Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
XIX аср охирларида ибтидоий тарихнинг ривожланиши
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
4. XIX аср охирларида ибтидоий тарихнинг ривожланиши
Ибтидоий жамият ҳақида фанга кириб келган янги таълимотлар кўпгина олимларнинг дунёқарашига ўз тасъсирини ўтказиб, ўзгартириб юборди. Сабаби, XIX асрнинг 2-ярмига келиб илмий кашфиётларнинг доираси анча кенгайди, янги манбалар қўлга киритила бошланди. Бироқ тарихга материалистик қараш буржуазия «таълимотчи»ларига ёқмас эди. Аммо фан тараққиёти давом этарди. 1888 йилда даниялик Конрад Старкенинг «Ибтидоий оила, унинг вужудга келиши ва ривожланиши» номли китоби нашрдан чиқди. Муаллиф оила, никоҳ ва уруғ тузуми ҳақидаги эволюционистлар қарашларини инкор қилиб, ибтидоий даврнинг ижтимоий бирлиги уруғ эмас, моногам оила, деган таълимотни илгари суради. Ибтидоий оилада қариндошлик ҳисоби ота томонидан олиб бориларди, матриархат эса бирмунча кейинги давр ҳодисаси, деган тезисни ёқлаб чиқди. Унинг ҳамфикрдоши финландиялик Эдуард Вестмермарк (1862-1939) инглиз тилида «Одамзоднинг никоҳ тарихи» (1891) китобини ёзиб, энг қадимги никоҳ патриархал оила бўлган, деган тезисни қўллаб чиқади. Унинг фикрича, бир вақтлар никоҳ аломати бўлмаган ва ота ҳамма вақт оила бошлиғи, ҳимоячиси бўлиб келган, деган фикрни ўртага ташлайди. Демак, одамзод никоҳи ўтмишда одамзод маймунлардан қолган сарқит деб қарайди. Немис социологи Эрнст Гроссе (1862-1924) ҳам кўп узоққа бормай, оила типини механик тарзда хўжалик билан боғлаб, илк деҳқон жамоаларда муайян бир оила шакли мавжуд бўлган, деган фикрни билдиради. Айрим олимлар эволюционистик схемадан четлашиб, хўжалик ва иқтисодиёт тарихи муносабатларига эътибор беради. Масалан, шундай изланувчилардан бири немис географи ва зоологи Эдуард Хан (1856-1928) эди. У анъанавий уч босқичли хўжалик (овчилик, чорвачилик, деҳқончилик) юритишни танқид остига олиб, энг қадимги инсониятниг дастлабки машғулоти овчилик эмас, балиқчилик ва терим-термачилик бўлган, деб айтади. Термачиликдан деҳқончилик вужудга келган бўлиб, бу соҳа аёлларнинг ихтироси бўлиб, бу хўжаликда асосан аёллар меҳнати устун турган. Эрлар бир вақтда овчилик ва балиқчилик билан машғул бўлган. Кейинчалик ҳайвонларни хонакилаштириш бошланади. Шундай қилиб, Хан бу жараённи хўжалик талаблари билан боғламасдан диний руҳиятга боғлайди. Тўғри, унча илмий бўлмаса-да, немис иқтисодчиси Карл Бюхернинг китоби «Халқ хўжалигининг вужудга келиши» (1893) номи билан нашр қилинган бўлиб, унинг бу асарида одамзоднинг хўжалик тараққиёти уч босқичдан: бек уй хўжалиги, шаҳар хўжалиги ва халқ хўжаликларидан. Уй хўжалиги тоифасига Бюхер антик даврда уруғ-аймоқдош бўлиб яшаган ҳамда илк ўрта асрларда яшаган халқларни қўшган. Ибтидоий тарихни у «хўжаликкача бўлган босқич»деб билади ва бу даврда кишилар якка тарзда озиқ-овқат излашган. Бундан ташқари унинг энг қарама-қарши таълимотларидан бири «ёлғиз - ёввойилик» таълимоти этнографияга асосланган ибтидоийлик ҳақидаги фаннинг ютуқларини инкор қиларди. Шунингдек, XIX асрнинг охирларига келиб, чет мамлакатларда турли антик этнографик йўналишлар ёки мактаблар вужудга келиб, ибтидоий жамият тарихини ўрганишда қатор анти тарихийлик таълимотлари пайдо бўлди. Тўғри, уларнинг айримлари ибтидоий жамият тарихи билан шуғулланмасди, улар ҳам ибтидоийликнинг ҳамон қолоқ сарқитларидан кўз юмолмасди. Дастлабки вақтларда буржуазия антиэволюционизм таълимотларининг тарқалиши кўзга ташланади. Буржуа фанида бу йўналиш «диффузионизм» (лотинча diffuziya – тарқалиш, ёйилиш) эди. Бу таълимотнинг асоси тарихий тараққиётда маданий ёйилишнинг воқелиги эди. Диффузионизмнинг пайдо бўлиши билан антропогеографик таълимот пайдо бўлди. Бу таълимотнинг асосчиларидан бири немис географи ва этнографи Фридрих Рацел (1844-1904) эди. Бу вақтда эволюционистлар ҳар бир воқелик ва маданиятга эволюциянинг муайян занжири деб қарардилар. Рацелнинг дунёқараши бўйича ҳар бир воқелик географик шароит билан боғлиқ бўлиши лозим. Унинг «Халқшунослик» (1885-1888), «Ер ва турмуш» (1901-1902) китобларида ўзаро ҳаракатда географик шароит бирдан бир рол ўйнайди. Шунингдек, халқлар ўртасидаги ўзаро алоқалар, босқинчилик, мол алмашув, савдо каби масалаларда географик, табиий шароитлар муҳим ўрин тутган. Рацелнинг таълимотининг моҳияти шундаки, маданият халқ томонидан яратилади, унинг тарқалиши эса халқ тарихи билан боғлиқ. Рацелнинг бу таълимотларидан реакцион олимлар фойдаланиб, эволюцион тараққиёт тарафдорларига қарши чиқдилар. Диффузионистик мактабнинг вакилларидан бири этнограф африкалик Лео Фробенус (1873-1923) эди. У Германияда «Маданият доиралари» мактабини яратди. У маданият таъсири ўтган ҳудудларни картаграфиялаштириб, маданиятнинг ривожланиши билан айрим минтақаларда маданий доиралар вужудга келиш мумкинлигини ифода этиб берди. Маданий доиралар ўзларининг турмуш тарзига биноан муайян даражада бир-бирларига ўхшаса-да, аммо фарқ қилиш мумкин. Фробенуснинг таълимоти бўйича, «маданият» бу алоҳида организм, одамлар ихтиёрисиз ҳам мустақил ривожланишда бўлади. Фробенус издошларидан бири Фрицем Гребнор (1877-1934) таълимотига биноан ҳар бир маданият элементи (моддий маданият предметлари, урф-одатлари, диний қарашлари ва бошқалар) муайян бир доирада фақат бир марта пайдо бўлади ва у катта доирадаги ҳудудларга тарқалиши мумкин. Бир доирадаги маданият элементлари диффузия йўли билан тарқалиши мумкин ва бошқа «доира» элементига таъсир қилади. Бутун маданият тарихи – бу ер юзи бўйлаб бир неча «маданий доира»нинг тарқалиш ёки ёйилиш маҳсулидир. Гребнернинг дунёқарашига биноан ҳеч қандай такрорланиш бўлмайди, шу боис инсоният тарихида маданий такрорланиш бўлмайди. Гребнер таълимотлари веналик этнограф Вильгельм Шмидт (1868-1954)нинг «Маданий-тарихий мактаб»и асосида ривожлантирилди. У католик патерларидан бўлиб, хусусий мулк ва патриархал ҳокимиятни динга боғлайди. Патриархат ҳам, матриархат ҳам адабий, демоқчи бўлади. «Маданий доира» назарияси археологияга ҳам таъсир ўтказди. Австралиялик археолог ва этнограф Освальд Менгилнинг «Жаҳон тош даври тарихи» китобида (1930) археологик манбалар асос қилиб олинган бўлиб, унга биноан ибтидоий жамият тарихи аҳоли қабилаларининг кўчиш (миграция) жараёни билан боғлиқ. Кейинчалик Менгил асарлари реакцион тус олиб, расизм ва фашизмни ёқлаб чиқди. Диффузионизм Англия археологияси ва этнографиясига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бу йўналишнинг кўзга кўринган вакилларидан бири Уильям Риверс (1864-1922) эди. У 1914 йилда «Мелонезия жамияти тарихи»ни 2 жилддан иборат қилиб нашрдан чиқарди. У ўз асарида эволюционизм ва диффузионистик нуқтаи назарни яқинлаштиришга ҳаракат қилган. Тарихий тараққиётнинг прогрессивлигини тан олган ҳолда, у бу тараққиётнинг омили халқлар маданиятининг бирлигида, деб тушунтиришга уринади. Унинг тасаввурига биноан маданиятлар бири иккинчисига таъсирини ўтказган. Айрим диффузионистлар маданиятнинг бирор бир цивилизациялашган марказдан кенг доирада тарқалиши мумкинлигини эътироф этади. Англиянинг машҳур археологи Гордан Вир Чайлд (1892-1957) диффузионистик қарашларни марксизм билан боғлаб, унда халқлар миграцияси асосида маданиятларнинг ўзаро таъсири борлигини эътироф қилиб чиқади. Умуман қаралганда, диффузионизм этнографиядаги алоҳида оқим бўлиб, археологияга унинг айрим хусусиятлари яқин эди. Диффузионистлар томонидан ҳар бир халқнинг маданияти бири иккинчисидан таъсир олган деб тушунтирилади. Диффузия элементларининг бошқа алоҳида халқлар турмуш маданиятида ҳам бўлиши мумкин. Бироқ барча муҳим кашфиётлар, ихтиролар бир марта содир бўлиб, фақат бир марта муайян бир марказдан тарқалган, деган таълимот илгари сурилади. Диффузионистлар маданиятни ўзаро қабул қилишни ва миграция жараёнини кўкларга кўтарар, ички томондан ривожланган маданиятни инкор қилар эди, бинобарин, ҳар бир халқда ички маданият ривожланган. Бу жараённи диффузионистлар инкор қилиб, миллатчилик ва ирқчилик таълимотини олға сурарди. Диффузионистлар айрим халқларга муҳим тарихий воқеаларни боғлаб, бошқаларини инкор қилар эди. Айрим халқларнинг тарихдаги ролини менсимасликка ҳаракат қилишардилар. XIX асрнинг охирларида диффузионистик билан бир вақтда социологик оқим пайдо бўлди. Бу оқим асосан фаранг олимлари асарларида ўз аксини топган. Унинг асосчиларидан бири социолог Эмиль Дюркгейм (1858-1917) эди. Унинг фикрича, тарихий тараққиёт жараёнини ҳаракатга келтирувчи куч ижтимоий онгдир. Социологиянинг предмети, бу олимнинг фикрича, «ижтимоий фактор» бўлиб, у ижтимоий ташкилотларнинг яратилиши билан боғлиқ. Бу олим барча ижтимоий институтлар асосида коллектив тақдимот ётади деб, бу билан у ижтимоий онгни ҳимоя қилиб чиқади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Англияда функционал мактаб оқими пайдо бўлди. Унинг асосий вакили Бронислов Малиновский (1884-1942) эди. Бу оқим вакиллари бошқа, аввалги маданият тарихи оқимларидан фарқли ўлароқ, маданият, бу механик тарздаги бирлик эмас, балки у ягона тизим бўлиб, барча элеметлари бирлаштиради ва ҳар бир маданий элемент ўзининг ижтимоий функциясини бажаради, деган фикрларни билдиради. Иккинчи жаҳон урушидан кейин янги «социал - этнографик» назария оқими пайдо бўлади. Бу оқим вакилларининг фикрича, ҳар бир халқда ўзига хос алоҳида «маданият модели» мавжуд. Бу тизим авлоддан авлодга ўтади ва бошқа бирмунча ривож топган халқларнинг таъсирида муайян ўзгаришларга учраши мумкин. Шунинг билан бир қаторда АҚШ, Франция ва бошқа ғарбий мамлакатларнинг археолог ва этнограф олимлари орасида ибтидоий тарихни тарихий материалистик асосда талқин қилиш оқимлари ҳам пайдо бўлди. Ғарб мамлакатларига нисбатан муайян даражада фарқли ўлароқ, Россияда этнографик ва ибтидоий жамият тарихини таҳлил қилиш алоҳида қизиқиш уйғотади. Шуни айтиш лозимки, рус этнографлари маълум даражада марксизм таъсирида иш кўрдилар. Масалан, таниқли рус олими Н.И.Зибер (1844-1888) «Ибтидоий иқтисодий маданият очерклари» (1883) китобида Маркс ва Энгельс ғояларини Россияда тарқатишда хизмат қилдилар. У ўзининг бу китобида ибтидоий ишлаб чиқариш муносабатлари, хусусий мулк шакллари характери ҳақида таълимот юритиб, энг қадимги вақтда хўжалик юритишнинг шакллари жамоа ва коллектив шаклда эди, деган таълимотларни ёқлаб чиқади. Рус тарихчиси ва этнографи М.М.Ковалевский (1851-1916) ҳам марксизм таъсирида асарлар ёзиб, оила, уруғ ва жамоа ҳақида ёзган илмий ишларида славян ва кавказ материалларидан кенг фойдаланди. У уруғчилик шаклларининг тараққиёти, тарихи ҳақида фикр юритиб, ибтидоий дарда оилавий жамоа универсал характерга эга бўлганлигининг ифодалаганлиги Энгельс томонидан юқори баҳоланган. Аслида рус этнографиясининг тараққиёти алоҳида йўналишга эга бўлиб, юқорида қатор айтилган антитарихий ғоялар кириб келмаган. Кўпгина рус олимлари эволюцион ғоялар атрофида изланишлар олиб борган. Айниқса, оила, никоҳ, диннинг келиб чиқиши масалаларига эътибор қаратилган. Бундан ташқари, хўжалик тарихи, халқлараро маданий алоқаларга кенг эътибор берилган. Д.Н.Анучин (1843-1923) ҳам ўзининг асарларида эволюцион усулдан кенг фойдаланган. У география, археология, антропология ва этнография каби турдош фанлар ғояларини бирлаштиришга кўп хизмат қилган. Ибтидоий жамият тарихини, этнографияси ва маданиятини ўрганишда В.Г.Богоразтан (1865-1836), В.И.Иохельсон (1855-1943)ларнинг хизматлари катта бўлган. Бу олимлар подшо ҳукумати томонидан сиёсий бадарға қилинган бўлиб, улар Колима ўлкасида жазони ўташ йилларида Шимолий-Шарқий Осиёни, уларнинг халқларининг этнографиясини ва бу халқларнинг Шимолий-Ғарбий Америка жойли халқлари билан ўрнатган алоқалари ҳақида қатор асарлар, кундаликлар қолдирган. Эволюцион мактабнинг кўзга кўринган вакилларидан Харузинлар оиласи эди. Н.Н.Харузин (1865-1900)нинг муҳим асарларидан «Финларда уй-жой тараққиёти тарихи очерклари» (1895) ва Россиядаги «Ярим кўчманчи ва кўчманчи турк ва мўғул халқлари тарихи очерклари» (1896) каби китоблари қизиқарли манба бўлиб хизмат қилди. Бу асарларда эволюцион услуб туфайли моддий маданиятни ўрганишга эътибор қаратилган. Унинг «Рус болталари аввалги ва ҳозирги турмуш ҳақида очерклар» (1890) китоблари ўз қийматини ҳозиргача йўқотган эмас. Харузин ўз асарларида эволюционистлар эътибор қаратмаган масала – ҳар хил маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги масаласини кенг очиб беради. В.Н.Харузин диний сиғиниш, маънавий маданият, оловга сиғиниш, фетишизм, оилавий урф-одат масалалари бўйича баракали тадқиқотлар олиб борган (1866-1931). Ибтидоий тарих тарихшунослиги бўйича этнограф Л.Я.Штернберг (1861-1927) қизиқарли тадқиқотлар олиб борган. У Сахалин ва Приморья жойли аҳолисининг оилавий, уруғдошлик муносабатларини, ҳуқуқий одатларини, диний сиғиниш каби масалаларни ўрганган. У шу ерда яшовчи бир халқда – нивхоларда – гилякларда уруғдошлик тузумига тегишли гуруҳли никоҳни кузатади. Штернберг жойли халқларнинг тил бирлиги ва маданиятини чуқур ўрганган олим эди. Йирик рус этнографларидан бири А.Н.Максимов (1872-1941) ўз тадқиқотларида Бахофен, Мак-Леннан ва бошқа ғарб олимларининг тадқиқот борасидаги камчиликларини кўрсатиб ўтади. Ўша асрларда фактик манбаларнинг етишмаслиги оқибатида ибтидоий жамият тарихи ҳақидаги айрим таълимотлар юзаки ёки шошилинч хулосаланганлигини кўрсатиб ўтади. Максимовнинг тадқиқотларида бош масала оила тарихи ва уруғдошлик муносабатлар муаммолари эди. Ибтидоий жамият тарихини янги асосда ўрганиш шу олим даврига тўғри келади. Бу даврда тарихий тараққиётни материалистик асосда тушуниш ва талқин қилиш бир қатор ривожланди. Масалан, В.В.Бунак, Г.А.Бонч-Осмоловский, М.Г.Левин, М.Ф.Неструх, Я.Я.Рогинский, М.И.Урымсон, В.П.Якимов асарлари ибтидоий давр тарихини чуқур тасаввур қилиш билан бир вақтда одамзод жамияти тараққиёти тарихий йўлларини ойдинлаштириб берди ва бошқалар. П.И.Борисковский, А.Я.Брюсов, П.П.Ефименко, С.Н.Замятнин, В.М.Массон, А.П.Окладников, Б.Б.Пиотровский, В.И.Равдоникас, С.А.Семенов, П.Н.Третьяков, А.А.Формозов ва бошқаларнинг асарларида бой манбалар келтирилган бўлиб, ибтидоий жамият тарихининг иқтисоди ва маданиятини тиклашга асос бўлиб хизмат қилди. Этнограф олимлардан А.М.Золотарев, Е.Ю.Кричевский, М.О.Косвен, В.К.Никольский, Д.А.Ольдерог, С.А.Токеров, С.П.Толстов ва бошқаларнинг асарларида уруғдошлик тараққиёти, оила ва ибтидоий тарихнинг бошқа институтлари янги асосда таҳлил қилиниб берилди. Бу олимлар ўз даврининг ишлаб чиқариш кучлари, жамоалар тарихи, ибтидоий давр одамзод тўдалари, уруғдошлик тараққиёт шакллари, ибтидоий жамиятнинг емирилиш йўллари, илк синфий жамиятнинг вужудга келиши каби масалаларни янги манбалар билан асослаб беришда муносиб хизмат қилдилар. Бу олимлар диффузионизм, функционализм таълимотларининг хато-камчиликларини илмий асосда кўрсатиб берди. Ўзбекистон олимларидан Я.Ғ.Ғуломов, Ў.Исломов, А.Асқаров, М.Қосимов, Т.Мирсоатов, Д.Н.Лев, М.Д.Джуракулов, Н.А.Аванесова, Н.Х.Тошкенбаев, Р.Х.Сулаймонов ва бошқалар Ўзбекистон диёрида ибтидоий тузумнинг барча босқичлари юз берганлиги, ривожланганлиги, ибтидоий жамиятнинг инқирози сабаблари, дастлабки синфий жамиятнинг ташкил топиши, илк давлатчилик тузумининг вужудга келиш илдизлари каби масалаларни катта ва бой археологик манбалар замирида асослаб бердилар. Уларнинг муҳим илмий хулосаларидан бири – мамлакатимиз диёрида илк палеолит давридан бошлаб одамзод бу ҳудудларни ўзлаштириб яшаб келишган. Бу диёрда ташкил топган маданий тараққиёт ўзга юртлардан кириб келган эмас, балки туб, автохтон асосларда ривожланган бўлиб, бу юксак маданий ўзгаришлар ўтмишдаги бобокалонларимизнинг ақл-заковати маҳсулидан иборат эканлиги ҳақида янги илмий хулосалар яратилди. Зарафшон водийсининг ибтидоий давр тарихи бирмунча яхши ўрганилган. Бу ерда ибтидоий жамоалар тарихининг деярли барча тараққиёт босқичларига доир ёдгорликлар ўрганилган. Бу соҳага археологлардан Д.Н.Лев, М.Д.Джуракулов, Н.А.Аванесова, А.Асқаров, Я.Ғ.Ғуломов, Ў.И.Исламов, Н.Х.Ташкенбаевларнинг муносиб хизматлари сингган. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling