54-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимини қўллашга доир тақиқлар ва чекловлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
товарларнинг айрим турларига нисбатан божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга йўл қўйилмайдиган ҳоллар;
муайян товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш бўйича айрим операцияларни ўтказишга доир чекловларни;
божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товарларни қайта ишлашга йўл қўйишга доир миқдорий чекловларни белгилаши мумкин.
9-боб. Эркин муомалага чиқариш (импорт)
[СПиТ:
1.Божхона режимлари / Импорт]
55-модда. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режими
Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.
56-модда. Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари
Божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилади ва божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ бошқа талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.
(56-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
57-модда. Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар
Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига нисбатан божхона расмийлаштируви учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда импорт қилинадиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |