Shakl boshi
Shakl oxiri
Ibrohim Haqqul. Navoiy she’riyatida Er va Eran obrazi
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
НАВОИЙ ШЕЪРИЯТИДА ЭР ВА ЭРАН ОБРАЗИ
Маълумки, жаҳондаги айтарли бир халқ, эл ва миллатнинг ўзига хос феъл-атвори, асосий фазилатини ифодалайдиган сўз, истилоҳ ва тимсоллари бўлади. Эр киши, эркак, мард, аскар, баҳодир, ҳимматли, илоҳий файз ва хосият соҳиби, раҳнамо каби ўнлаб маъноларда қўлланиб келинган эр ва эран калимаси туркий халқлар тили ва тарихида шундай мавқега эгадир. Бошқасини айтмаганда ҳам туркий ёзма ва оғзаки адабиётдан эр, эран, алп эран, ғайб эранлари образлари четга сурилса, унинг нафақат миллий-тарбиявий, балки умуминсоний моҳияти ҳам кучсизланиб, ҳатто маҳдудлашиб қолади. Улар тилга олинганда мумтоз шеъриятдан мардлик, матонат, ҳикмат, жасорат каби боқий ҳақиқатлар ёришиб, ёлқинлашиб келгандай туюлади.
Бизнинг тахминимизга кўра, эркак сингари эр, эран сўзи ҳам эрк сўзидан туғилган. Чунки эркдан маҳрум, ҳурликдан йироқ кимсаларни ҳақиқий эркак, озод шахс деб бўлмаганидек, илоҳий туйғу ва лаёқатдан бенасиб бандаларни эранлар гуруҳига қўшиш ҳақиқатга хилофдир.
Эр ва эран ким? Буларнинг асосий хусусияти, инсоний ибрати нимада? Бу саволларга биринчилардан бўлиб донишманд адиб Аҳмад Югнакий жавоб қайтарган. У Қуръони каримдаги “Билган билан билмаган баробарми?” (Зумар. 9) оятга асосланиб бундай дейди:
Биликлик биликсиз қачон тенг бўлур?
Биликлик тиши эр, жоҳил эр – тиши.
Сўнгакка йиликтан эранга билик,
Эран кўрки ақл, сўнгакнинг – йилик.
Яъни: билимли аёл эр кишидир, билимсиз эркак эса хотиндир. Илмсиз иликсиз суякка ўхшайди, бунақа суякка эса қўл узатилмайди. Ушбу парчанинг иккинчи байтини Навоий “Насойим ул-муҳаббат” китобида:
Сўнггакка иликдир, эранга билик,
Биликсиз эрди – ул сўнгаксиз илик,
тарзида келтириб ўтган.
Ҳақиқий қиёфадаги ориф, сўфий, абдол, аброр, дарвеш, фақир, мискин ёки ринд, ғариб, эран ким? Шарқ тасаввуфи ва сўфийлик адабиётининг асосий қаҳрамонлари ўлароқ танилган бу зотларга хос хусусий ва умумий хислат, руҳоний ҳолатлар нималардан иборат? Очиғини тан олиш керак, на илм, на ижод аҳлида мазкур саволларга жавоб топишга қатъий иштиёқ йўқ. Шу аҳволда илоҳий ишқ, маърифат ва ҳақиқатдан баҳс юритишни бир тасаввур қилинг. Шунақа ҳолат билан жамиятнинг маънавий-маъруфий аҳволини ўзгартиришга ҳисса қўшиб бўладими?
Алишер Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги бир ғазалида, ўзингни авомдан қутқазишни ўйлама, агар эр бўлсанг ўзингни ўзлигингдан, яъни нафси ҳаводан халос айлашга жаҳд қил дейди:
Авомдин демаким ўзни қутқарай эр эсанг,
Ўзингдин ўзни қутулмоққа жаҳд қилғил хос.
Қайси ном ёки истилоҳ билан айтилишидан қатъи назар, касби камол йўлининг аввали эрликдан, мардликдан бошланган ва тариқат тарихининг дастлабки босқичлариданоқ туркийлар маънавий пешво ва муршидни эр дейишган. Юнус Эмронинг мана бу сўзлари бунга бир далилдир:
Ўзининг билимила киши ҳеч манзилга етарми,
Оллоҳга восил бўлолмас эр этагин тутмагунча.
Абулқосим Ҳаким Самарқандийнинг таърифлашича, эр қандай иш билан машғул бўлмасин, кўнглини Ҳақ ишқи ва зикри билан маъмур айлай билган кишидир. Бу жуда оғир ва ҳамма ҳам уддалай олмайдиган иш бўлгани боис Навоий:
Ҳар киши эрмен дебон эрму бўлур,
Келмас ишни илкидин дерму бўлур,-
дейди. Ва руҳи нафсини мағлуб эта билган тийнати тоза, холис кишини чин эр сифатида шарафлайди:
Улдур эрким салб этиб нафсоният,
Ғолиб этгай зотиға руҳоният.
Ҳар кишида бу шараф биззот эрур,
Ул киши поку шариф авқот эрур.
Шундай сиймоларнинг сарварларидан бири Баҳоуддин Нақшбанд эди. “Насойим ул-муҳаббат”да зикр қилинган воқеани эсланг: Кунлардан бир куни Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий Баҳоуддиннинг ота масканларидан ўтар чоғида “Бу туфроғдан бир эр иси келадур. Қасри Ҳиндувон Қасри Орифон бўлғай” деган эканлар. Орадан бир мунча вақт ўтиб Самосийнинг халифалари Саййид Амир Кулол ўша жойга ташриф буюрганда “Ул эр исики бизнинг димоғимизга етар эрди, ортиқроқ бўлубдур”, дебди. Бу эса Баҳоуддин Балогардоннинг туғилиш хабари эди. Буюк муршиднинг нафасидан таралган эрлик иси эса бугунгача дунё аҳлининг қалбини орзиқтириб келади.
Эрлик, эркаклик хислат ва фазилатларига Навоий такрор-такрор диққатни қаратиб, ҳар гал бири иккинчисига ўхшамайдиган янги бир фикрни ўртага ташлайди. Қитъаларидан бирида шоир ёзади:
Дебон берган киши эрдур валекин,
Демай берганга эрлик бил мусаллам.
Не деб, не берса билгил ани хотун,
Дебон бермасни хотундан доғи кам.
Дунё бор экан одамлар орасида олди-берди ёки муҳтожнинг эҳтиёжини қондириш майли бўлади. Бироқ айни шу ишда одамнинг одамлиги, мард, номард ёки ғирромлиги ҳам аниқ кўринади. Шеър шу зиддиятли ҳолат ҳақида. Унда таъкидланиши бўйича, бировга бир нимани бераман деб уни бериш мардлик, яъни эркакка хос ишдир. Шуни ҳеч нима демасдан, ҳеч кимга билдирмасдан бажариш эса чинакам эрлик – тан берса арзигулик хусусият. На деса, на берса – буни қандай баҳолаш керак? Навоийга кўра бунақа эркакни хотун деб ҳисоблаш лозим. Негаки, унда бундайроқ аёл қадар ҳам ҳиммат ва марҳамат йўқ. Оғизда олижаноблик қилиб, аммо гапида туролмайдиган субутсизлар ким? Хотиндан ҳам паст (“Хотун дағи кам”) бадбахтлардир.
“Олам аҳли” табиатидаги қатъиятсизлик, ғирромлик, ҳис-туйғулардаги меъёрсизликлар эркаклик қуввати ғурурини емириб ташлаши мумкин. Масалан, Имом Розийнинг гувоҳлик беришича, агар қаҳру-ғазаб кучайиб, чегарадан ошса, унда бадмижозлик, кибр, ғараз, ҳаёсизлик, бадбинлик, золимлик, бетамизлик, инотчилик, вафосизлик юзага чиқаркан. Агар эркак табиатида нафрат ва ғазаб жуда камайса ёхуд сусайиб кетса, ожизлик, ланжлик, мижғовлик, бахиллик, ҳосидлик ва писмиқлик томир ёзар экан.
Айрим маънавий-ахлоқий мавзу ёки мотивлар талқинида Навоий фақат алоҳида шахс ва ижтимоий тоифанинг эмас, балки умуммиллат тақдирини кўзда тутиб фикр юритади. Халқда ҳам эркаклик, ҳам аёллик жинси белгилари бўлган бандаларга хунаса, нар-мода дейилган. Устод Садриддин Айнийнинг шарҳлашича, моданинг зидди бўлган нар сўзи одам ва қушлар учун эмас ҳайвонлар учун қўлланилган. навоий нар-модалик фожиасидан ҳам кўз юммай, фавқулодда аҳамиятли бир “тажриба”дан сўзлайди.
Эрликни жинсдан-да олий ва беқиёс иродий иқтидор деб билади. Мутафаккир шоир “Наводир уш-шабоб”нинг 88-ғазалида, эр эсанг на эркак, на хотинга ўхшамайдиган даражада қаттиқ ва қатъиятли бўлгил. Ана шунда олам аҳлига қўшилиб гоҳ нар, гоҳ мода бўлиб юрмайсан дейди:
Эр эсанг бўл сулбким, на мода бўлғунгдур, на нар,
Ўзни гар юз қатла олам аҳлидек нар-мода эт.
Бундай фикрлар Навоийда фавқуъл башар, супер инсон орзуси бўлганлигидан далолат беради. Буни “Лисон ут-тайр”даги қуйидаги мисралар ҳам қўллаб-қувватлайди деб ўйлаймиз:
Эр кирар эр сониға ҳиммат била,
Эр эмас фахр айлаган зийнат била.
Эрга хулқу феъл эрур зебу камол,
Янги заркаш ҳулласидур эски шол…
Эр эсанг мақсуди асли кўзлагил,
Ҳар неким сўзларсен – ондин сўзлагил.
Ўрни келганда Навоийнинг эр образига доир талқинлари айрим хато ва чалғишларни тузатишга ёрдам беришини ҳам айтиш фойдадан холи бўлмайди, албатта. Масалан, машҳур мутасаввиф шоир Сўфи Оллоҳёрнинг “Сабот ул-ожизин” асарида:
Отанг эрдур санам эрдек қилиқ қил,
Ёмонлик қилғонларга яхшилик қил,-
деган байт бор. Бунда жавонмардлик ва тантилик Одам Атодан мерос қолгани, шу боис ёмонлик ва нокасликка ҳам яхшилик ва мардлик билан жавоб беришга даъват этилган. Лекин айрим олимлар байтнинг биринчи мисрасини “Отанг ердир, санам ердек қилиқ қил» тарзида ўқиб, ерни хоксорлик, камтарлик, доимий баркамоллик намунаси деб тавсифлашган.
Она Ер – тупроқ Одам наслига айрим жиҳатлардан ибрат ва намуна бўлишини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бирор пайт баркамолликда у инсонга ибрат бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмас. Негаки унда фикрлаш, ўзини тушуниш қобилияти йўқ. Шунга кўра ҳам Сўфи Оллоҳёрнинг ерни отага нисбат бериши ишонарли эмас . Буни эса биринчи галда асар матнининг ўзи тасдиқлайди.
“Сабот ул-ожизин”да инсон ва унинг тақдирига доир тарихий, ирфоний ва фалсафий фикр-мулоҳазаларнинг туб моҳиятини шоир айнан эр сўзи орқали акс эттииришни кўзлаган. Шунинг учун ушбу калиманинг қўлланилиш ўрни ва мавқеи бошқаларникидан фарқланади. Донишманд шоирнинг урғулаши бўйича, эрлик сифати ва фазилати, энг аввало, пайғамбарларга, хусусан, сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссаломга хосдир:
Муҳаммадким, эрур Ҳақнинг ҳабиби,
Маосий дардининг ҳозиқ табиби.
Белин ҳиммат қўлиға боғлаб ул эр
Ҳама нафсим деса ул умматим дер.
Чор ёр – Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Усмон ва Ҳазрати Али ҳам пайғамбар ва нубувват маслагига содиқликларини эрлик билан намойиш қилишган:
Расул айди: ўгирсам дунёдан юз,
Хилофат бўлғай ўттиз йилгача туз.
Ул ўттуз йилда шаҳ эрди ул тўрт эр,
Алар вақтида бўстон бўлгай эрди ҳар ер.
Мадомики, эрликда шунча файз, шунча хислат ва ҳикмат мавжуд экан, тариқатда ҳам эрлик шон-шавкати билан танилган муршидни топиш зарурдир.
Қачон ҳар пир билур қутлуғ йўлингни,
Таниб эр яхшисин топшир қўлингни.
Ўшал пирики эрнинг эри бўлғай,
Тариқат пешасининг шери бўлғай.
Хулласи калом, эрнинг эридан таълим олган инсон ерни ота деб билмасдан, вазминлик ва тамкинликда ундан ўрнак олади:
Кел, эй инсон, агар бўлсанг чин эрдек,
Оғирлик пеша қил дуняда ердек.
Бу ҳолатга соҳиб бўлишнинг асосий шартини эса Навоий нафс домидан қутилиш деб кўрсатган:
Эр ўғлиға нафси канарондин қочмоқ,
Нафъдурким, шери жаёндин қочмоқ.
Энди, эранга келадиган бўлсак, у эрдан кейин пайдо бўлган. Бу сўз “Девони луғотит турк”да эр сўзининг кўплиги бўлиб, эркаклар, баҳодирлар маъносини билдириши айтилган. Маҳмуд Қошғарийнинг таъкидлашича, эр сўзини кўпликда эран шаклида қўлланилиши кам учрайди ва бу қоидага хилофдир. “Чунки кўплик қўшимчаси аслида лар//лор тарзидадир”. Эран туркий халқлар тариқати тарихидан муқим ўрин эгаллаб, унга пири комил, сайри сулук пешвоси деб қаралган. Эраннинг ибратли хусусиятлари бошида зоҳирдан кўра ботин билан чуқур қизиқиши, сувратпарастликдан тийилиб, сийрат моҳиятини билишдан тўхтамаганлиги келади. Чунки руҳ, қалб, хотир, ишқ, ирфон масалалари бевосита сийратга тегишли. Ботин ҳаёти, яъни сийрат жараёнидан йироқлашиш инсонлик салоҳиятини таҳқирлаш ёхуд ерга қориштиришдай бир бефаҳмликдир. Хожа Аҳмад Яссавий “эранлардан Ҳақ йўлини сўрамаганлар” тўғрисида:
Пири комил мукаммилни кўрган эмас,
Ёлғончидир, ваҳдат майдин тотқони йўқ, —
дейди. Эран ва орифларнинг маънавий-ахлоқий ҳаракат ва ҳолатлари одамни хомлик, ғофиллик ҳамда катта-кичик гумроҳликлардан қутқазади. Яссавийнинг чорлови бўйича олий мақсадга етишни кўзлаганлар эранларга эргашишдан толиқмаслиги керак.
Эранларнинг орқасидан ҳаргиз қолма,
Йўлга кирган охир мурод топар, дўстлар.
Ана шу маърифий нуқтаи назар Алишер Навоий томонидан қўллаб-қувватланиб, ўзига хос зайлда давом эттирилган. Навоий ёзади: “Эранлар ҳолларин суратин ёширибтурлар ва маломат суратида наъли бозгина урубтурлар ва зоҳирлари биносин бузубтурлар ва ботинларин асосин тузубтурлар. Қазодин не келса, ўзларин ризоға ёсобтурлар ва олам аҳлининг қатиғ ранж ва ирик маломатиға чидабдурлар… Ҳақ ризосин истарда ғам еб ва қон ичибдурлар”.
@kutubxonachi_qiz telegram kanali
Xurshid Davron kutubxonasi manbalaridan foydalanildi
Do'stlaringiz bilan baham: |