- Самарқанд Давлат Архитектура Қурилиш Университети
- Архитектура факультети
- Илмий тадқиқотлар, ўтмиш йиллардаги Ўзбекистон шаҳарларини лойиҳалаштириш амалиёти ва қурилишини таҳлил этиш, тизимлаштириш ва умумлаштириш шуни кўрсатдики, улар бугунги кун шароитлари ва вазифаларига тўғри келмайди, шаҳарсозликни режалаштиришда жиддий янгича ёндашув зарур. Олдинги аёвсиз чекланган ва ҳаддан ташқари майдалашиб кетган ишловлардан фарқли ўлароқ ҳозир шаҳарсозликнинг аҳоли ҳаёти учун қулай шароитлар билан боғлиқ асосий муаммолари ҳал этилмоқда. Шаҳарларнинг бош режаларида эски шаҳар инфраструктурасини оғишмай ҳал этиш, маданий меросни асраб-авайлаш, боғ-парк санъатини тиклаш ва экологияни яхшилаш билан бир вақтда транспорт муҳандислик ва бошқа халқ хўжалиги тузилмалари каби устувор йўналишларни аниқлаш зарурати юзага келди.
- Шу муносабат билан Ўзбекистон шаҳарсозлик ривожининг жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан узвий боғлиқ янги босқичи бошланди.
- Меъморчилик ва шаҳарсозлик масалаларига катта аҳамият берган ҳолда Президент И.А.Каримов бошчилигидаги мамлакат раҳбарияти мустақиллик-нинг дастлабки кунлариданоқ дастурий ҳужжатларни кабул килди.
- Мустақилликка эришилгандан кейин тарихда биринчи маротаба 1995 йилда "Архитектура ва шахарсозлик" бўйича Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунни амалга ошириш ва бажариш жараёнида кўп соҳавий имкониятлар пайдо бўлди ва шу асосда тарихни, маданий бойликларни, иқлимни, зилзила ва умуман, ҳудудимизга хос бўлган ҳолатларни эътиборга олган ҳолда 148 та миллий-давлат "Қурилиш меъёрлари ва қоидалари" (ҚМҚ) ишлаб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг биринчи йилидан ва айниқса, охирги йилларда шаҳарсозлик соҳасига эътибор кучайиб келмоқда.
- Шаҳарсозлик соҳасига тегишли Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг «Ўзбекистон Республикасида архитектура ва шаҳар қурилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони (2000 йил 26 апрел 2595-сонли), Вазирлар Махкамасининг «Архитектура ва қурилиш соҳасидаги ишларни ташкил этиш ва назоратни такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида» (2000 йил 27 апрел 165-сонли), «Шаҳарлар, туман марказлари ва шаҳар типидаги поселкаларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва уларни қуриш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» (2000 йил 14 август 320-сонли), «Архитектура ва шаҳарсозлик сохасидаги қонун хужжатларига риоя қилиниши учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари (2000 йил 23 август 329-сонли) фикримиз далилидир.
- Ҳозирги вақтда амал қилинувчи "Архитектура ва шаҳарсозлик" тўғрисидаги Қонун шаҳарсозлик соҳасига оид барча масалаларни ва Президент Фармонидаги талабларни қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам «Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик кодекси» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига (2000 йил 2 июн 2612-сонли) мувофиқ ишлаб чиқилган.
- Шаҳарсозлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси шаҳарсозлик соҳасини халқаро даражага кўтариш, шунингдек, аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришга, Республика ҳудудларини режалаштиришга нисбатан шаҳарсозлик талабларининг асосий қоидаларини қонуний равишда мустаҳкамлаш заруратидан келиб чиққан. Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлилий бошқармаси ва юридик бўлими, "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотлар фаол иштирок этганлар.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 30 августдаги ПҚ-165 сонли қарори билан тасдиқланган “Дастур” асосида 2005-2009 йилларда 31 та шаҳар аҳоли ҳудудларининг бош режалари ижроси таъминланди.
- Шаҳарсозликка тегишли хужжат ва қонунларни тузишда ва амалда татбиқ этишда олимлар ҳам ўз илмий изланишлари билан фаол иштирок этмоқдалар. Масалан, Тошкент архитектура-қурилиш институти шахарсозлик ва ландшафт архитектураси кафедрасида проф. Д. Латипов бошчилигида республикадаги етук шаҳарсоз мутахассислар ("Узшаҳарсозлик ЛИТИ", "Тошбошплан" ва ҳ.к.) жалб этилган ҳолда "Ўзбекистоннинг янги ижтимоий-иктисодий шаклланиш шароитида шаҳарсозликнинг ривожланиш концепцияси" ишлаб чиқилди. Бу муҳим дастур 2001 йил сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги республика архитектура ва шаҳарсозлик нуфузли кенгашида тасдиқланганлиги қувонарли хақиқатдир.
- Концепциянинг асосий йўналиши - шаҳар ва қишлоқларимиз ривожини комплекс равишда илмий асосда янги ижтимоий-иқтисодий шаклланиш даврида жаҳон андозалари даражасида лойиҳалаш ва қуриш, халқимизнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, шаҳарларимиз истиқболи бош лойиҳаларини қайта тузиш ва таъмирлаш каби долзарб муаммоларни ечиш йўлларини кўрсатишдир.
- Серқуёш диёримиз харитасида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Қўқон, Марғилон, Тошкент каби кўхна,Навоий, Зарафшон, Чирчиқ, Олмалиқ каби янги шаҳарлар билан қанча фахрлансак арзийди. Мамлакатимизда 121 та шаҳар ва 113 та шаҳар типидаги поселкалар мавжуд.
- Шаҳарлар қиёфасининг ўзгариб, замонавийлик касб этишида Ўзбекистон шаҳарсозлик лойиҳалаш ва илмий-текшириш институти ва "Тошбошплан" мутахассисларининг салмоқли ҳиссаси яққол кўзга ташланади. Шаҳарлар меъморлар яратган бош планлар асосида қурилиб, уларнинг марказлари замонавий йирик жамоат бинолари, боғ-роғлар, ансамбллар мажмуини ташкил этмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус топшириғи билан 1996-97 йилларда "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ" мутахассислари Қарши, Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг архитектура ва шаҳарсозлик бошбошқармалари меъморлари билан биргаликда бир қанча вилоят марказларининг лойиҳа таклифларини ишлаб чиқдилар. Бу лойиҳаларда, асосан, мустақиллик шарофати билан шаҳар марказларида биринчи навбатда қад кўтарадиган спорт иншоотлари, йирик жамоат бинолари, мемориал мажмуалар, меҳмонхоналар, кўча ва майдонларимиз каби иншотлар ўз аксини топган ва бош планларга замонавий шароитга мос ўзгаришлар киритилган.
- Ўзбекистон – қадимги тамаддун, бой маданий мерос ва юксак меъморчилик анъаналари мамлакати. Кўплаб катта ва кичик шаҳарларнинг ёши минг йилларни ташкил этади. Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКО қарори билан 1997 йилда Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллиги, 2001 йилда Термезнинг 2500 йиллиги, 2006 йилда эса Қаршининг 2700 йиллиги кенг нишонланди. 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллиги, 2009 йилда Тошкентнинг 2200 йиллиги тантана қилинди.
- Меъморчилик ёдгорликларини қайта тиклаш ва маданий меросни муҳофаза қилиш давлат сиёсати доирасида тарихий шаҳарларда талай таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Самарқанддаги Амир Темур жоме масжиди ва Бухородаги Минораи Калон, Термиздаги Султон Саодат қадамжой даҳмаси ва Самарқанддаги Шоҳи Зинда мақбараси ўз меъморий жилваси билан яна кишиларни ҳайратга солмоқда. Шаҳрисабз, Хива, Қўқон, Тошкент, Термиз, Навоий ва Карманада катта таъмир ишлари олиб борилди. Бутун башарият учун қимматли ҳисобланган Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хива сингари тарихий шаҳарларнинг меъморий қўриқхоналари ЮНЕСКО муҳофазасига олинган.
-
- Мустақиллик йилларида Ўзбекистон шаҳарларининг марказлари, уларнинг тарихан шаклланган, “эски шаҳар” қисмлари қайта тикланди. Ноёб жамоат бинолари, замонавий отеллар, коллеж ва лицейлар, спорт мажмуалари қад кўтарди, бозорлар янгиланди, якка тартибдаги лойиҳалар бўйича турар-жой уйлари қурилишида катта имкониятлар очилди.
- Шу йилларда бутун мамлакат транспорт тизими инфраструктурасини қайта тиклаш ва ривожлантиришга айникса эътибор берилди. Йўллар, кўприклар ва бошқа муҳандислик иншоотлари барпо этиш бўйича талай ишлар қилинди. Жаҳон бозори билан қулай ва энг қисқа йўл орқали алоқа ўрнатишга интилиш Ўзбекистон Республикасининг стратегик жиҳатдан муҳим вазифаси бўлиб қолди. Мазкур масалани ҳал этишда мамлакат раҳбарияти танлаган йўл – тарихан юзага келган Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ва ривожлантириш йўли амалда тўла рўёбга чиқарилмоқда.
- Миллатнинг ўз-ўзини англаши тикланишининг манбаи сифатида бошқа аждодларимизнинг бой маданий ва маънавий меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар каби муҳим муаммо бўлиб қолмоқда. Имом ал-Бухорий, ал-Фарғоний, ал-Мотурудий, ал-Марғиноний, ат-Термизий ёдгорлик мажмуалари, Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси барпо этилди.
- ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН РАХМАТ !
Do'stlaringiz bilan baham: |