«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фанининг предмети «Тарихий хотирасиз келажак йўқ»


Download 21.15 Kb.
Sana23.11.2023
Hajmi21.15 Kb.
#1796227
Bog'liq
1 Iqtisodiy ta\'limotlar tarixi fanining predmeti



«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фанининг предмети

«Тарихий хотирасиз келажак йўқ» деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти, академик И.А.Каримов. Ҳар қандай тарихни ўрганиш аввало ҳозирги кун ва келажак учун аҳамиятлидир. Таниқли ёзувчи ва адибимиз Абдулла Қодирий айтганидек: «Мозийга қараб иш тутиш хайрлидир». Шу сабабли иқтисодий таълимотлар тарихини ўрганиш катта назарий, амалий ва тарбиявий аҳамият касб этади.


Иқтисодиёт тарихи (халқ хўжалиги тарихи) ва иқтисодий таълимотлар тарихи иқтисодиёт фанининг фактология ва методология асосларини таъминловчи ва яратувчи асос сифатида аҳамиятлидир. Шу сабабли бу фанлар иқтисодиёт фанининг ажралмас ва таркибий қисмидир.
Айниқса ҳозирги даврда иқтисодиёт ҳар бир инсон ҳаётига жўшқинлик билан кириб бормоқда ва одамлар иқтисодиёт тўғрисида имкони борича кўпроқ билишга интилмоқдалар. Хўш, уммон каби кенг иқтисодиёт фанини ўрганишда нимадан бошламоқ керак, деган савол туғилиши табиий.
Бизнингча, бу ишни, шифокор даволанувчини тузатишни унинг касаллик тарихидан бошлагани каби, тарихдан бошлаш зарур. Албатта, бугунги ва эртанги кун муаммоларини тўла ҳал этишда ўтган аср иқтисодчиларидан барча саволларга тайёр жавоб топиш қийинлиги аниқ, аммо ўтган донишмандларнинг фикр-мулоҳазалари ҳозирги ва келажак тўғрисида тўғри хулоса чиқариш учун яхши имконият беради. аниқроғи, велосипедни қайта кашф қилишга хожат қолмайди, тарихий тажриба шуниси билан ҳам қимматлидир.
Аммо шундай бўлдики, охирги 25-30 йил давомида бу фанларга кам эътибор берилди, хатто «Иқтисодий таълимотлар тарихи» катағонга учради, фақат мустақиллик йиллари бу фанни олий ўқув юртларида қайтадан ўқитиш бошланди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта.
Шўротлар тузуми даврида кўпгина фанлар, шу жумладан, иқтисодиёт фани синфийлик, партиявийлик мафкураси асосида ўрганилди, марксизм-ленинизм ғоялари бирдан-бир тўғри таълимот деб қабул қилинди ва барча масалалар ечилган, тарихга, узоқ ўтмишга ҳеч қандай хожат йўқ, деган умумий кайфият юзага келди. Социалистик ва коммунистик жамият қуришда дастуриламал бўлган мафкурага муқобил, мухолиф бўлган барча фикрлар танқидга учради; асосий эътибор марксча-ленинча, иқтисодий таълимотни ўрганишга, капитализм, бозор муносабатларининг келажаги йўқлигини зўрма-зўраки «исботлаш»га қаратилди.
Аммо бу йўл тарих синовидан ўтмади. Иқтисодиётда синфий, мафкуравий тамойиллар эртаклардаги қум саройлари каби вайрон бўла бошлади. Табиатнинг ёмон об-ҳавоси бўлмаганидек, тарих ҳам бўлиб ўтган яхши ёки ёмон воқеалар учун ҳеч ким олдида тавба-тазарру қилмайди.
Ҳозирги давр олимлари аввалги муаллифлардан кўра кўпроқ биладилар, бу объектив жараён, аммо шуниси ҳам айни хақиқатки, биз улар туфайли ҳам шу нарсаларни биламиз.
Яна шуни ҳам алохида таъкидлаб ўтиш керакки, собиқ СССР даврида қайси фанни ўқиш, қандай дастур ва дарслик асосида ўқитиш «марказ»нинг тўла ихтиёрида бўлган. Таржима қилиш ҳам шу йўсинда олиб борилган. Охир-оқибат ўзбек тилида бирор жиддий асар яратишга йўл берилмаган. Айниқса, Шарқ, хусусан ўрта осиёлик олимлар, донишмандлар ва алломаларнинг иқтисодиёт ва бошқа фанларга қўшган ҳиссаси доимо камситиб келинган.
Мустақил тараққиёт йўлига ўтган ўзбекистонлик олимлар олдида, кўпгина фанлар каби, иқтисодиёт фани борасида ҳам катта ишларни амалга ошириш вазифаси турибди. Янги дастур, ўқув қўлланма ва дарсликлар яратиш энг муҳимдир. Иқтисодиёт инсоният тарихи каби қадимийдир. Иқтисодиётга оид фикр, ғоя, қараш, назария ва таълимотлар ҳам кўп минг йиллик тарихга эга. Лекин уларнинг асосий қисми ёзув пайдо бўлганидан сўнг, ёзма манбалардан бизгача етиб келган. Бу манбалар, улардаги ғоялар аввало инсониятнинг муқаддас мулкидир, уни топиш, ўрганиш ва келажак учун сақлаш савобли бўлса, улардаги нодир фикрларни ҳаётга тадбиқ этиш ҳам назарий, ҳам амалий аҳамият касб этади, катта тарбиявий аҳамиятга эга.
Иқтисодиёт байналмилал ходиса бўлиб, унинг олдида турган вазифалар барча халқлар ва мамлакатлар учун бир хил, аммо улар ривожланиш давомида турлича натижаларга эришганлар. Ҳозирги даврда ҳам бозор иқтисодиётининг принциплари ҳамма учун бир хил бўлишига қарамасдан натижалар турличадир. XVIII аср охирида классик иқтисодий мактаб вакиллари Адам Смит ва Давид Рикардо объектив, яъни инсон хоҳишига боғлиқ бўлмаган, аммо улар томонидан ўрганилиши мумкин бўлган қонунлар асосида амал қилувчи хўжалик тизими тўғрисидаги таълимотни яратдилар. Уларнинг фикрича, давлатнинг иқтисодий сиёсати бу қонунларга хилоф бўлмай, аксинча бу қонунларга суяниши керак, ана шунда иқтисодиёт равнақ топади ва аксинча. Демак, бу қонун ва қонуниятларни билиш, улардан амалиётда тўғри фойдаланиш ҳаёт талаби бўлиб бормоқда. Узоқ ўтмишдаги кўпгина ўгитлар, ҳаётий тажрибалар, алломаларнинг фикри ва ғоялари ҳозирги кунда асқотмоқда, уларни ўрганиш ва энг муҳими ҳаётга тадбиқ этиш зарур.
Иқтисодий таълимотлар тарихи деярли тўрт минг йиллик ривожи давомида бир қанча босқичларни босиб ўтди. Уларнинг турли йўналишлари ва мактаблари мавжуд.
Ҳозирги даврда Ўзбекистон Республикасидаги 60 дан ортиқ олий ўқув юртларининг кўпчилигида, иқтисодиёт университети, институти, айрим факультет ва гуруҳларида «Иқтисодий таълимотлар тарихи» иқтисодий зарур фан сифатида ўқитилмокда. Айрим академия, коллеж, иқтисодий йўналишдаги лицей, ўрта мактабларда «Иқтисодиёт тарихи» ва «Иқтисодий таълимотлар тарихи» ҳам махсус фан сифатида ўқитилмоқда. Аммо бу фанларни ўқиш ва ўқитиш билан боғлиқ бўлган услубий ишлар аслини олганда бир кафедрада олиб борилмоқда.


Download 21.15 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling