Орадан бир неча йиллар ўтиб, бояги каниз балоғатга эришади ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб, отасининг боласи бўлган Маъдалихонни ҳам ўзига ошиқ қилади. Ўз саройида ўсган бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам, бироқ… Тарихнинг бизга хабар беришига қараганда, Маъдалихон бу қизнинг дардида неча йиллар ёнади, чунки уламолар бу ёш гўзални Маъдалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир ёш хоннинг орзусига кўндаланг келадилар. «Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаган бўлсалар ҳам ва лекин «балоғатга эришгач оламан» деб ният қилганлар. Бинобарин, бу каниз сизга она мақомида, шариат рухсат бермайди!» — дейдилар» [38, 3-4 бет]. Ёзувчининг келтирган маълумотларига кўра, у эски уламолари ўрнига янгиларини қўяди. Ўз орзусига замин ҳозирлагач, бир неча йилни ўтказиб, яна уламога шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қилади. Табиий, яқиндагина оғзи ошга етган янги уламолар ўз валинеъматлари бўлган Маъдалихонга хиёнат қилмайдилар. Аксинча, «Валлоҳи аълам биссавоб» деб фатвономани «бинни муфти марҳум», «бинни мударрис марҳум», «бинни Ҳўқандий марҳум» муҳри боҳайбатлари билан қалаштириб берадилар ва Маъдалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадига етади…» Абдулла Қодирий воқеани шу билан тугатмайди, сабаби Муҳаммад Алихон билан Хонпошшаойимнинг никоҳи бу Қўқон хонлиги фожиаларининг ибтидоси эди ва бу кўпларнинг ёстиғини қуритишга бир баҳона бўлди. Ҳакимхон тўранинг ёзишича, Мадалихон Амир Умархоннинг беваси, ўгай онасига уйланиб, ўғил кўрган ва унга катта тўй ҳам берган. Қайд этмоқ жоизки, фақиҳлар кишининг илгари отаси никоҳида бўлган хотинидан фарзанд туғилса, у “мақто”, яъни, “дин душмани” дея аташган. Бундай иш кўпларга ёқмайди. Тарихий манбаларга кўра, диний анъаналарга садоқат руҳида тарбия топган оддий фуқаролар ҳам бу номаъқулчиликларга энг шармандали беномуслик ва ахлоқсизлик деб қаради, чунки Хонпошша Маъдалихон учун отасидан қолган хотин сифатида — ўгай бўлса ҳам она мақомида эди. Руҳонийлар томонидан фатво бериб илҳомлантирилган халқ қўзғолон кўтарди ва Хонпошшани Қўқондан ҳайдаб юборишни очиқ талаб қилиб чиқди. Натижада Хонпошша болалари билан бирга Марғилонга сургун қилинди. Муҳаммад Алихон бундай вазиятда халқ билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Маълумки, мусулмон қонунчилигида – отанинг хотинларидан бирига уйланиш қатъий тақиқланган никоҳ, бу ҳақда, ҳатто Қуръони Каримдаги «Нисо» суранинг 26–28 оятларида: «Башарти аввал отангиз бу хотинга уйланган бўлса, унга уйланманг… Ҳақиқатда, бу – қабиҳ ва манфур, ножўя йўлдир. Оналарингиз билан никоҳланиш тақиқланади; қизларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; опаларингиз ва сингилларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; ота ва она томондан бўлган холаларингиз ва аммаларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; ака-укаларингизнинг қизлари билан никоҳланиш тақиқлаиади; опа-сингилларингизнинг қизлари билан никоҳланиш тақиқланади; парвариш қилган оналарингиз билан никоҳланиш тақиқланади; бирга парвариш топган опаларингиз ва сингилларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; хотинларингизнинг оналари билан никоҳланиш тақиқланади; ҳомийлигингиздаги хотинларингиздан туғилиб, сиздан тарбия топган қизлар билан никоҳланиш тақиқланади; агар ҳомийлигингизга олмасдан аввал қизи билан никоҳда бўлган бўлсангиз, гуноҳ сизда эмас; пуштикамарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари билан никоҳланиш тақиқланади; бир вақтнинг ўзида опа-сингиллар билан никоҳланиш тақиқланади», деб ёзилган. Тарихий манбаларга кўра, Мадалихоннинг иниси Маҳмудхон акаси томонидан Қўқондан чиқариб юборилган Султон Маҳмудхон Шаҳрисабзда истиқомат қилмоқда эди. Унга ҳам акасининг бу маъқул келмаган, хуллас, ука ҳам ўша пайтдаги энг эътиборли руҳонийлардан бирининг маслаҳати билан амир Насруллога “Сиз, амир жаноблари, ҳозирги кунда Мовароуннаҳрнинг энг каттаси ва улуғи ҳисобланасиз. Бугун бизга аниқ маълум бўлдики, Муҳаммадалихон акамиз битта аёл учун аҳмадий динидан воз кечибди. Сиз жаноблари учун вожибдурким, унга танбеҳ бергайсиз. Агар Сиз жаноблари бу ишда ҳаял қилиб, орқага сурсангиз, у ҳолда бизга рухсат беринг, бу савобни биз адо этурмиз” деган мазмунда нома битади. Мактубни олган Амир Насрулло Қўқон хонига “Эшитишимизча, сиз ўз отангизнинг бевасини ҳалол билиб, никоҳингизга олибсиз. Қайси далилга кўра бу ишга қўл урдингиз?” дея мактуб юборади. Мадалихон амирга ҳақоратомуз жавоб йўллайди ва Бухорога қўшин тортади [39, 56-бет]. Абдулла Қодирий эса воқеанинг давомини қуйидагича таърифлайди: “Кимларнинг воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири — амир Насрулло (Ботир) хонга етиб, у ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлган эди, аммо қайси йўл билан бўлса ҳам шу канизни қўлга киргизиш фикрида бош оғритиб, нос чекиб юрган Ботирхоннинг қулоғига бу хабари жонсўз етиб, димоғидан дуд чиқади ва дарҳол Бухоронинг забардаст уламо, муфти, ҳоказо ва аъло ҳозалқиёс пешволарини ўз ҳузурига чорлаб, дарғазаб, воқеани сўзлайди ва улардан дарҳол бир «фатво» талаб қилади. Уламои киром ҳам дар он ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-эшитмас, фатво ёзадиларки: «Бир жамоа мўъминларига амир бўлган зотнинг вазифаи шаръийси шулдирким, исломда устивор тургай, аҳкоми исломни камокон ижро қилғай. Ҳар бир амириким аркони исломдан заррача юз ўгирса, у кимарса жамоаи ислом устига амир эмас, шарирдир. Наузан биллоҳким, Фарғона ва Туркистон мамлакатининг алҳол амири бўлган Муҳаммад Алихон волидининг манкуҳаси, яъни волидаи айни ва ризоисини ўз ақдиға олибдир (эмизган онасига уйланибдир), наузан биллоҳ, наузан биллоҳ. Оят ва аҳодиси шарифа ва ба чаҳори мазҳаб ва ба назди муждаҳидини киром ва уламои зулэҳтиром муттафақун алайҳ кофирдир. Казолика ўшандоғ муртаднинг қатли аввало дигар ислом амирларига ва баъдаз барча мўъминларга фарзи айндир!» Дарвоқе «холисона» бу фатвога амир Насрулло «бетарафона» қиймат бериб, «дин йўлида холис бир жиҳоди акбар» деб жамъий қўшинлари билан Фарғона устига юриш қилади… Амир Насруллонинг бу «холисона» жиҳоди Туркистон хонлиги томонидан қандай муқоваматларга учради ва икки тарафдан қанча бошлар кесилди, албатта, бу тўғрида биз гапириб ўтирмаймиз. Фақат бу можародан бизга керакли нуқта шундаким, натижада Маъдалихон шикаст топди, ҳам Амир Насрулло томонидан қатл қилинди. Маъдалихонга фатво ёзиб берган Қўқон уламоларидан бир нечалари ҳад урилдилар ва бир нечалари қочиб қутилдилар. Амир Насрулло бўлса, Фарғона ҳукуматига ўз кишисини қўйди, фатҳу нусрат билан канизини олиб Бухорога қайтди». «Меҳробдан чаён» тарихий асар бўлгани билан, бироқ бадиий асарлар сирасига киради, балким адиб воқеага айрим ўзгартиришлар киритган бўлиши мумкин, бироқ у, нима қилганда ҳам, адиб бобни ёзаётганда тарихий фактларга асосланган. Аммо эътиборли томони шундаки, адибнинг ёзганлари ўша даврларда аёлга муносабат қандай бўлганини яна бир карра кўрсатиб туради. Амир ўзича «Ислом динининг ҳимоячиси» сифатида шаҳарга ташриф бурюрган эди, бироқ нега у Қуръони Каримда белгиланган қонунга мувофиқ идда муддатига амал қилмади. «Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) . Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир. Хонпошшаойимнинг қисмати беихтиёр антик давр адабиётининг «Илиада» достонида тилга олинган Гўзал Еленанинг кечмишини ва у туфайли шоҳ Менелайнинг ғазабига дучор бўлиб, ер юзидан тамоман йўқолган афсонавий Троя шаҳри ва бегуноҳ бутун шаҳар аҳлининг аянчли тақдирини ёдга солади. Тарихий фактлрга асосланса, Амир Насруллохон ҳам ўша аёлни қўлга киритиш учун ҳеч кимни аяб ўтирмаган. У саройдаги хон оиласини бирма-бир қиличдан ўтказган. Энг аянчли нарса шуки, ўтмишда гўзал аёллар гўё бир мулкдай шоҳлар орасида талаш бўлган. Биров улардан хоҳиши ва кўнглига қараб ўтирмаган. Муҳаммадалихон суюкли хотини Хонпошшаойим ва болалари билан бош олиб кетмоқчи бўлади, лекин қочишга улгурмайди. Амир Насрулло Қўқонга бостириб кирган пайтда Муҳаммадалихон хон эмас, балки оддий фуқаро эди. У амирнинг биринчи босқинидан кейин, яъни 1841 йилнинг ноябрда тахтдан бутунлай воз кечиб, хонликни укаси Султонмаҳмудхоннинг ихтиёрига топширган эди. Амир Насрулло буни яхши билса-да, Муҳаммадалихонни ортидан таъқиб қилишда давом этган, у эса ўз навбатида рафиқаси Хонпошшаойимни олиб қочишга жон-жаҳди билан уринади. Муҳаммадалихоннинг қатл этилишига кофир деб эълон қилингани тўғрисидаги фатво баҳона эди. Ушбу фатво чиндан ҳам Муҳаммадалихонни қатл этиш ва унинг гўзал хотинига эга чиқиш ҳамда бошқа мақсадларига эришиш учун халойиқнинг кўз ўнгида Насруллохон учун етарлича асос яратарди. Бу ҳақда Исҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида амир Насруллонинг бу ишига аслида нималар сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатллари айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, (Насрулло) Умархон “оламан” деган Пошшохон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анча сабаб қилиб келган экан… Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди”. Хонпошшаойим билан шахсан таниш бўлган Ҳакимхон тўранинг ёзишича, у нафақат гўзал, балки билимли ва зукко аёл бўлган. У шайх Иноятулла Канбу (XVIII аср ўрталари)нинг «Баҳори дониш», Зиёуддин Нахшабий (XIII—XIV асрлар)нинг «Тўтинома», Бархурдор туркман (XVIII аср)нинг «Маҳфилора», Хисрав Деҳлавий номига нисбат берилувчи «Чор дарвиш» ва ҳоказо шунга ўхшаш кўплаб китоблар, қўлёзмалардан хабардор бўлган. Бироқ у уч шоҳ ўртасида талаш бўлди, бирор бир манбада бу канизнинг кўнглидан кечган ҳиссиётлар, унинг кечинмалари, атрофида юз бераётган воқеаларга қандай муносабат билдирганига оид таҳлиллар манбаларда деярли қайд қилинмаган. Аввалига уни Муҳаммад Алихоннинг отаси Умархон чиройини эшитгани боис номаълум бир сабаб билан Ўратепадан Шахрихонга қувилган отаси Саидғозихўжадан (тарихий манбаларда буни ойдинлаштирувчи фактлар учрамайди) деярли зўравонлик билан балоғатга етганига қарамай,никоҳига олади. Кейин ўғли бутун бир салтанатнинг тинчини ўғирлаб, унга уйланди. Кўп ўтмай Насруллохон Қўқон хонлигини босиб олиб, қанча қон тўкиб, бу аёлни икки ўғли билан Бухорога ўз ҳарамига олиб келди. Хонпошшаойим Амир Насруллохонга қаршилик кўрсатганми ёки кўрсатмаганми, бу ҳақда тарихий манбаларда деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин шуниси аниқки, у ўзининг гўзаллиги боис шундай аянчли қисматга дучор бўлди. Тарихий воқеаларни ўрганган Тоҳиржон Иминовнинг ёзишига кўра, “Ойхонпошша бахти қаро бўлиб дунёга келган экан. У бениҳоя гўзал эди, мана шу гўзаллиги бошига бало бўлди. Ўз замонидаги уч ҳукмдорнинг ишқи тушди. Унга “Турон Клеопатраси” деган ном бердилар. Ойхонпошша амир Насруллонинг Қўқон халқига ҳамда ўз оиласига етказган заҳматлари учун қулоғига симоб қуйиб ўлдирмоқчи бўлгани сабаб (Бу воқеани шаҳрисабзлик Кенагас хоним билан боғлиқ ҳам дейишади), халқ тилида “Қўқон шумқадами” деб ҳам номланди [40]. Амир Насрулло Бухорога қайтиб келгач, Хонпошшага уйланади, лекин икки ой ўтар-ўтмас, номаълум сабабларга кўра, Хонпошшани ва унинг икки фарзандини қатл қилдиради. Баъзи миш-миш гапларга қараганда, дейди Ҳакимхон, Хонпошшанинг болалари тирик қолган эмишлар [41]. 3. Гарчанд Нодирабегим қисмати ўлим билан якун топганига қарамай у бугун ўзбек адабиёти тарихида маърифат ва адабиёт раҳнамоси сифатида қаҳрамон қаторида эътироф қилинади. А. Нодирабегим адолатсиз равишда ўлимга маҳкум қилинади. Кўз олдида ўғли ва невараси қатл этилади, шу боис уни ўз душманидан ўлимини илтижо қилишига мажбурлаш даражасига олиб келинади ва шоир яшашни истамай ўлимни дадил танлайди. Download 0.78 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling