Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
6. Сўнгги матриархат
Юқори сатрларда айтилганидек, ибтидоий жамиятнинг емирилиши ҳамма вақт ҳам патриархал шаклда бўлмаган. Таниқли этнограф олимлардан А.М.Золотарев, С.П.Толстовларнинг хулосаларига қараганда, ибтидоий жамиятнинг айрим ҳолатларда синфий жамиятга ўтиши оналар уруғи ҳукм сураётган, яъни патриархатни четлаб синфий жамиятга ўтилган вақтларда ҳам содир бўлган. Бу сўнгги матриархат вариант тараққиёти камроқ тарқалган ва патриархатга қараганда кам ўрганилган, лекин бундай ҳолат қатор этнографик жамиятда кузатилган. Жумладан, шундай жараёнга эга бўлганлардан микронезияликларни, малайликларни, Суматри оролида яшовчи минанкабадларни, тоғли Ассамдаги гаро ва ихасиларни, тропик Африкада яшаган ашантиларни, демогейликлар ва бошқа қабилаларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Эслатилган бу халқларда кўпми, озми ижтимоий ҳаётида она уруғчилик тартиби кучли сақланган бўлиб, хусусий мулкчилик, синф ва давлатчиликка ўтиш уларда она уруғи огоҳлантирилмасидан ота уруғига ўтилган. Милонезияликлар колонизаторлар кириб келгунга қадар кичик оролларда яшаб, кўпинча мотига деҳқончилиги, бошқа бир оролдагилари балиқ ови билан шуғулланган ва уларнинг бирдан бир уй ҳайвони товуқ бўлган. Бу ерлардаги табиатнинг камбағаллиги сабабли уларнинг ҳунармандчилиги асосан тошдан, чиғаноқдан, ёғочдан, ўсимлик шохлардан қуроллар ясаш билан кифояланган. Бироқ мол айрабош уларда ривожланган эди. Умумий тарзда қаралганда, оролликлар ибтидоий жамиятдан синфий жамиятга ўтиш чегарасида турардилар. Улар хусусий мулкчиликни, ижтимоий тенгсизликни, аристократлар ҳокимиятини ва қулдорликни билишарди. Бироқ уларда бу вақтда она уруғдошлик тузуми йўқолмаган эди. Масалан, Шарқий Микронезиядаги оролларда яшаган она уруғи йўналишда уй жамоалари бор эди. Уларда никоҳ тор миқёсда бўлиб, 30-40 кишидан иборат она уруғи тарафдорларидан иборат эди. Улар оқсоқол эркак ва кекса ёшли хотин раҳбарлигида хўжалик юритарди. Меросийлик фақат оналарга тааллуқли эди. Хотинлар никоҳга ўтгандан сўнг ҳам тенг ҳуқуқлиликни сақлаб қолган. Мабодо, никоҳ бузилса, ажралиш содир бўлса, болалар она билан доимий қолардилар. Минангкабау қабиласи янги эранинг биринчи асрларида, асосан, суғорма деҳқончилик билан шуғулланиб, шоли, кокос пальмаси, ҳар хил полиз ўсимликларидан фойдаланишарди. Деҳқончилик мотига усулида бўлиб, айрим ҳолатларда ёғоч омоч ишлатиларди. Хўжаликда йирик шохли ҳайвонлар ва йилқичилик мавжуд эди. Шунингдек, балиқ ови ва овчилик билан ҳам шуғулланишарди. Уларда ҳунармандчилик тараққий қилган бўлиб, мисни қайта ишлашнинг устамонлари эди. Қимматбаҳо металл билан таниш эди. Кулолчилик билан шуғулланарди. Тўқимачилик ривожланган эди. Улар турли мамлакатнинг турли туманлари ва Индонезиянинг бошқа ороллари аҳолиси билан савдо алоқаларини ўрнатган эдилар. XII асрда Минангабауда илк синфий жамият князлиги ташкил топган. Шу билан бирга бу ерда XX аср бошларига қадар уруғчиликнинг кўпгина сарқитлари сақланиб қолган эди. Бу маълумотлар сўнгги матриархал тузумнинг асосий хусусиятларини тушунишда аҳамиятлидир. Минангабау қабиласи икки фратирия («ларос»), 4 уруғга («суку») ва ўз навбатида, улар ҳам бир неча уруғ жамоалари гуруҳига («кампуэнг») ва уй жамоаларига («сабуа паруи») бўлинган. Улар гўёки бир дарахтнинг шохидан тарқалгандек кўринарди. Буларнинг барчаси 5 авлоддан иборат бўлиб, бир-бирига яқин қавм-қариндош эди. Уруғ аъзолари экзогамия нормаси билан боғлиқ бўлиб, улар ҳар хил қўшни уй жамоа («нагари»)ларига тарқалиб кетган ҳолда хўжалик бирлигини йўқотган эди. Ерга мулкчилик сабау паруига, олий мулкчилик эса нагарига тааллуқли эди. Хўжалик сабау паруи ёки унинг кенгайиб бориши билан йирик бўлинмаларга ажралган ҳолда уларнинг барчаси битта умумий уйда яшарди. Минангкабау уруғ ташкилоти сақланиб қолган ҳар хил сарқитлар, анъаналар оналар ихтиёрида эди ва улар томонидан олиб бориларди. Туғилиш ҳисоби умумий уруғнинг бошидан ҳисобланиб, она томонидан олиб бориларди. Айрим буюмлар ҳам қавм-қариндошларга она томонидан бериларди. Никоҳ жойли ёки ташқи ҳолатда бўлиб, унга ҳам аёллар раҳбарлик қиларди. Уй жамоаси тўлалигича онаники ҳисобланарди. Аёллар оилага ва жамоага ўз таъсирини ўтказиб турарди. Катта оила кенгашида кекса она аёл фаоллик кўрсатарди («индуа» - она маъносини билдиради). Унинг катта акаси жамоанинг бошлиғи ҳисобланарди. Горо ва кхаси халқлари деҳқончилик билан шуғулланганлар. Деҳқончилик анча мураккаб кечган. Сабаби, улар жангалзорлар ва ўрмонни куйдириб қирқиш йўли билан ер тайёрлардилар. Кўп ҳолатларда дарё қайирларида деҳқончилик қилардилар. Бунга қўшимча ҳолда сигир ва чўчқа боқишардилар. XII асрга келиб бу иккала халқ илк синфий давлат Ассама таркибига кирган. Уларда хусусий мулк ва ижтимоий табақаланиш мавжуд эди. Уларнинг иқтисодий ячейкаси алоҳида оила бўлиб, қўшничилик жамоа билан бирлашган эди. Гора ва кхаси уруғида ижтимоий, мафкуравий ҳаётда никоҳ экдогам шаклда бўлиб, турли урф-одатлари ва культга сиғиниш аломатлари кучли эди. Ҳар бир уруғнинг катта оиласи ўз культига эга эди. Бироқ оила ҳам, уруғ ҳам тўла ўзининг оналик характерини сақлаб қолган эди. Никоҳ она мақомида бўлиб, оилага ҳам, ер мулкига ҳам, аёлларга ҳам фақат аёллар хўжайин эди. Оила мулки катта хотинга мансуб бўлиб, эркак томонидан топилган барча буюмлар унинг онасига ёки хотинига тааллуқли эди. Бу каби анъаналарнинг узоқ даврлар ҳаётда сақланиб қолиши шу жараённи кўрсатадики, гаро ва кхаси жамоаларида аёллар муҳим раҳбарлик ролини эгаллаб келган. Ашанти қабилалари XVIII аср арафасида ўзларининг давлатини тузган, асосан мотига деҳқончилиги, айрим ҳолатларда чорвачилик, овчилик ва балиқ овлаш билан ҳаёт кечирганлар. Уларда ҳунармандчилик яхши ривожланган эди. Барча ашанти халқлар она томон йўналишида 9 та уруғ («абусуа»)га бўлинган, улар ҳам ўз навбатида она йўналишида бир неча туғишганлар майда гуруҳларга бўлинган. Бу гуруҳлар ҳудудий ва хўжалик бирлигидан маҳрум бўлса-ларда, ҳали ер коллектив мулки ҳисобланарди, шунингдек, уруғ культи буюмлари, уруғ сиғиниш жойлари коллективники эди. Гуруҳда катта аёл раҳбарлик қиларди. Амалда эса гуруҳга унинг акаси, катта ўғли ёки бошқа эркак раҳбарлик қиларди. Қариндошлик она томонидан ҳисобланарди ва бу даврга келиб ашанти халқида ўз жойига эга қишлоқлар вужудга келади, унинг ҳар бир оиласи («фкэфо») жамоанинг иқтисодий ячейкасини ташкил қилган. Уларнинг барчаси бир-бири билан қавм-қариндош эдилар. Бу қабилаларда патриархалгача бўлган муносабатлар сақланиб қолган эди. Масалан, эрга теккан хотин мулкий мустақилликка эга эди, бировдан дахлсиз ҳолда унинг болалари ўз оиласидаги акалариникига кетиши мумкин эди. Сўнгги матриархат анъаналари ашантиларнинг давлатчилик бошқарувида ҳам сақланиб қолган эди. Тахт ворислиги оналар томонидан белгиланар эди. Подшонинг онаси жуда катта эътибор ва обрўга эга эди. Кўп ҳолатларда тахтни эгаллашда она фикри устун эди. Шунингдек, сиёсатда, ишлаб чиқаришда, кемасозликда хотинларнинг маслаҳати доим устун турарди. Шунга ўхшаш сўнгги матриархат қолдиқларини ўрта асрларга қадар тропик Африканинг кўпгина вилоятларида кузатиш мумкин эди. Масалан, Лунда давлатида подшо ўз синглисига уйланиши мумкин эди. Чунки унинг синглиси қонуний вориси эди. Шунинг учун ҳам у ҳукуматни бирга бошқарарди. Буганда давлатида подшони унинг онаси кузатиб юриши мумкин эди. Бушонда давлатида олий ҳукмдор подшо эмас, унинг онаси ҳисобланарди. Конго давлатида ҳукмронлик қилиш она йўналишида бўлиб, подшо хотинининг тоғаси ёки жияни ворислик қилиш ҳуқуқига эга эди. Шундай қилиб, ўтмиш тарихда бўлиб ўтган сўнгги матриархатни кўпгина қадимги халқларда илмий этнографик жиҳатдан тиклаш мумкин. Қадимги Мисрда, унинг тарихида оталар устидан аёллар ҳисобини олиб бориш ҳукмрон бўлган. Шунинг учун ҳам ҳаётда унинг тоғаси ёки жияни таъсирчан бўлган. Аёллар юридик жиҳатдан тенг ҳуқуқли эди. У дахлсиз мулкка эга эди. Мулкни сотиш ва сотиб олиш, бошқага савдо қилиш ҳуқуқига эга эди. Аёл уй бекаси ҳисобланарди. Бу маълумотларга қараганда, Мисрда давлатни қадимги даврларда аёллар бошқарган ёки улар давлатни бошқаришда катта салоҳият ва ҳурматга сазовор бўлган. Хеттлар давлатида ҳам дастлабки даврларда подшо тахти оналар йўналишида эгалланган. Спартада, Қадимги Греция давлатидаги аҳволга қарама-қарши ўлароқ, аёллар катта эркинлик ва ҳурматга эга эди. Қадимги Хитой подшолигида иньлар жамиятда юқори лавозимларни эгаллаш ҳуқуқига эга эди. Тўғри, юқори сатрларда ҳам айтилганидек, сўнгги матриархат ҳамон етарлича ўрганилган эмас. Шунга қарамасдан, кўпгина этнографик материаллар сўнгги матриархатни тарихан бўлиб ўтган жараён деб қабул қилиш мумкин. Зеро, аёллар уруғи билан боғлиқ қўни-қўшни жамоаларнинг она йўналишида пайдо бўлиши ва ҳукм суриши кўпгина халқларда давлат бошқаруви аёллар томонидан олиб борилганлиги, подшо ворислиги оналарга тааллуқли бўлганлиги, фавқулодда оила ажралишса, болалар оналар томонида қолиши ҳамда айрим қолоқ қабилаларда боланинг пайдо бўлиш уруғи она томонидан деб билиши каби бизгача етиб келган анъаналар сўнгги матриархат даврининг бўлганлигидан гувоҳлик беради. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling