Intеrnеt muhiti va axborot o‘zgarishlari
Интернет муҳити ва ахборот ўзгаришлари
Download 134.13 Kb.
|
1 2
Bog'liq26 - мавзу
Интернет муҳити ва ахборот ўзгаришлари Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона кибермаконга айлантирди. Унинг қатор ижобий жиҳатлари борлигини инкор этмаган ҳолда, айрим салбий жиҳатларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Яъни, бугун жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи мисли кўрилмаган янги-янги хавфлар пайдо бўлмоқда. Интернет орқали амалга ошириладиган ахборот хуружларининг олдини олиш жуда мушкул. Шундан фойдаланган айрим кимсалар ўз ғаразли мақсадларини интернет орқали амалга ошириши оммавий тус олмоқда. Ахборот хуружининг асосий хусусиятлари: омма ва якка шахсларнинг онглари ахборот хуружининг объекти ҳисобланади. Қарор қабул қилиш ваколатига эга шахсларга кўпроқ тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилинади; ахборий таъсир ҳар хил машмашалар ва мавжуд ахборот бўшлиқлари орқали амалга оширилади; ёт мақсадлар зўрлаб ўтказилади; ахборий таъсир бузиб кўрсатилган фактларни ўз ичига олиши ёки таъсир ўтказувчига мақбул эмоционал ҳолатни зўрлаб ўтказиши мумкин. Ахборот қуроли Кенг маънода – рақибни керакли йўналишда фикрлашга ундайдиган, унинг нуқтаи назарини ўзгартиришга қодир бўлган ва керакли ахборот ёрдамида амалга ошириладиган ҳаракатлардир. Тор маънода – рақибнинг ахборот захиралари устидан назоратни таъминлайдиган ва унинг телекоммуникация тизимларига зарар етказадиган техникавий усуллар ва технологиялар. Ахборот қуролининг асосий хусусиятлари яширин характерга эгалиги (уруш эълон қилмасдан мақсадга эришиш); кенг кўламда зарар етказиши; кўплаб соҳаларда, яъни рақибнинг ҳарбий ва ноҳарбий тузилмалари томонидан қўлланиши. Ахборот қуролининг турлари ахборотни йўқ қилиш, бузиш ёки ўғирлаш; ахборот ҳимоя воситаларини синдириш; рухсат этилган фойдаланувчиларга керакли ахборот ресурсларига киришни чеклаш; рақибнинг техник ва дастурий воситалари фаолиятини ишдан чиқариш. Ахборот технологияларининг тезкорлик билан ривожланиб бориши натижасида бошқариш ва саралаш анча мушкул бўлган ахборот оқими вужудга келмоқда. Ахборот соҳасидаги глобаллашув ўзига хос кураш майдонига айланган. Ҳозирги пайтда жаҳонда 20 га яқин давлатда ядро қуроли ишлаб чиқариш ҳаракатлари давом этаётган бўлса, 120 га яқин мамлакатда «ахборот хуружи» уюштирилаётгани ташвишли ҳолдир. Бу ахборий тажовузлар миллат руҳига, инсоният тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситалари ҳамда коммуникация технологияларининг ривожи ҳозирги даврдаги ғоявий курашларга ҳам қулай имкониятларни яратмоқда. Жумладан, тарқатилаётган ахборотлар оқимининг қайсидир бир кучнинг манфаатдорлиги нуқтаи назаридан ахборот истеъмолчиларига етказилиши ёхуд атайлаб қарама-қарши характердаги маълумотларни пойма-пой узатиш орқали одамларнинг идрокини сусайтиришга интилиш каби хатти-ҳаракатлар яққол намоён бўлмоқда. Бугун жамоатчиликни хавотир ва ташвишга солиб келаётган муаммолардан бири, шубҳасиз, миллий ахборот маконимизга маънавий қадриятларимизга, баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу ғоямизга мутлақо зид бўлган носоғлом манфаатлар, қарама-қаршиликлар таъсиридаги оқим ва ундаги муттасил ўзгаришларнинг кириб келаётганидир. Мафкуравий таҳдидлар, «ахборот хуружи» аввало фуқароларимиз, айниқса, ёшлар дунёқарашига салбий таъсир кўрсатади, жамоатчилик фикрини чалғитади. Бу ўз навбатида юрт осойишталигига ва жамият барқарорлигига путур етказади. Билинтирмай онгга таъсир кўрсатадиган ахборот шахс, оила ва жамиятни ўз комига тортаверади. Давлат тараққиётига, биринчи галда, маънавий, сиёсий, иқтисодий, маданий юксалишига салбий таъсир кўрсатади. Демак, ахборот қандай мақсадда тарқатилганини, унинг ижобий ёки салбий, фойдали ёки зарарли жиҳатларини фарқлаш учун одамлар онги ҳамда маънавияти юксак даражада бўлиши лозим. Шахсга нисбатан қилинган хуруж тор доирани қамраб олса, давлат ва жамиятга таҳдид бутун бир мамлакат, халқ тинчлигини хавф остига қўяди. Бу жуда катта ва жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган баъзи ахборотлар орқали одамлар онгини манипуляция қилишга ҳаракат қиладиган кучлар талайгина. Улар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз онгини заҳарлашда турли усуллардан фойдаланадилар. Айтайлик, сиёсий латифалар, миш-мишлар, уйдирмалар, таниқли шахсларни обрўсизлантириш, атай мантиқий хатоларга йўл қўйиш, сохта рейтинг ва сўровлар ўтказиш, қайта-қайта такрорлаб мажбурий ишонтириш, суратларни монтаж қилиш, атай ёлғон гапларни тарқатиш орқали қизиқувчан ва ишонувчан ёшлар онгини забт этишга ҳаракат қилинади. Айнан шу тараққиёт воситасидан устомонлик билан фойдаланиб, қалбларни забт этишда диний омилнинг роли юқори. Шунинг учун ҳам турли экстремистик ва террорчи уюшмалар ўз ғояларини тарғиб қилишда интернетни энг самарали восита сифатида қўлламоқда. Бунда экстремистик оқимлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун замонавий ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиб, интернет орқали турли тилларда тарғибот олиб бориб, пухта ишланган стратегия асосида виртуал жамоатлар тузишни ўзларининг асосий вазифасига айлантиришган. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда аксарият ёшларнинг қўлида интернетга уланган замонавий уяли алоқа воситалари мавжуд. Бу уларнинг юқорида санаб ўтилган турли ижтимоий тармоқларга бевосита уланиш, дўстлари ва танишлари билан узлуксиз мулоқот қилиш имконини беради. Ахборот хуружларига қарши курашнинг самарали йўлларидан бири – мамлакат ўзини ўзи ахборот билан таъминлашидир. Албатта, бундай ахборот тўлиқ, сифатли ва ҳаққоний бўлиши шарт, акс ҳолда жамият аъзолари яна хорижий манбаларга мурожаат этишлари аниқ. Бунинг учун, энг аввало, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни ривожлантириш бўйича йирик миллий лойиҳани яратиш зарур. Шунингдек, давлат идоралари, фуқаролик институтлари, жамоат ташкилотларининг ижтимоий тармоқларда мунтазам мулоқотда бўлишларига эришиш, интернет тармоғини миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида акс эттирувчи веб саҳифалар билан бойитиш, таълим муассасаларини интернет тармоғига улашда одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ бўлмаган веб саҳифалардан фойдаланишга чекловларни жорий этиш, ёшларда ахборот ресурсларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш даркор. Хулоса қилиб айтганда, келажагимиз ворисларини мустақил фикрлайдиган, ахборотни фарқлай оладиган инсонлар бўлиб етишишида олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янада кучайтириш зарур. Шу билан бирга, ривожланган давлатлар амалиётидан келиб чиқиб, ахборот экспанциясига қарши ҳаракат тизимининг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш кечиктириб бўлмайдиган масала. Бу курашда асосий омил – фуқароларимиз ва ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаб, ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтиришдир. Абдурасул ИМИНОВ, ИИВ Академияси Ахборот технологиялари кафедраси бошлиғи, подполковник. https://t.me/manaviyat_va_marifat_darsi Download 134.13 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling