Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Ибтидоий тарихнинг манбалари
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
5. Ибтидоий тарихнинг манбалари
Ибтидоий жамият тарихининг манбалари турли-туман бўлиши мумкин. Бу манбалар доирасига одамзод ҳақидаги турли маълумотлар, одамзод фаолияти билан яратилган барча топилмалар ва кишиликнинг пайдо бўлишда муайян таъсири теккан табиий ва сунъий омиллар киради. Ибтидоий тарих асосан «ёзувсиз давр» ҳисобланади. Тўғри, ибтидоийликнинг сўнгги босқичларида ёзувнинг архаик шакллари пайдо бўлади. Одатда бундай манбалар ҳам ибтидоий давр тарихини тарихан тиклашда кенг фойдаланилади. Ибтидоий жамият тарихини ўрганишда археологик маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Одамзоднинг пайдо бўлиши меҳнат қуроллари билан боғлиқ. Инсоният тарихи қарийб 2,5-3 миллион йилларни ўз ичига олади. Бу ўтмиш даврда одамзод бир неча тараққиёт босқичларини босиб ўтган ва ҳар бир даврдан инсон турмушини ифодалайдиган ашё ёки маданий излар қолган. Бундай «излар» археологик ёдгорликлар билан боғлиқ. Масалан, меҳнат қуроллари, қадимги бинолар, каналлар, зеб-зийнатлар, идиш ҳамда жангавор қуроллар ва бошқалар бўлиб, улар одамзод томонидан яратилган моддий маданият дурдоналари ҳисобланади. Топилма буюмлар ибтидоий ўтмишнинг муайян даврини белгилаб берадиган манбалар ҳисобланади. Бундай ашёларнинг ишлаб чиқарилганлигига қараб уларнинг даври белгиланади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, инсониятнинг яратган моддий маданияти маълум ижтимоий-иқтисодий тараққиёт қонунияти билан боғлиқ. Моддий маданият ёдгорликларини ўрганиш туфайли муайян тарихий даврнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини аниқлаш мумкин. Археологик ёдгорликлар ва манбалар доирасига нафақат ибтидоий жамият ҳаёти билан боғлиқ турли буюм-ашёлар, шунингдек, қадимги қишлоқ уй-жой ва кулбалар қолдиқлари, қабрлар, устахоналар, тоғ конлари, сиғиниш объектлари, ғорлар, қадимги сув иншоотлари, каналлар, йўллар, дамбалар, тўғонлар ва бошқалар кириши мумкин. Археологлар бошқа турдош фанларнинг иштирокида бундай топилмаларни ўрганиб, муайян илмий хулосалар яратади. Масалан, бирор-бир кулба ёки қишлоқ уй-жойларини ўрганиш туфайли муайян жамоа турмушини, шунингдек, қишлоқларнинг эволюциясини, оилавий уйлардан жамоат уйларининг пайдо бўлишини, мудофаасиз қишлоқдан мудофаали қишлоқларга ривожланиш эволюциясини, шунингдек, муайян жамоанинг ижтимоий ҳаётини ўрганиш ва тиклаш мумкин. Бундай ишлар одатда археологлар томонидан бажарилади. XIX аср охирларига келиб археологияга «археологик маданият» тушунчасининг кириб келиши ибтидоий жамият тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Археологик маданият муайян бир ёдгорликка хос моддий маданиятга эга бўлиб, бу маданият бошқаларидан ўз хусусиятлари билан фарқ қилиши мумкин. Археологик маданият муайян бир қадимги қабила ва халқнинг яшаганлигидан гувоҳлик беради. Археологик манбаларга таяниб бирор-бир қабила ёки халқнинг яшаганлиги, унинг тугалланиб ёки миграция бўлиб кетилган ҳаракатларини ёки ушбу маданиятнинг маълум ҳудудга тарқалиши ва инқирози масалаларини аниқлаш мумкин. Ибтидоий жамият тарихини ўрганишда этнографик маълумотлар ҳам муҳим манба бўлиб ҳисобланади. Археологик материаллар қиёсий солиштирувсиз жонсиз буюмга айланиб қолиши мумкин. Маълумки, жаҳоннинг кўпгина вилоятларида, бурчак ва оролларда яшовчи халқларда ибтидоий жамият тузуми давридан қолган хусусият ва сарқитлар – айрим турмуш урф-одатлари муайян даражада узоқ асрлар сақланиб қолган. Масалан, Янги Гвениялик папуаслар, Шимолий Америкада яшовчи ҳиндус – ирокезлар, Чукотка ва Камчаткада яшаган халқлар, Австралия ва Андиман оролларида яшовчи халқлар ва қабилаларни шулар жумласига киритиш мумкин. Тарих фанининг асосий бўлими бўлган этнография фани ер юзидаги қабилалар, халқлар ва ибтидоий даврдан сўнгги асрларгача сақланиб қолган сарқитлар, турмуш тарзи, маданиятини ўрганади. Бу манбалар археологик материаллар билан қиёсий солиштириб ўрганилганда бир бутун, яхлит илмий тадқиқот иши юзага келади. Бундай қабила ва халқлар яқин асрларга қадар металл билан ҳам таниш бўлмай, тош асрида яшаган бўлса, айримлари синфий жамиятнинг бошланғич таъсирида эди, холос. Бундай халқларнинг ижтимоий ҳаётида, иқтисодий ва маданий турмушида ибтидоий жамоа тузумининг хусусиятларини этнография ўрганади. Кўпгина халқларда оғзаки эртаклар, ўз даврининг саркардалари ҳақида достонлар, фолклорга тааллуқли маълумотлар сақланиб қолган бўлиб, уларни археологик-этнографик жиҳатдан ўрганиш ибтидоий тарихни тиклашда муҳим аҳамият касб этади. Ибтидоий жамият тарихини ўрганишда лингвистик маълумотлар ҳам муҳим ҳисобланади. Ҳар бир халқ ўз тараққиёт йўлида аста-секин бирор-бир тил бирлигини вужудга келтирган бўлиб, унинг таркибида узоқ ўтмишга тегишли диалект-шевалари сақланиб қолган. Масалан, «ўқ отиш» сўзи ибтидоий даврда қўлланилган «камонда ўқ узиш» сўзининг мазмунини билдиради. Одатда катта ҳудудда яшаган халқларда кўпгина қабила ва халқларнинг тил шевалари сақланган бўлиб, уларнинг муайян даражада уйғунлашувидан бирор-бир жамиятнинг умумий тил бирлиги ташкил топган. Бошқа маълумотлар билан бир қаторда ономастика, яъни жойларнинг номи билан шуғулланадиган фаннинг берган маълумотлари ҳам катта аҳамиятга эга. Бу муҳим бўлимлардан бири бўлган антропонимика ҳисобланиб, кишиларнинг номлари ёки исмларини ўрганади. Ибтидоий тарихни ўрганишда этнонимика берган маълумотлар ҳам муҳим. Бу фан халқлар номини ўрганади. Топонимика эса географик жойларнинг номланишини ўрганади. Хуллас, бу уч соҳа фаннинг муҳим бўлимларидан ҳисобланиб, ибтидоий даврни ва синфий жамиятга ўтиш арафасида содир бўлган ижтимоий-маданий ҳаёт тарихини ўрганишда тарихчи ва археологларга ёрдамга келади. Фаннинг бу уч соҳаси қадимги табиий шароит, муҳит, кишиларнинг хўжалик машғулотлари, қабилалар таркиби, қабилалараро муносабатлар, диний қарашлар ҳақида зарур маълумотлар беради. Ибтидоий даврнинг емирилиши арафасида айрим қабила ва ва халқларда ёзув пайдо бўлади. Демак, ибтидоий тарихни ўрганишда ёзув маълумотлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аслида ёзувнинг келиб чиқиши ибтидоий даврдан синфий жамиятга ўтишнинг шартларидан биридир. Шуни эслаш лозимки, турли халқларнинг турли минтақаларда яшаши ва тарихий тараққиётнинг бир маромда текис ривожланмаганлиги оқибатида цивилизация турли даврларда вужудга келган. Ёзувни билган кўпгина халқлар турмушида ибтидоий даврнинг бир қанча сарқитлари сақланган. Бу ҳақида антик давр муаллифларнинг қолдирган ёзма манбалари муҳим ҳисобланади. Масалан, антик давр муаллифлари, миссионерлар, сайёҳлар томонидан кўпгина қўшни халқлар турмуш тарзида сақланиб келаётган урф-одатлар, тили, умуман, турмуш маданиятлари ҳақида маълумотлар йиғилган, уларнинг кўплари бизнинг давримизгача етиб келган. Масалан, Америка, Австралия, Африкада ва Шарқий-Шимолий ўлкаларда яшаган сўнгги асрларда ҳам ибтидоийликни бошдан кечираётган қабилалар ҳақида қизиқарли маълумотлар мавжуд. Шунингдек, ҳар хил актлар, қабила ва саркардаларнинг хужжатлари, эртак ва достонлар сақланиб қолган. Бу маълумотлар тарихий ўтмишни тиклашда аҳамиятлидир. Ана шу тарзда этнография фани вужудга келган. Масалан, Америкада махсус «этнотарих» журнали нашр қилинади. Ибтидоий жамият тарихини ўрганишда антропология ва бошқа табиий фанларнинг маълумотлари ҳам аҳамиятлидир. Антропология одамзоднинг пайдо бўлиши ва шаклланиш тарихини ўрганишдаги ўрни жуда буюк. Ибтидоий давр тарихини ўрганишда одамзод суяк қолдиқларининг топилиши ҳар доим қизиқарли ҳодиса бўлиб фанга кирган. Одатда жуда илк даврларга доир одам қолдиқлари, бош суяклари қолдиқларининг бўлаклари кўплаб топилган. Айниқса, бош чаноқ топилмаси жуда аҳамиятли ҳисобланади. Одам бош чаноғининг ўрганилиши билан мия ҳажмининг қандайлигини билиб олиш мумкин. Шу воқелик туфайли аниқланадики, меҳнат фаолият туфайли одам мияси ҳам ривожланиб борган. Шунинг учун ҳам бош чаноқнинг катта-кичиклиги ёки ҳажми муҳим илмий маълумот беради. Одам миясининг ўрганилиши туфайли унинг фикрлаш қобилияти ва нутқи ҳақида тасаввур юритиш мумкин. Ана шу каби асосли материаллар орқали ибтидоий жамиятнинг шаклланишини тиклаш мумкин. Одам суякларида қолган доғлар, уларнинг ўзаро келишмовчиликлари ва каннибализм оқибатларидан гувоҳлик беради. Масалан, Ироқ мамлакати ҳудудидан топилган одам суягининг ўн қўли тирсагидан пастки қисми йўқ эди. Шунингдек, антропология ва ибтидоий тарихни ўрганишда зоологияга доир приматология ҳам аҳамиятлидир. Бу фан одатда маймунларни ўрганиш билан шуғулланади. Маймунларнинг қиёсий солиштируви билан ўрганиш қадимги одамзод авлодининг жисмоний тузилиши, нутқнинг келиб чиқиши ҳамда меҳнат фаолиятининг бошланиши масалаларини ойдинлаштиришга кўмаклашади. Табиатни реконструкция қилишда яна бошқа фанлар, жумладан, геология, палеозоология, палеоботаника кабилар энг қадим даврларда одамзодни қуршаб олган табиий иқлим, замондош ҳайвонот дунёси каби масалаларни аниқлашда ёрдам беради. Хусусан, ҳайвонот суяк қолдиқларини ўрганиш билан дастлабки вақтда ҳайвонларни хонакилаштириш, ғалла қолдиғи туфайли илк деҳқончиликнинг пайдо бўлиши масалаларини ўрганиш мумкин. Масалан, Шанидар ғоридан топилган одам қабрида гулларнинг чанг қолдиғи мўл топилган. Улар ўрганилганда бу чанг қолдиқлари доривор гулларнинг чанг-қолдиқлари эканлиги аниқланди. Бу топилмалардан олинадиган хулоса шуки, қабр доришунос одамга тегишли бўлиши мумкин. Бундан маълум бўладики, одамзоднинг мустьер давридаёқ амалий тиббиётдан фойдаланилган экан. Демак, антропология ва табиий фанларнинг берган маълумотлари ибтидоий тарихни тиклашда ёрдам беради. Албатта, шу жараённи алоҳида қайд этиш лозимки, қайси фаннинг манбаси бўлмасин, ҳар қандай шароитда ҳам улар нисбийлигича қолади. Масалан, палеолит даври меҳнат қуролларини мутлақо тўла-тўкис ўрганилган деб бўлмайди. Фақат барча турдаги манбаларнинг комплекс ўрганиш туфайли ибтидоий жамият ҳаёти ва тарихи ҳақида реал тасаввурга эга бўлиш мумкин. Бу борада этнографик манбаларнинг қиёсий солиштирув усули муҳим натижалар бериши мумкин. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling