“Қўлидан, тилидан одамлар омонда бўлган инсон мўъминдир” деган ҳадислари бунга далил. Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз. Яратган Парвардигорнинг: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ яъни “Ҳақиқатан биз Одам болаларини мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят), деган каломида мукаррамлик Одам болаларининг барчаси учун бир хилда алоқадор экани маълум бўлмоқда. Демак, Одам боласи бўлгани учун ҳам у бизнинг қариндошимиз ҳисобланади. Зиммамизда унинг бир ҳаққи бор. Бу – инсонлик ҳаққи.
“Аҳли китоб” деб Аллоҳ таоло юборган китобга амал қилувчиларга айтилади. Биз мусулмонлар насроний ва яҳудий билан китобийлик нуқтаи назаридан яқинмиз. Шунинг учун ҳам бизга зарари тегмаса, биз ҳам азият етказмаймиз ва гўзал муомалада бўламиз. Уларнинг бизда иккита ҳаққи бор: инсонийлик ва аҳли китоблик ҳаққи.
Мўмин-мусулмонлар диндош биродарларимиз. Улар билан китобимиз бир, бир пайғамбар умматимиз, қибламиз битта, биргина диний таълимот асосида ҳаёт кечирамиз. Шунинг учун ҳам мўминнинг мўминга ҳаққи учта дейилади. Улар: инсонийлик, аҳли китоблик ва мусулмонлик ҳақларидир.
Ислом динининг гўзал жиҳатларидан яна бири шуки, қўшни билан ҳам чиройли муомалада бўлишни таълим беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига икром қилсин”, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасида қўшнилик ҳаққи ҳам бор экан.
Ана шундай ҳақлардан яна бирига қариндошлик ҳаққи дейилади. Қариндошлик ҳаққини адо этиш ва хеш-ақроболар билан алоқани мустаҳкамлаш ҳамда чиройли муомалада бўлиш бизга фарз қилинган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида ушбу фикрни таъкидлаб шундай дейди: وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبً (1-оят).
Do'stlaringiz bilan baham: |