Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси
Download 126.38 Kb.
|
ПТБ узб
Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси ҚОИДАЛАРИ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Қоидалар электр энергияси истеъмолчилари (кейинги ўринларда — истеъмолчилар)электр қурилмаларини эксплуатация қилиш жараёнида ишлаётган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришдаги хавфли омиллар таъсирининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. 2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган: электр узатиш ҳаво линияси (кейинги ўринларда — ҲЛ) — симлари ер устида изолятор ва таянчлар ёрдамида кўтарилиб турадиган электр узатиш линияси; электр хавфсизлиги бўйича гуруҳ — ходимнинг электр қурилмаларида ишларни хавфсиз бажариш учун тайёргарлик савиясини белгиловчи малака даражаси. Хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича билимлари ҳажми ва иш тажрибасига қараб, электр хавфсизлиги бўйича гуруҳлар I, II, III, IV ва V гуруҳларга бўлинади. Ходимларга малака гуруҳини бериш учун қўйиладиган талаблар мазкур Қоидаларга 1-иловада белгилаб берилган; коммутация аппарати — электр занжирининг коммутацияси ва ток ўтказиш учун мўлжалланган электр аппарат (ўчиргич, юклама ўчиргичи, бўлгич, ажраткич, автомат, рубильник, пакетли ўчиргич ва бошқалар); механик қулф — калит, олинадиган дастак ва бошқалар билан қулфланадиган қулф; иш жойини тайёрлаш — иш жойида ишнинг хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича техник тадбирларни бажариш; уланма — электростанция, подстанция ва бошқалар чегарасида жойлашган, тақсимловчи қурилма(кейинги ўринларда — ТҚ), генератор, шчитлар, йиғмалар шиналарига уланган, кучланиши, номи ва мақсади бир бўлган электр занжир (ускуна ва шиналар). Битта куч трансформаторининг (чўлғамлар сонидан қатъий назар), икки тезликли битта электродвигателнинг ҳар хил кучланишли электр занжирлари битта уланма ҳисобланади. Кўп бурчакли, бир ярим ва бошқа бурчакли схемаларда линияни, трансформаторни ТҚга бевосита улайдиган барча коммутацион аппаратлар ва шиналар ушбу линия ёки трансформатор уланмасига тегишли; иш жойи — ходимлар ишларни бажариши учун ижозат бериладиган электр қурилмасининг қисми; ток узатувчи қисм — нормал ҳолатда кучланиш остида бўладиган электр қурилмасининг қисми; ток ўтказмайдиган қисм — электр қурилмасининг ишниавария режимларида кучланиш остида бўлиши мумкин бўлган қисми, масалан, электр машина корпуси; электр қурилмаси — электр энергиясини ишлаб чиқариш ёки энергияни бошқа турга айлантириш, узатиш, тақсимлаш ёки истеъмол қилиш учун мўлжалланган ўзаро боғланган ускуналар ва иншоотлар мажмуаси; ишлаб турган электр қурилмаси — кучланиш остида бўлган ёки коммутацион аппаратларни улаш билан кучланиш берилиши мумкин бўлган электр қурилмаси ёки унинг қисми. 3. Мазкур Қоидаларнинг талаблари — мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъий назар, барча электр энергияси истеъмолчилари (ахолидан ташқари), шунингдек, истеъмолчилар электр қурилмаларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж, созлаш ва синаш ишларини амалга оширувчи ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади. Улардан четга чиқишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир ходим, агар Қоидаларнинг талаблари бузилишини ўзи бартараф қилиш чорасини кўра олмаса, дарҳол ўзининг бевосита раҳбарига, агар у бўлмаса, юқори турувчи раҳбарларга аниқланган, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган барча Қоидалар бузилишлари, шунингдек, ускуналарнинг ва иш жараёнида ишлатилаётган машина, механизмлар, асбоб-ускуналар ҳамда ҳимоя воситаларининг носозлиги ҳақида хабар бериши шарт. Маъмурий-техник ходимлар маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, ишларнинг хавфсизлигини оширувчи қўшимча чора-тадбирларни кўзда тутишлари лозим. Ушбу чора-тадбирлар мазкур Қоидаларга зид бўлмаслиги керак. 4. Мазкур Қоидалар истеъмолчиларнинг ишлаб турган электр қурилмаларини эксплуатация қилувчи, уларда тезкор алмашлаб улаш ишларини амалга оширувчи, таъмирлаш, монтаж, созлаш ёки синаш ишларини бажарувчи ва ташкил этувчи ходимларга тааллуқлидир. 5. Ишлаб турган электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш, уларда тезкор алмашлаб-улашни ўтказиш, таъмирлаш, монтаж қилиш ёки созлаш ишлари ва синовларни ташкил этиш ҳамда бажариш мазкур Қоидаларга 1-иловага мувофиқ электр хавфсизлиги бўйича тегишли гуруҳга эга бўлган, махсус тайёргарликдан ўтган электротехник ходимлар томонидан амалга оширилади. Ҳар бир корхонада мазкур Қоидалар электротехник ходимлар томонидан бажарилиши учун жавобгарлик ўрнатилган тартибда ушбу корхона раҳбарияти ёки юқори ташкилоти томонидан тасдиқланган лавозим йўриқномалари ва низомлари билан белгилаб берилади. 6. Ҳар бир ходимнинг билимлар синови Энергетика ишлаб чиқариш корхоналарида ходимлар билан ишлаш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ўтказилади ва расмийлаштирилади. Билимлар синовининг натижалари мазкур Қоидаларга 3-иловада ўрнатилган шаклдаги журналга киритилади. Билимлар синовидан муваффақиятли ўтган ҳар бир ходимга билимлар синовидан ўтганлиги, электр хавфсизлиги бўйича (II — V) гуруҳ берилганлиги ҳақида мазкур Қоидаларга 4-иловада ўрнатилган шаклдаги гувоҳнома берилади. Гувоҳнома у ёки бу электр қурилмалари тезкор, таъмирловчи, тезкор таъмирловчи ҳуқуқига эга бўлган маъмурий-техник ходим сифатида; тезкор, таъмирловчи, тезкортаъмирловчи, шунингдек, электр хавфсизлиги бўйича II ва ундан юқори гуруҳга эга бўлган электротехник ходим сифатида хизмат кўрсатиш ҳуқуқини беради. Агар билимлар синовидан ўтаётган ходим бир вақтнинг ўзида махсус ишларни бажариш бўйича билим синовидан ҳам ўтган бўлса, бу ҳақида билим синовидан ўтиш журналида ҳамда гувоҳноманинг « Махсус ишларни олиб бориш ҳуқуқи» устунида ёзиб қўйилади. Электр қурилмаларини назарот қилувчи хавфсизлик техникаси бўйича муҳандислар, электр хўжалиги учун жавобгар шахс ўтадиган комиссияда электр хавфсизлиги бўйича IV гуруҳ ҳажмида билимлар синовидан ўтишлари керак. Бунда уларга ушбу корхонани электр қурилмаларини назорат қилиш ҳуқуқини берувчи, мазкур Қоидаларга 5-иловада ўрнатилган шаклдаги гувоҳнома берилади. Ушбу Қоидалар, Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари (кейинги ўринларда — ТЭҚҚ) ва йўриқномалар бўйича билимлар синовидан ўтмаган хавфсизлик техникаси бўйича муҳандисларга электротехник ходимларга ҳеч қандай кўрсатма беришга рухсат этилмайди. 7. Ноэлектротехник ходимларга электр хавфсизлиги бўйича I гуруҳ хизмат кўрсатилаётган қурилмада хавфсиз ишлаш усуллари бўйича ҳар йиллик билим синовидан ўтгандан сўнг корхона, ташкилот, цех ва участканинг электр хўжалиги учун жавобгар шахс томонидан ёки унинг ёзма кўрсатмаси бўйича электр хавфсизлиги бўйича III гуруҳдан паст бўлмаган шахс томонидан берилади. I гуруҳни берилганлиги мазкур Қоидаларга 2-иловада ўрнатилган шаклдаги махсус журналда текширувчи ва текширилувчининг имзолари билан расмийлаштирилади. Иш жараёнида I гуруҳ ходимлари хар йилги билим синовидан ташқари, белгиланган тартибда даврий йўриқларолади. 8. Электр қурилмаларини эксплуатация қилувчи электротехник ходимларга қўйиладиган умумий талаблар ТЭҚҚда баён этилган. 9. Мазкур Қоидаларга мувофиқ қўлланиладиган ҳимоя воситалари амалдаги Электр қурилмаларида фойдаланиладиган ҳимоя воситаларини қўллаш ва синаш қоидалари талабларини қаноатлантириши лозим. 10. Одамлар билан бахтсиз ҳодисалар рўй берганда, жароҳатланганни электр токи таъсиридан қутқариш учун олдиндан рухсат олмасдан туриб, дарҳол кучланишни олишни амалга ошириш зарур. 11. Мазкур Қоидаларнинг талабларига зид бўлган фармойиш ва топшириқларни бажариш ман этилади. Download 126.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling