377-модда. Махсус божхона статистикаси
Махсус божхона статистикаси божхона органлари фаолиятининг турли йўналишлари бўйича тизимлаштирилган, ташқи савдо божхона статистикасини юритиш билан боғлиқ бўлмаган маълумотлар йиғиндисидан иборатдир.
Махсус божхона статистикаси божхона органларининг фаолиятини ўрганиш, бошқарувини ташкил этиш ва ушбу фаолиятни такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилаш учун юритилади.
54-боб. Божхона ишида ахборот-коммуникация технологиялари
378-модда. Божхона ишида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш
Божхона иши, қоида тариқасида, ахборот-коммуникация технологиялари асосида амалга оширилади.
Юридик ёки жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик шахслар божхона ишида бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи божхона органларининг ахборот тизимларидан фойдаланиши мумкин.
Божхона ишида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
379-модда. Божхона ишида фойдаланиладиган ахборот ресурслари
Божхона ишида фойдаланиладиган ахборот ресурслари божхона органларининг ахборот тизимларида яратиладиган, ишлов бериладиган ва тўплаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган ҳужжатлаштирилган ахборотнинг ташкил этилган мажмуидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Божхона органларининг ихтиёрида бўлган ахборот ресурслари очиқдир ва улардан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин, бундан улардаги ахборотдан фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ чекланган ҳоллар мустасно.
(379-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
55-боб. Ахборот ва маслаҳат бериш
Олдинги таҳрирга қаранг.
380-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчилик тўғрисида ахборот бериш
Божхона органлари умумжаҳон Интернет тармоғидаги ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилган божхона тўғрисидаги қонунчиликка доир ахборотдан шахсларнинг монеликсиз фойдаланишини таъминлайди.
Божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳақида ахборот бериш бошқа усул орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
(380-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |