186-модда. Божхона назорати учун зарур юк операцияларини ва бошқа операцияларни амалга ошириш
Божхона органининг талабига кўра ваколатли шахс товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан юк операцияларини амалга ошириши, шунингдек божхона назоратидан ўтиши керак бўлган товарларнинг ўров-идишини очиши, уларни тарозида тортиши ёки бошқача тарзда уларнинг миқдорини аниқлаши шарт.
Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан амалга ошириладиган юк операциялари ҳамда бошқа операциялар божхона органи учун бирор-бир қўшимча харажатлар келтириб чиқармаслиги керак.
187-модда. Божхона расмийлаштирувида божхона декларациясини, бошқа ҳужжатларни, товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини текшириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Божхона расмийлаштирувида божхона органи божхона декларациясини ҳамда божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган бошқа ҳужжатларни, товарни ва (ёки) транспорт воситасини тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини ҳамда ушбу ҳужжатларнинг, товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширади.
(187-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Товар ва (ёки) транспорт воситаси чиқариб юборилгунига қадар божхона органи товар ва (ёки) транспорт воситаси номининг, улар ишлаб чиқарилган мамлакатнинг, товар ва (ёки) транспорт воситаси миқдори ва қийматининг божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларга ҳамда божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган, божхона мақсадлари учун фойдаланилаётган бошқа ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш учун зарур божхона тартиб-таомилларини бажаради.
28-боб. Божхона назоратини амалга ошириш шакллари ва тартиби
188-модда. Божхона назоратининг шакллари
Божхона назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:
ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш;
оғзаки сўров;
ахборот олиш;
божхона кўздан кечируви;
товарларнинг тамғаланганлигини текшириш;
божхона кўриги;
шахсий кўрик;
божхона идентификациялаши;
божхона кузатуви;
бинолар ва ҳудудларни текшириш;
товарларни ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш, уларни ҳисобга олиш тизимини текшириш ҳамда ушбу товарларни ва транспорт воситаларини инвентаризация қилиш;
товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати.
Do'stlaringiz bilan baham: |