«Инсон капиталининг шаклланишида таълим тизими ва фаннинг роли» мавзусидаги мақоланинг


Download 0.82 Mb.
Pdf ko'rish
bet3/26
Sana09.06.2023
Hajmi0.82 Mb.
#1469813
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26
Bog'liq
-

I. Сўзбоши 
Инсон зоти яратилганидан бери «Мен ўзи кимман?», «Нега дунёга 
келдим ва яшашдан мақсадим нима?», «Инсон ва унинг ҳаёти қиймати 
нимада?» деган саволга жавоб излайди. Чунки, ҳар бир инсоннинг 
турмуши – алоҳида бир ҳаёт ҳикояси ва алоҳида бир тарихдир. Охир-
оқибат ҳар бир инсон ўз умрини сарҳисоб этар экан, албатта - ҳаётда 
нималар қилдим? нималарга эришдим? нималарга эришолмадим? мен 
жамиятга нима бердим? авлодларимга нимани мерос қолдирдим? деган 
саволларга жавоб
излайди. Бу саволларга жавоб қайтариш учун умрнинг 
сўнги соат ёки кунларини ҳам кутиш шарт эмас, инсон виждони ва имони 
билан ёлғиз қолганида ҳам шу саволларга жавоб қайтаришга уринади. 
Мазкур саволларга қониқиш билан жавоб қайтариш эса, ўз ҳаётидан 
мамнун, доимо ўқиган, изланган, тинмай меҳнат қилган ва ўз билим, 
кўникма ва маҳоратини муттасил ошириб борган кишиларга насиб қилади. 
Чунки, бундай кишиларда мислсиз ва бебаҳо бойлик - билим, илм, 
тажриба, кўникма ва маҳорат, воқеа-ҳодисаларга мантиқий ёндашув 
мавжуд. Бу нарсалар - қиймати ҳеч бир замонда пул билан ўлчанмаган, 
бозорда сотилмаган ва қанча сарф этилмасин камаймайдиган бойликдир. 
Бу бойлик ҳақида ҳамиша тушунча ва тасаввур мавжуд бўлган ҳамда шу 
туфайли барча даврлар ва жамиятларда билимнинг, фаннинг, таълимнинг 
қиймати баланд бўлган. 
XX асрда бу тушунча «инсон капитали (сармояси)» атамаси билан 
яна кун тартибига чиқди. Бу асрнинг сўнгида инсониятнинг 
постиндустриал жамиятга, информацион ва инновацион технологиялар 
даврига қадам қўйиши билимли ва малакали инсон кучига бўлган талабни 
мислсиз равишда юксалтирди. 
Бошқа тарафдан мамлакатлар ва ижтимоий-иқтисодий тизимлар 
ўртасида дунёдаги технология бозорида давом этаётган рақобат ўз-ўзидан 



ким ўзарга, сифатли ва қийматли инсон капиталини яратиш мусобақасига 
айланди. Чунки, охир-оқибатда ҳар қандай иқтисодий, илмий, технологик 
ва шу каби мўъжизаларни ва «сакрашлар»ни фақатгина ўқимишли, 
билимли, изланувчан, ташаббускор ва фидокор кишиларнинг армияси – 
инновацион инсон капитали иштирокида ва ёрдамида амалга ошириш 
мумкин. 
Инновацион инсон капитали – ишлаб чиқаришни, технологияни
илмий тадқиқотларни, хизмат кўрсатишни ва бошқа ҳар қандай ижтимоий 
фаолият турини энг янги билимлар, энг янги усуллар ва йўл-йўриқлар 
билан олиб борувчи ҳамда ўз меҳнат фаолиятининг тамалига инновацияни 
қўйган меҳнаткашлар армиясидир. 
Инновацион инсон капитали яратиш учун ҳар бир бола, ўспирин, 
ўсмир ва ёш йигит-қизни энг кичик ёшдан бошлаб билим олишга 
йўналтириш, илмга ҳавас, меҳнатга муҳаббат уйғотиш, уларни таълим 
муассаларида энг янги таълим технологиялари, дунё стандартлари 
даражасидаги дарслик ва қўлланмалари билан ўқитиш ва ўргатиш лозим 
бўлади.
Мамлакатимизда ана шу қутлуғ иш яхши йўлга қўйилган - ҳар бир 
илм олишга, билим, касб-ҳунар, малака ўрганишга ҳавасманд инсон учун 
ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун тегишли шарт-шароитлар яратилган. 
Чунончи, Ўзбекистон Конституциясида ва бошқа қонунларимизда бизда 
ҳар кимга билим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Давлатимиз ҳар томонлама 
ривожланган баркамол инсон шахсини шакллантириш мақсадида ўзининг 
Асосий Қонуни – Конституциясида билим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. 
Бош Қомусимизга кўра, жинси, тили, ёши, ирқи, миллий мансублиги, 
эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, 
ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча 
вақт яшаётганлигидан қатъий назар ҳар кимга билим олишда тенг 
ҳуқуқлар кафолатланади. 



Текин ва кафолатланган таълим тизими хизматида ва ихтиёрида 
бўлган ёшлар – жамиятимизнинг энг фаол ва куч-қуввати бисёр қисми ана 
шу бебаҳо неъматдан унумли фойдаланишлари, умрларининг ҳар 
лаҳзасини илм, билим, касб-ҳунар ўрганиш учун, ўзларининг билим ва 
интеллектуал савиясини ва касбий маҳоратини ошириш учун сарфлашлари 
лозим. Ўз касбининг устаси мутахассис бўлиб етишиш, мамлакатимиз ва 
қолаверса, дунё инсон капитали бозорида ўзларига мос ўринларни 
топишнинг, ҳаётда бахтли ва мамнун яшашнинг бундан бошқа йўли йўқ. 
Чунки, билим ва илмдан бошқа ҳар қандай нарса доимий эмас
ўткинчидир; бу икки қадрият ва астойдил меҳнат қилишдан бошқа ҳеч бир 
нарса инсоннинг бахтли яшашини кафолатлай олмайди. 
Ушбу рисола талаба-ёшларни, қолаверса бошқа китобхонлар 
оммасини инсон капитали тушунчаси билан яқиндан таништириш ва 
инсон капиталининг шаклланишида билим ва илму фаннинг ўрнини 
кўрсатиш учун қаламга олинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 
ташаббуслари билан республикамизда вужудга келтирилган узлуксиз 
таълим тизимининг инсон капиталини шакллантириш ва инсон омилини 
фаоллаштиришдаги аҳамияти таҳлил қилинди. 
Бугунги кунда мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасалари 
парталарида ўтирган ёшлар бу рисолани ўқиб, қийматли ва сифатли инсон 
капитали – малакали мутахассис бўлиб етишишда билим ва илму фаннинг 
ролини англаб олишига ҳамда мамлакатимизда вужудга келтирилган 
муҳташам таълим тизимининг имкониятларидан унумли фойдаланган 
ҳолда янада тиришиб ва интилиб таълим олишга интилишларига бир 
туртки берса, рисола ўз вазифасини адо этган бўлур эди. 




Download 0.82 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling