Дам олиш ва байрам кунларидаги иш
Меҳнат кодексининг 157 – моддаси талабларини, хусусан дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак эканлигини инобатга олиш зарур.
Бундан ташқари, ходимнинг истагига кўра, Меҳнат кодексининг 157 – моддасида кўрсатилганидек, дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун камида бир ҳисса миқдорида ҳақ тўлангани ҳолда компенсация тариқасида бошқа дам олиш куни берилиши мумкин.
Меҳнат таътиллари
Меҳнат таътили – вақтнинг шундай муайян бир даврики, унинг муддати қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан кам бўлмайди ва ҳар бир ходимга узлуксиз дам олиш ҳамда меҳнат қобилиятини тиклаш учун иш жойи лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳар йили берилади.
Меҳнат таътилини ижтимоий таътиллар ҳамда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллардан фарқлай билиши керак. Меҳнат таътилларини белгиланишига қараб турлар бўйича ва белгиланиш таркиби бўйича таснифлаш мумкин.
Барча меҳнат таътилларини белгиланиш тартибига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
қонун ҳужжатларида назарда тутилган таътиллар;
жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномаси ёки корхонанинг бошқа локал меъёрий ҳужжатларида назарда тутилган таътиллар;
меҳнат шартномасида назарда тутилган таътиллар.
Таътилни белгилаш тартибининг аниқ тайин этилиши унинг муддатини тўғри ҳисоблаш, таътил учун ҳақ қайси маблағлардан тўланишини аниқлаш, таътил беришга харажатланадиган пул маблағларидан солиқ олиш масалаларига ойдинлик киритиш, бир қанча бошқа масалаларни тўғри ҳал этиш имконини беради.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида йиллик меҳнат таътилларининг иккита тури, яъни асосий ва қўшимча таътиллар белгиланган. Асосий таътил ўз навбатида минимал асосий таътил ҳамда узайтирилган асосий таътилга бўлинади.
Минимал асосий таътил қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Меҳнат кожексининг 134-моддасига биноан унинг муддати ҳар бир иш йилида ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |