Индустриал иқтисодиёт


Тармоқ тузилмаси ўзгаришининг асосий тенденцияси


Download 1.05 Mb.
bet17/57
Sana28.12.2022
Hajmi1.05 Mb.
#1009145
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   57
Bog'liq
1 9 темаларЛЕКЦИЯ

3.4. Тармоқ тузилмаси ўзгаришининг асосий тенденцияси
Ўзбекистон саноатининг ҳозирги тараққиёти катта динамиклик билан ажралиб туради, чунки у мустақиллик йилларида, айниқса XX асрнинг охири ва XXI аср бошларида юқори суръатлар билан ривожлана борди. Айни вақтда ишлаб чиқаришнинг юқори даражада ўсиш билан бир қаторда, унинг тузилмасида ҳам узлуксиз таркибий ўзгаришлар рўй берди. Охирги 11 йил мобайнида саноат тузилмаси ишлаб чиқаришни интенсивлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш талаблари ва ҳалқ хўжалигини баланслаштириш заруриятига мос равишда ўзгариб борди. Саноат ишлаб чиқаришининг прогрессивлик, яъни тараққийпарварлик даражаси анчагина ўсди. Бундай ривож фан-техника тараққиётини белгиловчи тармоқлар – нефть ва газ саноати, машинасозлик, кимё саноатининг устувор ўсишида намоён бўлди.
Жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган тенденциялардан, шунингдек, мамлакатимизни келажакда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, 2012-йилда ва ундан кейинги йилларда қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади.
Биринчи даражали эътибор мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигини ошириш бўйича дастур тайёрлаш ва уни амалга оширишга қаратилиши зарур.
Бу мақсаднинг долзарблиги ва аҳамияти аввало шу билан белгиланадики, биз ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқишни ҳозирги босқичдаги бош стратегик вазифа сифатида ўз олдимизга қўйганмиз.
Ўз-ўзидан аёнки, рақобатдош иқтисодиётни шакллантирмасдан, пировард натижада эса рақобатдош мамлакатни барпо этмасдан туриб, биз қабул қилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсиясида кўзда тутилган мақсадли вазифаларни амалга оширмасдан туриб, бу ҳақда жиддий сўз юритиш мумкин эмас.
Бу вазифанинг ўртага қўйилиши, шунингдек, инқироз жараёнларининг чуқурлашуви, дунё миқёсида харид талабининг пасайиши ва шунга мувофиқ тарзда жаҳон бозорида хомашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобатнинг йилдан-йилга кучайиб бораётгани билан ҳам боғлиқ, албатта.
Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва жаҳон иқтисодиётида етакчи ўрин тутадиган мамлакатлар тажрибаси шуни сўзсиз исботлаб бермоқдаки, рақобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва рақобатдош маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича қабул қилинган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2012-2016-йилларда ҳисоб-китоблар бўйича қиймати 6 миллиард 200 миллион доллар бўлган 270 дан зиёд инвестиция лойиҳасини, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича тармоқ дастурларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Жорий 2012-йилда иқтисодиётимизни диверсификация қилишни давом эттиришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланмоқда. Жумладан, Сурғил кони базасида Устюрт газ-кимё комплекси, Деҳқонобод калийли ўғитлар ва Ўўнғирот сода заводларининг иккинчи навбатини, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводини қуриш ишлари бошланади.
Шунингдек, Толлимаржон иссиқлик электр стансиясида иккита буғ-газ қурилмаси, Ангрен иссиқлик электр стансиясида янги энергоблок қуриш, автомобил шиналари ва транспортёр тасмаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тўқимачилик корхоналари қувватларини янада кенгайтириш ва бутун технологик жараённи такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Саноат тузилмасининг илғорлиги ҳар кайси комплекс тармоқ ичидаги ўзгариш билан белгиланади. Саноатнинг у ёки бу тармоғининг улуши ўзгармаслиги, ҳаттоки камайиши ҳам мумкин, Лекин бу тармоқ ичидаги қолоқликдан дарак бермайди. Буни Ўзбекистон машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати мисолида кўриш мумкин.
Фан-техника тараққиёти билан боғлиқ бўлган тармоқларнинг устувор ривожланиш тенденцияси 2005-2010 йилларда ҳам алоҳида кўзга ташланади. Бу давр ривожланиш дастурида саноат ишлаб чиқаришининг тузилмасини, яъни структурасини такомиллаштириш, ундирувчи ва қайта ишловчи тармоқларнинг ривожида балансликни таъминлаш миллий иқтисодиёт ва фан-техника тараққиётини белгилайдиган рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни кучайтириш кўзда тутилган.
Саноатнинг узоқ истиқболга мўлжалланган ривожини аниқлаш, турли иқтисодий мутаносибликларни белгилаш ва уларга эътибор қилиш зарурлигини талаб қилади. Бундай мутаносибликлар тармоқ тузилмасини прогнозлашда инобатга олинади.
Саноат ишлаб чиқариш тузилмасини режалаштириш ва прогнозлаш қуйидаги асосий масалаларни ҳал қилишга қаратилиши керак:
1. Бозор иқтисодиёти талаблари, халқ хўжалиги ва аҳолининг айрим маҳсулот турларига бўлган талабини қондиришни ҳисобга олган ҳолда умуман саноат ва унинг ҳар қайси тармоғининг ривожланиш суръатини белгилашни;
2. Илғор ишлаб чиқариш тармоқларини аниқлаш, улар тараққиётини тезлаштириш учун зарур бўлган капитал қўйилмалари ва материалларни биринчи навбатда ажратишни;
3. Саноат тузилмасида устувор ўзгаришларни кўзда тутиш лозимки, ҳар қайси бундай ўзгаришлар ижтимоий ишлаб чиқаришнинг энг юқори самарадорлигини таъминласин;
4. Халқ хўжалигининг умумий мутаносиблиги ҳар қайси саноат тармоғи тараққиётининг тенглиги билан боғлашни талаб этади.
Тармоқ таркибининг мамлакат миқёсида қулайлашуви юқори суръатда иқтисодий ривожланишни, аҳолининг турмуш даражасини оширишни ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришни таъминлайди. Чунки бу ишлаб чиқаришнинг даражаси ва якуний, провард маҳсулотнинг купайишига, умуман ижобий структуравий силжимларга сабаб бўлади. Демак, таркибий ўзгаришнинг ўзи ишлаб чиқариш самарадорлиги ва меҳнат унумдорлиги ўсишининг қўшимча омили сифатида майдонга чиқади.
2012-йилнинг асосий йўналишлари ҳақида гапирганда, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришнинг кўрсаткичлари аввало юқори ва изчил ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга йўналтирилаётган капитал қўйилмалар ҳажми анча ошиб, ўтган йилга нисбатан уларнинг ўсиш суръатлари 109,3 фоизни, ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 24,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Шунингдек, хорижий инвестициялар ва жалб қилинадиган кредитлар ҳажми 16 фоизга кўпайиб, 3 миллиард 300 миллион доллардан ошади. Мазкур маблағнинг 2 миллиард 300 миллион доллардан ортиғи ёки қарийб 70 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этиши айниқса эътиборлидир.
Бу хорижий инвесторларнинг иқтисодиётимизнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлигига, энг муҳими, Ўзбекистон тараққиётининг истиқболига бўлган қизиқиши ва ишончи тобора ортиб бораётганидан яққол далолат беради.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш масаласи барча корхоналарда ҳам ҳал этилган, деб бўлмайди. Бу камчилик, айниқса, биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган енгил саноат, фармацевтика ва қурилиш материаллари саноати каби истеъмол товарлари ишлаб чиқариладиган тармоқларга тегишлидир.
Мамлакатимизда яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш борасида ҳам ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд. Биз ишлаб чиқаришни янгилаш ва модернизация қилиш учун катта маблағ сарфлаймиз, кўп миқдордаги хорижий инвестицияларни жалб этамиз.
Лекин қатор тармоқларда ишлаб чиқариш қувватларидан, асосий фондлардан тўлиқ фойдаланишда, меҳнат самарадорлигини оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар маҳсулотлар таннархининг асоссиз равишда ўсиб кетишига олиб келмоқда.
Саноат тармоқлари тузилмасини такомиллаштиришнинг асосий йўллари қуйидагилардир:
ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган тармоқлар орасида мутаносибликни ўрнатиш;
ишлаб чиқариш тузилмасининг прогноз ва тенденцияларини ишлаб чиқиш;
тармоқларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини барқорорлаштириш;
илмий-техник тараққиётни жадаллаштириш, илғор технологияларни жорий этиш;

  • шахсий ва ижтимоий истеъмолни ўрганиш ҳамда аҳолини юқори сифатли саноат маҳсулотлари билан тўла таъминлаш;

  • тармоқларда хомашё ва ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириб бориш.

Иқтисодий районлар саноатини зарурий (меҳнат, моддий ва молиявий) ресурслар билан таъминлаш ва улардан оқилона фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш.
Айни вақтда тармоқларнинг ички тузилмасини қайта қуриш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш, чет эл корхоналари билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш, чет эл инвестициялари ҳамда илғор технологияларини сифатли саноат моллари тайёрлашга йўналтириш вазифаларини ҳал этиш керак бўлади.
Республика иқтисодиётида ва унинг етакчи тармоғи бўлган саноат соҳасида амалга оширилаётган таркибий силжишлар яқин келажакда қуйидагиларни амалга ошириш учун имкониятлар яратади:

  • мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотлари, оммабоп талабга эга бўлган товарлар ва бошқа ҳаётий зарур воситаларга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлаш;

  • фан-техника тараққиёти ва саноатнинг илгарилиб борадиган ривожини тежайдиган технологияларни, умуман илғор тармоқларни ривожлантириш;

  • республиканинг ўзида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўпайтириш ва шу асосда товарлар импортини қисқартириш;

  • агросаноат мажмуи самарадорлигини ошириш ва уни қишлоқ хўжалиги хомашёсини янада чуқурроқ қайта ишлашга ўтказиш ҳамда тайёр маҳсулотнинг сифати ва товар кўринишини ошириш;

  • кичик бизнес корхоналари (фирмалар ва тадбиркорлик, деҳқон, фермер хўжаликлари, «корхона-махалла» типидаги ишлаб чиқариш тузилмалари)ни ривожлантириш асосида янги ишчи ўринларини ҳамда янги соҳаларни яратиш;

  • ва ниҳоят, республикада у ёки бу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун тегишли шароит ва минерал-хомашё ресурслари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда саноатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва экспорт устунлигига эришиш учун шароитлар яратади.


Download 1.05 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling