Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Мафкуравий ғоявий (идеологик) тушунчаларнинг бошланиши
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
7. Мафкуравий ғоявий (идеологик) тушунчаларнинг бошланиши
Ибтидоий тўда даврида мафкуравий тасаввурлар қандай бўлганлиги масаласини ҳам реконструкция қилиш мураккаб масала бўлиб келган. Бундай тасаввурларни билиб олишда неандертал одамларининг қабр топилмалари катта аҳамиятга эга. Энг қадимги одамларнинг топилма суяк қолдиқлари асосан тегинилган қатламлардан топилган. Бундай ҳолатнинг юз беришига, аввало, тўртламчи даврда доимий юз бериб турадиган тектоник фаолият сабаб бўлган. Тектоник ҳаракатлар ер қатламлари ва қобиғининг бирламчи ётқизиғига путур етказган, айрим ҳолатларда қатламлар аралашиб кетган. Тегинилмаган ҳолатдаги қатлам билан боғлиқ бизгача етиб келган топилмалар ашелль ва мустьер даврларига тегишли бўлиб, неандерталларга тааллуқлидир. Ҳозирги вақтда бундай топилмалар одатда қабр типида бўлиб, бундай ёдгорликларнинг кўплари фанда маълум. Археологлар антропологларнинг ҳамкорлигида изчиллик билан бундай ёдгорликларни ўрганишиб, уларнинг махсус ўйлаб кўмилганлигини кўрсатмоқда. Бу топилмаларнинг деярли барчаси ғор маконнинг чегара қисмида, махсус қазилган чуқурда, маданий қатлам билан бирга кузатилинган. Дафн қилинганлар ён томонга, ухлаётган кўринишда кўмилган. Нима сабабдан неандерталлар ўзларининг вафот этган кишиларини кўмишган? Бу масала тадқиқотчиларда катта эътибор туғдириш билан, қизиқарли ва қизғин мулоҳазаларни ҳам келтириб чиқарди. Шулардан бир нечасини кўриб ўтамиз. Айрим олимлар фикрича, неандерталларда ўзларининг ўлган кишиларига нисбатан муайян қайғуриш бўлиб, у вақтларда киши ўлими тўла тушунилмаган ёки ўлганлигига ишонмаган, вақтинчалик воқеа деган тушунчада бўлган. Бундан ташқари, дафн қилишдаги алоҳида кўриниш – ёнбошга ётқизиб кўмиш ҳам шундай фикрга келишга кўмаклашади. Айрим олимлар бу хусусият каннибализм – одамхўрлик билан ҳам боғлиқ деган фикрни билдиришганлар. Неандерталлар ўз тўдасига тааллуқли ўлганларни шу мақсадларда махсус дафн қилган бўлишлари мумкин. Шундай қилиб, неандерталлар дафн маросимларида социал боғлиқликни кўриш мумкин. Социал боғлиқлик ва норманинг пайдо бўлиши неандертал қабрлари билан боғлиқ бирдан бир тушунча эмас. Олимларнинг аввалдан кузатишига қараганда, шу хусусият маълум бўлдики, дафиналарда кишилар шарқ-ғарб йўналишида ётқизиб кўмилган бўлиб, бу ҳолат А.П.Окладников фикрича, қуёш ҳаракати билан қандайдир боғлиқ. А.П.Окладников томонидан ўрганилган Тешиктош ғоридан топилган неандертал боласи қабри тоғ кийиги шохлари билан ўраб олинганлиги ҳолати кузатилган. Бу ерда яшаган неандертал гуруҳлар ҳаётида тоғ такаси (кийиги) асосий ов машғулотларидан бири бўлган. А.П.Окладниковнинг қараши бўйича, қуёш чизиғи йўналиши бўйича дафн қилишни қуёшга сиғиниш культининг пайдо бўлиши билан боғлайди. Бошқа кўпгина олимлар томонидан ҳам неандерталларда қабрга дафн қилиш билан боғлиқ культ - илк диний тушунчаларнинг пайдо бўлиш мумкинлиги инкор қилинмайди. Италиянинг шимолий-ғарбида ўрганилган ғорда сталагмит (сув томчиси орқали ҳосил бўлган ҳайвон сиймосига ўхшаш қуртка тош)да неандертал одамининг изи топилган. Франциянинг жанубий-ғарбий ўлкасида ўрганилган Регурду ғоридаги мустьер даври қатламида сунъий равишда қурилган бир неча тош қатламлар остига айиқ суяклари қўйилган эди. Тахминан, айнан шундай топилмалар Петерсхол ва Драхенлох ғорларида кузатилган. Бу топилмалар неандертал одамларига магия, яъни жинга сиғиниш аломатлари бегона бўлмаганлигини кўрсатади. Кўпчилик олимларнинг фикрларига қараганда, неандертал одамларининг мия ривожи ҳажми ҳали барча ҳодисаларни тасаввур қилиш қобилиятига тўла эга эмас эди. Шунинг учун ҳам бундай сиғиниш диний қарашлари неандерталларнинг сўнгги босқичларида вужудга келган бўлса керак. Аммо неандерталларнинг бошланғич ва ўрта ривожланиш босқичларида ҳали дафн билан боғлиқ ҳаёт, уларга тегишли урф-одат, сиғинишлар тўла хос эмас, заиф ҳолатда бўлганлиги учун мавжуд эди. Ибтидоий тўда даврининг неандерталлар замонида ижтимоий онгнинг яна бир бошқа шакли вужудга келган. Биз юқори сатрларда археолог Р.Солецки томонидан Шанидар ғор маданий қатламларидан топилган неандертал жасади билан боғлиқ доривор ўсимликлар чанги кузатилганлиги ҳақида сўз юритган эдик. Бу топилмани кузатишдан шу хулоса келиб чиқадики, ибтидоий тўда даври одамларининг доривор ўсимликлардан турмушда фойдаланганлиги халқ тиббиётининг илк илдизларидан далолат беради. Франциянинг Ли Фарасс ғоридан косасимон чуқурликка эга тош лавҳа топилган бўлиб, унда охра, яъни табиий бўёқдан чизилган чизиқлар кузатилган. Бу ҳодиса санъатнинг келиб чиқишидаги илк кўриниш бўлиши мумкин. Бундан ташқари, илк палеолит даврига оид ғор деворларида макоронсимон, тўлқинга ўхшаш чизмалар кузатилган, одамнинг қўл тасвири солинган расмлар топилган. Айрим олимлар бу топилмаларнинг ҳали улар санъат намуналари эмаслиги, балки маънавий ижод тушунчасининг энг илк тасаввурлари эканлиги ҳақида мулоҳазалар юритишмоқда. Қандайлигидан қатъий назар бу каби топилмалар аҳамиятли бўлиб, биз бу орқали одамзодда дастлабки маънавий аждоднинг илк илдизлари ибтидоий тўда даврида юзага кела бошлаганлиги ҳақидаги тасаввурга эга бўламиз. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling