Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Ибтидоий тарихнинг даврланиши ва хронологияси
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
2. Ибтидоий тарихнинг даврланиши ва хронологияси
Ибтидоий жамият формацияси инсоният тарихидаги энг узоқ, бир неча юз минг йилликлардан иборат давр саналади. Унинг қуйи чегараси ҳозирги давр фанининг маълумотларига қараганда, қарийб 2-2,5 миллион йилларни ўз ичига олади. Тўғри, бу масалада ҳамон олимлар орасида турли қарашлар мавжуд. Дарҳақиқат, ибтидоий давр тарихининг энг пастки чегарасини мутлақ аниқлаш мураккаб, сабаби, доимий равишда тадқиқот олиб бораётган олимлар бу борада янги археологик, палеонтологик ва антропологик топилмаларни қўлга киритмоқдалар. Бу жараён эса ибтидоий тарих санасигача даврий равишда ўзгартиришлар киритиб туришни талаб қилади. Айни вақтда биз ибтидоий жамият тарихи хронологияси ва даврланишда сўнгги йилларда фаннинг эришган ютуқларига таяниб иш кўришимиз маъқулроқ. Ибтидоий жамият формацияси тарихининг юқори чегараси милоддан аввалги 5 минг йилликлар билан ифодаланади. Хусусан, бу соҳада ҳам турлича фикрлар бўлиши мумкин. Масалан, Осиё ва Африкада биринчи цивилизация милоддан аввалги 4 ва 3 мингинчи йиллар атрофида рўй берган. Овропада мил. авв. I мингинчи йилларда, Америка қитъасида мил. авв. I мингинчи йилларда ҳамда жаҳоннинг бошқа ҳудудларида яшаган айкуменларда (айкумен – юнонча, одамзоднинг Ер куррасида яшаб, ишғол қилган ҳудудлар) мил. авв. I мингинчи йилларга тўғри келади. Аслини олганда, ибтидоий тарихнинг умумий даврланиш тизими дастлаб таниқли америкалик этнограф олим Льюис Генри Морган томонидан 1870 йилда ишлаб чиқилган эди. Бу олим ибтидоий давр тарихини 3 тараққиёт босқичига: ёввойилик, варварлик ва цивилизация босқичларига бўлиб, бу борада олим одатий мезон қилиб, ишлаб чиқариш кучлари даражасини ҳисобга олган ҳолда босқичларга ажратади. Морган ёввойилик, варварлик даврларининг ҳар бирини қуйи, ўрта ва сўнгги босқичларга ажратади. Қуйи босқични – Ер юзида одамзоднинг пайдо бўлиши ва дастлабки нутқнинг пайдо бўлиши билан боғлайди. Ёввойиликнинг ўрта босқичида балиқчиликнинг юзага келишини олов ва ўқ-ёйнинг кашф қилиниши билан боғлайди. Варварликнинг қуйи босқичига ўтиш даврини кулолчиликнинг пайдо бўлиши билан, ўрта босқични дастлабки деҳқончилик билан, сўнгги босқични эса энг юқори босқич ҳисоблаб, темирдан фойдаланиш жараёни билан боғлайди. Алфавитли ёзувнинг пайдо бўлишини эса цивилизация, хуллас, синфий жамиятнинг юзага келиши билан боғлайди. Бу даврлаш тизими кўп йиллар кучда сақланиб келди. Бироқ Ф.Энгельс Л.Г.Морганнинг бу соҳадаги асарлари ва «Қадимги жамият» китоби билан танишиб, ибтидоий жамият формациясига бирмунча ўзгартиришлар киритди. Энгельс Морган даврлашини қунт билан ўрганиб, қайта кўриб чиқиб, унга янги хулосалар киритди. Масалан, ёввойилик даврини ўзлаштирувчи хўжалик, варварлик даврини эса ишлаб чиқариш иқтисоди билан боғлаган ҳолда тушунтириб берди. Бу масалалар Ф.Энгельснинг «Оила, хусусий мулк давлатнинг келиб чиқиши» асарида батафсил ёритилган1. Энгелс варварлик босқичининг сифат даражасини ифодалаб, ўз китобига «Варварлик ва цивилизация» номи билан алоҳида боб киритади. Энгельс ёввойиликнинг қуйи босқичини одамзоднинг тўда ёки гуруҳ бўлиб яшаш даври деб атайди2. 1940 йилларда археолог ва этнограф олим С.П.Толстов ибтидоий давр формациясини янги археологик ва этнографик манбалар асосида таҳлил қилиб, қисман ўзгартирилган даврлашни ишлаб чиқди. Масалан, С.П.Толстов ибтидоий тарихни 3 асосий босқичга бўлади: 1) Ибтидоий одамзоднинг тўда даври деб атаб, бунда ибтидоий одамзод жамоаларининг ташкил топиши ва меҳнат қуролларини яратиш даври; 2) Ибтидоий жамоалар бўлиб, бунда одамзод меҳнат қуролларидан тирикчиликда кенг қўлланиши билан боғлиқ бўлиб, ибтидоий жамоаларнинг шаклланиш давридир; 3) Ҳарбий демократия. Бу давр ибтидоий жамиятнинг синфий табақаланишига ўтишнинг бошланиши ва ҳаётда металлдан кенг фойдаланиш давридир. С.П.Толстовнинг бу системасидан фан кўп йиллар фойдаланди. Умуман қаралганда, ибтидоий жамият формациясини ўрганувчи олимлар орасида, шунингдек, чет мамлакатлар олимлари орасида ҳам ҳозирча мутлақ якдиллик йўқ. Сабаби, фан аксиома эмас, у доим ривожланишдадир. Айни замонда ибтидоий жамият тарихини даврлашда археологик маълумотлар муҳим ўрин тутади. Археологик даврлаш ибтидоий жамият тарихини меҳнат воситаларининг ясалиш, технология усуллари билан боғлиқ бўлиб, бу борада даврлаш уч босқичдан ёки асрдан: тош, жез ва темир даврларидан иборат. Тош асри – қадимги тош асри ёки палеолит (юнонча сўздан palaios – қадимги, litlios - тош) ва янги тош асри ёки неолит (юнон тилида neos - янги) ҳамда мезолит (ўрта тош) даврларига бўлинади. Палеолит эса кетма-кет келадиган уч босқичга: илк, ўрта, сўнгги палеолит даврларига бўлинади. Илк палеолит тахминан 2-2,5 миллион йиллардан аввал бошланган бўлиб, 150 мингинчи йилларга қадар давом этган. Сўнгра ўрта палеолит, одатда, уни мустьер даври ҳам деб атайдилар ва бу давр 50 мингинчи йилларга қадар давом этган. Сўнгги палеолит 50-12 мингинчи йилларни ўз ичига олади. Сўнгра мезолит даври мил. авв. 12-6 мингинчи йилларни ўз ичига олади. Тош асрида кишилик ҳаёти Ер куррасининг турли экологик бурчакларида ривожланганлиги сабабли, бу даврда тирикчилик, маданият тарихи бир маромда кечмаган. Табиий иқлим, шароит, меҳнат воситалар хом ашёси заҳирасига ҳамда меҳнат қуролларини ясашда қўлланилган технологик услубларга кўра турли минтақаларда турли даражада ривожланган маданият ва у билан боғлиқ турмуш тарзи вужудга келган. Айниқса, неолит даврига келиб кескин ўзгаришлар содир бўлади. Шунинг учун ҳам турли минтақаларда неолит даври маданияти ҳар хил ривожланишда бўлиши мумкин эди. Овропанинг катта қисмидаги неолит даври мил. авв. 8-5 минг йилликлар билан саналанади. Айрим минтақаларда неолит даврининг сўнгги тараққиёт босқичларида мис ва мис қуроллар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам бу давр энеолит (мис-тош) даври деб аталган. Авваллари бу давр илмий асарларда халкалит атамаси билан ҳам юритилган. Жез асрининг тахминий хронологик жадвали мил. авв. 3-минг йиллик охири ва 1-минг йиллик бошлари билан саналанади. Мил. авв. 1-мингинчи йиллик бошларида темир асри кириб келади. Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, тош, жез, темир асрларида табиий иқлим ва жўғрофик жойлашишга нисбатан минтақаларда бир-биридан бирмунча фарқ қиладиган маданий ҳаёт ҳукм сурган. Умумий миқёсда қаралганда, ибтидоий жамият тарихини кетма-кетлик билан боғлиқ даврларга бўлиш инсоният жамияти тараққиёт эволюцияси ва динамикасини тарихшунослик нуқтаи назаридан тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Археологик даврлаш асосан технологик мезон билан боғлиқ бўлса-да, бироқ унинг ишлаб чиқариш тараққиётини белгилаб бериши жуда аҳамиятлидир. Бу даврлаш меҳнат қуролларининг техникавий тараққиёти ҳақидаги муҳим масалаларга ойдинлик киритади. Шунинг учун ҳам археологик даврлашда мутлақ ва нисбий хулосалар қилинади. Масалан, мутлақ даврлаш учун табиий фанларнинг турли усуллари: изатоп, калий орган, радиокорбан ёрдамида текширишлар қўлланилади. Гидрохронологияда ер юзида ҳосил бўлган йиллик соз тупроқ қалинлиги қатламларидан фойдаланилади. Бу борада дендохронология, яъни дарахт кундаларида ҳосил бўлган йиллик халқа изларидан фойдаланилади. Ибтидоий одамларнинг маконларида ҳосил бўлган маданий қатлам ашёларини ўрганишда фан ютуқларидан фойдаланилган ҳолда яна нисбий ёки мутлақ санасини аниқлаш усулларидан фойдаланилади. Улардан ташқари даврлашни аниқлашда археологияга физика, химия, геология, палеозология, палеоботаника, палеонтология фанлари ёрдамга келиши мумкин. Айниқса, археологик даврлаш масаласини ўрганишда ер қатлами билан боғлиқ ҳолда ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Одамзоднинг пайдо бўлиш вақти ер қатламининг тўртламчи даври билан боғлиқ. Бу даврни икки босқичга бўлиш мумкин: музликдан аввалги ва музлик даври бўлиб, бу давр фанда плейстоцен ҳамда иккинчиси музликдан сўнгги давр бўлиб, у кўпинча голоцен даври деб аталади. Плейстоцен даврида Шимолий Овропа, Осиё ва Шимолий Америка кенгликлари даврий равишда музликлар билан қопланган. Фаннинг берган маълумотларига кўра, 4 марта музлик босган ва қайтган. Шунинг учун ҳам фанда 4 марта музлик ва уч марта музликлараро даврлар бўлган. Бу музликларни белгилаш учун Овропада гюцен, миндель, рисс, вюрил атамалари қўлланилиб, аслида бу номлар 4 алп тоғлари дарёлари билан боғлиқ бўлиб, дарёлар узанлари бўйлаб музликлар ҳаракати ва қолдиқлари яхши кузатилган. Биринчи икки музлик қуйи плейстоцен даврининг боши, охирлари ва ўртасига тааллуқли бўлса, охирги музлик плейстоценнинг охирги босқичига тўғри келади. Археологик нуқтаи назардан плейстоцен палеолит ва қисман мезолит даврларига тўғри келиб, неолит даври музликдан сўнгги давр ҳисобланиб, одатда, голоцен деб аталади. Булардан ташқари, ибтидоий давр тарихини антропологик жиҳатдан даврлаш фанда ҳукмрон. Бу борада одамзоднинг жисмоний эволюциясини ўрганиш аҳамиятлидир. Антропологик даврлаш асосан энг қадимги одамзоднинг ривож топиш мезони билан боғлиқ. Масалан, бу масала энг қадимги, қадимги ва қазилма топилма одамлари билан боғлиқ бўлиб, архантроп, палеонтроп ва ақлли одам топилма ҳамда уларнинг атамаларидан иборат. Тўғри, одамзод туркумини тизимга солишда, жумладан, гоминидлар ҳақида олимлар орасида ҳар хил фикрлар бор. Айрим олимлар хома хабилис (ўқувли одам) ҳақида фикр юритиб, уни одамдан аввалги аждодларга тегишли эканлиги ҳақида фикрлар билдиришган. Шундай қилиб, фанда асосий ҳукм сурган фикрларни инобатга оладиган бўлсак, айни вақтда ибтидоий жамият тарихини даврлашни археологик жиҳатдан қуйидагича белгилаш мумкин: 1. Одамзоднинг ибтидоий тўда даврига илк ва ўрта палеолит соҳалари кирган бўлиб, бу даврда архантроп, палеантроплар яшаган ва 2 миллион йиллар 50 мингинчи йиллар оралиғини ўз ичига олади. 2. Ибтидоий уруғдошлик даври бўлиб, бу даврга ўрта палеолитнинг охири, сўнгги палеолит, мезолит даврлари кириб, палеантроп ва неантроп туридаги одамзод яшаган ва бу давр бундан аввалги 50-12 минг йилликларни ўз ичига олади. 3. Уруғ-жамоа тузумининг гуллаган даври бўлиб, археологик жиҳатдан мезолит ва неолит даврларини ўз ичига олиб, мил. авв. 12-6 минг йилликлар билан белгиланади. 4. Ибтидоий қўшни уруғчилик (одатда протокрестянская) жамоаси даври бўлиб, унга сўнгги неолит, энеолит, илк металл даврлари киради ва бу давр мил. авв. 6-4 мингинчи йилликларни ўз ичига олади. Шуни айтиш лозимки, ибтидоий қўшничилик (протокрестянской) жамоаларда тош қуроллар ўрнига хўжаликка металл қуролларнинг кириб келиши жамият ижтимоий, иқтисодий тузумини ларзага келтиради, меҳнат унумдорлиги кескин ошади, суғорма деҳқончилик, ҳунармандчилик, чорвачилик хўжаликлари ривож топиб, истеъмолдан зиёд маҳсулотлар пайдо бўлади, бойлик орттириш мақсадида уруғ жамоалари ва қабилавий талончилик урушлари вужудга келади. Шу тарзда уруғдошлик жамоалари ўрнига қўни-қўшни жамоалар ташкил топади, хусусий мулкчилик пайдо бўлади. Эксплуатациянинг илк кўринишлари вужудга келади. Бу жараённинг тобора тараққий қилиши қўшимча қиймат иқтисодини вужудга келтириб, илк синфий жамиятнинг куртаклари ва шу билан бирга синфлар, давлатчиликнинг пайдо бўлишига олиб келади. Натижада ибтидоий жамоалар тузумининг инқирози юз бериб, навбатдаги формация – синфий жамият ташкил топади. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling