Инсон психологияси ниҳоятда мураккаб, унинг муҳим қисмини хаёлот олами ташкил қилади. Шундай экан одам бир вақтинг ўзида икки параллел оламда яшайди: реал ҳаётда ва тасаввурлар дунёсида


Download 37 Kb.
Sana05.10.2023
Hajmi37 Kb.
#1692556
Bog'liq
Инсон психологияси ниҳоятда мураккаб


Инсон психологияси ниҳоятда мураккаб, унинг муҳим қисмини хаёлот олами ташкил қилади. Шундай экан одам бир вақтинг ўзида икки параллел оламда яшайди: реал ҳаётда ва тасаввурлар дунёсида. Шуниси қизиқки, инсоннинг айнан хаёлий дунёсига ташқаридан осонликча таъсир кўрсатиш мумкин. Муҳими шундаки, бу таъсир доим яширин характерга эга бўлиб, инсоннинг ўзи буни кўпинча пайқамайди. Бу жараённи манипуляция механизми бошқаради.
Буни ҳаётий мисоллар ёрдамида изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Агар кўча-кўйда кимдир биздан “А” объектга бориш йўлини сўрасаю, биз унга “В” объектга бўлган йўлни кўрсатиб юборсак, бу манипуляция ҳисобланмайди, бу шунчаки ёлғон маълумот бериш бўлади. Бу ҳолат манипуляция ҳисобланиши учун, биз ўша одамнинг онгостига қандайдир яширин йўллар билан таъсир кўрсатиб, унинг ўз хоҳиши билан “В” объектга боришига эришишимиз керак. Зотан, манипуляция бу онг устидан ҳукмронлик ўрнатиш бўлиб, унда инсон руҳияти, ҳатти-ҳаракатлари ва дунёқарашига таъсир кўрсатилади. Оммавий ахборот воситалари фаолиятида қўлланилиши нуқтаи назаридан, манипуляцияни инсон тафаккури устидан назорат ўрнатиш дея баҳолаш мумкин. 
Манипуляциянинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у орқали объектнинг ҳатти-ҳаракатларини дастурлаш мумкин. Манипулятор доим инсоннинг айнан руҳий дунёсини мўлжалга олади. Бунда манипуляция объектига шахс сифатида қаралмайди. Манипулятор учун у шунчаки таъсир кўрсатишнинг объекти бўлади. Агар одам ўзига қаратилган мурожаатларнинг асл моҳиятини билиб турса, яширин мақсадлардан хабардор бўлса, бу ҳолатга манипуляция сифатида баҳо бериб бўлмайди. Шундай экан, манипуляциянинг мақсадлари фош этилган тақдирда, шу вақтдан бошлаб таъсир кўрсатишнинг манипулятив характери йўқолади. 
Манипуляция механизми ишга тушиши учун сохта реаллик яратилади, мана шу нуқтада манипуляторга оммавий ахборот воситалари ёрдамга келиши мумкин. Гап шундаки, оммавий ахборот воситалари аудиторияга маълумот шаклидаги тайёр хулосаларни узатади, кейинчалик эса бу қарашлар одамлар томонидан шахсий хулосалари сифатида ўзлаштирилади. Одамлар манипулятор томонидан даъват этилган ўша ҳатти-ҳаракатларни амалга оширганда буни ҳатто пайқамайди ҳам, негаки буларнинг барчасини ўз хоҳиш-иродалари билан бажараётганлик тасаввури уларга аллақачон сингдирилган бўлади. 
Бугунги дунё воқеликлари – манипуляциянинг яққол кўринишидир, бироқ бу алоҳида шахслар онгига таъсир кўрсатиш эмас, бутун бир миллатлар, жамиятлар онгига таъсир кўрсатишдир. Одамларга уларнинг қадриятлари ва қарашларига моҳиятан зид бўлган сохта мақсадлар осонликча сингдирилмоқда. Муаммо шундаки, аудиториянинг аксар қисми ўзи қабул қилаётган ахборот оқимини таҳлил қилиш, жуда бўлмаганда, ўша маълумотларнинг тўғри ё нотўғрилигини текшириб кўришни истамайди. Ахир ахборотни шунчаки қабул қилиш унга баҳо бериш, танқидий назар солишдан анча осонроқдир. Бу – маълумотларнинг муваффақият қозонишини таъминлаб турадиган асосий жиҳатдир 
Манипулятив таъсирнинг хавфлилиги шундаки, таъсир доирасига тушиб қолган одам нафақат ўзига уқтирилган ҳаракатни амалга оширади, балки ич-ичидан бу ҳаракатни ўз хоҳишига кўра амалга ошираётганига сидқидилдан ишониб қолади. Манипуляция ўз олдига қўйган мақсадларига эришди деб ҳисобланиши учун, одамнинг ҳатти-ҳаракатлари бутунлай дастурланиши, ҳатто унинг аввалги қарашларига зид бўлган тушунчалар ҳам у томонидан қадрият сифатида қабул қилиналиган бўлиши керак. Бундан кўриниб турибдиики, манипуляция икки томонлама таъсир кўрсатиш деганидир. Манипулятор объектга таъсир кўрсатишни бошлайди, ўз навбатида объект эса манипуляция жараёнининг ҳамкорига айланади. 
Манипуляция жараёнида иккита қарама-қарши томон иштирок этади: манипуляцияни амалга оширувчи – манипуляциянинг субъекти ҳамда манипуляция қаратилган шахс – манипуляциянинг объекти. Манипуляциянинг субъекти манипулятор деб ҳам юритилади. Манипуляциянинг объекти эса индивид ёки омма онги бўлади. Аксарият рус олимлари, С.Кара-Мурзанинг манипуляция ҳақидаги қарашларини қўллаб-қувватлаган ҳолда Ғарб, хусусан Америка ОАВни “онгни заҳарловчи машина”, “руҳий террор воситаси” каби таърифлар билан ёнма-ён қўяди, аудиторияни эса ахборотни пассив қабул қилувчи кишилар уюшмасидан иборат, деб ҳисоблайди: 
“Муваффақиятли манипуляциянинг биринчи (эҳтимол асосий) шарти шундаки, кўп ҳолларда фуқароларнинг аксарияти хабарларнинг тўғрилигидан шунчаки шубҳаланиш учун на руҳий ва ақлий қуввати, на вақтини сарфлагиси келади. Чунки, пассив равишда ахборот “оқими” билан бирга “сузиш”, ҳар бир сигнални танқидий нуқтаи назардан қабул қилишга қараганда анча осон”. 
Муштарак айтганда, оммавий ахборот воситалари ёрдамида жамоатчилик фикри устидан доимий равишда назорат ўрнатиб бориш мумкин. Бу жараёнлар аввалдан мавжуд бўлиб келган. Бироқ бугунги глобаллашув даврида ОАВнинг манипулятор сифатидаги имкониятлари янада кенгайди. Манипулятив механизмлар ахборот урушларининг ажралмас қисмига айланиб улгургани ҳар бир ривожланган мамлакатда бу мавзуга оид илмий тадқиқот ишларининг олиб борилишини тақозо қилмоқда. 
Download 37 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling