Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари (кейинги ўринларда ветеринария хизмати мутахассислари деб аталади) малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш (кейинги ўринларда малакасини ошириш деб аталади) ва уларга малака тоифалари бериш тартибини белгилайди.
2. Давлат ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича мутахассисликлар ва лавозимлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) томонидан тасдиқланади.
3. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Малака ошириш маркази деб аталади) ветеринария хизмати мутахассислари малакасини ошириш бўйича таълим жараёнини такомиллаштиришнинг илмий-методик асосларини, ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этади, механизмлари ва методларини белгилайди.
Ветеринария хизмати мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш (кейинги ўринларда малака ошириш деб аталади) Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Малака ошириш маркази томонидан, тўлов-контракт асосида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва ветеринария мутахассисларининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тизимининг ташкилий тузилмаси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган.
4. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларида ўқитиш ишлаб чиқаришдан ажралган, асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақланган ҳолда амалга оширилади.
5. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |