Қишлоқ ҳудудларида кам қаватли турар жой биноларида ёғоч синчлардан барпо этиладиган биноларни самарали лойиҳалаш масалалари


Download 0.67 Mb.
bet1/2
Sana17.06.2023
Hajmi0.67 Mb.
#1534053
  1   2
Bog'liq
синч мақола журналга (1)



Қишлоқ ҳудудларида кам қаватли турар жой биноларида ёғоч синчлардан барпо этиладиган биноларни самарали лойиҳалаш масалалари.

Ражабов Нурмат Алишер ўғли


Самарқанд Давлат архитектура қурилиш университети магистранти
nurmatrajabov19981211121@gmail.com


Аннотация
Ушбу мақолада қишлоқ ҳудудларидаги кам қаватли турар жой биноларини ёғоч синчдан лойиҳалашнинг самарадорлиги ва аҳамияти ҳакида маълумотлар келтирилган.
Abstract
This article provides information on the effectiveness and importance of designing low-rise residential buildings in rural areas from wood.
Аннотация
В данной статье представлена ​​информация об эффективности и важности проектирования малоэтажных жилых домов в сельской местности из дерева.
Калит сўзлар: Синч, тагсинч, ораёпма,том, каркас, лой ғишт,гувала, технология, устун, ҳовон, иссиқлик изоляция, тепасинч (сарров), чегаравий мустаҳкамлик.
Тарих синовларидан ўтган зилзилабардош конструкциялардан бири- синчли иморатлардир. Бундай иморатлар Ўрта Осиёда жуда қадим замонлардан бери қурилиб келинган. Синчлар турли ёғоч материаллардан ишланган. Эндиликда эса, кўп ҳолларда кам қаватли турар-жой бинолари ёғоч синчлардан эмас, пўлат ёки темирбетон синч (каркас)лардан қурилмоқда. Янги материалларнинг механик хоссалари ёғоч материаллардан анча фарқ қилганлиги сабабли, синчларнинг конструктив схемалари ҳам бошқача бўлади. Бино синчи устун, тўсин ва ёпмадан ташкил топади; улар ўзаро мустаҳкам бириктирилгач, яхлит фазовий тизимни ҳосил қилади. Тизим элементлари ҳам вертикал, ҳам горизонтал (сейсмик) кучларни қабул қилади. Синчлар орасига ғиштин девор барпо этилади.
Бино ва иншоотлар деворининг таглик ёғоч (тагсинч) билан тепа ёғоч (сарров) ўртасига қадаладиган ёғочлар, уйнинг «каркаси»нинг мустаҳкамлиги, турғунлиги, зилзилабардошлигини оширади. Синчнинг тагсинч, устун, ҳовон, тепасинч (сарров), бачкисинч ва бошқа хиллари бор. Бинолар яккасинчли ва қўшсинчли қилиб қурилади. Қўшсинчли девор хона иқлимини мўътадил тутади, турли токча, тахмонлар ясашга имкон беради. Одатда, юк тушувчи ташқи деворлар қўшсинч, ички девор тўсиқлар эса якка синч қилиб ишланади. Тагсинч сарровга синч билан ўйиқ ва тиргаклар ёрдамида қимирлайдиган қилиб (зилзилабардош қилиш учун) бириктирилади. Ҳовонлар (тиргак синчлар) иморатни мустаҳкам ушлаб туради. Ўрта Осиё меъморчилигида Синч деворлар кенг қўлланилган. Синчлар қадимги даврлар меъморий ёдгорликларида ҳам учрайди. Ҳозир ҳам кам қаватли турар жой бинолари қурилишида синч девор конструкциялари катта ўрин тутади.
Ёғочдан ясалган синчли биноларнинг технологияси анъанавий қурилиш технологияларига нисбатан бир қатор инкор этилмайдиган афзалликларга эга бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.
-синчли биноларни қисқа вақт ичида тикланиши, синчли уйларни ўртача 2-3 ой давомида тиклай олиш;
-йилнинг исталган фаслида қурилиш ишларини олиб бориш. Фақатгина шуни эътибога олиш зарурки, бино пойдеворини ҳаво ҳарорати минусга тушганда ва ёғоч каркасларни намланиб қоладиган ҳолларда тавсия этилмайди;
-ёғоч синчлар учун маҳаллий қурилиш материаллари (бақа терак ва тол)дан кенг фойдаланиш имконияти борлиги;
- ёғоч синчларни зилзилавий ҳудудларда қуришнинг ишончлилиги юқорилиги ва иқтисодий томонлама қулайлиги;
- қурилиш технологияси ва малакали усталар, шунингдек ишлатаётган қурилиш материалларини тайёрлашдаги технологияси тўғри бажарилган бўлса, синчли бино камида 50-70 йилдан кўп хизмат қилади ва тўғри парвариш қилиш ва ўз вақтида таъмирлаш билан хизмат муддати 100 йилдан ортиқ давом этиши мумкин. Бунга мисол қилиб юртимизда қад кўтариб турган синчли биноларни кўришимиз мумкин;
-экологик жиҳатидан тоза ва қулайлиги. Бундан ташқари, ташқи ва ички деворларнинг яхши овоз ўтказмайдиган хусусиятларни таъминлаш имкониятларининг юқорилиги.
Ундан ташқари синчли биноларнинг қаватлар сонини икки қаватгача, девор баландлиги 9 метрдан оширмаслиги ва сейсмик ҳудуд 8 баллгача бўлган ҳудудларда лойиҳаланиши зарур;
Албатта, бундай бинолар ҳам кўпинча камчиликлар деб аталадиган хусусиятларга эга. Бироқ, малакали лойиҳалаш, материалларни танлаш ва қурилиш ишлари, шунингдек, ҳавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, бу хусусиятлари бундай уйлар ҳавфсизлигига таъсирини амалда инкор этади.
Синчли уйларни қурилишига хос бўлган салбий хусусиятлар қуйида-гиларни ўз ичига олади:
-юқори ёнғин хавфи. Кўпинча синчларда ва қоплама материаллари ёғочдан ясалган ҳолларда. Ёнғинга қарши воситалардан фойдаланмасдан қурилса, электр симларини ва ҳимоя қатламларини малакали усталар лойиҳаламаслиги, шунингдек, ўчоқ, газ ёки электр иситиш, воситалари ёнғин эҳтимолини кўпайтириши;
-бинонинг ёғоч конструкцияларининг танаси намлик тегиши натижасида, ёғоч конструкциялари чириши ва замбуруғлар пайдо бўлиши, зиён етказиши мумкин. Бундан ташқари айрим бошқа камчиликлар бинога жисмонан ва маънан таъсир этади.
Синчли биноларни қуришда юртимизнинг шаҳарсозлик норма ва қоидаларида қуйидагича тавсиялар ва чекловлар асосида қуришни талаб қилади [2]. Қўшсинч ёки яккасинчларнинг устунлари камида 100x100 мм кесимга эга бўлиб, камида ҳар 600...1200 мм масофада ўрнатилади.Бунда диагонал ҳавонлар ҳам шу ўлчамда бўлади. Синчнинг вертикал элементлари (устунлар) кўндаланг кесими камида 100x150 мм бўлган тагсинч ва тепасинч (сарров)ларга бириктирилади. Тагсинч бино цоколи билан диаметри 10-12 мм бўлган металл боғлагичлар ёрдамида боғланади. Эшик ва дераза ўринларининг тепа қисмига ва дераза ўринларининг пастки қисмига кесими 100x100 мм дан кам бўлмаган горизонтал ёғоч ўрнатилади. Устунни сарров ва тагсинчларга маҳкамлаш учун, устундан чиқарилган сарров за тагсинчлардаги тешикларга киритилади ва металл тасмача билан қопланади (1,2-расм).

1-расм. Қўш синчли бино конструкциялари жойлашувининг умумий кўриниши.


2-расм. Синчли бино конструкциялари жойлашишининг умумий кўриниши
Жаҳон тажрибасида эса кўп ҳолларда қўш синчли бинолар устунлари орасидаги масофа 600 мм дан 800 мм қабул қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Устунлар сифатида ишлатиладиган ёғочларнинг кесим юзаси 50х100 мм бўлган устунларни жойлаштирилади. Устунлар учун эса пойдевор устига жойлаштирилган таг синчдан тешиклар очилади ва устунлар таг синчнинг устига ўрнатилади ҳамда пўлат анкерлар ёрдамида қотирилади ёки пўлат листлар ёрдамида синч устунларига мослаштирилиб металл қолиплар ясалади. Сўнгра қолипга кийгизилади ва таг синчга анкер болтлар ёрдамида қотирилади.
Синчдан барпо этилаётган биноларининг ораёпма ва том ёпмаларига ишлатиладиган тўсинларнинг қадами 600 мм этиб, кесим юзаси 50х200 ёки 50х220 мм тўсинлардан фойдаланиб жойлаштирилиб чиқилади. Бундай тўсинларда 4 м дан 5 м гача бўлган оралиқларда фойдаланиш қулай ва мос деб ҳисобланади. Бундан ташқари бинонинг ҳар бир бурчак қисмларига қиялиги 45˚-60˚ бурчак остида ҳовонлар жойлаштирилади. Ҳовонлар махсус юклар таъсири остида ишлашига ва устуворлигини ошириш мақсадида, ҳовонлар жойлаштириб чиқилади [3] (3-расм).

3-расм. а. Синчли бинонинг умумий кўриниши. 1.Таг синч; 2.Устунлар; 3.Сарровлар; 4.Тўсин балкаси; 5.Ички қўшимча ҳовонлар; 6.Дераза устки ҳовон; 7.Дераза остки ҳовон; 8.Қия ҳолда жойлаштириладиган ҳовонлар.
Ундан ташқари каркасларни тўлдирувчиси ҚМҚ 2.01.03-91 нинг 3.7.1-банди талабларига мувофиқ бажарилиши лозим.
Қишлоқ ҳудудларида мустаҳкамлиги паст материаллар қаторига сиқилишдаги чегаравий мустаҳкамлиги 3,5 МПа (35 кгк/см2 ) дан кам бўлган маҳаллий хом-ашё асосидаги материаллар танланади ва фойдаланишга рухсат берилади [2]
Биноларнинг юк кўтарувчи ва ўз юкини кўтарувчи деворларини тиклаш учун қуйидаги мустаҳкамлиги паст материаллар ишлатилиш тавсия этилади:

  • табиий шароитда қуритилган яхлит хом ғишт;

  • табиий шароитда қуритилган яхлит сомонли хом ғишт;

  • грунтобетонлар, грунтли материаллар, нам ҳолатда териладиган грунтли блоклар;

  • фазовий ёғоч (синчли) каркаслар орасини тўлдириш учун ишлатиладиган қоришмада терилган пишиқ ёки хом ғишт;

  • деворларни намлик тасиридан ҳимоялаш;

  • деворларни пойдеворларга ишончли ва мустаҳкам ўрнатиш;

  • горизонтал сейсмик ҳовонларни қоидалар асосида жойлаштириш;

  • дераза ва эшикларнинг ўлчамлари қоидалар асосида қўйилиши ва дераза, эшик кенглиги шаҳарсозлик қоидаларидан чиқмаган ҳолда бажарилиши зарурлиги;

  • деворларнинг баландликлари 4.5 м дан ошмаслиги;

  • енгил томлардан фойдаланиш лозимлиги.

Асосан қишлоқ ҳудудларида ташқи девор каркаслари орасига жойлаштириладиган тўсиқ материали сифатида арзон, мустаҳкам, экологик тоза ва иссиқлик изоляция талабларига мос келадиган материал сомонли лой ғиштлардан ва гуваладан фойдаланиш анчагина самарали ҳисобланади.

Download 0.67 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling