Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Металлнинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши ва


Download 1 Mb.
bet37/57
Sana22.02.2023
Hajmi1 Mb.
#1220168
1   ...   33   34   35   36   37   38   39   40   ...   57
Bog'liq
I J T kitob

2. Металлнинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши ва
унинг оқибатлари
Металл даври иккига: жез ва темир асрларига бўлинади. Жез даври одамзоднинг турмушида металл қуроллардан жез билан бирга тош қуроллардан фойдаланган асри ҳисобланади. Жездан турли-туман меҳнат ва жангавор қуроллар, ясан-тусан буюмлар ишлаб чиқарилган. Темир асри темир металлургиясининг пайдо бўлиши ва кенг тарқалиши билан характерланиб, бу даврда асосан турли-туман темир қуроллар ишлаб чиқарилган. Темир асри ҳозиргача давом этади. Археологик тушунчада бу давр «илк темир асри» деб ҳам аталади.
Жез олиш турли моддаларнинг қўшиб эритилишидан пайдо бўлган. Масалан, у мис, рух, қўрғошин, мишьяк ёки цинклардан иборат қоришма эритмасидан ҳосил бўлади. Металлурглар қайси моддадан қанча фоиз аралашма қўшишни ўз тажрибаларидан билишган. Масалан, сифатли жез олиш учун 90 % мис, 10 % рух қўшилиши билан мисдан қаттиқроқ металл пайдо бўлган. Шундай қилиб, жез қурол мисга нисбатан анча қаттиқ ва кесувчан бўлган. Ундан ҳар хил буюмлар қуйиш ҳам анча енгил кечган. Жез анча паст темпратурада, яъни 700-900 C0 да эриган. Яъни мисга қараганда бироз паст иссиқликда эриган. Мисни эритиш 1083 С0 иссиқликни талаб қиларди. Бироқ мис ҳам, жез қуроллар ҳам тошни турмушдан сиқиб чиқара олмади. Бунга сабаб, айрим ҳолатларда тош қуролларнинг таркиби мўл эдива бу билан кесиш, парчалаш каби ишлар жез қуролларга қараганда унумли эди. Бундан ташқари, тош қурол заҳиралари мўл-кўл эди, жез эритмасига қўшадиган рух моддаси эса доим ҳам топила бермасди. (Расм-69, 70, 71, 72)
Мис ва рух рўдаси заҳираси мўл туманларда яшаган қабилалар металлдан фойдаланиш бўйича ихтисослашган бўлиб, металл билан нафақат ўзларини, шунингдек, қўшни мамлакатларни ҳам таъминларди. Мис заҳиралари Эронда, Марказий Осиёда, Аравияда ва Арманистонда мўл бўлса, рух заҳиралари Эрон ва Аравияда кўп эди. Қадимги мис конлари Овропанинг Испания, Франция, Австрия, Венгерия ва Англия мамлакатларида, қадимги рух конлари эса Испания ва Англияда кўп учратилади. Мис ва рух Хитойнинг жанубий туманларида, Шимолий Ветнамда очилиб, фойдаланилган. Собиқ Иттифоқнинг Кавказида, Уралда ва Қозоғистонда йирик металлургия марказлари топилган. Шундай конлар Иртиш вилоятида ҳамда енисей ҳавзасида мавжуд.
Энг қадимги вақтларда металлдан ишланган қуроллар тош қуроллар шаклини такрорларди. Кейинчалик аста-секин одамзод металлургия технологиясини пухта ўрганди ва турли-туман қуроллар ишлаб чиқа бошладилар. Жумладан, турмушда кенг қўлланилган қуроллардан болта, болға, қачов, ушмак, мотига, ўроқ, пичоқ, ханжар, қилич, найза пайкони, ёй пайкони каби қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқиб, улардан кенг фойдаланганлар. Жез асрининг хронологик чегарасини аниқ белгилаш қийин. Энг аввал мил. авв. 3 мингинчи йилликнинг ўрталарида жез Жанубий Эронда, Месопотомия ва Жанубий-Шарқий Осиёда маълум эди. Мил. авв. 2 минг йилликда жез Мисрда ва Ҳиндистонда ҳам маълум эди. Хитойда жез мил. авв. XVIII асрдан маълум. Америкада жез фақат мил. авв. 1 минг йилликда маълум бўлади.
Мил. авв. 3 ва 2 минг йилликларда жез индустрияси Кичик Осиёга, Сирияга, Фаластинга, Кипр ва Крит оролларига, мил. авв. 2 минг йилликда эса Овропа бўйлаб ва Осиёга кенг тарқалади. Овропанинг кўпгина мамлакатларида жез асри мил. авв. 2 минг йилликни ўз ичига олади. Жез асри темирнинг кашф қилиниши билан тугайди ва уни ишлаб чиқарилишдан сиқиб чиқаради. Илк темир асри археологик даврланиш хронологияси бўйича жуда қисқа муддатда, шунга қарамасдан, кенг тарқалган омил металл бўлиб, у одамзод томонидан анча кеч фойдаланишга ўтилган бўлса-да, ундан фойдаланишда анча қийинчиликлар мавжуд эди. Аввало, унинг табиатда тоза рудасини топиш, эритиш, қайта ишлаш, дастлабки вақтларда қийин кечган. Энг қадимги замонларда, яъни мил. авв. 4 минг йилликда одамлар айрим ўлкаларда метроитдан фойдаланишни билган, ундан зеб-зийнат тақинчоқлар ишлаб чиққан. Шундай топилмалар Мисрнинг қабр тўридаги ёдгорликлардан топилган. Темирдан ишлаб чиқилган майда буюмлар мил. авв. 3 минг йилликнинг биринчи яримларида Мисрда, Месопотомия ва Малай Осиёдан топилган. Темирдан фойдаланишнинг энг қадимги усули ҳаво юбориш йўли билан темирни эритиш технологияси фақат мил. авв. 2 мингинчи йиллардан маълум. Айрим маълумотларга қараганда, дастлаб ҳаво юбориш йўли билан темир олишни арман тоғларида яшаган хет қабилалари билган. Бу воқеа мил. авв. XV асрга тўғри келади. Мил. авв. минг йиллик охирларига доир алоҳида темир буюм топилмалари Овропанинг жанубий сарҳадларидан, собиқ Иттифоқ ҳудудларидан, Германия ва Италиядан топилган. Мил. авв. 2 минг йиллик сўнггида темирдан ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар Олд Осиёда, Грецияда, Ҳиндистонда топилган бўлиб, бу вақтда темирдан буюмлар ишлаб чиқариш кенг тус олган эди. Шу вақтга келиб темирдан фойдаланиш Шарқий Овропага кенг тарқалади. Марказий, Шимолий ва Ғарбий Африкада темирдан фойдаланиш мил. авв. 1 минг йилликка тўғри келади. Айниқса, мил. авв. VIII асрларга келиб собиқ Иттифоқнинг Овропа даштларида ва Ўрта Осиёда кенг тус олади. Шу вақтга келиб шундай жараён Месопотомия, Эрон, Овропа вилоятларида ҳамда Алп тоғлари шимолий ҳудудларида жадал кечган. Мил. авв. V асрда темир ашёлар Овропанинг шимолий ҳудудларига ва Хитой вилоятларига тарқалади. Ҳиндихитойда, Индонезияда темирнинг тарқалиши милоддан аввалги эранинг бошларига тўғри келади. Америка, Австралия ва Тинч Океаннинг кўпгина оролларида темир мил. авв. 2 минг йилликларда маълум бўлади.
Табиатда мис билан темир – рух заҳиралари биргаликда кам учрайди. Темирнинг паст навлари деярли ҳамма жойда учрайди. Бироқ мисга нисбатан рўдадан темир олиш анча мураккаб. Қадимги вақтларда уни эритиб суюлтириш ишлари технологиясини ўрганиш қийин кечган. Бу ишни қадимги металлурглар дастлаб бажара олмаганлар. Чунки темир рўдасини эритиш учун 1100-1528 С0 иссиқлик бериш талаб қилинарди. Шу темпратура билан ҳам темирни авваллари хамир тарзида олган. Уни ҳам теридан ясалган ҳаво бериш асбоблари ёрдамида ола билганлар. Рўда эритиш печининг тагида хамирсимон металл тўпланган. Айрим вақтларда бундай металлнинг оғирлиги 1 кг дан 8 кг гача бўлган. Ундан металл буюм ясаш учун йирик болғалар ёрдамида ишлов берилган. Шу усул билан шлакдан тозаланиб, соф темир олинган.
Металлнинг ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиниши ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Натижада хўжаликнинг турли ихтисослашган шакллари вужудга келди. Хўжалик юритиш фаоллиги ошди, деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларининг янада ривожланишига асос бўлди.
Деҳқончилик неолит ва энеолит даврларида техник имкониятнинг ҳамон пастлиги сабабли айтарли даражада ривожланмади, бинобарин, ҳамон тош қуроллардан, тош мотигадан фойдаланиларди. Масалан, ўрмон дарахтларини тош қуроллар билан йиқитиб, деҳқончилик қилиш жуда катта ва оғир меҳнатни талаб қиларди. Мис қуроллардан фойдаланишда, С.А.Семеновнинг маълумотларига қараганда, уч баробар кам меҳнат сарф қилинарди. Жездан ясалган қуроллардан фойдаланиш орқали деҳқончилик ва бошқа хўжаликларни юритишда мисга нисбатан имконият бир неча баробар ошди. Деҳқончилик майдонларини кенгайтириш учун ўрмонзорлардан тозалаш ишлари анча яхши йўлга қўйилди. Одамларда деҳқончиликда мис, тош, шох, суяк қуроллардан фойдаланиш ўрнига жез қуроллардан фойдаланиш имконияти вужудга келди ва оқибатда меҳнат унумдорлиги бир неча бор ошди. Жез воситасида деҳқончиликда, ер ҳайдашда ҳайвонлар кучидан фойдаланишга ўтилди. Дастлабки вақтларда ерни юмшатиш, ҳайдаш ишларида одамлар кучидан фойдаланилган. Масалан, тош, суяк мотигаларни ёғочга ўрнатиб, одамлар гуруҳи уни судраб, ер ҳайдаганлар. Қаттиқ ерларни мотига билан юмшатиш қийин кечарди. Шунинг учун бўлса керак, дастлабки деҳқончилик табиатан юмшоқ бўлган дарё узанларида, сел босган жойларда олиб борилган. Шундай қилиб, металлдан ясалган омоч билан ер ҳайдашнинг пайдо бўлишига қадар деҳқончилик тарихи бир неча эволюция йўлини бошдан кечирган.
Жез даврида ер ҳайдаш қуроли Овропа ва Осиёнинг кўпгина мамлакатларида: Миср, Икки дарё оралиғи, Хитой, Шимолий Италия, Швейцария, Германия, Дания, Польша каби мамлакатларда кенг қўлланилган. Бироқ жезнинг мўртлиги туфайли ер ҳайдайдиган омоч тишини ишлаб чиқиш қийин кечарди. Шунинг учун ҳам ҳали бу даврда жез қуроллар ёғочдан, суякдан, шохдан ясалган мотигаларни турмушдан тўла сиқиб чиқара олмади. Темирнинг пайдо бўлиши билан аҳвол кескин ўзгарди. Эндиликда темирдан кескир болталар ишлаб чиқарилар ва бу ўрмонларни тозалашда, ер очишда катта самара берарди. Хуллас, илк темир асрининг бошланиши асносида мотига билан боғлиқ томорқачиликка, ҳақиқий ер ҳайдаш билан боғлиқ ҳайдов майдонга эга деҳқончиликка ўтилди. Шу асос ва муносабат билан ойкумлиларнинг катта қисмида деҳқончилик кенг тарқалди. Тўғри, барча ҳудудларда бу жараён бирваракайга кечмади. Масалан, бу вақтда Шарқий ва Жанубий Осиё, тропик Африка мамлакатларида қўл қуролларидан фойдаланиларди. Кейинчалик темирдан фойдаланиш ривож топгандан сўнг темир тишли омочлар қўлланилиб, деҳқончилик муайян даражада жадаллашади. Бу ҳолат ибтидоий жамиятнинг қулаши арафасида юз берган. Бундан ташқари, деҳқончиликда кўп мамлакатларда мотига деҳқончилиги узоқ вақт сақланиб қолган. Шу билан бир қаторда Осиё мамлакатларида ўша замонларда ҳосилдор ерлар кам эди. Тропик Африкада заҳарли пашшаларнинг кўплиги қорамолларни кўпайтиришга халақит ҳам берарди. (Расм-73, 74)
Ер ҳайдаш учун тортув кучининг пайдо бўлиши билан шудгор деҳқончиликнинг ривожланиши чорвачиликнинг ҳам ривожланишига муҳим омил бўлди. Археологик топилмаларга қараганда, жез даврида уй ҳайвонларидан йирик шохли моллар суяклари топилган. Шу билан бирга хонаки от суяги ҳам топилган. Деҳқончилик ривожланиши билан қора молларга бўлган талаб оша борди ва деҳқонлар олинган ҳосилнинг муайян қисмини емиш учун сарфларди. Деҳқонлар ва чорвадорлар ўз пода молларини емиш билан таъминлаш мақсадида емишбоп ўсимликлар экарди, чорвадорлар ўтлоқ яйловлар излаб, мавсумий равишда кўчиб юришга интилардилар. Шу аснода ўтроқ деҳқонлар ва мавсумий равишда кўчиб юрадиган чорвадорлар вужудга келди. Жез ва илк темир асрида ярим кўчманчи ва кўчманчи чорвадор қабилалар Ғарбий, Марказий Осиё, Қораденгиз шимолий туманларига, Волгабўйи, Оролбўйи, Жанубий Сибир, Шимолий ва Шарқий Африка вилоятларига, ярим дашт туманларга кенг тарқалади. Шундай қилиб, бу даврда йирик ижтимоий меҳнат тақсимоти: деҳқончиликдан чорвачилик хўжалиги ажралиб чиқади. Бироқ ҳали дастлабки вақтда чорвадор қабилаларнинг айримлари чорвачилик ва деҳқончилик хўжаликларини бирга олиб борарди. Меҳнат тақсимотининг вужудга келиши универсал воқеа бўлиб, ихтисослашган хўжаликларнинг пайдо бўлишига олиб келди ва инсоният тарихида ишлаб чиқариш меҳнат тақсимотининг вужудга келиши цивилизация сари қўйилган дастлабки қадам эди.
Жез ва темирдан фойдаланишнинг вужудга келиши ҳунармандчиликни келтириб чиқарди. Бу борада металлургиянинг аҳамияти жуда катта эди. Металлдан турли-туман меҳнат қуроллари, рўзғор буюмлари, тақинчоқлар, қуроллар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масалан, жездан фойдаланишнинг бошланиши билан қилич ва жангавор арава пайдо бўлди. Ҳунармандчилик буюмларининг турлари кўпайди ва оқибатда ҳунармандчиликнинг тобора ривожланиши ишлаб чиқаришни ларзага келтирди. Эндиликда ҳар бири киши тошдан, суякдан мукаммал қуроллар ясаш, нарса тўқиш, тўқимачилик, сопол идишлар тайёрлаш имкониятига эга бўлди. Бироқ темир металлургияси алоҳида қурилмаларни ташкил қилишни талаб қиларди. Бунинг учун одам тажриба ва касб классификациясига эга бўлиши керак эди. Этнографик маълумотларга қараганда, ибтидоий даврда чилангарлар аҳолининг алоҳида тоифасини ташкил қилган. Тропик Африкада яшаган қабилаларда темирчилар фахрли ўринда турардилар. Чилангарлар айрим ҳолатларда алоҳида даҳани ташкил қилардилар. Бу ҳолат чилангарларнинг жамоалар орасидан чиқиб, алоҳида, махсус темирчилар жойлашган жойда яшашига олиб келди.
Ҳунармандчиликнинг бошқа соҳалари ҳам мураккаблашиб борди. Эндиликда металлдан, асосан, темирдан ишлаб чиқилган янги қуроллар катта фойда келтирарди. Ёғочни, суякни, тошни қайта ишлаш, улардан турли қуроллар ишлаб чиқиш имконияти туғилди. Жез даврида тўқимачилик дастгоҳининг кашф қилиниши келажакда тўқимачиликнинг ривожланишига, сопол ясаш чархининг вужудга келиши келажакда кулолчиликнинг ривожланишига олиб келди. Нафақат металлургиянинг ва шунингдек, ҳунармандчиликнинг бошқа турларининг тобора ривожланиши кўп меҳнат сарф қилиш ва лаёқатлиликни, тажрибани талаб қиларди. Шу боисдан жамоачилик орасидан, кўпинча, сунъий уддабарорлар ажралиб чиқади. Бу каби янгиликлар инсоният тарихида юз берган иккинчи йирик ижтимоий меҳнат тақсимотининг содир бўлишига – ҳунармандчиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқишига олиб келди. Ижтимой меҳнат тақсимоти айрабошнинг ривожланишига туртки бўлди. Тўғри, оддий айрабош анча аввал ташкил бўлган эди. Одамлар у вақтларда табиат бойликларидан фойдаланиб, охра, чиғаноқ, қимматбаҳо ёғочдан қилинган нарсалар ва тош хом ашёси билан оддий айрабош олиб борганлиги маълум. Бу ҳаракатлар уруғчилик тузумининг ривожланган вақтига тўғри келади. Эндиликда ишлаб чиқарилган буюмларнинг ортиқча қисми товарга айланади. Бу жараён табиий характерда бўлмасдан, фойдали ва иқтисодий айрабош эди. Агар деҳқончиликда ўзининг жониворлари етишмаса, чорвадорлардан гўшт, сут, ёғ маҳсулотлари, тери, жун ва асосан юк тортувчи ишчи, йўл юриш учун кучли тезюрар ҳайвонларни мол алмашув асосида олиш мумкин эди. Чорвадорлар ўз томонидан деҳқончилик маҳсулотларига, металл буюмларга зарурият сезарди. Жамоалар орасидаги доимий айрабошнинг ривожланиши келажакда бир неча институтларнинг, жумладан, меҳмондорчилик, бегонани ва унинг ҳаёти ҳамда мулкини ҳимоя қилиш кабилар вужудга келди. Деҳқончиликдан ҳунармандчиликнинг ажралиб чиқиши билан мол айрабошлаш тобора ривожланди, энг муҳими, бу соҳада доимийлик юзага келиб, нафақат жамоалар чегарасида, шунингдек, уларнинг орасида ҳам мол алмашуви вужудга келди. Шундай қилиб, ишлаб чиқилган маҳсулотнинг муайян қисми бевосита айрабош учун назарда тутиларди. Бундай вақтларда сифат масаласига эътибор бериларди. Ҳақиқий иқтисодий айрабош товарларнинг эквивалентини (баҳосини) белгилашни талаб қиларди. Дастлаб бундай воситалар турли предметлар бўларди. Унинг табиатда камёблиги ва буюмга ишлов беришда сарфланган меҳнат ҳисобга олиниб, ўртача қиймати ёки баҳоси белгиланарди. Ўша дастлабки айрабош воситалари: ит, чўчқа, айиқ, акула тишидан ясалган тақинчоқ, шатакланган чиғаноқлар, чиройли қуш пари, боғлам тамаки, халталанган какос, парча мато, тош халқа, нақшланган сопол идиш кабилар бўларди. Масалан, Гана давлатида ҳозирги вақтда ҳам ашанти сўзи «чиғаноқ» деб аталади. Шу тарзда, дунёнинг турли минтақаларида пулларнинг номи турлича аталиб келинган. Шундай номланиш билан турли тилларда пулнинг номи келиб чиққан. Овропада жез асрида айрабошда кенг тарқалган буюмлар жездан ясалган қуроллар ва ҳар хил тақинчоқлар эди.
Айрабошнинг тобора ривожланиши билан алоқалар воситаси ҳам такомиллашиб борди. Шу аснода ғилдиракли аравалар кенг тарқалади, йўллар қурилади, парусли кемалар пайдо бўлади. Мил. авв. 2 мингинчи йилларга келиб араваларга отлар қўшиладиган бўлди.
Шундай қилиб, ишлаб чиқариш кучларининг кескин ривожи ижтимоий меҳнат тақсимотини, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш меҳнат фаолиятини янада ошишига олиб келди. Деҳқончиликда, чорвачиликда, ҳунармандчиликдаги ихтисослашган ривожланиш меҳнат қуролларининг такомиллашувига, ишлаб чиқарилган ашёларнинг сифат даражасининг ошишига, маҳсулотларни ишлаб чиқишда янги технологик усулларнинг жорий қилинишига олиб келди. Ишлаб чиқариш кучларининг тобора ривожи зарурият талабидан ортиқ маҳсулотларнинг пайдо бўлишини келтириб чиқарди. Энди бир киши томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар бошқа кишилар томонидан ўзлаштирилишининг пайдо бўлишини, бу ҳодиса эса эксплуатациянинг келиб чиқишига замин ҳозирлади. Шу аснода зиёд маҳсулотларнинг пайдо бўлиши натижасида қўшимча қийматнинг юзага келишига олиб келади.
Шу билан бир вақтда ишлаб чиқариш меҳнатида индивидуал шаклга ўтиш бошланади. Техник тараққиётнинг ошиб бориши одамларнинг табиат ҳодисалари билан курашишга имкон яратди. Эндиликда одам қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарса, шунча манфаатдорлиги ошиб бориши билан бу ишга ўзининг туғишган қариндошларини ҳам жалб қилиниши бошланди. Бу жараёнда коллектив томонидан ишлаб чиқилган маҳсулот умум жамоаники бўлиб қоларди. Хусусий тарзда хўжалик юритган алоҳида оилалар ўзларига шароит яратиб, мулкий тенгсизликнинг пайдо бўлишига уринардилар.
Хусусий хўжаликнинг ва хусусий мулкнинг пайдо бўлиши прогрессив тарихий жараён бўлиб, касб-корлар ва алоҳида одамларнинг ташаббусини манфаатдор қилишга йўл очар, меҳнат унумдорлигини оширарди, меҳнат тақсимотининг манфаатдорлиги маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ошишишга олиб келарди ва шу жараён билан товар ишлаб чиқариш ҳамда мол айрабошнинг ривожланишига имкон берарди. Хуллас, ишлаб чиқариш кучларининг тобора ривожи жамоа-уруғ манфаатларини синдиришга олиб келди. Меҳнат маҳсулотидан манфаатдор бўлган уруғ жамоалар, кўп ҳолатда айрим кишилар ўзларининг туғишган қариндошларидан ажралиб чиқишга ҳаракат қилардилар. Шундай қилиб, уруғ делокализацияси бошланади, эндиликда уруғ алоқадорлигидан ҳудудий алоқадорлик вужудга келиб, уруғ жамоалари қўшни ёки ҳудудий бирлашмаларга ўтади. Демак, қўшни (қишлоқ, деҳқонлар) жамоалар ташкил топади. Бу ҳодиса озод кишиларнинг биринчи ижтимоий бирлашмалари ҳисобланиб, у қон-қардошлик алоқаларидан ташқарида эди.
Уруғ-жамоаси ҳокимияти аста-секин инқирозга юз тута бошлади ва у ўзининг иқтисодий бирлигини йўқота бошлади. Бироқ уруғ ҳали узоқ вақтлар ўзининг айрим хусусиятларини ижтимоий ва мафкуравий соҳаларда сақлаб қолди. Масалан, уруғлар ўзларининг қўшни бўлиб ажралиб чиққан қариндошларидан алоқани мутлақо узмаган эди. Уруғларнинг инқирозга юз тутиши ва унинг емирилиши синфий жамиятнинг инқирози билан боғлиқ кечган.
Шундай қилиб, ибтидоий уруғ-жамоаларининг инқирозга юз тутишида, аввало, ишлаб чиқариш кучларининг янги асосда сакраши, деҳқончилик ва чорвачиликларнинг алоҳида иқтисодий хўжалик бўлиб ажралиб чиқиши, металлнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши ва ҳунармандчиликнинг ихтисослашуви каби омиллар ётарди. Тўғри, бу жараён дунёнинг барча минтақаларида бирдай кечмаган. Кўпгина қабилалар металл билан, хусусан, темир қуроллар билан XVIII аср охирида танишдилар. (Расм-75, 76)
Шу масалани алоҳида қайд қилиб ўтиш лозимки, табиий омиллар тарихий тараққиётда муҳим ўрин тутган. Қайси минтақаларда ишлаб чиқариш жараёни устун бўлса, деҳқончилик ва чорвачилик, металлургия асосидаги ҳунармандчилик соҳаларининг ривож топиши иқтисодий ўсишларга олиб келган бўлса, ўша вилоятларда тараққиёт одимлаб кетган. Шунинг учун ҳам уруғ-жамоалар тузумининг – ибтидоий қўшничилик ёки илк деҳқон жамоаларининг инқирози юқорида айтилган жараён билан боғлиқ эди. (Расм-77, 78, 79, 80, 81)

Download 1 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   33   34   35   36   37   38   39   40   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling